
Полная версия:
Гладиолус
– Шикоят қилгани йўқ, жуда мулойим, хушмуомала онахон. Ҳаммани болам, бўтам, умрингдан барака топ, деб дуо қилади. Худо хоҳласа, кўрмагандай бўлиб кетади. – Бир нарса эсига тушгандай гапида давом этди. – Кеча бир йигит келди. Жуда пўрим кийинган, юришлари, гап-сўзлари кибрли, жуда дадил. Шу онахонни кўргани келган экан. Палатадан чиқиб олдимга кирди. Беморнинг аҳволини тушунтирдим. Негадир гапимни эшитгисиям келмади. “Яхши қарамаяпсилар, бошқа касалхонага ўтказамиз”, деб чиқиб кетди. Олдин кўрмаганман уни. – Муслима Шариповна мудирнинг гапини бўлмай эшитди, қулоғи остида эрталаб телефонда бўлган мулоқот жаранглайверди. – Очиғи, унинг кимлиги билан қизиқдим. Онахоннинг олдига кириб, секин сўрадим. “Бу бола жияним, сал ҳовлиқмароқ ўзи, деб кулди онахон. Чўнтагига беш-олти сўм тушиб ҳовлиқиб қолган. Унинг устига яқинда қандайдир идорага ишга ўтган эмиш… Сизни бошқа касалхонага ўтказаман, дейдими-ей. Йўқ, дедим, жуда яхши қарашяпти, ҳеч қаерга бормайман, дедим… Ишқилиб, сизни хафа қилмадими, болам? Унинг гапларига эътибор берманг. Мен ҳаммаларингдан миннатдорман, ўғлим”, деди.
– Шунақа денг, – деди Муслима Шариповна. – Тушунарли… Майли, ўзи билади. Бошқа жойга ўтказса, ўтказар… Онахонга ўзингиз қараяпсиз-а. Бир кўрамизми…
– Майли, – деди Алимов. – Ҳамхонаси ҳам жуда бамаъни аёл. Икковиям намозхон.
– Шунақа денг… Қани, юринг-чи. – Шарифа Боқиевнага юзланди. – Сизни ишингиз битдими бу ерда? Ишингизга бораверинг бўлмаса.
– Опа, хўп десангиз, сизни шу ерда кутиб турсам.
– Гапингиз борми менда?
– Ҳа, – деди Шарифа Боқиевна.
Ёлғон гапирмаётганини бош шифокор сезди, аммо индамади. Фақат, унга қараб тагдор жилмайди. Бу жилмайиш маъносини Шарифа Боқиевна тушунди.
Муслима Шариповна эшикка йўналар экан, Шарифа Боқиевнага деди:
– Сиз мабодо психология бўйича ҳам ўқимаганмисиз?
Шарифа Боқиевна ҳам бўш келмади.
– Турли характердаги одамлар билан, айниқса, беморлар билан гаплашавериб, одам психолог ҳам бўлиб кетар экан.
Кулишди.
– Яхши, – деди Муслима Шариповна. – Биз тез қайтамиз. – Алимовга юзланди. – Бошқа оғир беморларингиз йўқми?
– Йўқ.
– Маъқул… Бошланг…
* * *Кечқурун она-бола узоқ суҳбатлашди. Гулбаҳор гапни айлантириб, бир амаллаб ойисининг мазаси бўлмаганини билиб олди.
– Шарифа Боқиевна айтдими? – деди Муслима Шариповна.
– Йўқ, ҳеч ким ҳеч нарса демади.
– Қаёқдан билдинг бўлмаса?
Гулбаҳор ойисига меҳр билан тикилди.
– Ойижон, сизнинг гап-сўзларингиздан, гапларингиз оҳангидан, ранги-рўйингиздан кўп нарсани англаб оламан. – Ойисини қучоқлаб эркаланди. – Ахир мен асаб касалликлари дўхтириман-ку. Невропатолог дегани психологга яқин туради.
– Шундай дегин… – Муслима Шариповна бироз маҳзун тортди. – Ҳаёт дегани фақат ўйин-кулгидан иборат эмас, қизим. Ҳар қадамингда муаммо, ташвиш… Энг ёмони, одамларнинг ёлғончилиги, иккиюзламачилиги, худбинлиги. Мана шулар одамни кўпроқ чарчатар экан, қизим. Мен шунча ёшга бориб, неча йиллардан бери раҳбар бўлиб ишлаб, энди-энди тушунаяпман буларни. Илгари ҳаммани ўзимга ўхшаган тўғрисўз, очиқ кўнгил деб ўйлар эдим. – Оғир нафас олди. – Аслида ундай эмас экан, тили бошқа-ю, дили бошқа одамлар кўп экан. Шулардан эҳтиёт бўлиш лозим.
