banner banner banner
ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ
ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ

скачать книгу бесплатно


Бир куни идиш ювувчи малика қирмоч қоплаган қозонларни ювиб, ўчоқдаги кулни тортиб олаётган бир пайтда, саройда катта маросимга − ёш қиролнинг тўйига тайёргарлик кўрилаётган эди. Ҳеч вақт ўтмай тўй тантаналари ҳам бошланиб кетибди.

Фаррош малика ўз ишини тугатгач, ошхонадан аста юқори қаватга чиқибди ва қирол саройидаги базму жамшидни ҳеч бўлмаса сал нарироқдан бўлса ҳам кўриш учун тўйхонанинг шундоқ ёнгинасида, парда ортига яшириниб олибди.

Ниҳоят минглаб шамчироқлар ёқилибди. Олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлардан ишланган зеб-зийнатлар шамчироқларнинг нурида жилваланиб, ярқираб, чақнай бошлабди. Башанг кийинган меҳмонлар кўркам либосларини кўз-кўз қилиб сарой тўйхонасига бирма-бир кириб кела бошлабдилар.

Малика ўзи яшириниб турган бурчакдан уларни томоша қилиб турар экан, қарагани сари қалби изтиробларга тўлиб борибди.

«Бир маҳаллар мен ўзимни дунёда энг яхшиман, деб ўйлардим, маликалар ичида ҳам энг сарасиман, деб юрардим, − ўксинибди у. − Энди эса мен энг сўнгги жулдурман, энг сўнгги ювиндихўрман…»

Унинг ёнгинасидан қўлларини олдинга чўзиб олганча, катта–катта идишларда турли-туман тансиқ таомларни ташиб бораётган хизматкорлар бетиним ўтиб туришарди. Қайтишда эса улар бечора идиш ювувчига ҳар хил овқат қолдиқларини − ширин кулча бурдасини, қовурилган жўжанинг чала ейилган қаноти, балиқ думини ё шунга ўхшаш нарсаларни улоқтириб ўтишарди. У эса чаққонлик билан тутиб олиб, этагининг чўнтагидаги кўзачаларга жойларди. Чунки уйда ҳам бирор нима ейиш керак-да.

Бир пайт катта хонадан ёш қиролнинг ўзи чиқиб қолибди − ипак ва бахмал либосларда, олтин тақинчоқлар билан зийнатланиб олган.

Эшик ортида яшириниб турган хушрўй аёлни тасодифан кўриб қолган ёш қирол, йўлакка чиқибдида, уни эшик ортидан суғуриб олиб, қўлидан ушлаб, рақсга тортиб кетибди. Аммо малика унинг қўлидан чиқиб кетишга ҳаракат қилиб, бошини буриб, кўзларини яширишга ҳаракат қилаверибди. Малика ёш қиролнинг ўзини таниб қолишидан роса хавотирга тушибди. Чунки у − Чўққисоқол қирол эди. Яқиндагина малика ҳақоратлаб мазах қилган ва отасининг саройидан шарманда қилиб ҳайдаб чиқарган Чўққисоқол қирол эди.

Аммо қиролнинг омбурдай қаттиқ қўлларидан чиқиб кетиш осон эмасди. Қирол Чўққисоқол идиш ювувчи маликани зиёфатхонанинг ўртасигача тортиб олиб чиқибди ва уни чир айлантириб рақс туша кетибди.

Бир пайт маликанинг этагидаги боғич узилиб кетибди. Унинг чўнтакларидаги кўзачалар ерга тушиб, чил-чил синиб, бўлаклари ҳар томонга сочилиб кетибди. Шўрваю қовурдоқ, гўшту суяк, сабзавоту мевалар тўкилиб-сачраб, ҳаммаёқни расво қилибди.

Тўрт томондан шундай кучли кулгу кўтарилибдики, ҳаттоки гўё сарой деворлари ҳам хандон отаётгандай туюлармиш.

Базмга келган таниқли меҳмонлар ҳам, сарой хонимлари ва аъёнлар ҳам, ёш хизматкорлар ва кекса маслаҳатчилар ҳам қоринларини ушлаб, икки букилиб қолгунларича роса мириқиб кулибдилар.

Фақатгина малика куладиган аҳволда эмас экан. Малика хўрликдан ва уятдан ерни ёриб кириб кетишга ҳам тайёр эди. У қўллари билан юзини беркитганча хонадан отилиб чиқибди ва зинадан пастга қараб югурибди.

Аммо кимдир унга етиб олиб, қўлидан тутибди ва ортига қайтишга мажбур қилибди. Малика бошини кўтариб қараса, кўрибдики, бу яна ўша − қирол Чўққисоқол экан.

