скачать книгу бесплатно
Ҳозир ўтмишга назар ташлаб, бизда яхшироқ ворислик режаси бўлиши керак эди, деб ўйлаб қоламан.
Долларларга қилинган қўнғироқлар
Юқори синфга ўтгач, мен ўзимни бирдан каттароқ ва анча етук ҳис қиламан, ўрта мактабдаги ҳаётим тўсатдан ўзгариб кетади, деб ўйлардим. Аммо юқори синфнинг биринчи куни ўрта мактабнинг сўнгги кунидан сира фарқ қилмас экан.
Бир куни мактаб кутубхонаси ёнидан ўтаётганимда унга ёндош компьютер лабораториясига дуч келдим. У ерда информатика ўқитувчиси Гор хонимни учратдим. У менга ўзининг паскал дарсларига ёзилишимни таклиф қилди. Илгари Паскал ҳақида эшитмаган эдим. У менга бу компьютер дастурлаш тили эканлигини ва ушбу дарслар мени компьютер билимлари бўйича миллий АП тестига тайёрлашини айтди. Университетга кираётганимда асқатишидан ташқари, АП тести ҳақида ҳеч нарса билмас эдим. Ўрта мактабда BASIC дастурлаш тилини мустақил равишда ўргангандим ва бу менга жуда ёққан эди, шунинг учун рўйхатдан ўтишга қарор қилдим.
Дарсга кириб маза қилардим. Тушлик вақтим ва дарслардан кейинги вақтим ҳам компьютер лабораториясида ўтарди. Ўша пайтда икки йилдан сўнг ўзим бу ерда ёзги мактаб болалари учун паскал дарслари беришимни билмасдим. Лабораторияда ўзимга ўхшаган бир нечта бошқа одамлар ҳам бор эди ва биз кўп вақтимизни бирга ўтказардик.
Биз «BBS» дунёси билан танишдик. «BBS» «Bulletin Board Systems»1нинг қисқартмаси эканлигини билиб олдим. Лабораториядаги компьютерлардан бирида оддий телефон линиясига уланган махсус қурилма – модем ўрнатилган эди. Модем ёрдамида компьютер бошқа компьютерларга қўнғироқ қилиш ва улар билан гаплашиш имкониятига эга бўларди.
Бизда турли хил «BBS» ларнинг телефон рақамлари рўйхати бор эди. Ҳар бир «BBS» билан алоқага чиқиб, уларни пастки қаватдаги қабулхонада талабалар фойдаланадиган эълонлар доскасига ўхшаш тизимга улардик: Истаган одам хабар қолдириши, реклама жойлаштириши, мунозара бошлаши, файлларни юклаб олиши ёки кенг қамровли мавзуларда муҳокамаларга қўшилиши мумкин эди. Бу крейгслистнинг2 интернетдан олдинги версияси эди. Тез орада компьютер ва телефон тармоғи фақат маҳаллий қўнғироқлар билан чекланмаганлигини билиб қолдик, шунинг учун биз мамлакат бўйлаб узоқ масофали қўнғироқларни амалга ошира бошладик. Сиэтллик, нью-йорклик ва маямилик нотаниш кишилар билан мунозараларда қатнашиш жуда ажойиб эди. Кутилмаганда мавжудлиги аввал хаёлимизга келмаган жойлар, бутун дунё билан алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлдик.
Кунларнинг бирида, Гор хоним лабораториядан ташқарида тушлик қилаётганида орамиздаги кимдир модемни слотдан суғуриб, унинг ўрнига оддий телефонни улаб кўришни таклиф қилди. Бу ҳақиқатан ҳам ишлайдими ёки йўқми, аниқ билмасдик. Лекин телефон трубкасини кўтарганимизда, қўнғироқ оҳангини эшитдик. Энди биз исталган телефон рақамига бепул қўнғироқ қила олардик. Лекин янги махфий кашфиётимиз билан кимга қўнғироқ қилиш кераклигини билмас эдик.
Мен 976 рақамидан кимнинг хабари борлигини сўрадим. Телевизорда турли хил 976 рақамлар учун ҳар хил рекламаларни кўргандим. Масалан, сиз 99 центга кун ҳазилини эшитиш учун 976-JOKE рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Шундай қилиб, биз 976-JOKEга қўнғироқ қилиб кўрдик ва айтарли кулгили бўлмаган бир ҳазилни эшитдик. Яхшироқ ҳазил эшитиш учун яна бир бор қўнғироқ қилиб кўрдик ва яна ўша ҳазилни қайта эшитдик. Менимча, бу мантиқан тўғри эди, чунки бу дақиқа ҳазили эмас, балки кун ҳазили бўлиши керак эди.
Кейин биз ихтиёрий 976 рақамларини тердик. Синаб кўрган рақамларимиздан бири 976-SEXY эди. Қўнғироқ автоматлаштирилган ёзув билан бошланди ва нархи дақиқасига 2.99 доллар, хизмат фақат катталар учун эканлигини айтди. Ёзувда айтилишича, агар мен йигирма бир ёшга тўлмаган бўлсам, дарҳол трубкани қўйишим керак экан.
