Читать книгу ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА (РАВШАНОВ ПОЁН) онлайн бесплатно на Bookz (2-ая страница книги)
bannerbanner
ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА
ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА
Оценить:

3

Полная версия:

ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА

Фарзандлар безади умримиз боғин,

Набиралар суюк, айлаган шайдо.

Иссиқлар, совуқлар ўтказдик бошдан,

Ёмонлик орқада қолди сулайиб.

Ҳамрозим яралган эди бардошдан,

Садафойим йўлдош бўлди ажойиб.

Тахайюл портлади, кўз олдим қора,

Бу галги ҳамалда ташлаб кетди ул.

Уч йилки сийнамда битмайди яра,

Ҳижрон найза санчар мисли ясовул.

ОҚИМ

Ёш ўтиб, севгидан сўз очмоқ абас,

Ҳижрону ёлғизлик ёвлашар пинҳон.

Хотира мулойим, шафқатсиз эмас,

Юракдан бир оқим ўтади чунон.

Суҳбатдош бўлади мудроқ туйғулар,

Кўнгил сўраб гоҳо эҳтирос.

Эслатиб туради ўзин қайғулар,

Туганмас айрилиқ қолдирган мерос.

Дарвешдек қўл силтаб кетгинг келади,

Тахайюл тайёра, учмоққа шайдир.

Силагар андеша, пандлар қилади,

Бормоқчи бўлганинг боролмас жойдир.

Кўнгил кўчасида кўпдир ағёрим,

Қўлтиққа тинмайин пуркайди сувлар.

Билурлар, қайттмайди энди баҳорим,

Пишонг бермоқликка устадир қувлар.

Бўлибман ўйларнинг тутқин, асири,

Ҳунарин кўрсатар ҳавоий сароб.

Ичдаги “меним”нинг ғулув, таъсири,

Фикратни измига солади авраб.

Ғайбона майлимни ёқтириш дема,

Қалб мулкин тарожи эмасдир ўйин.

Қирғоққа етяпти мен тушган кема,

Орзуйинг кутмайди, бўлолгин бўйин.

Ўйлар кишанидан бўшанмоқ оғир,

Узайиб кетади қоронғу тунлар.

Ҳаёл ҳақиқатга беролмас тағйир,

Кўрпа тортиб бошга, хўрсинар унлар.

МАКТУБ

Ассалом алайкум, ёздим мактубим,

Соғинчли саломим етказсин сабо.

Пинҳона қолмасин дилда хитобим,

Тўсмасин йўлимни андеша, ибо.

Қолмади бардошим ишқингда куйиб,

Барибир, изҳорга етмади журъат.

Узлатда яшадим, санамни суйиб,

Йиллар ўтиб борди кўргузиб суръат.

Майлингни сезурман, эмассан бефарқ,

Ва лекин, йўлимиз тушмади яқин.

Билмассан, мен ишқнинг уммонига ғарқ,

Қучоқлаб чўкяпман муҳаббат юкин.

Кузатиб турибди бепарво ғаввос,

Бу қулзум ямлаган мендек қанчалар.

Ўзгадан нажотни қилмам мултамас,

Нидом тиғдек учсиз қалбга санчилар.

Садо бер, қўлинг чўз, қодирсан ўзинг,

Бир сира бошимни олгил тизингга.

Жон бахш этар нигоҳ, чақнаган кўзинг,

Ҳаётни кашф этгум боқиб юзингга.

Туну кун ўйлайман васли висолинг,

Сарвидек қаддингни, офтоб жамолинг.

Шаҳримда кўрмадим ҳусни мисолинг,

Чеҳраси тобону ҳушҳулқ аъмолинг.

Саодат эшитмоқ бир оғиз калом,

Жавобсиз қолмасин изҳорим нома.

Муҳибинг Поёндан самимий салом,

Лутфингга кўз тутиб, эрур хомтаъма.

ТУТАШМАС ЙЎЛЛАР

Дунёда йўллар кўп, сўқмоқлар яна,

Тармоқлаб кетгандир шаҳримда, ҳатто.

Манглай чизиқлари тақдир, анъна,

Кесишмайди сира амал, исботда.

