banner banner banner
ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ
ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ

скачать книгу бесплатно


–Албатта, – жилмайди Плавник. – Истаган ресторанингизнинг номини айтинг, буюртма берамиз, тушликни шу ерга келтиришади. Ўйлашимча, жаноб Шариповдек бадавлат кишинин Москвадаги ҳар қандай зўр ресторанда тушлик қилишга ҳаққи бор.

–Шошманглар, – хўмрайди Ринат.– Айтган миллионларни қаёқдан оласизлар? Менга қарзга бераяпсизларми? Кейин қайтариб тўлайманми?

–Мутлақо. Бу- расмийлаштириш учун ҳеч қанақа ҳужжат талаб қилинмайдиган, Франция банкларидан бирининг ячейкасида сақланаётган. пулингизнинг бир қисми, холос. Уни бемалол олиш ёки бошқа ҳисоб рақамига ўтказиш ўзингизнинг ихтиёрингизда.

– Амаким шунча миқдордаги маблағни нақд пул ҳолида сақлаганми? – ажабланди Ринат.

– Фақат, беш миллон евро нақд пул тарзида сақланган. Қолгани эса чеклар ва ҳисоб рақамларига жойланган. Бояги нақд пулнинг ҳисоб рақами эса ячейка эгаси номига ёзилган. Бу пул амакингиз учун арзимас нарса ҳисобланган. Ахир, қарийиб уч миллиард доллари бор одам учун, ўттиз миллион доллар бойлигининг атиги бир фоизи бўлади-да. Шундай эмасми?

Ринат унинг гапини маъқуллаб калласини ирғаркан, боши ғувиллаб кетаётганини сезди. Ҳамма нарса мутлақо кутилмаганда рўй бераётган эди. Яна йўтал тутди.

–Балки, йўталингизни босиш учун конъяк ичарсиз? –таклиф қилди Плавник

–Майли, – Ренатнинг овози эшитилар-эшитилмас чиқарди.

–Менга ҳам қуйинг,– илтимос қилди Дима

–Жаноб Сизов сизнинг юристингиз бўладиларми? –сўради Леклерк.

– Йўқ. Ҳа. Вой, Худойим нималар деяпман, ўзи? У… у менинг маслаҳатчим бўлади, – Диманинг ўзига тикилиб турганини сезиб, Ринат ғўлдиради.

Плавник қўнғироқ қилгач, бир дақиқа ўтар-ўтмас котибаси патнис кўтариб кирди. Келтирилган ичимлик қимматбаҳо француз коньяги эди. Ринат бунақа шишаларни ҳозиргача фақат киноларда кўрганди. У қадаҳни сипқорди. Умрида бунақасини татиб ҳам кўрмаганди.

–Паспортингиз ёнингиздами?– суриштирди Леклерк.

–Ҳар доим ўзим билан олиб юраман, –Ринат чўнтагидан паспортини чиқарди.

Унинг ярим татар қони соҳиби сифатида гоҳида ҳужжат кўрсатишни талаб қиладиган милиционерлар билан тўқнашиб туришини французлар билиш шарт эмас. Зеро, у шу важда кўпдан бери Россия фуқароси бўлса-да, Москвада рўйхатда турса-да, СССР журналистлар уюшмасининг аъзолик гувоҳномаси билан биргаликда паспортини ёнида олиб юришни маъқул кўрарди. У паспортини чиқарар экан, бирдан Лиза эсига тушди.

–Айтгандай, бир нарсани аниқлаб олсам бўладими? –деди у шу заҳоти Плавникка қараб.– Мобода мерос менга теккудек бўлса, қонунга кўра уни собиқ хотиним билан бўлишишим шартми? Ёки барча пуллар менга ўтадими?

–Расман ажрашганмисизлар? –суриштирди Плавник.

–Аллақачон. Эски уйимдан рўйхатдан чиқмаган бўлсам-да, кўпдан бўлак-бўлак яшаймиз.

– У ҳолда барча мерос сизга ўтади ва бўлиниши мумкин эмас. Чунки, сиз уни ажрашишгандан кейин олаяпсиз. Қолаверса, бу биргаликда ишлаб топилган мулкка кирмайди. Модомики, ўша ерда яшамаётган, хотинингиз билан биргаликда рўзғор юритмаётган экансиз, қаерда рўйхатда туришингизнинг меросга ҳеч қандай дахли йўқ.