У мулойимлик билан шундай дебди:

− Қўрқма, азизам! Наҳотки мени танимаётган бўлсанг? Мен сен билан шаҳар четидаги вайрона кулбада ғарибона кун кечираётган қашшоқ машшоқман-ку! Бозорда барча сополларингни синдириб, ер билан битта қилган ўша суворий ҳам менман. Ҳеч қандай асоссиз ва сабабсиз сен отангнинг қасридан шарманда қилиб ҳайдаган куёв ҳам мен бўламан. Сенга бўлган кучли муҳаббатим туфайли мен шоҳона либосларимни қашшоқнинг жулдурларига алмаштиришга мажбур бўлдим. Шу туфайли сени хорлик ва зорликлар йўлидан олиб ўтдим. Чунки

камситилган ва таҳқирланган инсоннинг қанчалар азият чекишини бошингдан ўтказишинг шарт эди: бусиз сенинг тошқотган қалбинг юмшамас ва оппоқ юзларинг каби соф бўлолмас эди.

Малика шу сўзлардан кейин аччиқ кўз ёш тўкибди.

− Оҳ, мен айбдорман, шу қадар айбдорманки, сизнинг хотинингиз бўлишга нолойиқман, − деб пичирлабди у.

Аммо қирол уни ортиқ гапиргани қўймабди.

− Қайғурманг! Барча кўнгилсизликлар энди ортда қолди, – дебди у. − Келинг, энди тўйимиз тантаналарини нишонлайлик!

Сарой хонимлари ёш маликани олмос ва марваридлар қадалган либослар кийдириб ясантиришибди ва саройдаги энг ҳашамдор ҳамда мислсиз даражада гўзал хонага бошлаб борибдилар. У ерда маликани номдор ва машҳур меҳмонлар кутиб олишибди. Меҳмонлар орасида кекса қирол − маликанинг отаси ҳам бор экан.

Барча йиғилганлар ёш келин-куёвларни қутлаб, уларга бахт ва тотувлик тилашибди. Шундан сўнг тенгсиз тантаналар бошланиб кетибди. Афсус, сен билан мен ўша тўйда бўлмадик. Кўрганлар, тўй жуда зўр ўтди, дейишди…

* * *

ОЛТИ АКА-УКА

(Италия)

Бир отанинг олти ўғли бор экан. Бештаси аҳмоқ, олтинчиси ғирт тентак. Отаси уларни жуда яхши кўраркан. Бир куни у ўғилларига шундай дебди:

− Шаҳарга бориб, ўзларингга ёққан нарсани сотиб олинглар.

Оғайнилар шаҳарга тушиб дўконга киришибди. Уни-буни харид қилишибди. Беш ака-ука бештп қўндоқсиз милтиқ сотиб олишибди, олтинчи милтиқда ҳатто қўндоқ ҳам йўқ экан. Милтиқларни елкага ортиб, уйга қайтибдилар.

Бир пайт аллақаёқдан олтита қуён пайдо бўлиб, улар томонга югуриб қолибди. Бешта қуённинг қулоқлари диккайган, биттасиники эса осилиб

турганмиш. Оға-иниларни кўргач, бешта қуён қочиб қолибди, охиргиси эса жуфтакни ростлабди.

Ака-укалар милтиқларини елкадан олиб, нишонга тўғрилашибди. Бештаси кўзини қисиб олса, олтинчиси юмиб олганмиш. Ҳаммалари бирваракайига ўқ узишибди. Бештаси хато отибди, лекин олтинчиси нишонга теккизолмабди холос.

Кейин биродарлар қуёнларни қува кетибдилар. Бештасини ушлашибди, олтинчисини эса тутиб олишибди. Мана буни омад дейдилар!

Уйга ҳам етиб келишибди. Қуёнларни ангишвонага солиб пиширишга қарор қилибдилар. Бешта қуён ангишвонага сиғмабди-ю, олтинчиси жойлашмабди.

Шунда оталари айтибди:

− Қўшниларга чиқиб, олтита декча олиб келинглар, ҳамма қуёнларни бирданига қайнатиб оласиз.

Олти ака-ука қўшнилариникига чиқишибди. Беш қўшни хасис, олтинчиси қурумсоқ экан. Начора, қўшнилар ахийри уларга олтита товоқ беришибди. Бештаси тагсиз, олтинчисининг ости йўқ экан.

