скачать книгу бесплатно
ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ
Mualliflar jamoasi
Таржимон Алишер САЪДУЛЛА
ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ
(Олмония)
Бир қиролнинг гўзал қизи бўлиб, унинг ҳусн-жамоли бутун оламга овоза бўлган экан. Аммо у ҳаддан зиёд даражада чиройга эга бўлгани билан ниҳоятда манман, такаббур экан. Жуда кўп шаҳзодалар, қироллар унга уйланиш учун совчи юборсалар-да, қиролнинг қизи куёвларнинг бирортасини ҳам ўзига муносиб кўрмасмиш. Ким унга уйланиш учун оғиз солса, ўшанга рад жавобини берар ва бу ҳам етмагандай, бирорта нолойиқ сўз айтиб ёки лақаб тўқиб, ўша одамнинг нафсониятини топтаб жўнатаркан. Аввалига кекса қирол арзанда қизининг бундай қилиқларини кечириб юрибди, аммо охири унинг тантиқликлари ва инжиқликлари ҳатто отанинг ҳам жонига тегибди.
Бир куни қирол катта зиёфат уюштириб, олис ўлкалар ва яқин-атрофдаги шаҳарлардан маликага ёқиш умидидаги ва унинг лутф-марҳамати илинжида бўлган ёш подшоҳлар, шаҳзодалар ва бекзодаларни шу базмга таклиф этишни амр қилибди.
Зиёфатга анчагина куёвлар – қаллиқликка талабгорлар тўпланишибди. Уларни бўй-бастига, мавқеига, насл-насабию, оладиган даромадларига кўра саф-саф қилиб тизиб қўйибдилар. Биринчи сафдан қироллар ҳамда валиаҳд шаҳзодалар ўрин олибдилар, кейин − герцоглар, уларнинг ортидан − князлар, графлар, баронлар ва ниҳоят оддий зодагонлар ҳам ўз жойларини эгаллашибди.
Шундан сўнг, қиролнинг қизи сафлар бўйлаб юриб кела бошлабди. У куёвлар орасидан ўзига ёққанини танлаб, муносибига турмушга чиқиши учун бу энг сўнгги имконият эди.
Аммо бу сафар ҳам ҳеч ким унинг кўнглига ўтиришмабди.
Куёвтўралардан бири маликага жуда ҳам семиз кўринибди.
− Бўрдоқи! – дебди у ўйлаб ҳам ўтирмасдан.
Кейингиси ботқоқликдаги турна сингари новча ва узунтумшуқ бўлиб туюлибди:
− Турнага ўхшаш найнов,
Бўлолмас менга куёв!
Учинчиси маликанинг наздида жудаям пакана эмиш:
− Ҳой, тўнкача, калтабақай,
Пастда ҳаво раъйи қалай?
Тўртинчисининг гўё юзи қонсиз − оппоқмиш:
− Рангинг ўхшайди қорга,
Буён кепсан бекорга.
Бешинчисининг икки бети қип-қизил экан:
− Башаранг мисли анор,
Сенга бунда нима бор?
Олтинчисининг қаддиқомати маликага ёқмабди:
− Оёққўлингиз, барон,
Тарвақайлаган ҳар ён.
Белингиз ҳам букчайган,
Кўзларингиз чақчайган!
Хуллас, ҳеч ким унинг ҳақорату, камситишларидан бенасиб қолмабди.
Аммо куёвлар қаторида энг эътиборли-нуфузли жойни банд этиб турган нуфузли бир қиролнинг шаънига энг аччиқ сўзларни айтибди.
Очиғи, айнан мана шу қиролнинг ҳеч қандай нуқсони ҳам, камчилиги ҳам йўқ эди. У ҳар қандай қизга ёқиб қолган бўларди, лекин фақат бизнинг маликамизга эмас. Тантиқ қизга қиролнинг соқоли ёқмабди, унинг соқоли гўё тик ва учли чўққисимон ўсганмиш. Уни масхаралаб кулиш учун маликага шунинг ўзи етарли бўлибди.