Трубкани қўймадим, албатта. Қизиқувчанлигим баттар ортди.
Телефонга бир аёл жавоб берди ва майин овозда гаплаша бошлади. «Салом, – деди у. – Ҳозир сиз шаҳвоний ҳисларни туйяпсизми?»
Албатта, бу бизга компьютер орқали Нью-Йоркдаги бошқа «BBS» фойдаланувчиларига уланишдан кўра анча қизиқарли ва ажойиб туйилди. Ҳақиқатан ҳам мен учун бутунлай янги дунё очилаётган эди.
«Ҳм. Ҳа», – дедим иложи борича йўғон овоз билан.
Тўсатдан майин овоз одатий, ғазабланган овозга айланди, бу геометрия ўқитувчимнинг дарсга кеч қолганим учун танбеҳ беришини эсга соларди.
– Йигирма бир ёшдан ошганмисиз? – шубҳали оҳангда сўради у. Афтидан, менинг «йўғон овозим» унчалик йўғон эмас эди. Начора, жинсий балоғат ҳаётимиздаги шунақа ноқулай босқич экан!
Мен чуқур нафас олдим. – Ҳа, албатта, – дедим ишонч билан.
– Хўш, сиз қайси йили туғилгансиз?
Мен мутлақо ноилож қолган эдим. Шу топда уни алдаш учун миямда зудлик билан ҳисоб-китоб қила олмасдим. Ғишт қолипдан кўчган эди.
«Йигирма бир йил олдин!» деб бақирдим ва шу заҳоти телефонни қўйдим. Дўстларим билан хандон отиб кулишни бошладик. Бир неча дақиқа ҳисоблаб кўриб, барчамиз ишонч билан 1966 йилда туғилганмиз, деб айтишни машқ қилдик. Чунки энди хатони такрорламасликка ишонч ҳосил қилишимиз лозим эди.
Бир неча ҳафта давомида кичкина гуруҳимиз билан ҳар куни тушлик пайти компьютер лабораториясида йиғилар ва навбат билан 976-SEXY рақамига қўнғироқ қилардик. Биз фақат тушлик пайти қўнғироқ қила олардик, чунки фақат шу пайтдагина Гор хоним хонада бўлмас эди. Биз махфий клуб аъзолари эдик ва ушбу лаборатория-тушлик клубининг биринчи қоидаси сиз лаборатория-тушлик клуби ҳақида ҳеч кимга оғиз очмаслигингиз кераклиги эди.
Биз нима билан шуғулланаётганимизни ҳеч ким билмасди.
Бир куни тушлик пайти ҳаммамиз йиғилганда Гор хоним хонани тарк этмаганига ҳайрон бўлдик. Балки, охирига етмай қолган иши бордир, деб ўйлаб, у хонадан чиқиб кетишини кутиб, «BBS» билан боғланишда компьютердан фойдаланиб турдик.
«Ҳой йигитлар! – деди Гор хоним. Ҳаммамиз унга ўгирилдик. – Бирортангиз 976-7399 га телефон қилаётганингиз йўқми? Ҳозиргина телефон ҳисобини олдим ва унда кўрсатилишича, ўтган ойда шу рақамга бизнинг модемдан уч юздан ортиқ қўнғироқ бўлибди. Мен бу рақамга қўнғироқ қилиб кўрдим, лекин жавоб бераётган компьютер эмас».
Ҳаммамиз бир-биримизга ва кейин Гор хонимга қарадик. Ўшанда барчамиз қаттиқ айбдордай кўринганимиз аниқ, лекин лаборатория-тушлик клубининг биринчи қоидаси ҳаммамизнинг ёдимизда эди. Шунинг учун унга қараб иложи борича айбсизларча елка қисдик.
«Хатолик бўлса керак, – хулоса қилди Гор хоним. – Мен телефон компаниясига қўнғироқ қиламан ва тўловнинг ҳаммасини олдириб ташлайман. Бунча кўп қўнғироқ бўлиши имконсиз деб ўйлайман». У бизнинг суперинсоний қобилиятимиз ҳақида оз-моз бўлса-да билиб олди.
Бу лаборатория-тушлик клубимизнинг якуни эди.
Классик иқтисодиёт
Компьютер лабораториясидаги қилмишларимдан ташқари, юқори синфда имкон қадар кўпроқ қизиқарли нарсалар билан андармон бўлдим. Қанча кўп тажриба йиға олсам, шунча яхши, деган фикр миямни банд қилган эди.
Хорижий тил дарсларига қатнадим. Улар орасида француз, испан, япон ва ҳатто лотин тили ҳам бор эди. Анъанавий спорт турлари ўрнига қиличбозликни ўрганишга қарор қилдим (гарчи ҳақиқатни айтган бўлсам-да, шикоятга арзирли қисми: қиличбозлик дарслари ҳафтасига фақат бир марта эди). Мусиқий эҳтиёжларни қондириш учун жаз пианино дарсларига ва рассомлик қизиқишимни қондириш учун расм чизиш тўгарагига қатнадим. Шахмат ва электроника клубига қўшилдим, у ерда Морзе кодини ўргандим ва сертификатли радиоалоқа операторига айландим.