Ака-укалар товоқларни уйга олиб келиб, қуёнларни қайнатгани қўйишибди. Бештасининг тагига олов ёқишни унутишибди, олтинчисига ҳатто ўт ёқишмабдиям.

Қуёнлар қайнамайверибди, қайнамайверибди. Бештаси пишмабди, олтинчиси эса негадир хомлигича қолиб кетибди. Оғайнилар тушликка ўтиришибди. Бештаси гўштни чайнай олмабди, биттаси эса ҳеч тишлашни эплолмасмиш. Ака-укалар гўштни оталарига илинибдилар. Оталари бешта қуённи еб қўйибди, қолганини ямламай ютибди. Вой, еган гўшти томоғига тиқилиб қолибди!

Олтовлон бориб, олтита табибни олиб келишибди. Бешта табиб илмсиз, олтинчиси ҳеч нарсани билмас экан. Улар чолни кўрикдан ўтказгач, баҳслашиб қолишибди. Бештаси уни касал деса, охирги табиб уларнинг фикрига қўшилмабди ва чолни бетоб деб туриб олибди.

Воқеа қандай якун топди, дейсизми? Ҳозирча номаълум. Табиблар ҳали ҳам жанжаллашиб ётишганмиш. Аввал бир қарорга келиб олишсин, эртакнинг давомини кейин ёзиб бераман.

Ғишт ва мум

Ошхона жавонида ғишт билан мум бўлаги ёнма-ён турарди. Ғиштнинг бу ерда бўлиши-ку, табиий – уй бекаси пичоқларини унга ишқалаб чархлаб олар эди. Уларнинг ўткирлашганини бир кўрсангиз! Аммо мум мана шу жавонга қандай келиб қолганини ҳеч ким билмасди. Қачонлардир кимдир уни ўша ерга ташлаб қўйган-у, кейин эсидан ҳам чиқариб юборган.

Ярим тунда, ошхонада ҳеч ким бўлмаган пайтларда ғишт ва мум узоқ-узоқ суҳбат қуришаркан. Бир куни мум ғиштдан сўрабди:

– Менга айт-чи, қўшни, сен нега бундай қаттиқсан?

Ғишт жавоб берибди:

– Мен доим ҳам шундай бўлмаганман. Мен ва ака-укаларим ҳаммамиз майин тупроқдан тайёрланганмиз. Аввалига устимиздан сув қуйиб, лой қордилар, кейин роса эзғилаб пишитдилар. Қолипга солиб, ғишт шаклини бергач, оловда пиширишди. Ўчоқдан жарангдор ва қаттиқ бўлиб чиқдик.

– Эҳ, мен сендақа бўлиб қолишни жуда ҳам хоҳлардим! – хўрсинибди мум. – Сен пичоқларни чархлаётганингда кўрган кишининг завқи келади. Агар мен пичоққа бағримни тутсам, у мени бўлаклаб ташлайди… Йўқ, йўқ, кўнглимни кўтарма, юмшоқ бўлиш жуда ҳам ёмон.

Эрталаб уй бекаси ўчоққа ўт қалабди. Олов ғўлаларнинг устида ўйнаб-ўйнаб хушҳол ёнарди.

Шу пайт мум ғиштнинг оловга кириб чиққач, тошдай қаттиқлашиб қолганини эслади. У жавоннинг четига сурилиб келди-да, ўчоқ ёнида ётган тунуканинг устига ўзини ташлади. Ў, бу ер шунақанги иссиқ эканки! Мум ҳудди момиқдай юмшаб, аста эришни бошлади. Рости, агар шу пайт ошхонага хўжайин кириб қолмаганида у бутунлай эриб оқиб кетиши турган гап эди. Айтиб қўяй, уй эгаси қўғирчоқбоз – чодирхаёлчи эди. У ҳовлима-ҳовли юрар, ёғочдан ҳамда латта қийқимларидан ясалган қўғирчоқлари билан қувноқ томошалар кўрсатар эди.

Хўжайин ўчоқдаги кўмир чўғида тамакисини тутатиб олиш учун энгашдию, ғишт каби қаттиқ бўлишни истаган, аммо сал бўлмаса муз каби эриб кетаёзган мумга кўзи тушиб қолди.

– Ғоятда ажойиб, – завқланиб кетди хўжайин, – бу мумдан мен янги қўғирчоқ ясаб оламан.

У худди айтганидай қилди – қўғирчоқ ясаб, унга Пулчинелло деб исм қўйди. Қўғирчоқ шунақанги кулгили чиқдики, унинг қаққайган бурни, қулоғигача етган оғзи ва муғомбиргина кўзларини кўрган одам ўзини кулгидан тўхтатолмасди.