Гулбаҳор ойисига таскин бермоқ ниятида:
– Қўйинг, ойи, сиқилманг. Ҳозир сизга бунақа нарсалар ҳақида бош қотириш тўғри келмайди… Ўзингизни, соғлигингизни ўйланг, – деди. Бир муддат сукунат чўкди. – Хўш, нима қиласиз, эртага борасизми? Қаерга бормоқчисиз?
Муслима Шариповна бир нуқтага термилиб қизининг гапларини эшитиб ўтирарди.
– Тўғри айтасан, қизим, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас… Қаерга боришни бир ўйлаб кўрай-чи…
– Бир дугонамнинг эри Кардиология марказида бўлим мудири бўлиб ишлайди, Маъруфжон деган йигит, яхши мутахассис дейишади. Балки шу билан гаплашиб кўрармиз, – деди Гулбаҳор.
Муслима Шариповна ўйланиб қолди. “Кимнинг олдига борганда ҳам текинга қарамайди, ўзим биламан-ку бу соҳани. Коронарография қиладими, шунтлашми – барибир, анчагина маблағ зарур бўлади”. Гулбаҳорга бу ҳақда гап очмади.
– Майли, қизим, мен ўйлаб кўрай… Ҳали дадангга айтганим йўқ. У кишидан бемаслаҳат қилмайман-ку бу ишларни.
– Нима, дадам йўқ дейдиларми? Ахир дадам дард нима эканини яхши биладилар-ку.
– Тўғри, – деди Муслима Шариповна. – Бироз пул керак бўлади. Ҳали билмаймиз, нечта стент қўйиш кераклигини. Балки шунтировани қиладими.
Гулбаҳор ойисини қучди.
– Ойижон, ҳозир буни ўйламанг… Пул топилади. Менимча, шунтлаш даражасига бормаса керак.
– Ким билсин… – Ўзига ўзи гапиргандай паст овозда гапирди. – Аҳволим ўзимга маълум.
Гулбаҳор ойисининг гапини бўлди:
– Шунақа экан, шу даражагача олиб бориш шартмиди?
Муслима Шариповна чуқур хўрсинди. Бу хўрсинишда қанча маъно-мазмун мужассам эди.
– Иш, оила, тирикчилик, деб юраверар эканмиз… Гўё биз бўлмасак иш тўхтаб қоладигандай… Аслида, биз бўлсак ҳам, бўлмасак ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди, иш ҳам, ҳаёт ҳам ўз ўзанида давом этаверади, – қизини бағрига тортди. – Шунақа, қизим, – кулди. – Мен ҳам ўзбекман-да.
– Бу нима деганингиз? – ажабланиб қаради ойисига Гулбаҳор.
– Бу деганим шуки, ўзбек касал жонидан ўтиб кетганидан кейин боради дўхтирга. Унгача юраверади, ҳеч нарса қилмайди, ўтиб кетади, деб… Биласанми, яҳудийлар касал бўлмасдан олдин, руслар эса касал бўлиши билан борар экан дўхтирга. Энди тушундингми?
– Шунга қолганда ўзбекчиликни тарк этайлик, ойи.
Муслима Шариповна жилмайди. Эрталаб кабинетидаги аҳволини кўз ўнгига келтирди. Аммо қизига билдирмади.
– Бўпти, Гулбаҳор, энди борақол, кеч бўлди… Куёв ҳам кутиб ўтиргандир. Даданг билан маслаҳатлашиб кўрай-чи, нима деркинлар.
* * *Маъруфжоннинг олдига икки-уч борди. Обдон текширишди, анча-мунча таҳлиллар олди. Венасидан суюқлик юбориб, томирларда қон айланишини кўрди.
– Муслима Шариповна, сиз ҳеч нарсани ўйламай ишингизга бораверинг. Барча таҳлиллар натижаси тайёр бўлгач, мен профессорга кўрсатаман. У киши нима десалар, шунга қараб сизга ўзим қўнғироқ қиламан, – деди Маъруфжон.
Инсон инсон-да, ким, қайси соҳа ёки қайси лавозимда ишламасин, соғлик масаласи кўндаланг турганда хавотирга тушиши, минг бир хаёлга бориши табиий.
Муслима Шариповна ҳам кўп йиллик тажрибага эга, олий тоифали врач, тиббиёт фанлари номзоди, қандай оғир беморларни кўравериб кўзи пишиб кетганига қарамай, ҳозир мана бу ёш йигитдан – Маъруфжондан бир оғиз ширин сўз кутарди.
– Маъруфжон, – деди, – мен ҳамма нарсани тўғри тушунаман. Шунинг учун очиғини айтаверинг, умуман аҳволим қанақа?.. Очиқ операция қилиш керакми ёки коронарографиями? Агар стент қўйиш лозим бўлса, нечта?