− Воҳ! – хитоб қилибди у ва ҳоҳолаб кула бошлабди. − Қаранглар! Манави жанобни кўринг! Унинг соқоли худди лайлакнинг тумшуғига ўхшаркан! Тоғнинг чўққиси каби тикка ва учли! Чўққисоқол! Қирол − Чўққисоқол! Чўққисоқол қирол!
Қўшнисининг устидан кулиш учун доим баҳона излаб юрадиган қўшнилар ҳам дунёда кам эмас. Шу лақабни ҳамма тўпланганлар дарров ўзлаштириб олишибди ва ёш қиролни эрмак қилиб, такрор-такрор «Қирол Чўққисоқол», дея мазаҳ қила бошлашибди.
Аммо ҳар қандай эрмакнинг ҳам ниҳояси бўлади.
Кекса қирол − гўзал маликанинг отаси, кўрибдики, унинг қизи асло ўзига қаллиқ танламоқчи ҳам, турмушга чиқмоқчи ҳам эмас. Фақатгина унаштириш маросимига таклиф этилган меҳмонларнинг устидан кулиш билан овора. Шунда қиролнинг чинакамига жаҳли чиқиб кетибди ва ўзининг елкасидаги боши ва бошидаги тожи билан онт ичиб, қизини биринчи эшик тақиллатиб келган кишига, агар у ҳатто ялангоёқ тиланчи бўлса ҳам, узатиб юборишга сўз берибди.
Орадан икки кун ўтибди. Сарой деразалари остида соз торларининг садоси эшитилиб, аллақандай дайди бир машшоқ мунгли қўшиқ куйлай бошлабди. Куй жуда ғамгин, қўшиқ ҳам шунга яраша маъюс экан. Албаттада, ахир бу мусиқа кўнгилхушлик қилиш учун эмас, балки кишиларда раҳм-шафқат ҳиссини уйғотиб, бир-икки танга садақа ундириш мақсадида чалинаётган эди, ахир.
Қирол бир оз вақт машшоқнинг нағмасини тинглаб турибди–да, уни ўз ҳузурига келтиришларини буюриб, хизматкорларини тиланчининг олдига жўнатибди.
− Уни чақиринглар! Буёққа кирсин! − дебди у.
Кир-чир, увада кийинган қашшоқ машшоқ саройга кирибди-да, қирол ва маликанинг ҳузурида ўзи билган барча ашулаларни куйлаб берибди. Кейин эса чуқур таъзим қилиб, истеъдоди учун эмас, тиришиб қўшиқ куйлаб беришга ҳаракат қилгани учун хайр-садақаларини аямасликларини сўрабди.
Қирол шундай дебди:
− Сени шу тиришқоқлигингга яраша тақдирлайман. Менга сенинг куйлашинг маъқул бўлди, ошна. Эвазига сенга қизимни турмушга беришга қарор қилдим.
Бу сўзларни эшитган малика даҳшатдан ўзини йўқотиб, отасининг оёғи остига тиз чўкибди. Қирол эса қизига ҳатто эътибор ҳам бермабди.
− Нима ҳам қила олардим! – дебди у. − Сени биринчи учраган тиланчига бериб юбораман деб бошим ва тожим билан қасам ичганман ва албатта сўзимнинг устидан чиқаман.
Малика қанчалик йиғлаб, ялиниб-ёлвормасин, фойдаси бўлмабди. Уни шу онда, шу ернинг ўзидаёқ саёқ мусиқачи билан унаштириб қўйибдилар.
Унаштириш маросимидан сўнг қирол инжиқ қизига юзланибди:
− Тиланчининг хотини саройимизда яшаши бизнинг мавқеимизга муносиб эмас. Энди эринг билан бошинг оққан томонга кетаверишинг мумкин.