Томоша бошлангач, хўжайин парда ортидан Пулчинеллони чиқарди. Пулчинелло ҳамма томонга бир-бир таъзим қилиб чиқди. Хўжайин эса ингичка овозда унинг номидан гапириб турди:

– Муҳтарам жаноблар! Бир пайтлар мен ғиштвойнинг қаттиқлигидан лол қолиб, унга ҳавасим келарди. Оловда пиширилган ғиштдан уй-жой қуриш мумкин, аммо ундан Пулчинеллони ясаб бўлмайди. Мендан, яъни мумжондан ҳеч қанақа иморат қила олмайсиз, тағин мени ўтдан ҳам узоқроқ тутиш зарур. Аммо мен сизни кулдириб, қувонтира оламан. Шунинг учун, кекса, ёш ва ҳатто митти жаноблар, кўриб турганингиздай, ҲАР КИМ ЎЗ ЎРНИДА ЯХШИ!

Кейин Пулчинелло яна парда ортига қайтди ва томошабинлар мамнун ҳолда уй-уйларига қайтишдилар.

Лекин ажабо, Пулчинеллонинг эгаси ғишт ва мумнинг тунги суҳбатларидан қандай хабардор бўлди экан? Бунинг жавоби оддий. Унинг ўзи бу эртакни тўқиб менга айтиб берди. Мен эса сизларга етказдим. Вассалом.

* * *

Овчи арслон

(Афғон)

Бор экан-да, йўқ экан, бойнинг қорни тўқ экан, камбағал қашшоқ экан, егани нуқул хонаки пишлоқ экан, тоғ йўллари тошлоқ экан, танбал ишёқмас росаям тиришқоқ экан… Хуллас, бир ўтинчи бўлган экан, унинг эса бир эшаги бор экан. Ҳар куни эрталаб ўтинчи эшакни чўлга қараб ҳайдар экан, унинг устига янтоқ билан саксовул ортиб келар, хуллас, кун бўйи тиним бермай ишлатар экан. Кечқурун эса ем ўрнига охурига бир тутам похол ташлаб қўяркан. Бундай ҳаёт эшакнинг жонига тегибди, у ўтинчининг қўлидан қандай қутулиш ҳақида ўйлай бошлабди. Ўйлаб топган чораси − ем емасдан, ўзини касалликка солиб ётиш бўлибди.

Бир куни оқшомда эшак жонивор ҳолдан тойиб даштдан қайтибди ва ҳатто бир тутам қуруқ похолни ҳам емасдан, таппа ерга қулабди. Эрталаб ўтинчи эшакни эгарлаш учун оғилхонага кириб, уни ҳалиги аҳволда кўрибди ва қайғуга ботибди. “Эҳ, эшаккинам касал бўлиб қолибди, – хафа бўлибди ўтинчи, – энди ишларим чаппасига кетадиган бўлди-да”.

У эшагига яна бир қараб қўйибди, кўрибдики, шўрлик ерга чўзилиб ётибди. “Эшагим энди ҳали-бери тузаладиган эмас, – деб ўйлабди ўтинчи ўзича, – касал эшакни текинга боқишга эса менинг қурбим ҳам, пулим ҳам йўқ. Чамаси у ўз хизматини ўтаб бўлибди, буёғига куч-қувватиям қолмабди. Яхшиси уни тепиб-тепиб турғизиб, ҳайдаб юбораман!”.

Ўтинчи эшагини ўрнидан турғазиб, у ёқ-бу ёғини қараб қўйибди; қараса, бечора озиб-тўзиб кетганмиш. Ўтинчи соқолини силаб туриб, бир оз ўйга ботибди-ю, эшак энди ҳеч нарсага ярамайди, деган қарорга келибди. У эшакни тепа-тепа бир амаллаб отхонадан чиқарибди, қариндош-уруғлари ва қўшнилар ёрдамида уни даштгача судраб борибди-да, ўша ерга ташлаб келибди. Эшак бундан ниҳоятда қувониб кетибди. Дашт бўйлаб боши оққан томонга йўл олибди. Юраверибди, юраверибди, ниҳоят аллақандай бир ўрмонга етиб борибди, ўрмон ёқасида эса майсазор бор экан. Вақт ўтаверибди, эшак кундан кунга кўркамлашиб, семира бошлабди ва ниҳоят шунақанги куч-қувватга тўлибдики, унинг ўша рамақдажон эшак эканига энди ҳеч ким ишонмаган ҳам бўларди.


Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:
Полная версия книги
(всего 10 форматов)