Маъруфжон кулди:
– Опа, ўзингиз яхши биласиз, ҳозир мен аниқ бир нарса деёлмайман… Менимча, очиқ операцияга, яъни, шунтлашга эҳтиёж йўқ… – Бирзум опага қараб турди. – Аниғини, нима лозимлигини профессор айтади… Хавотир бўлманг… Энг асосийси, унақа жиддий нарса кўрмаяпман. Кўнгилни кенг қилиб юраверинг, ўзим қўнғироқ қиламан.
Эртаси куни профессорнинг олдига борди. Кенг пешонали, сийраксиб қолган оппоқ сочлари ўзига ярашиб турган профессор Муслима Шариповнани очиқ чеҳра билан кутиб олди.
– Келинг, Муслима Шариповна, – деб унга пешвоз чиқди ва кўришиш учун қўл узатди. – Яхши юрибсизми? Кўринишингиз яхши, отлично виглядите.
Муслима Шариповна кулди. – Комплемент учун раҳмат, домла, – деди.
Профессор ўтиришга жой кўрсатди:
– Ўтиринг, Муслима Шариповна. Бу комплемент эмас, бор гап.
– Раҳмат, домла, раҳмат. Ўзингиз яхшимисиз? Ишлар билан чарчамаяпсизми?
Профессор жойига ўтиб ўтирди.
– Чарчашга вақт йўқ, Муслима Шариповна. Буни ўзингиз яхши биласиз. Ҳар куни бир нечта касал, операциялар…
Муслима Шариповна бироз хавотирга тушди. “Гапни айлантиришига қараганда, масала жиддийга ўхшайди. Қандай айтишни билмай чайналяпти… Мен тажрибали врач бўлсам, очиғини дангал айтавермайдими…”
– Шифохонада ишлар яхши кетяптими? Беморлар кўпми? – маънодор кулди профессор. – Бўлган-бўлмаган қўнғироқлар билан асабингизни бузишмаяптими?
Муслима Шариповна гапни қисқа қилди:
– Ҳаммаси жойида… Иш бўлгандан кейин ҳар хил вазият бўлади…
– Тўғри айтасиз, Муслима Шариповна, – деди профессор. – Одам ишдан чарчамайди, ҳар хил қўнғироқлар одамни асабига тегиб, чарчатади. – Муслима Шариповна томонга бироз энгашиб, паст овозда гапирди. – Турли жўжахўрозлар кўпайиб кетган, бири аммасини, бири тоғасини жойлаштирмоқчи бўлади. Яна денг, буйруқ оҳангида гапиришади, илтимос қилса обрўйи тўкилиб қоладигандай. Бунинг устига текинга. Нима, менинг шахсий клиникамми бу? Давлатнинг тартибини мен бузолмайман-ку…
Энди Муслима Шариповнанинг юраги сиқила бошлади. “Бу гапларни нега айтмоқда менга? Ёки сен ҳам текинга ётаман, деб ўйлама, пул тўлайсан, демоқчими?”
– Кечирасиз, профессор, бу ерда директор бор, бош врач бор, нега сизга қўнғироқ қилишади? Пул тўлаш масаласида тартиб-қоида бор, ҳеч ким истисно қилинмайди-ку.
Бу билан хавотир олманг, профессор, мен лозим бўлган пулни тўлайман, деди. Буни профессор тушунди ва бироз ноўрин гапирганини англади.
Профессор ростланиб, креслога ястанади.
– Кечирасиз, Муслима Шариповна, ҳамкасб бўлганингиз учун бироз дардимни ёздим-да сизга. Кўнглингизга олманг бу гапларни… Энди сизнинг масалангизга келсак, мен ҳамма анализлар жавобини синчиклаб кўрдим. Ҳозирча сизга операциянинг ҳожати йўқ. Аммо иккита, балки учтадир стент қўйиш керак. Бу коронарографияда аниқ бўлади. Сиз ҳар эҳтимолга қарши учта стент олиб келинг. Ўзим чиройли қилиб қўйиб қўяман… Бошқа жиддий нарса йўқ.
Муслима Шариповна енгил нафас олди.
Профессор гапида давом этди:
– Балки, умуман стентга зарурат бўлмас.
– Ҳозир айтдингиз-ку, иккита қўйиш керак, деб.
– Яна қайтариб айтаман, ҳаммаси коронарографияда аниқ бўлади.
Муслима Шариповна ўрнидан турди.
– Бўпти, домла, сизнинг вақтингизни олмай. Қачон келишим керак?
– Вақтингизга қараб келаверинг, бир-икки кун олдин завотделга қўнғироқ қилинг, жой тайёрлаб қўяди.