Қашшоқ машшоқ ҳатто бир сўз ҳам айтмасдан, ўз хотинининг қўлидан тутибди ва уни сарой дарвозаси томон етаклабди. Малика умрида биринчи марта ўз отасининг қасридан ташқарига пиёда чиқибди.
Бошини эгиб олганича, ён-атрофга қарамасдан у эрининг ортидан тошлоқ, чанг йўл бўйлаб яёв кета бошлабди.
Улар дала-дашт, тепаликлару жарликлар, ёлғизоёқ йўллар ва сўқмоқлар оша узоқ йўл юрибдилар. Ниҳоят тор бир сўқмоқ уларни қалин ўрмон орасидаги кичик бир сайхонликка олиб чиқибди.
Қашшоқ машшоқ ва малика қари бир қайин остига дам олгани ўтирибдилар. Малика бу қуюқ дарахтзорнинг гўзаллигидан ҳайратга тушиб, беихтиёр сўрабди:
− Ҳатто осмонларни тўсиб қўйган бу азим ўрмон кимга тегишли?
− Унинг эгаси қирол Чўққисоқол. Агар сен унга турмушга чиққанингда буларнинг барчаси сеники бўларди.
Қиролича чуқур ўйга толибди ва оғир хўрсиниб, ўзича пичирлаб қўйибди:
Бўлар эдим хушнуд ва хушҳол,
Эрим бўлса гар Чўққисоқол…
Машшоқ унга хўмрайиб бир қараб қўйибди-ю, лекин бирор нима демабди. Улар яна йўлга тушибдилар.
Бир маҳал олдиларидан серсув, азим дарё чиқибди, соҳил бўйлаб эса кўз илғамас уфққа қадар майсазор-у боғлар чўзилиб кетганмиш.
Малика яна сўрабди:
− Мовий сувлар бўйидаги бу яшил яйловларнинг соҳиби ким?
− Бу ер-мулкларнинг ҳаммасига қирол Чўққисоқол эгалик қилади. Агар унга розилик берганингда, барчасининг соҳибаси бўлардинг.
− Оҳ, – дебди малика кўз ёшларини ичига ютиб,
Бўлар эдим энг бахтли аёл,
Эрим бўлса гар Чўққисоқол.
Мусиқачи хотинига жаҳл билан хўмрайиб қўйибди-ю, лекин бу сафар ҳам индамабди. Улар йўлларида давом этаверибдилар.
Қуёш тепаликлар ортига бота бошлаган маҳалда малика ва саёқ мусиқачи каттакон, ҳашаматли шаҳар деворлари ёнига етиб келибдилар. Шаҳарнинг олтиндан ишланган оғир дарвозалари тепасида баланд, думалоқ минора кўкка бўй чўзиб турганмиш.
Малика сўрабди:
− Дарвозаси минорали бу улкан шаҳар кимники?
− Кимники бўларди, қирол Чўққисоқолники, албатта! Агар уни қувиб юбормаганингда, ҳозир бошкент сенинг измингда бўларди.
Буёғига энди малика чидай олмабди. У аччиқ-аччиқ кўзёш тўкибди ва кафтларини эзиб-эзиб хитоб қилибди:
Отам бермасайди мени гадога,
Мен хотин бўлардим Чўққисоқолга.
Энди машшоқнинг росмана жаҳли чиқибди:
− Менга қара, азизам! – дебди у. − Ҳар қадамда бегона эркакни эслаб, унга турмушга чиқмаганинг учун ўкиниб йиғлашинг ғашимни келтиряпти. Нима, мен сенга эр бўлишга муносиб эмасманми?
Шунда малика жимиб қолибди. Бошқа бир оғиз ҳам сўзлашмасдан, улар бутун шаҳарни кесиб ўтишибди ва кентнинг энг чеккасидаги кичкина, пастаккина бир кулба олдида тўхташибди. Уни кўриб маликанинг юраги ўйнаб кетибди. У дам кулбага, дам эрига қараб, ботинмайгина сўрабди:
− Бу қийшиқ, омонат уйча кимники?