Жамоат хизматига бўлган талабларни қондириш учун маҳаллий театрга кўнгилли бўлиб ишга кирдим, уни жуда катта арвоҳлар уйига айлантиришга ёрдам бердим. Хэллуин байрамидан олдинги ҳафта давомида кўнгилли равишда экскурсияларга йўлбошловчилик қилдим. Ҳар бир ташриф буюрувчи йигирма дақиқалик арвоҳлар уйига саёҳат учун 15 доллардан хайр-эҳсон қилди.
Менга театр, айниқса, саҳна ортида бўлиш жуда ёқарди. Юқори синфдаги кўплаб чиқишларимиз учун чироқ устаси бўлдим ва ҳатто бир сафар истеъдодлар томошасида дўстим билан саҳнада кўзбойлағичлик чиқишини амалга оширдик. Юқори синфдаги дастлабки маошли ишларимдан бири маҳаллий театрларимиздан бирида прожекторни бошқариш эди (театр тилида «ҳаракатланувчи чироқ» дейилади). Ягона мақсади одамлар учун ҳиссий саёҳат ва кечинмалар яратиб, сўнг сақлаш учун хотиралардан бўлак ҳеч нарса бера олмайдиган ушбу жойнинг ўзига тортадиган нимасидир бор эди.
Белгиланган дарс жадвали ва уй вазифаларини бажариш режими мени толиқтира бошлади. Шунинг учун мен дарснинг ўзига эмас, балки дарс жадвалига қандай таъсир кўрсатишига қараб дарсларни танлай бошладим. Бир йили сешанба куни фақат битта дарсга борадиган қилиб дарс жадвалимни тузишни уддаладим. Куннинг қолган қисмида дам олардим. Агар тестларда яхши натижа кўрсатсам, дарсларга қатнашмасликка рухсат беришларини ўқитувчилар билан келишиб ола бошладим.
Уй вазифаларига келсак, умуман ҳар қандай машаққатли ишни бажаришнинг ўзгача ижодий усулларини топишга ҳаракат қилдим. Шекспир дарси учун топшириқларимиздан бири сонет ёзиш эди. Сонет пентаметрда ёзилган ўн тўрт қаторли шеър бўлиб, ҳар бир сатри такрорий равишда урғули ва урғусиз бўғинлар кетма-кетлигида жойлашган бўлади ва маълум бир қофия қолипига тушади. Буларнинг барчаси мен учун жуда мураккаб бўлиб туйилди, шунинг учун унинг ўрнига ўн тўрт қаторли Морзе кодини топширишга қарор қилдим. Унда бутун бошли шеър кетма-кет жойлашган нуқта ва чизиқчалардан ташкил топган эди.
Ўқитувчининг кайфиятига қараб, мен «қониқарсиз» ёки «аъло» баҳо олардим. Хайриятки, ўқитувчим менга «+Аъло» баҳо беришга қарор қилди. Баҳони олганимда ҳаттоки мактабда ҳам баъзан таваккал қилиш ва қолипдан ташқарида фикрлаб туриш фойда беришини билиб олдим.
* * *
Юқори синфдаги бахтсиз даврларимдан бири бировнинг тушлик картасини ўғирлашда айбланган пайтим эди. Тушлик картаси ошхонамиз учун пластик картанинг ўрнини босарди. Қандай қилиб бировнинг тушлик картаси менинг чўнтагимга тушиб қолганини билмайман. Тахминимча, кассир бир кун аввал адашиб менга бошқа бировнинг тушлик картасини қайтариб берган бўлса керак. Оқибатда кичик ҳайъатга ўхшаш, мактаб мудири ва айрим ўқитувчилардан иборат судьялар кенгаши қаршисида мулзам бўлиб турдим.
Менга ўз айбимни тан олиш имконияти берилди, лекин менинг айбим йўқ эди, чунки тушлик картаси чўнтагимга қандай тушиб қолганини билмасдим. Бунинг ўрнига, ҳақиқатни айтсам, ҳаммаси яхшиликка бўлади, деган кўр-кўрона ишонч билан кенгашга юзландим ва бор ҳақиқатни сўзлаб бердим. Шу маълум бўлдики, ҳеч ким менга ишонмади ва мени бир кунга мактабдан четлатишди. Бу расмий мактаб табелимга киритилди. Мен емаган сомсамга пул тўладим.
Мен баъзан ҳақиқатнинг ўзи етарли эмаслиги ва ҳақиқатни кўрсатиб бериш ҳам ҳақиқатнинг ўзичалик муҳим эканлигини англаган ҳолда у ердан чиқиб кетдим. Ажабланарлиси шундаки, мактабимиз шиори Жон Китснинг «Юнон кўзасидаги Оде» шеърига асосланган «Ҳақиқат гўзалликда, гўзаллик ҳақиқатда» эди.
Ўша куни ўзимни жуда гўзал ҳис қилмадим.