Гўзалим, Барчинни эслатар жисминг,

Қаддингдан хижилдир сарви санубар.

Гавҳардир тиллодан узукка исминг,

Бош эгар Ширинлар учрашса агар.

Чарос кўзларингдан оҳу ҳавасда,

Товус ҳайрат қилар юрсанг хиромон.

Мушк-анбар таралар хушбўй нафасда,

Ялдо туни сочинг, ой юзинг тобон.

Сўзласанг лутфингдан чечак очилур,

Ибода, адабда назокат беҳад.

Ҳилолнинг рашкидир юзингдаги нур,

Тобонлик баҳсидир муаммо жиҳат.

Сифатинг васфида қай бирин айтай,

Толмайди қаламим таърифда ҳеч ҳам.

Севиб қолармидим Фарходдек, нетай,

Кўрганим, билганим бўлганда мубҳам?

Ушалмас орзуйим, туташмас йўллар,

Сен юрар кўчангдир менга терс томон.

Умиддай туташса йўллар ҳам диллар,

Қалбдан ўчмагайдир таманно ҳамон.

БАҲС

Яхшилар кўп ёнда, тортмас эътибор,

Самимий бўлурлар салом-аликда.

Ёмонлар белгили, диққатинг ортар,

Ажралиб туради совуқ қилиқда.

Яхшилик кутамиз, одатда, дўстдан,

Кўнгиллар тўқлиги таниш-билишдан.

Ахир, дарахт қурир айрилса пўстдан,

Тўшак татимайди айро болишдан.

Ишхона, чиқишар жўралар бўлар,

Бири опа, бири сингил, дугона.

Вақт келар, жамоа ҳайратда қолар,

Дўстлашган ёвлашар мисли бегона.

Яқин ичдан билар кимнинг кимлигин,

Зарра бўлсин ютуқ, қўзғайди ҳасад.

Ниқоблаб келади барча шумлигин,

Ўзига йўл очар, ҳамкасбга касод.

Ён-вердан яхшилик келиши қийин,

Қиёлмас инсонинг сафарда сина.

Мансаб, бойлик талош бўлиши тайин,

Ошкор бўлар охир кўп йиллик кина.

Кутмаган кишидан яхшилик етар,

Бир сабаб, тушгандир сенга ихлоси.

Биргина саломдан ғуборлар кетар,

Ва, якун топади мавзунинг баҳси.

БЕБУРДЛИК

Эҳ, ошно, дардларим вулқондай ўчган,

Тубда ўрлар гулхан, вужудим олов.

Билмадим, лафз, омад қайларга кўчган,

Қорни ёқмоқ учун топилмас қалов.

Бошлаган ишимда кутмаган якун,

Тақа-тақ бекилган борар манзилим.

Ҳамкорим даврадан чиқади секин,

Ростга айланади айтар ҳазилим.

Бизга қолса, қишда топилмайди қор,

Мақолнинг ижроси кўндаланг доим.

Ановлар қучгани ҳамиша барор,

Ҳасадга бепарво лек бунда ройим.

Аллоҳ қийганидан бўлмайди ортиқ,

Бурдингни бебурдлик – ҳаромга бурма.

Пулдор ваъдабоздан нек усти йиртиқ,

Фалакдаман дея бекор қандингни урма.

Йўқ демоқ жавоби менга буткул ёт,

Сўз берсам, бажармоқ ё қилмоқ одат.

Аҳдининг устидан чиқмаслик уят,

Тутруқсиз бойларни дуч қилма, ҳаёт!

Вақтида кўрмаган, ўлгудай хасис,

Бир сабаб бойиган давлатни талаб.

Оғирдир уларга эл қўяр ташхис,

Фақат суянчиғи туради қўллаб.

Бири, иккинчиси, учи туширди,

Даставвал ваъдалар, сўнг қуён бўлиш…

Билмадим, Аллоҳим, ким йўлдан урди,

Бурчимни бажардим, арзирми нолиш?

Аҳдидан қайтарми виждонли, айтинг,

Довруқ деб чираниб, қилурлар хитоб.

Қораси ўчади излаган пайтинг,

Уради бебурдни муқаддас китоб!