Муслима Шариповна хайрлашиш учун қўл узатмади. Профессор ҳам ўрнидан турмади.
– Майли, домла, соғ бўлинг, катта раҳмат сизга. Хайр. Мен албатта, қўнғироқ қиламан.
Ишхонасига бориб, котибадан у-бу ишларни сўради. Ситора ҳаммаёқ тинчлик, ҳеч ким қўнғироқ қилмади, дегач, битта қаҳва қил, деди.
Креслога ўзини бўш ташлаб, кўзини юмди. Ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қилди. Кошки бунинг иложи бўлса. Профессор билан суҳбат миясида ғувиллаб айланаверди. “Учта дедими? Наҳотки шундай бўлса?”
Ситора қаҳва олиб кирди-ю, хаёли бўлинди. Қаҳвадан бир-икки ҳўплади-да, қизига қўнғироқ қилди.
– Гулбаҳор, яхшимисан, қизим. – Профессор билан суҳбатни қисқача айтиб берди. – Сен бир суриштириб кўр-чи, стент қанча турар экан.
– Мен аллақачон суриштирганман, – деди Гулбаҳор. – Унинг ҳар хили бор экан. Мутахассислар иложи борича Япония, Америка ёки Европаникини олиш керак, дейишди.
– Нархи қанақа экан, билдингми?
– Ўртача минг доллар…
– Биттасими? – деди Муслима Шариповна.
– Ҳа, бир комплекти, – деди Гулбаҳор. – Стент билан яна нималаридир бўлар экан-да.
Муслима Шариповна ўйланиб қолди. Профессорнинг гапларини эслади. “Давлатнинг тартибини мен бузолмайман-ку”.
– Хизмат учун ҳам тўланса керак? – деди Гулбаҳорга.
– Ҳа, – деди Гулбаҳор. – Дугонам орқали эридан сўраганман. Уч-тўрт кун ётар экансиз. Бу тахминан тўрт-беш миллион бўлар экан.
Муслима Шариповнанинг ҳайрати ошди. Профессор бекорга пулга шама қилмаган экан-да, деб ўйлади.
– Ростданми? – деди сўнгра. – Намунча қиммат? – Гулбаҳор гўё бунинг учун ўзи айбдордай секингина “билмасам” деди. – Демак, тахминан тўрт-беш минг керак экан-да, – Гулбаҳор индамади. – Менга қара, қизим, шу зарурми менга?
– Ойи! – Гулбаҳорнинг овози энди баландроқ чиқди. – Нимага зарур эмас?! Ахир дўхтирлар бекорга айтмагандир…
Эшик қия очилиб, Ситора кўринди.
– Майли, Гулбаҳор, кейин гаплашамиз, – деб гўшакни қўйди. – Ҳа, Ситора, нима гап?
– Шарифа Боқиевна келувдилар.
– Ҳозир, бирпас ўтириб турсин.
Совиб қолган қаҳвани ичди, ойнага қараб у ёқ-бу ёғини тузатди. Телефон тугмасини босди, “Лаббай, Муслима Шариповна” деган овоз эшитилди, “Айт, кирсин”, деди.
…Кечки овқатдан кейин телевизор кўриб ўтиришганда бу ҳақда эрига гап очди.
– Қачон мазангиз бўлмади? Менга айтмадингиз-ку, – деди Мэлс Тельманович.
– Сизни безовта қилгим келмади… Уч-тўртта уколми, капилница олсам, ўтиб кетар, деб ўйлагандим, бўлмаяпти… Кейин мажбур бўлдим мутахассисларга учрашишга.
Мэлс Тельманович энсаси қотган кўйи совуққон гапирарди.
– Ўзингизда йўқми шу аппаратлар? Замонавий аппаратлар олганмиз, деб мақтаниб юрасиз-ку.
– Тўғри, замонавий аппаратлар олганмиз, лекин бу бошқа нарса-да… Стент қўйиш ҳақиқий операция ҳисобланади. Уни ҳаммаям қўя олмайди, – деди Муслима Шариповна.
Мэлс Тельманович ўша алпозда, ўша оҳангда сўради:
– Отнинг калласидай пул керакдир?
“Асосий масалага энди келдик”, деб ўйлади Муслима Шариповна.
– Ҳа… Тахминан тўрт-беш минг доллар…
Муслима Шариповнанинг гапи оғзида қолди. Эри ялт этиб қаради. Бу қарашда хотини дардига ҳамдардлик, ачиниш, раҳм қилиш эмас, қандайдир таъқиб борга ўхшарди. Муслима Шариповна эрининг бу ҳаракатидан ҳайратланди, ҳатто бироз чўчиди ҳам.