* * *
Мактабдаги машғулотлардан ташқари, юқори синфда энг катта эътиборим қандай қилиб кўпроқ пул ишлаш мумкинлигини аниқлашга қаратилган эди. «LucasFilms» учун видеоўйин синовчиси сифатида ёлландим. «Индиана Жонс ва сўнгги салиб юриши» видеоўйинини ўйнаганим учун соатига 6 доллардан тўлашди. Бу жуда ажойиб иш эди, лекин соатига атиги 6 доллар беришарди, шунинг учун кўпроқ маошли иш пайдо бўлганда мен дарҳол уни қабул қилдим.
Юқори синфга ўтмасимдан мен GDI деб номланган компанияда компьютер дастурчиси бўлиб ишладим. Соатига 15 доллар иш ҳақи олардим. Бу юқори синф ўқувчиси учун жуда яхши пул эди. Асосий иш давлат идоралари ва кичик корхоналарга ҳужжатларни қоғозда эмас, балки компьютер орқали тўлдириш имконини берадиган дастурий таъминот яратиш билан боғлиқ эди.
Вақтимни чоғ ўтказиш учун ҳар замонда раҳбарим билан ҳазиллашиб турардим. У кумушранг сочли ва йўғон акцент билан гапирадиган кексароқ француз эди. Чой ичишни яхши кўрарди. Одатда столим ёнидаги микротўлқинли печга стаканда сув қўйиб, печни ёқиб, ўз офисига қайтиб кетарди, чунки сувнинг исишини, тахминан, уч дақиқа кутишни истамасди. Кейинроқ қайтиб келиб, чойини дамларди.
Бир сафар у кетиши биланоқ микротўлқинли печни ўчириб қўйдим. Бир неча дақиқадан кейин раҳбарим қайтиб келганида, сувнинг совуқлигини пайқади, уни ёқишни унутдим, деб ўйлади. У печни яна уч минутга қўйиб, чиқиб кетди.
У кўздан ғойиб бўлиши билан мен яна печни ўчирдим. Иккинчи марта қайтиб келганида у яна сув совуқлигини пайқади ва микротўлқинли печни синдириш керак, деб ғўлдиради. Мен кулиб юбормасликка тиришдим.
У охирги марта сувни иситишга уриниб кўрди, бу сафар ишонч ҳосил қилиш учун микротўлқинли печни беш минутга қўйди ва бироз довдираб, тушкун ҳолатда чиқиб кетди.
Ниҳоят қайтиб келиб, микротўлқинли печь эшигини очди ва «Бу нимаси?» деб бақириб юборди. Кейин кулди. У офис ичи бўйлаб кўз югуртирди ва юзимиздаги айбдорлик ифодасини кўрди, чунки атрофдаги ҳаммамиз ушбу ҳазил иштирокчиси эдик. Стаканни олиб ҳаммага бир неча дақиқа аввал мен тайёрлаб қўйган нарсани кўрсатди. Стаканда муз парчалари бор эди. Офисдаги ҳамма қаҳ-қаҳ уриб кула бошлади. Ўйлашимча, ҳеч биримиз анчадан бери бу қадар мириқиб кулмаган эдик ва офисдаги озгина ҳазил барчанинг кайфиятини кўтарди.
Шунингдек, ўша куни ишдан бўшатилмаганимдан хурсандман.
* * *
GDI да топаётган пулим яхши бўлса-да, мен тўғноғич тайёрлаб, почта орқали етказиб бериш бизнесини юритаётган ва почтачини келишини ҳаяжонланиб кутаётган кунларимни эсдан чиқармадим. Менга тўғноғич тайёрлайдиган мослама сотган компаниянинг ўзи қандай қилиб почта орқали буюртма қабул қиладиган муваффақиятли компанияга айлангани ҳақида ўйладим, чунки мен ҳам «Boys’ life» журналининг реклама бўлимидан буюртма берган эдим.
Шу боис мен ҳам у ерда бирор нарсани сотишга ҳаракат қилишим керак эди. Бўш вақтимда кўзбойлағичлик ҳақидаги китобларини ўқиётганим сабабли бирорта фокус сотиш ғояси хаёлимга келди, унда танга каучукдан сингиб ўтгандай кўринарди. Бу ҳақиқатан жуда ажойиб найранг эди. Мен ушбу фокусни кўрсатган ҳар бир киши ундан ҳайратда қоларди ва бу қандай амалга оширилишини билишни хоҳларди. Танга, финжон ва каучук тасмадан ташқари, фокусни қилиш учун зарур бўлган яна бир нарса – латекс бўлаги эди. Худди шу нарсани стоматологлар ҳам ишлатишини ва «тиш дамбаси» деб аталишини ўқигандим.
Мен тадқиқот қилиб кўрдим ва агар кўп миқдорда сотиб олсам, тиш дамбаларининг донасини 20 центдан камроққа сотиб олишим мумкинлигини аниқладим. «Boys’ life» даги реклама 800 долларга тушди, шунинг учун агар фокус трюкни 10 долларга баҳолайдиган бўлсам, ҳатто саксонта буюртма олсам ҳам деярли режани бажарган бўлардим.