ГУМОН

Хўш, мендан нималар истайсан, айтгил,

Амал йўқ, бойлик йўқ, нафақа фақат.

Ёмонлик дейсанми? Ёнингдан кутгил,

Худбин феълга кимдир қилолмас тоқат.

Яхшилик жавоби ҳамиша чакки,

Ёдингга солмағим асло эп эмас.

Кимсага нафсида етади дакки,

Кўндаланг бўлади олдида қафас.

Эсларсан айтганим тўғри гапимни,

Ўсишинг кўзлабон қилганман барин.

Оғдириб олибсан энди тўқимни,

Туҳматга чўлғабсан раҳмат изҳорин.

Фалончихон бўлиб кирдими эсинг,

Муроса қилдингми ановлар билан?

Буқаламун экан бунчалар тусинг,

Калосдан етишса наҳотки илон?

Эски гуноҳларни курамоқ осон,

Айби йўқ айбдорни айлабон нишон.

Иш келмас қўлидан, дастак шу, ишон,

Навбат-навбат тегар муштарак ошъён.

Муқаддас даргоҳга бариси аён,

Бегуноҳ бандага етмагай жазо.

Бўхтонки ноўрин келтирар зиён,

Қуръони каримдан етишар сазо.

ЁНИМДАСАН

Эшитиб овозинг, сапчиб уйғондим,

Ўғлимиз исмини айтиб чорланг.

Яна тушми, рўё, мунгли тўлғондим,

Руҳият савтидабир зум порладинг.

Бу ҳолни англадим неча, неча бор,

Хасталик чоғларим безовта руҳинг.

Ёнимда бўлишинг сездим муқаррар,

Етишмади фақат жисмонан йўғинг.

Безовта қилмайсан, лекин эҳтиёт,

Парвона бўласан бу кулбам аро.

Бир ёқли алоқа, шу экан ҳаёт,

Ташрифу мулоқат тушдадир зора.

Қадринг ўтаётир қадамба-қадам,

Мен шундай нотавон, шунчалар ожиз.

Ким бўлур ярмидан айрилган одам,

Қаддини керолмас шоҳ бўлсин ҳаргиз.

Шукрона, фарзандлар, келинлар, қизим,

Набиралар ўкситиб қўйганлар эмас.

Шулар бор, кўксим тоғ, ёруғдир юзим,

Ука-сингилларга меҳрибонлик хос.

Азизам, сен йўқсан, бир камим шундан,

Тамалсиз, муаллақ, қолдим омонат.

Ёнигга етмоқлик ўйим кундан-кун,

Бургутда ўсмайди қирқилган қанот.

Ҳамдим кўп, қўлимдан тушмади, қалам,

Овунчим хотиранг ёзишда тинмай.

Мисралар қатида туганмас алам,

Қўлимдан не келар тақдирга кўнмай.

ОРИЯТ

У шоир эди атоқли ҳам эрка,

Саройда ҳурматин топганди жуда.

Шеърлари нашрида ривож, барака,

Хорижда таржима бўлди гоҳида.

Ҳеч осон бўлмаган истеъдод учун,

Йўқ эди вақтида яшашга макон.

Ҳасадлар ёпишиб, кўрсатган кучин,

Эл дарди қалбига руҳ берган елкан.

Мустабид тузумнинг девори баланд,

У қўрқмай ёзолди эрк деган сўзни.

Қизил салтанатдан етгани газанд,

Ҳақни ёқладида, оқлади тузни.

Юртини севарди онаси каби,

Оқарди юракдан оташин изҳор.

Маҳлиё боқарди кўкнинг кавкаби,

Назмиёт бобида эди устувор.

Эҳтиром кутдирмай қучоғин очди,

Мустақил юрт тақди кўксига юлдуз.

Яна амал берди, бисотин сочди,

Кошона, оила, ўсди ўғил-қиз.

Ҳасадлар минғирлаб қолганди йўлда,

Энг кичик суҳбатдош ҳокимлар эди.

Қайга борса иззат, ҳушомад мўл-да,

Сафодан, мақтовдан боши чиқмади.

Гап қалашиб, етди керакли жойга,

Ўнғариб қўйишди секин ковушин.