– Беш минг доллар! – деди Мэлс Тельманович таъкид билан. – Шунча пулингиз борми? Бўлса нега мендан яшириб юрибсиз?
Эри бирмунча асабий бўлиб қолганини билар, шунга қараб муомала қилишга интиларди. Ҳозир шу тартибни бузмаслик учун ўзини босди, иложи борича вазмин тутди ўзини.
– Уйда қанча пул борлиги ўзингизга маълум, дадаси. Сиздан бир сўмни ҳам яширмайман. – Вазиятни юмшатиш учун гапни ҳазилга бурди. – Худога шукр, турмуш қурганимизга ўттиз йилдан ошди. Орамизда бир-биримиздан яширган пул у ёқда турсин, сиримиз ҳам йўқ-ку, дадаси.
Хотинининг гапига Мэлс Тельманович ҳеч нарса демади. Юзини ўгирди, бошини эгди. “Ҳа, мендан яширган сирингиз бормиди, дадаси” демоқни айни ўрни келганди-ю, аммо ҳозир мавриди эмаслиги учун тилини тийди. Орага оғир сукунат чўкди. Муслима Шариповна буни эрининг розилиги аломати, деб ўйлади. Лекин чучварани чом санаган экан. Юз йил бирга яшаб ҳам инсонни билиш қийин экан.
– Бўлмаса бунча пулни қаердан оласиз? Уйдаги бор пулни ишлатсангиз тирикчилигимиз нима бўлади? – деди Мэлс Тельманович ўша ҳолда ўтирган кўйи.
– Таниш-билишлардан сўраб турарман… Гулбаҳор ҳам қараб турмас… Оч қолмасмиз, мен ишлаб турибман-ку.
Мэлс Тельманович ҳафсаласизлик билан қўл силтади.
– Номи улуғ, супраси қуруқ… – Хотинига юзланди. – Менга қаранг, шу стент қўйдирса одам ўлмас эканми?
– Ким нимадан, қачон ўлишини ёлғиз Аллоҳ билади, – деди Муслима Шариповна. – Ажалим етса стент қўйдирсам ҳам, қўйдирмасам ҳам ўламан. – Чуқур уҳ тортди. – Ниятни яхши қилайлик, Мэлс ака.
Мэлс Тельманович даҳрийлиги қўзиб кетди шекилли, бақириб юборди:
– Доим менга яхши ният қилинг, ношукр бўлманг, деб ақл ўргатасан. – Ўта жаҳли чиққандагина хотинини сенсирарди. – Яхши ният қилавериб, мана шу аҳволга тушдим. Ундан кўра ўшанда ўлиб кетганим яхшироқ эди…
Муслима Шариповна эрининг ёнига бориб, оғзини қўли билан ёпди.
– Илтимос, жон дадаси, бундай деманг, куфрга кетманг… Йўқ десангиз, қўйдирмайман шу стент ўлгурни. Фақат бундай деманг, ялинаман. Аллоҳнинг қаҳрини келтирманг… Шукр қилинг.
Оғир сукунат чўкди.
Мэлс Тельманович ўзига-ўзи гапиргандай тўнғиллади.
– Ҳар доим бир хил гап – шукр қилинг, яхши ният қилинг. Э, падарига лаънат…
Эрининг бу гапига қарши бирон нарса дейишга тили лол эди. Бир кўнгли эрига заҳрини сочмоқни ўйлади. Шу ниятда унга узоқ термилди. Аммо Мэлс Тельманович лоақал қайрилиб ҳам қарамади. Муслима Шариповна фикридан қайтди. Гап чувалашмасин, деди. Ундан кейин ортиқча гап-сўзга, баҳслашишга ҳозир на хоҳиши, на ҳоли бор. Индамай хобгоҳга кириб кетди. Эрининг гапларидан ичида қўзғалган ғалаённи босиш учун одатдаги дориларига қўшиб, ҳапдори ҳам ичди. Кўзини юмиб ётди. Хаёлини чалғитмоқчи бўлди, кошки бунинг иложи топилса, уйқуга тутинди, кошки бундай пайтда уйқу кела қолса. Эрининг гапларини унутишга ҳаракат қилган сари турли фикрлар босиб келаверди. “Наҳотки шу гапларни менинг эрим айтган бўлса? Нима демоқчи бу билан? Не-не қийинчилигу машаққатларни бирга енгиб келаётган, бу кишига садоқату вафодан ўзга нарсани хаёлимга ҳам келтирмай, оилам, эрим деб тиним билмай юрган бўлсам-да, шу гапни эшитсам. Нима, шу стент ўлгурни мен эрмакка қўйдирмоқчиманми? Бирон-бир қимматбаҳо буюм олмоқчиманми? …Дардимга малҳам бўлиш, майли, ойиси, пулни ўйлама, қарз-қавола қилиб бўлса ҳам топармиз, ўзингга қара, шунга зарурат бўлса қўйдир, дейиш ўрнига… Бу киши уйда ўтириб қолгандан бери кўнгли чўкмасин, деб ҳеч нарсани аямасам…”
Муслима Шариповнанинг ич-ичидан ўкирик келди, йиғлаб юборишдан базўр тийди ўзини. Эрининг олдида қанча кўзёши қилган, унга суяниб келган, ундан мадад кутган. Аммо ҳозир йиғлашини, кўз ёшини эри кўриб қолишини истамади. Қандайдир ғурурми, ориятми устун келди… Ҳамма нарсани унутишга ҳаракат қилиб, кўрпага бурканиб олди.