Бу жуда осондай туйилди. Тўғноғич ясаш бизнесим бўйича ойига икки-уч юз буюртма қабул қилардим. «Boys’ life» нинг муштарийлари «Болалар учун текин буюмлар» никидан кўпроқ деб тахмин қилдим. Бундан ташқари, ушбу сеҳрли трюк расмли тўғноғичга қараганда анча ажойиб эди. Икки юз буюртмада менинг харажатларим 40 долларни ташкил қиларди, шундай қилиб мен 1160 доллар фойда кўрардим. Уч юзта буюртма бўлса, менинг даромадим 2140 долларни ташкил қиларди. Мен ўртача нархлар ва юқори устамалар билан маҳсулот сотишни кашф этгандим.
Эълон қилинган реклама учун «Boys’ life» га тўлаган 800 доллар деярли икки ҳафтага етадиган пул эди, лекин мен уни сармоя сифатида кўрдим. Эълоним нашрда пайдо бўлишига анча вақт кетганлиги сабабли буюртмалар келишни бошлашига бир неча ой керак бўлади, аммо мен сабр қилар ва узоқни кўзлар эдим.
Ўтаётган вақт мен учун абадиятдай туйилаётган бир пайтда, ниҳоят, почтачи «Boys’ life» нинг рекламам жойлашган сони билан пайдо бўлди. Реклама яхши чиқди ва бир ҳафта ўтиб мен биринчи буюртмани олдим. Бу мен осон ишлаб топган 10 долларлик пулга ўхшаб туйилди ва кейинги буюртмам келишини интизорлик билан кутдим.
Лекин бу кун умуман келмади.
Ўша битта буюртма почта орқали буюртма бериладиган фокус бизнесим учун олган ягона буюртма эди. Тўғноғич тайёрлашдаги муваффақиятимдан сўнг мен почта буюртмаларининг мутлақ қиролиман, деб ўйлаган эдим, аммо ўшанда шунчаки омадим келган экан.
Мен камтарлик борасида қимматли сабоқ олдим. Бироз истеҳзолиси, яқинда юнон тарихи дарсимда «hubris» атамасини ўрганган эдим. У кўплаб юнон қаҳрамонларининг ҳалокатига сабаб бўлган «ўта мағрурлик ҳисси ёки ўзига керагидан ортиқ ишониш» дея таърифланган эди.
Шунингдек, фермани иш бермайдиган нарсага тикиш ўта оғриқли эканлигини англадим. Бу ҳақида ўйлар эканман, мен шунчаки фермани гаровга қўймаган эдим.
Саккиз юз доллар аслида йигирма тўртта чувалчанг фермасига тенг эди.
Университет
Мен Браун, Беркли, Стэнфорд, МТИ (Массачусетс технологиялар институти), Принстон, Корнел, Йел ва Ҳарвард университетларига ҳужжат топширдим. Уларнинг ҳаммасига қабул қилиндим. Биринчи танловим Браун эди, чунки унда реклама йўналиши бор эди. Бу йўналиш бошқа университетлар таклиф қилган мутахассисликларга қараганда бизнес оламига яқинроқдай туйилди.
Аммо ота-онам Ҳарвардда ўқишимни хоҳлади, чунки у энг обрўлиси эди, айниқса, Осиё жамоатчилигида. Шунинг учун мен ахийри шу ерда ўқийдиган бўлдим.
Ҳарвардга келганимда биринчи бўлиб сотиб олган нарсам телевизор бўлди. Энди телевизор кўришимга ота-онамнинг ҳафтасига бир соатлик чеклови йўқ эди, шунинг учун эркинликда кунига тўрт соатдан телевизор кўраётган эдим. Мен телевизор кўриш билан машғул бўлганимда, ётоқхонамиздаги баъзи талабалар қизларнинг ваннасидан барча ҳожатхона қоғозларини олиб қўйиш ёки назоратчимизнинг ваннасини иссиқ чойга тўлдириш каби ҳазиллар қилаётганини билиб қолдим. (Назоратчи бундан ҳайратда эмасди).
Мен жадвалимни шундай тартибга солган эдимки, фақат душанба, чоршанба ва жума кунлари соат 9:00 дан 13:00 гача дарсларим бор эди. Сешанба ва пайшанба кунлари мутлақо бекорчи эдим. Бу назарий жиҳатдан жуда яхши ғоядай туйилди, лекин тун одами бўлганим учун қирқ саккиз соатлик тартибга ўтиб қолдим – узлуксиз ўттиз икки соат уйғоқ юриб, кейин ўн олти соат ухлайман.