– Шуниси етмай турувди ўзи, – минғирлади Ринат. Катя учун, албатта, пул беради, лекин Лиза бир чақа ҳам ололмайди. Собиқ хотининг шунақа бойвачча меросхўрдан ажрашганини ўйлаб қанақа изтироб чекишини тасаввур қилиш Ринатнинг дилига хуш ёқарди.

***

Ҳужжатларни расмийлаштириш ҳийла чўзилди. Бир даста қоғозларга имзо чекишига тўғри келди. У имзолашдан олдин ҳар бирини диққат билан ўқиб чиқди. Чунки, қаршисида турган учала адвокатнинг ҳам ушбу ишдан иложи борича манфаатдор бўлиш йўлида жон куйдираётганликларини тушуниб турар, чунки, ҳужжатлардан бири адвокатларга меросдан икки фоиз тегишини кўрсатмоқдайди.. Икки фоизни пулга чаққанда қанча бўлишин ҳисоблаб кўриб, “ўҳ” деворди.

–Иштаҳалар карнай-ку, оғайнилар, – деди у асабийлашиб ва ручкани жойига қўйди.

–Бу адвокатларнинг одатдаги қалам ҳақи, – деди Плавник.– Мен, масалан, тўрт фоизгача ҳақ оламан. Гоҳида, беш фоизга ҳам чиқади. Сизнинг вазиятингизда мероснинг умумий миқдоридан келиб чиқиб, икки фоизга розимиз. Сизга масалаҳатим, барча қоғозларнинг иложи боирча тезроқ имзоланг. Жаноб Дрюмо ва Леклерк Францияда ўз соҳасининг энг омилкор ва машҳур мутахассислари ҳисобланишади. Омадингиз келганини қарангки, ишингиз билан шундай инсонлар шуғулланишаяпти.

–Мен бу пулга юристларнинг бутун бир армиясини ёллашим мумкин,– ғудурлади Ринат. У ўзининг кимлигини ҳис эта бошлаганди.

– Ёлланг,– розилик билдирди Плавник,– лекин, унгача меросингиздан ҳеч вақо қолмайди. Киевдаги кошона ва Лондондаги уй аллақачон сотувга қўйилган. Чунки, хизмат ҳақи, газ, электр қуввати учун қарзлар осмонга чиқиб кетган. Хизматчиларнинг маоши тўланмаган. Киевда саройда қўриқчилар, уй хизматчилари, ошпаз ва фаррошлардан иборат ўн икки киши хизмат қилади. Агар иш бундан буён ҳам шундай кетаверса, сизга ҳеч нарса қолмайди. Менимча, қашшоқ бўлиб ўтиргандан кўра, икки фоизнинг баҳридан ўтганингиз яхшироқ.

Бу нусха гапига ўзгаларни ишонтиришгнинг жа ҳавосини олган экан. Ринат қоғозларни ёнига тортиб, имзолашга тушди. Дима дўстнинг ҳолига саросимага тушган ҳолда қараб турарди.Кейин ўзни тута олмай ёнига келди.

– Булар сени чув туширишади, -шивирлади у Ринат томонга энгашиб, –юрагим сезаяпти, катта пулга туширишади. Ҳозирча қўл қўймай турсанг бўларди.

–Хўш, нонуштангни нима қиламиз? – зарда аралаш сўради Ринат. –Ёки энди тушликка розимисан? Ёнимда бор-йўғи уч юз доллар қолган. Агар менга ҳозир минг доллар беришса, ҳар қандай қоғозга қўл қўйишга тайёрман.

Леклерк унинг гапини эшитиб тургандек:

–Пулни олиб келиш учун аллақачон банкка одам кетган. Кундалик сарф-харажатларингиз учун ҳозир уч юз минг доллар келтиришади. Айтгандай, сиз пулингизни долларда оласизми ё еврода бўлгани маъқулми?– деди.

-Долларда оламан, – хўрсинди Ринат, худди, елкасини босиб турган тоғ ағдарилгандек. – Қолган пулларни қачон беришади?

–Биз сизга чек дафтарини берамиз ва банк ячейкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларни номингизга расмийлаштирамиз, –тушунтирди Леклерк. –Пулингиздан эртаданоқ фойдаланишингиз мумкин. Ҳозирча сизга беришимиз мумкин бўлгани шу. Қолган пуллар билан компаниянинг акциялари текширувни тугатганимиздан кейингина сизга ўтади.