Турфа ўйлар билан ухлаб қолди.
Биров туртгандай чўчиб уйғонди. Эри ҳали ҳам ётмапти. Соатга қаради: икки! “Нега шунча ўтирмасалар… Нима бўлаяпти экан телевизорда?”
Шу хаёл билан эрининг олдига кирди. Телевизор ёниқ, қандайдир хорижий кино бўляпти. Столда бир шиша очилган ароқ, пиёла турибди. “Оббо, яна ичиптилар-да… Шунча айтдим-а, ичманг, деб… Шу ароқ орқасидан ногирон бўлиб ўтириптилар-ку…” Мэлс Тельмановичнинг боши бир томонга қийшайган, икки қўли креслонинг икки тарафида осилиб ётарди. “Ухлаб қоптилар-ку”. Уйғотмоқчи бўлди. Секин ёнига бориб елкасига қўлини қўйди, қўйди-ю, бутун вужуди сесканиб кетди. Беихтиёр ўкириб юборди:
– Мэлс ака-а-а!..
Мэлс Тельмановичнинг танаси аллақачон совиб бўлган эди…
2020 йилЧЎЛИ ИРОҚ
Муҳаббат эрини уйғотмоқчи бўлиб уйга кирди-ю, мириқиб ухлаётганини кўриб фикридан қайтди. Ширин уйқусини бузгиси келмади. Астагина стулга ўтирди. Бахтиёр худди ёш боладек пиш-пиш қилиб беозор ухларди. Унинг ораси очиқ қалин қошлари пирпираб қўяди. Муҳаббат эрининг қошларига термилиб, ўйлади: “Мунча ораси очиқ. Эскиларнинг гапида ҳикмат кўп. Қошларининг ораси очиқ йигитлар узоқдан уйланади, уларнинг кўнгли ҳам очиқ бўлади, деганлари рост экан. Бўлмаса, бу киши қаёқда эди-ю, мен қаёқда эдим. Етти ухлаб тушимга кирмаган… У-чи? У ўйлабдими менга уйланишни?”
Уларнинг тўйи ўтганига эндигина бир ой бўлди. Тўйдан олдин бир-бирига жуда яқин, сирдош эдилар, ҳатто тортинмас, унча-мунча гапларни бемалол айтишарди. Никоҳ кунидан бошлаб иккаласининг ҳам кўнглида ғалати бир кайфият туғилди. Бир-бирига кўринмас иплар билан чамбарчас боғланганини ҳис қилганлари сари уялиш, тортиниш туйғулари жўш урарди. Ёлғиз қолган кезлари куёвнинг ҳам, келиннинг ҳам тилига сўз келмас, гўё бир-бировини энди кўраётгандай жим ўтиришади. Онда-сонда айтиладиган гаплари ўзларига ҳам эриш туюлади. Қизиқ, нега шундай экан? Тўйдан олдин иккови икки ёқда қачон бирга бўлишни, мириқиб суҳбатлашишни, бир-бирининг дийдорига қонишни орзу қиларди. Висол онларида бири қўйиб, иккинчиси гапга тушарди. “Севасизми?” “Севаман”. “Сиз-чи?” “Мен ҳам”. Шу каби бир хил сўзлар қайта-қайта такрорланар, аммо на йигитнинг, на қизнинг ғашига тегмас, аксинча, яна эшитгиси, яна сўрагиси, яна эшитгиси келарди.