Дарс кунлари соат саккиздаги уйғоткичнинг овози энг ёқимсиз овоз эди. Овозни ўчириш тугмачасини бир неча марта босардим ва кейин ўзимга куннинг биринчи дарсини ўтказиб юбориб, маърузани кейинроқ бошқа бировдан кўчириб олиш мумкинлигини айтардим. Кейин бир соат ўтгач, юқоридаги мантиқ биринчи дарс учун жуда яхши ишлагани сабабли уни иккинчи дарсга ҳам татбиқ этишим мумкинлигига ўзимни ишонтирардим, шу билан бу дарсни ҳам ўтказиб юборардим. Учинчи дарсга боришга тайёр бўлишим керак бўлган чоғда мен аллақачон иккита дарсни ўтказиб юборардим. Шунинг учун яна бир дарс ҳеч нарса қилмайди, деб ўйлардим. Ва ниҳоят, куннинг охирги дарсига боришим керак бўлган пайтга бориб, қолган барча дарсларни ўтказиб юборганимда фақат битта дарсга қатнашишнинг маъноси йўқлигини англадим. Атиги битта дарсга бориш учун ўриндан туришдан келадиган фойда шунчаки арзирли эмасдай туйилди.
Қисқаси, ўқишнинг биринчи йилида умуман маърузаларга қатнашмадим. Дарҳол тўшакдан туролмаслигим сабабли, душ қабул қилиш ва овқатланиш хонасигача йўлни босиб ўтиш учун жуда дангасалик қилардим. Натижада, кун давомида тезпишар лапша ердим ва «Ҳаётимиз кунлари» сериалининг ҳар бир қисмини томоша қилардим.
Биринчи йилимни ётоқхонада бирга яшайдиган дўстларим билан кўнгилхушлик қилиб ўтказдим. Ётоқхона «Canaday A» деб номланарди. Биз биргаликда телевизор кўрардик, видеоўйинлар ўйнардик ва кўп суҳбатлашардик. «The Gobbler» нинг шонли кунларидан илҳомланиб, мен «Canaday A» рўзномасига асос солдим. Асосий жамоа, тахминан, ўн беш кишидан иборат бўлиб, биз ажралмас эдик. Кўпчилигимиз шу доирадан ташқарида дўст орттирмадик ва университетнинг тўрт йили давомида ҳам ҳамжиҳат бўлдик.
Юқори синфда бўлгани каби мен иложи борича камроқ ўқиб, айни чоғда аъло баҳолар олишга ҳаракат қилдим. «Америка имо-ишора тили», «Тилшунослик» ва «Хитой тилининг Мандарин лаҳжаси» (ота-онам билан шу лаҳжада гаплашардим) каби фанлардан дарс олдим. Асосий талабларимдан бирини бажариш учун мен Библия курсига ёзилдим. Дарсларнинг яхши томони шунда эдики, имтиҳон топшириш ва баҳо олиш учун уйга вазифа берилмасди. Шунинг учун умуман дарсга бормай қўя қолардим. Аммо курс учун баҳонинг имтиҳон натижаларига асосланганлиги ёмон эди, мен бунга тайёр бўлмасдим, чунки мен семестр давомида ўқишим керак бўлган бирорта дарсликни очиб қарамасдим. Менимча, университетда энг яхши ўзлаштирган маҳоратим – бу ишни кейинга суриш эди.
Якуний имтиҳонлардан икки ҳафта аввал профессор имтиҳонда сўралиши мумкин бўлган юзта эҳтимолий мавзулар рўйхатини тарқатди. Бизга айтилдики, келаётган имтиҳонда ушбу мавзулардан бештаси танланган бўлади ва ҳар биримиз бешала мавзунинг ҳар бирига бир нечта хатбоши матн ёзишимиз керак.
Икки ҳафта ичида бутун семестр давомида ўтилган барча мавзуларни ўқиш имкони йўқ эди, ўз навбатида, имтиҳондан йиқилишни ҳам истамасдим.
Айтишларича, зарурат ихтироларни яратади. Ҳарвардда компьютерлардан фойдаланиб, электрон янгиликлар гуруҳларига киришимиз мумкин эди. Бу юқори синфда биз фойдаланган «BBS» ларнинг бир тури эди. Мен гуруҳлардан бирида хабар қолдирдим ва Ҳарварддаги Библия дарсини олаётган барча талабаларни шу пайтгача яратилган энг катта ўқув гуруҳига таклиф қилдим, чунки буниси виртуал бўларди.
Кимда-ким қизиқса, унга юзта эҳтимолий мавзулардан учтасини синчковлик билан тадқиқ қилишни юклардим. Сўнг ҳар бир талаба ушбу учта мавзунинг ҳар бири бўйича ўз матнларини электрон почта орқали юбориши керак эди. Мен ҳамманинг жавобларини жамлаб, улардан нусха кўчирардим ва уларни боғлаб, боғламларнинг ҳар бирини 20 долларга тарқатардим. Лойиҳа учун учта мавзу тақдим қилганларгина боғлам сотиб олиши мумкин эди.
Маълум бўлишича, қизиқиш жуда катта эди, шунинг учун ҳар бир мавзу учун турли одамлардан бир нечта жавоблар қабул қилдим. Охир-оқибат, умуман китоб очмасдан ёки ўзим бирор нарса ёзмасдан, ҳамма фойдали деб топган ва шу пайтгача яратилган энг батафсил ўқув қўлланмасини яратдим. Бонус сифатида озгина қўшимча фойда ҳам орттирдим. Бизнинг мактаб газетамиз «The Crimson» бутун бошли виртуал ўқув гуруҳи эксперименти ҳақида ҳикоя ёзди ва мен якуний имтиҳонда яхши натижаларга эришдим.