–Унда кутиб тураман, – қарор қилди Ринат олийҳимматлик билан.

Тушликни қандайдир машҳур япон ресторанига буюришган экан. Суси ва сасими солинган қутиларни кўриб, Дима ҳаяжондан қийқириб юборди. Тўғри, ароқ йўқ эди, ҳатто, саке ҳам айтишмапти, номардлар. Плавник эса иш пайтида, шунда ҳам, фақат, мижозларга бир қадаҳ конъяк таклифи қилиш билан кифояланар экан.

Учрашув кечки соат олтигача чўзилди. Ҳамкорлар эртага эрталаб учрашиб, қолган ҳужжатларни кўздан кечиришига келишдилар. Икки ошна маҳкамадан чиқишганда қош қорайиб қолганди. Куз пайти Москвада шом эрта тушади. Ринатнинг қўлида пул солинган кичикроқ халтача бор эди. Дима содир бўлган воқеадан ҳамон эсанкираб турган Ринатни туртди

–Тентакнинг тилаги рўёбга чиқди. Сен энди миллионерсан.

– Миллионер бўлишни орзу ҳам қилганим эмасман,– тан олди Ринат . – ҳатто, нима қилишимни ҳам билолмай гаранг бўлиб қолдим.

–Эртага сенга Москвадаги квартиранинг калитини беришади, бемалол кўчиб ўтишинг мумкин, – эслатди Дима, – Бундай олганда, сен оддий миллионер эмассан, миллиардерсан. Бўлажак, албатта. Тасаввур қиласанми, бу ҳақдаги илк кечинмаларингни ёзсанг, қанча қалам ҳаққи олишинг мумкин? Мен нималар деяпман ўзи? Қандайдир ахмоқона гапларни айтаяпманми? Сен қалам ҳақини нима қиласан? Ҳозир ҳар қандай газетани, ҳар қандай журнални, ҳар қандай журналистни сотиб олишга қурбинг етади. Бор бойлигингнинг тушадиган фоизнинг ўзи Москвадаги жами журналистлар топадиган пулдан кўп бўлгач, қалам ҳаққини бошинга урсанми? Эшитаяпсанми гапимни?

–Эшитаяпман.

Улар Диманинг “тойчоғи” ёнига ўтиб, машинага ўтиришди.

–Балки, ҳозир тўппа-тўғри бориб, сенга машиналарнинг энг зўрини сотиб олармиз,– таклиф қилди Дима.– Кейин Лизани йўқлаймиз. Аламидан ёрилиб ўлсин.

–Кераги йўқ. Уйга кетдик. Чарчадим. Уйқум келаяпти.

–Доимо шунақа қиласан. Бори-йўғи бугун миллионер бўлдинг-у, дарров ўзгардинг қолдинг.

–Кечқурун Оксана келадиган эди.

–Кел, унга қўнғироқ қиламиз, – қувониб кетди Дима, – қай аҳволга тушишини тасаввур ҳам қилаоласанми?

–Ҳожати йўқ. Кейинроқ ҳаммасини ўзим айтиб бераман унга.

Дима чор атрофга бир қараб олиб, машинасини юрғизди.

– Дунё тасодифларга тўла, деб шуни айтишади-да, – Дима ҳамон ҳаяжонланини босолмасди, – мана сен Оксана билан ошиқ-маъшуқсан. Бобонг ҳам бир пайтлар Оксана деган аёл билан шакаргуфторлик қилган. Балки, ўша кампир сенинг Оксананинг бувисидир?

– Бўлиши мумкин эмас, Оксананинг бувиси Харьковда яшайди.

–Барибир қизиқ-да…

–Қолаверса, ўша Оксананг ҳалиги омборчи туфайли бобомдан кечган, – уқтирди Ринат хомуш тортиб.

–Балки, ҳомилдор пайтида бобонгнинг ўзи ташлаб кетгандир?– эътироз қилди Дима.

–Бобом тўғрисидаги бўлмағур гапларини бас қил.

–Мен ҳеч нарса деганим йўқ. Шунчаки ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлади-да. Қара-я, менинг йўлимни кесиб ўтмоқчи, уриб олишимга сал қолди.

