Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг шу кунгача ўттизга яқин шеърий китоблари нашр этилган. “Айт, энди юрагим”, “Биз нечун учрашдик” (1991), “Муҳаббат шеваси” (1995), “Оқиб кетган армонлар” (1996), “Бармоқлар бодаси” (1998), “Ҳақни таниб” (1999), “Юз тўртлик” (2001), “Отамнинг ўкинчи” (2002), “Сайланма” (2002), “Огоҳ бўл, дунё” (2005), “Уч достон” (2006), “Мендан мени сўрама” (2007), икки жилдлик “Сайланма” (2008), “Шеърий ҳикматлар” (2012), “Бедорларга беринг дунёни” (2012), “Янги Тошкентнома” (2012), “Аҳли муҳаббат, қайдасиз” (2014), “Ватан не деб сўрганларга” (2014), “Армон туни” (2017), “Янги шеърлар” (2018), “Мен офтобга алишмаган аёллар” (2021), “Сўз саодати” (2021), “Яхшиликка келганман” (2021), “Янгиланаётган Ўзбекистон” (2018), “Европа саёҳати: ҳайрат ва шукроналик” (2018), “Уйғоқ дил” (2019) каби китоблар халқимизнинг маънавий хазинасига айланган.
Шоирнинг жуда кўп дилбар ва оҳанрабо шеърлари халқ артистлари, истеъдодли хонандалар томонидан қўшиқ қилиб ижро этилмоқда.
Маҳмуд Тоир таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан тайёрланган, ҳажми ва маъно кўлами йирик ушбу “Танланган асарлар”га шоирнинг шу кунгача чоп этилган барча китобларидан ҳамда ҳали эълон қилинмаган янги қўлёзмаларидан шеърлар ва достонлар саралаб олинди.
“Танланган асарлар” номли янги китобнинг мундарижаси хронологик тарзда, яъни йиллар кетма-кетлигига қараб эмас, мавзулар хилма-хиллиги, долзарблиги, фалсафаси ва бадиий мазмунига кўра, бўлимларга ажратилиб тузилди. Бу шоирнинг бадиий-эстетик олами, бадиий маҳорати шакл ва мазмун жиҳатидан нақадар кенг ва ранг-баранг эканини намоён этади. Қисқаси, мазкур қалингина жамланма шоирнинг баракали шеърияти хусусида теран тасаввур ҳосил қилишингизга кўмаклашади.
Элимизнинг ардоқли шоири Маҳмуд Тоирнинг янги китоби барчамизга муборак бўлсин.
все жанры