Энди-чи? Қизиқ, нега энди бунақа? Йўқ, улар бир-бирига тўйиб қолгани йўқ! Ошиқ-маъшуқлик йўриғи бўлак экан. Унда бирга бўлишларига қанчалик ишонсалар-да, барибир ҳали амалга ошмаган ширин орзу эди бу. “Ютганим ўзимники, чайнаганим гумон”, деган гап бор. Никоҳ бу гапни уларнинг кўнгилларидан чиқариб ташлади. Йўқ, ўзаро қандайдир “ётсираб” қолиши бунданмас. Улар ҳамон бир-бирига ташна, ҳамон интиқ. Фақат эндигиси бўлакча… Никоҳ ҳар кимнинг ҳам ҳаётини бошқа изга соларкан. Негадир одам ўзини салобатли, вазмин сезиб қоларкан. Олдинги шўхликлар, ҳазил-ҳузуллар энди…
Муҳаббат эрининг юзларини, сочини оҳиста силай бошлади. Бахтиёр кўзини очди. Юзлари сутга чайилгандай оппоқ, шунданми, қош-кўзлари яна ҳам қорароқ кўринган фариштасифат Муҳаббат ўтирипти. Унинг ипакдек майин қўллари Бахтиёрнинг силлиқ юзларини силади. Бир тутам қуёш ёғдуси саҳнадаги балеринани қувлаб юрган прожектор нуридек унинг юзига тушиб турибди. Келин-куёв бир-бирига унсиз узоқ термилди. Кейин кўзлар бир-бирига яқинлашди, яна ва яна яқинлашди…
Муҳаббат оҳиста бошини кўтарди. Унинг юзлари лоладек қизариб кетган. Эрининг кўзларидан кўзини олиб қочиб, унинг юзига астагина шапатилади. Бу шапатининг таъсирини на куёв сезди, на келин.
– Ёмонсиз, – деди Муҳаббат.
– Сен яхшисан, – деди Бахтиёр.
Иккаласи ҳам унсиз жилмайишди.
– Турмайсизми энди.
– Ҳали вақтли шекилли… Бугун дам олиш-ку.
– Шундай бўлсаям-да… Битта-яримта келиб қолиши мумкин.
– Ким ҳам келарди? Ҳамма ўз иши билан овора ҳозир.
– Билиб бўладими? Ахир ҳар якшанба кимдир келади-ку, эсингиздан чиқдими, – деди Муҳаббат кулиб. Чиндан ҳам тўйларидан кейин уларникига ҳар дам олишда биров келарди. Гоҳ келиннинг уруғларидан, гоҳ куёвнинг қариндошларидан, ёки уларнинг тўйига келолмаган дўстлари муборакбод этгани келишарди. Шунга улар кўникиб қолишган, бирор якшанба меҳмон келмаса, нимадир етишмаётгандай туюларди.
– Ҳа-я, рост айтасан. Саккиз яримнинг концертими? Ёз қизиқ-да, соат саккизда чошгоҳ бўлиб кетгандек кўринади. Қишда шу пайтда тонг отмаган бўларди ҳали.
“Энди Турғун Алиматов ижросида сатода “Чўли ироқ”ни тингланг”. Сухандоннинг эълони Муҳаббатнинг диққатини тортди.
– Тўхтанг, Бахтиёр ака, эшитайлик шу куйни. Жуда яхши чалади-да.
Сато тилга кирди. Бахтиёр шифтга термилиб ётар, Муҳаббат эрининг найзадек ўткир, узун ва қалин киприклари қуршаб олган жуда тиниқ, ҳаётидан мамнунлик сезилиб турган чақноқ кўзларидан нигоҳини узмайди, аммо хаёли паришон. Сато торлари инграр, гоҳ ҳазин, гоҳ баланд пардада нола қиларди. Гоҳо нафаси етмай қолиб, дами ичига тушиб кетгандай, бир сония жим бўлиб қолар, лекин орқада – худди тоғлар акс-садо қайтаргандай унинг ноласи зириллаб турарди. Мусиқа гўё аста-секин киши юрагига кириб борар, унинг пардасини ҳозир… ҳозир йиртиб юборгудай бўларди.
Муҳаббат ўзини тамоман йўқотиб қўйган, юраги ёниб адо бўлаётган шам мисоли титраётганини сезмасди. У ҳали умрида ҳеч кўрмаган жойларни ҳозир шу тобда хаёл кўзлари билан яққол кўриб турарди: Ана, поёнсиз саҳро, қум, қум… Иссиқдан оёқ куяди. Карвон кетидан бораётган ўн етти яшар соҳибжамол қизнинг мадори қуриган. Тили танглайига ёпишади. У бор кучини тўплаб “сув” демоқчи бўлади, лекин тили айланмайди, у жуда оғир, худди шишиб кетгандай. Атрофда бирон жонзот йўқ. Олдинда кетаётган нортуя бўйнидаги қўнғироқнинг майин, юракни эзувчи саси келади қулоққа. Саҳро – нон ёпишдан олдин оқартирилган тандир. Бу тандирга бордию илоҳий қудрат бир томчи сув ташласа, киприк қоққунча ўтган фурсатда қуриб қолади. Туя арқонига боғланганича бораётган гўзалнинг юзлари иссиқнинг зўридан бўғриқиб кетган, тўқ жигарранг тусга кирган. Энди лоақал кўзини очишга ҳам қуввати етмайди.