Ринат ўтиб кетаётган “ Волга” тарафга қараб ҳам қўймади. У ўз ўйлари билан банд эди. Дима ҳозир ҳис-ҳаяжонга берилишнинг мавруди эмаслигини англаб, жимиб қолди. Ринатнинг уйига етиб келишгач, ҳарқалай ўзини тутиб туролмади:

–Балки, уйга бирга чиқармиз? Ўзингни қандай ҳис қилаяпсан?

–Чидаса бўлади, – ҳазиллашди Ринат, – мендан хафа бўлма, Дима. Ҳалигача ўзимга келаолганим йўқ. Ҳозирча ёлғиз қолганим маъқулга ўхшайди.

– Уйингга мустаҳкам эшик ўрнатиш керак, – тиржайди Дима сумкага ишора қилиб. – Сенинг ўрнингда бўлсам, эртагаёқ уста чақириб, янгисини қўйдирардим.

–Эртага бошқа уйга кўчаман,– эслатди Ринат, –Умуман олганда, ўзимни ҳеч нарса бўлмагандек тутишим керак. Кун бўйи мен билан бирга бўлганинг учун раҳмат. Эрталаб сени кутаман. Бундай пайтда ёнимда бўлганинг яхши-да.

–Келаман, – деди Дима. – Ҳозир эса қандай қилиб тўйиб ичсам, нима бўлганини унутсам, деб ўйлаб турибман. Агар бу воқеалар тушимда содир бўлса эди, уни ҳаётимдаги энг ғаройиб туш, деб ҳисоблаган бўлардим. Бунинг устига бировларнинг олдида лаққиллаб юбормаслик учун тилимни тийиб туришдек азобга ҳам чидашим керак.

–Бу ҳақиқатан ҳам оғир азоб бўлади сен учун, – деди Ринат машинадан тушиб, эшикни қарсиллатиб ёпаркан.

Йўлакка қадам қўйган заҳоти, бурнини жийирди. Илгари бу ернинг бунчалик бадбўй эканини сезмаган экан. У пул тўла сумкасини тутиб, зинапоядан кўтарилди. Эшикни очиб уйга кирди-да, кийим илгич ёнига сумкани улоқтириб, йўл-йўлакай ечинганча, хонага кирди. Катга ўтириб, атрофига назар ташлади: бурчакда ўртача катталикдаги телевизор жойлашган, эски мебель, ўзининг иш столи, компьютер, принтер, оҳори кетган дарпардалар, сарғайиб кетган қандил – ҳаммаси ўша-ўша. Наҳотки, унинг ҳаётида ғайритабиий эврилиш юз бериб, бутунлай бошқача шароитда яшайдиган даври бошланган бўлса? Шу лаҳза эсига пул тушиб қолди. Ўрнидан турди-да, йўлакка чиқди. Сумкани хонага олиб кирди. Юз долларлик пачкалар айқаш-чуйқаш бўлиб ётарди. Битта дастани олиб, ўрамини йиртди. Қаради. Энди бир умр пул хусусида қайғурмаса ҳам бўлади Саёҳат қилиши, дунёдаги энг ғаройиб масканларни томоша қилиши, меҳмонхоналарнинг сарасида яшаб, энг ҳашаматли ресторанларда яйраши мумкин. Қимматбаҳо ва ноёб китобларни ўқишга, дунёнинг донғи кетган донишмандлари билан суҳбат қуришга, Тибетга боришга, Қуддиси шарифни кўришга, Римни томоша қилишга қурби бемалол етди. Ҳатто, энг моҳир меъморларни таклиф қилиб, ақл бовар қилмайдиган мўъжизавий иморатларни бунёд этса ҳам бўлади. Ўта ақлли китоблар ёзиши ҳам мумкинки, уларнинг чоп эттириш учун ҳомий ва ношир излаб тентирамайди… Ринат қўлидаги даста пулни столга қўйди-да, сумкани жавонга тиқди.

Қандайдир беъмани нарсалар хаёлга келади-я, ижирғанди у. Қўлимга пул тушса бас, дарров қандай қилиб совуришни ўйлайман-а. Йўқ, бу маблағни қандайдир самарали ишга сарфлашим керак, қалами ўткир журналистларнинг бошини қовуштириб, янги журнал очсам, Димани бош муҳаррир қилиб қўйсам ҳам бўлади. Лекин, Диманинг раҳбарликка уқуви йўқ, бош маслаҳатчи бўлиши мумкин, жамоага раҳнамоликни эса бошқа бировга юклатиш лозим. Ринат кулимсиради. Яхшиямки, хаёлидан кечган фикрларни Дима эшитмайди, акс ҳолда ўлгудек хафа бўларди.

