Замонамиз қаҳрамони ким?Уни қайдан излаш керак?Унинг бугунги қиёфаси қандай бўлиши лозим?Бу каби қўшқават саволлар кўпдан бери ёзувчиларимизни ўйлантириб келаётгани бор гап.Қаҳрамон деганда ақл бовар қилмас мардлик намуналарини кўрсатган, тоғларни қўпориб, тўфонларни тўхтатган ёки бугун дунё бадииятида урф бўлганидек, инсониятни ҳалокатдан асраб қолган арслонкелбат шахс кўз олдимизга келиши ва шу сабабдан ҳам унинг чизгиларини яратиш муайян мушкулотларга рўпара қилиши тайин.Тўғри, ҳар кимнинг қаричи ўзи билан.Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо эса биз излаган қаҳрамонни шундоқ ёнгинамизда елкама-елка яшаётган одамлар орасида кўради. Ана шундай юртдошларимиздан бири Рустам Мажидов «Зарб» қиссаси қаҳрамонидир. У ўз қатъияти, иродасига суяниб қанчадан-қанча машаққатларни енгиб ўтади. Азиз Раҳмонов каби ўсмир шогирдларини тўғри йўлга солиб, дунё аренаси шоҳсупасигача олиб чиқади.Қарангки, биргина шахснинг шарофати билан бугун дунё спорти луғатида «Рапқон бокс мактаби» деган атама пайдо бўлди.Ҳа, инсоннинг беминнат заҳмати ҳеч қачон кўчада қолмайди. Кўплаб Осиё ва жаҳон чемпионлари мураббийи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, Халқаро тоифадаги АИБА ҳаками, сенатор Рустам Мажидов эл орасида ҳам «Рустам паҳлавон» деб эъзоз топган.Азиз ўқувчи!Ён-верингизга қарасангиз, Ватан ва миллат учун сидқидилдан хизмат қилаётган оддий одамларни кўрасиз. Замон қаҳрамонлари шулар эмасми? Балки, Сиз ҳам ана шу фидойилар тоифасига мансубдирсиз. Муҳими, бу имкон ўзингизнинг қўлингизда.Китобни ўқиб чиққанингиздан сўнг бир хулосага келармиз…
все жанры