Тонг шабнамидек беғубор бу гўзални тақдир қаёқларга олиб кетмоқда? Уни кимларнинг шафқатсиз панжаси остига ташлайди. Буни ким билади? Ҳеч ким! Ҳеч ким!
О, шўрлик қиз! Не кўргиликлар бор сенинг бошингда! Қандай жафолар кутмоқда сени? Мадорсизлик, ташналик қизнинг хаёлларини алғов-далғов қилиб юборди. “Қачон етамиз? Қаерга борамиз? Муштипар онам, дасти калта отам! Қайларда қолдингиз?” Лекин буни ҳеч ким билмайди, унинг қисмати оғир, йўли йироқ. Жуда йироқ… қум, қум, қум…
Куй ўтмишдаги ана шу ғам-ғусса ҳақида сўзламоқчи бўлади, лекин гапиролмай йиғлайди. Бу ғамни ҳатто сато торлари ҳам кўтаролмай ўпкаси тўлиб кетади. Инграб, эзилиб йиғлайди, йиғлайди. Бахтиёрнинг юзига иссиқ бир томчи тушди. У шарт хотинига қаради.
Муҳаббатнинг хиёл қисиқ, аммо ҳар қандай юракни бир кўришдаёқ ўртовчи тим қора кўзларига ёш тўлган, киприклари орасидан сизиб чиқарди.
– Сенга нима бўлди, Муҳаббат?
Муҳаббат ёшли кўзларини жавдиратиб эрига термилди-ю, индамади, гапирмади.
– Сенга айтаяпман? Нима гап ўзи? – Бу сафар Бахтиёрнинг овозида бир ўктамлик зоҳир эди.
Муҳаббат чуқур хўрсинди.
– Куйи шундай бўлса ғамнинг ўзига
Қандай чидай олган экан одамзод?!
– Қўйсанг-чи, азизам, ҳар куй эшитганингда бунақа эзилаверсанг, ўзингни ўзинг адо қиласан-ку.
– Йўқ, Бахтиёр ака, – Муҳаббат эрининг сочларини меҳр билан силади, – ҳамма куйга ҳам йиғлайвермайман. Биласиз-ку, “Чўли ироқ”ни яхши кўраман. Шу куйни эшитишга ўзимнинг ҳам юрагим йўқ, безиллаб қолганман, аммо эшитмай туриб кетолмайман, журъатим етмайди.
– Бўлди! – Бахтиёр чаққон сакраб турди ўрнидан. – Одам деган бунақа пессимист бўлмайди. Ярашмайди! Қани, чой-пойингни олиб кел!
Бу – Бахтиёрнинг хотинига бошқа эркаклар каби буйруқ оҳангида илк гапириши. Буни Муҳаббат ҳам сезди, лекин у қадар эътибор бермади. Қачондир, бир кун шундай бўлишини биларди.
Ўша куни кечгача Бахтиёрнинг чиройи очилмади, кўнгли ғаш бўлиб юрди. Муҳаббатнинг йиғлагани сабабини ўзича таҳлил қилар, турли хаёлларга борарди. “Нега бунча эзилди у? Йиғидан ўзини тутолмади. Нега? Хўш, куйни яхши кўрса нима бўлибди? Мен ёмон кўраманми? Ёки шунчалик тошбағирманми? Йўқ! Куйни яхши кўрган одамнинг ҳаммасиям йиғлайвермайди-ку. Бирон сабаб борки, йиғлайди, эзилади шунчалик. Эҳтимол, шу куй билан боғлиқ бир гап бордир? Албатта, менга айтармиди…” У ўйлаган сари хаёлига турфа фикрлар келар, гўё излаган нарсасини ҳозир топадигандек туюларди: “Балки ҳув анави гапи бекоргамасдир: “Қандайдир бир ашулачимией, созандами-ей менга уйланмоқчи бўлиб юрарди. Лекин ота-онам унга икки дунёда ҳам бермасди. Ўзим-ку ўлдирса ҳам тегмасдим”. Эҳтимол, бу билан қўрққан олдин мушт кўтарар қилгандир. Ҳарқалай бир гап бор. Ўзи эрталаб ўрнимдан турмасимдан келиб эркаланишидан юрагим шиғилловди-я. Хотин киши ё ёмон туш кўриб чиқса, ёки ҳаром йўлга қадам қўйса, ҳеч бўлмаса олдинги жазманини ўйлаб юраги сиқилса, эрини эркалашга, унга суйкалишга тушади, дейишарди. Шу гап ростга ўхшайди. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Одамлар минг йиллик тажрибаларидан кейин бир хулосага келадилар.