Эшик қўнғироғи жиринглади. Ринат бугун Оксана келадиган кун эканини эслади. Соат саккиз бўлаётганди. Бўлажак даромадини тақсимлаш билан ҳаддан ташқари чалғиб кетипти, чамаси. У ўрнидан туриб, эшикни очишга борар экан, кечки овқатга ҳеч нарса олмаганини, ҳатто, уйида нон ҳам йўқлигини эслади.

Оксана кирасолиб одатдагидек яноғидан ўпди. Қиз новчагина бўлиб, Ренатдан ҳам баланд эди. Бежирим юзли,мовий кўзли, бурни салгина танқайган бўлиб, сомонранг узун сочларини тепасига бир тутам қилиб тугиб юрарди. Ўтган йили продюссер ҳузурида танишганларидан бери Ринатнинг уйида учрашиб туришарди.

Қиз одатига кўра ошхонага ўтди. У ишдан чиқиб келиб, одатда кечки овқатни шу ерда қилар, агар Ринатнинг пули бўлса, бирор ёққа боришарди. Бу сафар ҳам ошхонага кира солиб, музлатгични очди, шу заҳоти ўша томондан норози қичқириғи эшитилди:

–Музлатгичнинг бўм- бўш-ку. Тоза адои тамом бўпсан ўзинг ҳам. Наҳотки, бугун ҳеч нарса келтирмаган бўлсанг? Ёки уйдан чиқмадингми?

–Чиқдим. Аммо, ҳеч нарса олганими йўқ, – Ринат ошхонага биттагина калта иштонда кираркан, ланжлик билан қизнинг гапини тасдиқлади.

–Кейинги пайтда бутунлай ақлдан озаяпсан, -деди Оксана музхонани қарсиллатиб ёпар экан.– Ҳатто, қаймоғинг ҳам ачиб қопти. Пишлоқ бўлса бужмайиб, малларанг бўлиб ётипти, ҳолбуки оқ бўлиши керак. Нонинг ҳам йўқми?.

–Йўғ-а,– ғудранди Ринат.– Ишим кўпайиб кетди, ўзим ҳам уйга ҳозиргина келдим.

Қиз чойнакни ўтга қўйиб, газни ёқди. Яна ошхонага кўз ташлади.

–Сен уй хизматчиси олишинг керак,– деди Оксана курсига ўтираркан,– –ошхонанг ивирсиб кетипти. Ейдиган ҳеч вақонг йўқми?

–Ширин кулча бор, – эслаб қолди Ринат.– Жовонда Даниядан келтирилган бир қути ширин кулча турипти.

–Йўқдан кўра, шу ҳам бўлади.

Қиз ширин кулчани келтириб, ўзига чой қуйди.

– Қачонгача шу аҳволда яшамоқчисан?– сўради Оксана Ринатга қараб.

У ўзини қиз олдида яланғочдек тургандек ночор ҳис этарди. Елкасини қисди. Ринатнинг ҳозир гаплашишга ҳоҳиши йўқ, фақат, қизнинг силаб-сийпашига, танасини бағрига босишга муштоқ эди.

–Ётоқхонага юр,-таклиф қилди Ринат, – сени соғиниб кетдим.

Қиз унинг овозидаги зорланишни пайқамади. Афтидан, жуда оч эди, балки, йигитнинг лакаловлигидан дили озор чеккандир. Ахир, Оксананинг келишини биларди, ҳеч бўлмаганда нон олиб келса, эгнига у-бу нарса илиб олса бўларди-ку.

–Шошилма, – деди Оксана унинг таклифини рад этиб.

–Ичкарига кирайлик, -яна такрорлади Ринат,– сенга айтадиган бир дунё гапим бор.

– Яна тўшагингга тортаяпсанми? – Қизнинг овозида ижирғаниш бор эди. – Шунча ётганимиз етар. Ўртамиздаги бунақа мужмал муносабатга чек қўйсак ҳам бўлар, сен нима дейсан? Тўғриси, бугун сенга шуни айтиб қўйиш учун келгандим.