Ошкор камситишда бошланди пойга,

Ўчирмоқ бўлдилар наъра, товушин.

Аламда жон берди денгиз ортида,

Ёзди армонларин, бўшатди юрак.

Хоки келтирилди учоқ бортида,

Ориятга таҳсин дейилмоқ керак.

ҚУДРАТ

Китобни ўқиғил мунтазам, шошмай,

“Саодат” сўзининг тагига чизгил.

Ва, ёпиб қўймағил ўн бетдан ошмай,

Кунлик мутолаа режасин тузгил.

“Кириш”лар бўлади кўпинча саёз,

Денгиз ҳам қирғоқдан нарида чуқур.

Шеърлар мажмуидан тузилар баёз,

Ҳафсала қиссаси эринмай ўқир.

Асарни қучоқлаб, топасиз дўстни,

Инқишоф этасиз ўзгача олам.

Тагига етасиз ёлғону ростни,

Жозиба бағишлар бадиий калом.

Ақлан ва маънан юксалиш сизда,

Нутқингиз фасоҳат чархидан ўтар.

Эшитган маънони англайди тезда,

Билимдон инсонни давралар кутар.

Бахт сари элтади жамланган билим,

Нафосатга шайдо айлайди ашъор.

Ўқиган донишманд, маданий, ҳалим,

Дилида ҳамиша яхшилик шиор.

Дўст каби китобни танламоқ лозим,

Олди-қочдиларга бўлманг ишқибоз.

Фикратни бойитар асарга таъзим,

Тарихий таснифлар ёзилмиш мумтоз.

Азалдан қиссахон, ғазалхон ўзбек,

Навоий, Бобурлар мероси давлат.

Қанча алломалар ўтишган буюк,

Маърифат бу юртда бардавом қудрат.

ИНОЯТ

Қувончларга ташна эрур зор кўнглим,

Тушовда беором ҳаёл бедовим.

Ломакон мулкида мунисам, мунглим,

Оғушига олган тунлар ўйловим.

Ҳаловат улашар қўнғироқ саси,

Ғуборли кундузим ёришар гўё.

Ёлғизлик дунёнинг мангу гадоси,

Тириклик буржида муайян рўё.

Эминда, ёлчибон яшай олмадим,

Оёғим қобартти юрганим йўлим.

Амалдор, бадавлат, афсус бўлмадим,

Керилиб юришга калтайди қўлим.

Қоғозу қаламни мўътабар билиб,

Ёзишни саодат атабман, эвоҳ?!

Давлатманд ёзмаслар мийиғда кулиб,

Жаҳонга солурлар шоҳона нигоҳ.

Миллиард ёрмоқлар кимларга чақа,

Хорижда саройлар, йўқ, ҳисоби йўқ.

Ҳайрият, кифоя бизда нафақа,

Маошга қуриб қолмайди сўлиқ.

Ижоддан муддао ўзи не турур,

Олтинми, кумушми… Писандга илмас.

Шоирга, адибга, бас, етар ғурур,

Калта ипки, гарчи, бойловга келмас.

Тақдири насибдан ким ютар, билмам,

Борларнинг ошиғи олчидир бу кун.

Тирикман, ёзишни лек канда қилмам,

Аллоҳ инояти шундадир тўкин.

ЖАРАЁН

Аямай ишладим, аяшдиларми,

Тайёрдим жонимни қилмоққа нисор.

Суриндим, йиқилдим, суяшдиларми,

Кишига керакдир далда, ғамгусор.

Тарихни варақланг, бунга мисол кўп,

Инкорни пеш қилар мудом фалсафа.

Бечора ҳолига тушган қанча хўб,

Танимай қўйганлар дўсту ҳамсафо.

Ҳашамат, назокат кераги йўқдир,

Анжуман, ҳайъатлар истамас кўнгил.

Қалтайиб, соғ юрса бас, кўнгли тўқдир,

Руҳи равон, сўрса укалар, сингил.

Кимларда боқувда эски ҳасадлар,

Яшаб турганингга куярлар ичи.

Жам бўлса, қўзғошар фисқу фасодлар,

Болалаб кўпайган қасд ила ўчи.

