banner banner banner
Ота макон
Ота макон
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Ота макон

скачать книгу бесплатно


“Парвардигор забон ҳам берса
Бўлмасмиди шу чиройига…”
Тушларимда қишлоқ чоллари
Тил тилайди Гавҳаройимга…

Қўрғончанинг бўз йигитлари
Суяди-ю куяди фақат…
Тушларимда суқ билан қараб,
Оҳ уришиб… қўяди фақат…

Калимага айланмаган тил,
Гавҳаройим, сенинг тилингму?
Тушларимда тўкилмаган дил,
Гавҳаройим, сенинг дилингму?

Гавҳаройим, ўн саккиз йиллик
Дардни сўзлаб берсанг на бўлғай?!
Тушларида сени излаган
Мардга бўзлаб берсанг на бўлғай?!

Бугун мен ҳам соқовман, гунгман,
Келдим ўзни ўтда ёққали…
Тушларимда ҳеч гапирмаган
Тилларингда маъни уққали.

Яна минг йил тушда яшайсан
Қаригина онанг билан сан…
Тилсиз гулим,
Тилсиз чиройим.
Гавҳаройим…
Гавҳаройим…
Г а в ҳ а р о й и м . . .

    1981

КУЗГИ ТУШ

Гулим,
Бугун сизни туш кўрдим,
Сал фаромуш,
Сал хомуш кўрдим.
Қошингизда тўртта полапон,
Бошингизда сақоқуш кўрдим.

– Бахт қушими? – дедим.
Кулдингиз.
Сувга бир тош тушгандай эди.
Чайқалгандай бўлди ул денгиз,
Кўзларингиз нимадир деди.

– Тушунмадим.
Бир синиқ кулгу
Лабингизда куртак боғлади.
Менинг кузим,
Баҳорим шул-ку,
Шовуллади кўнгил боғлари.

(Дарахтлар “оҳ” тортиб юборди,
Дув тўкилди хотиралар, оҳ…
Ҳар япроқ – бир юракнинг дарди,
Ҳар дил шундан сувлар ичар гоҳ).

Севгимизнинг ёлғиз гувоҳи –
Тераклар жим шовуллайверди.
Хаёлингиз кетди улоқиб,
Яноғингиз ловуллайверди.

(Сувга боқиб,
Эсингиздами,
Туш айтардик биз шоша-пиша…
Бугун бошда дунёнинг ғами
Ва оила отлиғ андиша).

Йил санайди қайдадир какку,
Биз турибмиз лол-у паришон.
Орамиздан оқиб шунча сув,
Дийдорлашди висол ва ҳижрон.

Поёнига етмади ул туш,
Туравердик бағримиз ёқиб…
Ул тераклар кесилмаганмиш,
Кетмаганмиш ул сувлар оқиб.

    2002

ИККИ ҚИЗ

Бахт ва қайғу −
икки сулув қиз,
икки ҳурилиқо.

Бири итдай садоқатли,
бири бевафо.

    1982

СИЗ НОЗЛАНИБ БОРОДУРСИЗ

Йўлдош ЭШМУРОД шеърига назира

“Қуш қалбидай дилда йўқдир ҳаловатлар,
Қайдин сизда бунча ҳусну малоҳатлар?
Саломатлар бўлинг, яна саломатлар,
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз”.

Шул тўрт сатр лутфи назм индаллодур,
Воҳ, маним ҳам дилимда минг вовайлодур.
Бу на Зуҳро, на Узродур, на Лайлодур?!
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.

Кўчамизни тўлдириб хуш бўйлар билан,
Йўл тутдингиз қайга, қандай ўйлар билан?
Қачон сизни қутлагаймиз тўйлар билан,
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.

Бул назира, билсанг, маним дардим асли,
Ҳаволансам, ҳаволандим: Баҳор фасли!
Кўрганим ҳам одам эмас, пари насли!!!
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.

Жон жўражон, Яҳё нелар десин унга,
Ўзимизни отайликми, ё Жайҳунга?
Сиз очилиб борадурсиз кундан-кунга,
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.

    1988

“2”лар

Эҳтиром ила адабиёт ўқитувчим

Жўра Азизовга

Сўкиб қочдим Сизни бир куни,
Малимлигинг ўзингга, − дедим.
Катта бўлсам, барибир,
Уйланаман қизингга, − дедим.

Даккиларинг жонимга тегди,
“2”ларга роса тўйганман.
Қизинг ўзи, тегаман, деди,
Қулоғини тишлаб қўйганман.

Дарсинггаям кирмайман энди,
Синфда ҳам қоламан.
Лекин ўша сариқ қизингни
Олиб олсам, ўзим биламан…

Қочиб кетдим, таёқдан қўрқиб,
Ёмон эди феълингиз, маллим.
Собир билан Адҳамни қандай
Урганингиз дунёга маълум.

Катта бўлдим.
Энди уришга
Кучингиз ҳам етмайди, бироқ:
Битта “оқ”ни газетга ўраб,
Ўзим келдим кечирим сўраб.

    1979

ОМАД

Бой бовонинг боғида
Бир қизга кўзим тушди.
Сирғаси қулоғида
Юлдузга кўзим тушди.

Тополмай бирор чора,
Айлагандим ишора:
Икки кўзи қоп-қора
Денгизга кўзим тушди.

Кезаркан ул гулбадан,
Яшнаб кетди бул чаман.
Чаккасида титраган
Ялпизга кўзим тушди.

Ҳилпирар-эй кўйлаги,
Туймадеккина лаби.
Боғ ичра ўзим каби
Ёлғизга кўзим тушди.

Боравердим ортидан,
Ўтдик боғнинг ёртидан.
Шунда бир ўроқ тутган
Тўнғизга кўзим тушди.

Боғдан чиқиб кетди гул,
Омад деганим, бир пул.
Қўлтиғимдан тушган ул
Тарвузга кўзим тушди.

    1982

ХАЁЛ

(Ярим ҳазил…)