Мен вазифани жамоага бажартириш кучини кашф этган эдим.
* * *
Университетда биринчи марта кўп нарсаларга ўзимни урдим.
Мактаб аудиторияларидан бирини фильм намойиш этиш учун ижарага олиб, талабаларга чипта сотиб пул ишлайдиган кино жамиятига қўшилдим. Бир дўстимнинг фермасига бордим. У ерда кун давомида сигир соғишни ўргандим. Кечаси конькида учишни ўрганмоқчи бўлганимда, иягим билан йиқилиб тушдим ва жароҳат олдим. Мен ҳали ҳам қайси бири асоратлироқ эканлигига амин эмасман – сигир соғишми ёки биринчи ёрдам хонасида тикилган жароҳатми?
Маҳаллий радиостанцияда ҳаётимдаги биринчи концертга чипта ютиб олдим ва «Zoo-TV» сафари пайтидаги «U2» чиқишларини кўришга бордим. Мактаб давомида турли-туман ишлар билан машғул бўлдим. Ҳарвард Бартендинг мактабида тўрт соатлик машғулотни тугатиб, Миксологиядан сертификат олганимдан сўнг тўйларда официантлик ва барменлик қилиш шулар жумласидандир. Шунингдек, компьютер дастурчилиги бўйича турли ишлар билан шуғулландим, жумладан, Ҳарвард талаба агентликларида, «Spinnaker Software» да ишладим ва «Microsoft» да ёзги амалиёт ўтадим.
Мен ишлаган компаниялардан бири бу интернетнинг асосини ташкил этувчи технологияни ишлаб чиққан «BBN» эди. «BBN» турли ҳукумат идоралари билан шартномалар тузганди. Шунинг учун топ махфийлик мақомидан бир поғона паст бўлган махфийлик мақомини олишим учун хавфсизлик текширувидан ўтишим талаб қилинарди. Кўринишидан давлат сирлари даражалари шунчалик юқори бўлганки, ҳатто мақом номлари ҳам турли-туман эди.
«BBN» даги аксарият ишим учун катта, ажралган хонага кўп босқичли хавфсизлик текширувидан ўтиб киришимга тўғри келарди. Турли эшиклардан кириш учун электрон бейжик ва махфий кириш коди талаб қилинарди. Менга бирор нарсани, айниқса, электрон қурилмалар, ҳар қандай электрон медиа маҳсулотлари, хотира қурилмаларини хонага олиб киришга ёки у ердан олиб чиқишга рухсат берилмаган.
Бир ёзда мен шаҳарни тадқиқ этиш учун дарё бўйлаб Кембриждан Бостонга боришга қарор қилдим. Нимадир бўлиб жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш учун мўлжалланган «Guardian Angels” гуруҳининг Бостон бўлими томонга йўлим тушиб қолди. Тақдир тақозоси билан бир неча ойга гуруҳга аъзо бўлдим ва Бостон метро тизими ва хиёбонларда патруль хизматига ёрдам бердим.
Менга «Сир» деб ном беришди. Аввалига ҳукумат билан алоқадор сирли мақомини айтиб берганим учун бу номни беришди, деб ўйлагандим. Аммо кейинчалик билдимки, гуруҳ аъзоларидан бири дастлаб менга «Қадимги Хитой сири» деб ном бермоқчи бўлган экан.
Университетнинг сўнгги икки йилида ўз бизнесимни юритишни истаётганимни англадим, шунинг учун «Quincy House Grille» ётоқхонасининг биринчи қаватидаги кафе – «Quincy House Grille» назоратини ўз қўлимга олдим. Ётоқхонамизда уч юзга яқин талаба истиқомат қилар эди ва «Quincy House Grille» талабалар учун стол футболи ёки пинбол ўйнаш, тунги иштиёқни қондириш учун кечқурун йиғиладиган жой эди.
Хонадошларимдан бири Санжай билан кафеда бирга ишладик. Биз меню ва нархларни белгилаш, таъминотчиларга буюртма бериш, ходимларни ёллаш ва вақти-вақти билан овқатни ўзимиз тайёрлашга масъул эдик.
Ўша пайтда шаҳар маъмурияти бино яқинида “fast-food” тармоғини очишга рухсат бермасди. Шунинг учун метрода «McDonald’s» га энг яқин бўлган бекатга боришга қарор қилдим. У ерда менежер билан гаплашдим ва у менга юзлаб музлатилган «McDonald’s» гамбургерлари ва пирогларини сотди. Уларни таксига юклаб, ётоқхонамизга олиб келдим. Бир неча ой давомида бу кундалик ҳаётимнинг бир қисмига айланди. Талабалар тураржойида «McDonald’s» бургерларини сотиб олиш учун бошқа жой йўқлиги сабабли менга бир долларга тушадиган бургерларни уч доллардан пуллардим.