− Меники ва сеники! – фахр ва ғурур билан жавоб берибди машшоқ. Сўнг қийшайиб кетган, бир томонга оғиб турган эшикни очибди. − Биз сен билан энди шу ерда яшаймиз. Киравер!
Малика эшикнинг тепасига бошини уриб олмаслик учун ичкарига эгилиб киришига тўғри келибди.
− Хизматкорлар қани? – сўрабди малика, атрофга олазарак қараб.
− Яна қанақа хизматкорлар! – энсаси қотибди тиланчининг. − Нима иш қилиш керак бўлса, ҳаммасини ўзинг бажарасан. Ҳозир эса ўчоққа ўт ёққин-да, қозонга сув солиб, менга бирор таом пишириб бер. Очликдан силлам қуриб кетди.
Аммо малика ўчоққа ўт ёқиш уёқда турсин, «рўзғор» деган сўзни ҳали эшитмаган экан. Шу боис ҳар битта юмушга мусиқачининг ўзи қўл урмагунича бирорта иши битмабди.
Бир амаллаб ғарибона кечки нонуштани ҳам тайёрлабдилар. Улар озроқ тамадди қилган бўлиб, ухлагани ётибдилар.
Эртаси тонгда, ҳали қуёш бош кўтариб улгурмасидан қашшоқ мусиқачи маликани силталаб уйғота бошлабди:
− Қани, турақол, бекагинам. Ҳозир нозланиб ётадиган пайт эмас. Сени боқиш учун ҳеч ким машаққатли меҳнат билан ишлаб топган пулини бизга бермайди! Энди сен ҳам бирор ишнинг бошини тутмасанг бўлмайди.
Лекин малика умрида ҳали бирор юмушни бажармагани учун унинг нима билан шуғулланиши мумкинлигини билолмай, машшоқнинг боши қотибди.
Шу зайлда улар яна иккиуч кун амал-тақал қилиб кун кўриб туришибди, ночор машшоқнинг ғамлаб қўйган уч-тўрт ҳовуч чиқарчиқмас егуликлари ҳам кун кўрмай тамом бўлибди.
− Хўш, хотинжон, – дебди у маликага юзланиб, − ҳар нарсанинг ҳам ози ширин. Бу бекорчилик рўзғоримизни ўпириб бўлди. Сен билан бетиним еб-ичиб ётибмиз-у, лекин пул топишнинг ғамини ейиш ҳақида ўйламаяпмиз ҳам. Ҳеч бўлмаса сават тўқиб сотсанг бўлармиди… Тўғри, ундан тузукроқ фойда кўриб бўлмайдию, аммо меҳнати ҳам жудайла унақа машаққатли эмас.
У ўрмонга бориб, бир қучоқ тол новдаларидан кесиб, катта боғлам қилиб уйга олиб келибди.
Малика сават тўқишга уннаб кўрибди, аммо қаттиқ новдалар унга ҳеч бўйсунмасмиш. Улар на эгиларкан, на тўқиларкан, фақат оқбилак ойимнинг оппоқ, нозик қўлларини тилиб, жароҳат етказибди.
− Тушунарли, – дебди эри унинг ишига назар ташлаб. − Бу ишлар сенинг момиқ қўлларингга тўғри келмаслиги кўриниб турибди. Сават тўқишни эплолмасанг, мато тўқишга уриниб кўр-чи. Балки ҳеч бўлмаса шунга ақлинг ё уқувинг етиб қолар. Аввал ипни йигириб оласан, кейин газлама тўқийсан.
Малика ип йигириш чархига ўтирибди. Аммо дағал тола унинг бармоқларини қийиб юборибди ва қўлидан томган қонни кўриб, подшоҳнинг қайсар қизи йиғлаб юборибди.