Улардан ўлиб ҳам қутилмоқ қийин,

То иблис бор экан, яшарлар аниқ.

Иғво, бўҳтон, туҳмат – қуроли тайин,

Эсга келмас дўзах гулҳани ёниқ.

Қулоққа чалинар бадбин қилмишлар,

Тасалли айтурман ўзимга ўзим.

Ёмон эмас, дейман, қилганим ишлар,

Элимнинг олдида ёруғдир юзим.

Курашдан безганман, бўлсинлар ғолиб,

Дунёни кўтариб кетмаслар, охир?!

Кун келар, ажалга бўлурлар мағлуб,

Аллоҳ қудратини қилажак зоҳир.

ТАШРИФ

Бахтнинг этагини тутганлар, айтинг,

Иқболни энтикиб кутганлар, айтин.

Шоҳона асарлар битганлар, айтинг,

Мақсудига комил етганлар, айтинг.

Осон бўлмагандир саодат йўли,

Ранжитгандир, балким, рақобат йўли?

Текис эмас, одамзод сабот йўли,

Ҳам жозибали, ҳам синоат йўли.

Ёнма-ён сиз билан келяпман бу кун,

Йўл юриб, нимадир биляпман бу кун.

Омадни ахтарув қиляпман бу кун,

Гоҳо йиғлаб, гоҳо куляпман бу кун.

Узанган сўқмоғим тўсдилар атай,

Қароқчи зўрайиб, ўсдилар, атай.

Камонин ҳозирлаб, пўсдилар, атай,

Умидим чинорин кесдилар, атай.

Адашдим сарсона, саҳрода, чўлда,

Манзил сароб эди ўнг ила сўлда.

Ҳамду сано, шукрим ифода тилда,

Ҳавони чангаллаб турардим қўлда.

Бахтимни изладим, етмадим, бироқ,

Парвона, аҳдимдан қайтмадим, бироқ.

Мултамас шевасин айтмадим, бироқ,

Ёпишиб, баридан тутмадим, бироқ.

У саҳий, донишманд, билади саъйим,

Истаса, бехато топади жойим.

Юз бурса, ташрифга чиқарман қойим,

Иноят манбаи қодир Худойим.

ЧИНОРЛАР

Шаҳар кўчасини безади чинор,

Қаддини кўтарди осмонга мағрур.

Саф чекди яшилтўн пўрвиқор минор,

Саратон чиллада сояси сурур.

Азамат қоматда ёйилган шоҳлар,

Писандга илмайди оташ нафасни.

Ердан қувват олиб, гуркираш хоҳлар,

Чидами қўзғотар дилда ҳавасни.

Мушкулдир ниҳолга иссиқ иқлимда,

Ташналик бир сира, туфроқ заранг, денг.

Маҳорат, тажриба, гап бор билимда,

Парвариш эҳтиёж муҳаббатга тенг.

Ўн йилда улғайди, кечди ўттиз йил,

Қаршига кўрк берди юз минглаб чинор.

Юрганлар завқ олар, соя-салқин йўл,

Толиқиш бегона, масофа ўнар.

Ишга тушди бир кун арра, болталар,

Бир бошдан кесилди чинорман деган.

Ўтинлик пулидан тўлди халталар,

Бойиб қолди неча муздини еган.

Бировлар экдилар, яхшийди ният,

Шаҳримиз ораста эди жуда ҳам.

Бировлар кесдилар, виждон учун ёт,

Кўчалар яланғоч, энди файзи кам.

ХАТАР

Аввало, ўзимга ёқишим лозим,

Бошқадан не учун ўпкалаш хожат?

Ҳурматим қилганлар, сизларга таъзим,

Яхшилар сабабки, яшайди нажот.

Орада кўп эрур иззат талаблар,

Нечовлар ҳисоблар шахсини ноёб.

Кимлар амал олар товон ялаблар,

Анов юрар жамоа кўзин бўёб.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «ЛитРес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

Вы ознакомились с фрагментом книги.

Для бесплатного чтения открыта только часть текста.

Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:


Полная версия книги

Всего 10 форматов

bannerbanner