Республикамизда юртимиз равнақи ва келажаги йўлида изчиллик билан олиб борилаётган турли соҳалардаги ислоҳотлар, янгиланишлар жараёни, соғлиқни сақлаш тизимини ҳам четлаб ўтмади. Бу соҳага давлатимиз раҳбарияти томонидан бўлаётган катта эътибор, саломатликни сақлаш тизимида янги дастурларнинг ишлаб чиқилиши ва уларни ҳаётга тадбиқ этилишини таъминламоқда. Шу жараёнда, соғлиқни сақлаш тизимида ташкил этилган тиббиётнинг турли соҳалари республика илмий-амалий марказлари, республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий маркази ва унинг вилоятлар, туманлардаги филиаллари, энг муҳими аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишдек юксак вазифа юклатилган қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП), тез ёрдам шахобчалари ва оилавий поликлиникалар ўз фаолиятларини тинимсиз равишда такомиллаштириб бормоқда. Бу ўринда, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи омилларини тарғиб этиш, уларнинг саломатлигини авайлаб-асраш йўлида ўзларининг ҳам четда турмаслигига эришиш ва тиббиёт соҳасидаги билимларини янада ошириш катта аҳамият касб этади. Ушбу китоб, турмушимизда кўп учрайдиган касалликларга бағишланган бўлиб, уларнинг келиб чиқиши, намоён бўлишидаги белгилар, тарқалиши ёки юқиши сабаблари, касаллик юзага келганда қайси шифокорга мурожаат этиш ва уни аниқлашда қандай текширувлар бажарилиши кераклиги хақида маълумотлар беради. Қўлланма тушунарли, оммабоп ва фойдали бўлиши учун, бўлимлар тузилиши соддалаштирилган, ундаги кўпёқлама ахборотлар, турли нашрларда учрайдиган, халқона табобатда қўлланиладиган маълумотлар билан биргаликда тўпланиб, бир тизимга солинди. Ушбу китоб кенг китобхон оммасига мўлжалланган.
все жанры