− Бошга битган бало экансан! – дебди эри ҳам. − Ўзинг виждонан айт − бирор ишга ярайдиган хотинга ўхшайсанми?! Балки ҳеч бўлмаса бозорга бориб товоқ, хумча, кўзача ва шунга ўхшаш сопол буюмларни сотиб ўтирарсан? Кулолчилик растасида кўзингни пирпиратиб ўтирсанг кифоя. Харидорлар ўзлари идиш-товоқларни танлаб олиб, пулини тўлаб кетаверишади.
«Оббо, − ўйлабди малика, – агар бизнинг қироллигимиздан бирор киши бу шаҳарга келиб қолса, тўғри шаҳар майдонига бориб, кўрсаки, мен бу ерда идиш-товоқ сотиб ўтирибман!.. Ахир у менинг устимдан кулиб кетмайдими?!».
Аммо қирол қизининг бошқа иложи ҳам йўқ эди − ё очингдан ўласан, ёкигим ҳаммасига кўниб яшайсан… Ва малика кўнибди.
Аввалига савдо–сотиқ яхши кетибди. Кишилар гўзал сотувчининг идиш–товоқларини талашиб–тортишиб сотиб ола бошлабдилар, ҳатто нархига талашмасдан, сўраган пулини тўлаб, айримлар идишни ҳам олмай кетишармиш. Чунки улар шунчаки бир баҳона билан маликанинг ҳуснини томоша қилиш учун бу ёққа келишаётган экан. Сабаби − шу вақтгача бу томонларда маликалардай гўзал соҳибжамолни ҳали кўришмаган экан.
Барча косалар-у, тақсимча-ю, ликопчалар охирги донасигача сотилиб кетгунига қадар ишлари бароридан келиб турибди. Эртаси куни ҳам эри яна бир арава идиш-товоқ келтирибди. Қирол қизи бозор майдонига бориб овора бўлиб юрмаслик учун, катта йўлнинг ўртасига жойлашиб ўтириб олибди, атрофига барча мол-ашёларини териб, ёйиб қўйибди-да, сотувга тайёргарлик кўрибди. Бир пайт, аллақаёқдандир пайдо бўлиб қолган маст-аласт суворий ўзининг асов оти билан бурчакдан отилиб чиқибди. У тўғри сопол идишлар устидан босиб ўтибди ва ортидан булутдай чанг-тўзон билан бир арава сопол синиғини қолдириб кетибди.
Малика аччиқ кўз ёш тўкканча қолаверибди.
− Оҳ, энди бошим балога қоладиган бўлди! − у синган сопол бўлакларни бир ерга тўплар экан, қўрқувдан дағ-дағ титрармиш. − Эрим энди албатта таъзиримни беради!..
У шоша–пиша уйига югурибди ва юм-юм йиғлаганича бўлган воқеани эрига айтибди.
− Ахир эсли-ҳушли одам сопол идиш-товоқ билан бозорнинг растасига мол ёймасдан, шундоққина йўлнинг юзига бориб жойлашадими? – жаҳли чиқибди машшоқнинг. − Бўлар иш бўлибди! Қўлингдан умуман ҳеч қандай иш келмаслигига энди чинакамига ишонч ҳосил қилдим. Бугун эрталаб қирол саройига бориб, ошхоналарига идиш ювувчи керакми, йўқлигини сўрагандим. Идиш ювувчи кераклигини айтишди. Тайёргарлигингни кўр. Сени қасрга олиб бориб, ишга жойлаб келаман. У ерда ҳеч бўлмаса, қорнинг тўқ бўлади.
Шундай қилиб, гўзал малика идиш-товоқ ювувчига айланибди-қўйибди. У ошпаз ёрдамчисига дастёр бўлиб, энг қора ишларни бажариши лозим экан. Олдига катта этак тутиб олиб, унинг чўнтакларига чуқур кўзачалардан иккитасини жойлаб олибди. Қолган-қутган овқат қолдиқларини яширинча шу кўзачаларга солиб олаверибди. Кечаси иши тугагач, бу овқатларни кечки нонушта учун уйга олиб кета бошлабди.