–Тушундим. Кечки овқатни тушириб, хайрлашмоқчи бўпсан-да.

–Киноя қилма. Бир хилдаги ҳазилларинг ҳиқилдоғимга келди. Сен лоқайд ва тўнгфеъл одамсан. Менга кўпинча ёнингда бировнинг бўлиш- бўлмаслигининг фарқи йўқдек туюлади. Сени ҳеч ким қизиқтирмайди…

–Менимча, жанжаллашадиганга ўхшаб турибмиз, – ғамгин жилмайди Ринат.– Жаврашни бас қил. Сенга айтадиган гапим шунчалик кўпки, юр ётоқхонага ўтайлик. Сенга қўлимни ҳам тегизмайман…

–Текизганингда ҳам қўлингдан ҳеч нарса келмайди. – Қиз чойини ичиб тугатди-да, пиёлани ювмасдан токчага қўйди, ширин кулчали қутини ёпди, – Бугун ҳайз кўрганман. Шунинг учун кечириб қўясан. Қолаверса, орамизнинг аллақачон бузилиб бўлганини тушуниб қўйсанг, ёмон бўлмасди. Бугун олдингга атайлабдан шуни айтиш учун келувдим.

–Биласанми, бугун қанақа ғалати воқеа содир бўлди, -суюнчилади Ринат, – бобомнинг ҳам Оксана исмли севгилиси бўлганини билиб қолдим. Кейин ажрашиб кетишган…

–Афтидан, бобонг ҳам аёллар бобида сенга ўхшаган лапашанг бўлган ўхшайди, – деди Оксана пинагини бузмасдан, сўнг курсидан қўзғолди. -Уйингда иккита китобим ётипти. Олиб кетсам майлими? Менимча сен “Да Винчи сири” ва янга қандайдир китоб олувдинг.

Қиз уни айланиб хонага ўтди. Ринат ўгрилиб, индамасдан ортидан эргашди. Токчада қиз айтган иккита китоб ётарди. Оксана китобларни оларкан, кўзи стол устидаги тахи бузилган пулларга тушди.

–Бунча пул қаёқдан келди? – ҳайратга тушган Оксана Ринат томонга қаради.

– Келди-да…– Йигит қизга нима деб тушунтиришини билолмасди.

–Қалам ҳаққингми?– жилмайди қиз, -Табриклайман. Бу сен учун катта бойлик-ку. Шинамроқ бошқа бир уйни ижарага олсанг, эгни-бошингни эпақага келтирсанг ҳам бўлади.Бу ерда бир неча минг доллар бўлса керак. Энди сен бадавлат одамсан, аммо, ландовурлигинча қолибсан.Уйингда ҳатто ноннинг ҳам йўқ. Мен пулсиз қопти-да, деб ўйласам, бу кишим бир даста долларни қучоқлаб оч ўтирибди. Шунақаям ахмоқлик бўлдими?

–Оксана, – йигит сўнгги бор қиз билан гаплашишга уринди.

–Бас қил, – қиз Ринатга андак жирканиш билан қараганди, бу уларнинг ораси очиқлиги ҳақида айтилажак ҳар қандай сўздан кўра ишончлироқ таъсир қилди. Зеро, эркак киши билан суҳбатлашаётган аёлнинг чеҳрасида шунақа ифода пайдо бўлдими бас, бу – уларнинг муносабати бутунлай барҳам топганини билдиради.

–“Миллионлар”ингни ақл билан харажат қилишга ҳаракат қил, – деди қиз масхараомуз оҳангда, уни туртиб юборгудек бўлиб, даҳлизга ўтаркан.

Ринат қизнинг ортидан тикилиб қолди.

–Китоблардан бирида қандайдир доғ бор,– деди хайрлашар чоғда Ринат,– олиб келганингда шундай эди.

–Бу бизнинг биргаликдаги ҳаётимиздаги сўнгги доғ бўлиб қолади, деган умиддаман, – қиз шундай мушкул пайтда ҳам ўзида ҳазиллашишга куч топди. –Хайр, Ринат. Ўзинг яхши йигитсан-у, жуда пандивақисан-да. Яна нон олиб келиш эсингдан чиқмасин. Ҳозирча.

–Омадингни берсин.