Охир-оқибат ҳар куни «McDonald’s» га қатнашдан чарчадим, шунинг учун кафени қандай қилиб пиццареяга айлантириш мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолдим. Билишимча, пиццадан жуда катта фойда қоларди. Катта пиццани тайёрлаш икки доллардан арзонроққа тушарди, аммо уни 10 долларга (ёки ундан кўпроқ қўшимча нархларда) сотиш мумкин эди. Пиццани бўлиб сотиш орқали бундан ҳам кўпроқ пул ишлаш мумкин эди. Бир нечта тадқиқотлардан сўнг пицца печларига сармоя киритиш учун 2000 доллар кераклигини аниқладим. Бу таваккал қилишга арзирли туйилди, шунинг учун мен чуқур нафас олиб, 2000 долларга чек ёздим.
Мен, шунингдек, кафени одамлар йиғилиб чақчақлашадиган жойга айлантиришни хоҳлардим. Шунинг учун тунларни «MTV» дан видеотасвирлар ёзиб олиш билан ўтказардим. Агар реклама чиқиб қолса, ёзувни тўхтатиб турардим, чунки у пайтлар автоматлаштиришдан олдинги давр эди. Орқа фонда қўйиладиган видеолар катта шов-шувга айланди ва янги пицца таклифимиз билан биргаликда фойдани олдинги йилга нисбатан уч бараварга оширишга муваффақ бўлдик. 2000 долларлик инвестиция бир неча ойда қопланди.
Пицца бизнеси орқали мен Альфредни учратдим, у кейинчалик «Zappos» га молия ва ижрочи директоримиз сифатида қўшилди. Альфред аслида менинг биринчи рақамли мижозим эди ва у ҳар кеча катта қалампир пицца буюртма қилиш учун тўхтаб ўтарди.
Биз университетда Альфредга иккита лақаб қўйган эдик: «Овқатлар қолдиғини тозаловчи» ва «Махлуқ». Ҳар сафар гуруҳ билан ресторанга борганимизда (гуруҳдаги ўн киши кечаси Конг деган Хитой ресторанига борардик), у ҳамманинг ликопида қолган овқатни тугатиб қўярди. Мен у билан битта ҳаммомдан фойдаланадиган хонадошларидан бири эмаслигимдан мамнун эдим.
Шу сабабдан менга Альфреднинг ҳар куни кечқурун қалампирли пиццани бутунлигича буюртма қилиши ғалати эмасди. Аммо баъзида у бир неча соатдан кейин келиб, яна бир йирик қалампирли пиццани буюртма қиларди. Ўша пайтда мен ўзимча: «Вой, бу бола шунча овқатни ея оладими?», деб ўйлаганим ёдимда.
Бир неча йил ўтгач, Альфред пиццаларни юқори қаватдаги хонадошларига олиб бориб, бўлаклаб сотишини билиб қолдим. Шу сабабдан биз уни «Zappos» да бир неча йилдан сўнг молия ва ижрочи директор сифатида ёллаганмиз.
Биз бир-икки йил олдин ҳисоблаб кўрдик ва мен пицца бизнесидан Альфредга қараганда кўпроқ пул ишлаганимни, лекин у пиццани арбитраж қилиш орқали мендан соатига ўн баравар кўпроқ пул ишлаб топганини аниқладик. (Бундан ташқари, у томонда хавф камроқ эди. Кафе бир кечада 2000 доллар йўқотилган ўғрилик қурбони бўлган. Йил охирида мен соатига икки долларга яқин пул ишлаб топганимни аниқладим.)
Ўша пайтда мен буни билмас эдим, лекин бизнинг пицца соҳасидаги муносабатларимиз кўплаб миллион долларлик бизнес имкониятларига олиб борувчи йўлнинг бошланиши эди.
* * *
Тўртинчи курс якунида Санжай менга технологик компания асослари деган нарсани таништирди. Ўша пайти мен уни қизиқарли нарса бўлса керак, деб ўйладим, лекин кўп эътибор қаратмадим.
Аксарият битирувчиларнинг эътибори, жумладан, меники ҳам ўқишни битирмасдан иш топишга қаратилган эди. Келажакдаги ишимиз учун суҳбатга боришимиз шарт эмасди, мамлакатнинг кўплаб компаниялари, ҳар хил тармоқлардан Ҳарвард биносига вакиллар юборарди.
Кўпчилик бошқа хонадошларимиз банк ёки менежмент консалтинг соҳасига ҳужжат топширди. Иккаласи ҳам энг обрўли ишлар ҳисобланарди. Мен учун уларнинг иккаласи ҳам жуда зерикарли туйилди, боз устига, иш вақти ўн олти соат деб эшитгандим.
Шунинг учун Санжай ва мен технология компаниялари суҳбатидан ўтишга қарор қилдик. Менинг мақсадим юқори маошли иш топиш эди. Қайси вазифани бажариш, қайси компанияда ишлаш, компаниядаги маданиятнинг қандай бўлиши ёки қаерда яшашимнинг аҳамияти йўқ эди.