banner banner banner
Самарадорликнинг 21 йўли
Самарадорликнинг 21 йўли
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Самарадорликнинг 21 йўли

скачать книгу бесплатно

Самарадорликнинг 21 йўли
Brian Tracy

Брайан Трейсининг «Самарадорликнинг 21 йўли» (Eat That Frog!: 21 Great Ways to Stop Procrastinating and Get More Done in Less Time) китоби илк маротаба ўзбек тилига таржима қилинди. Китобнинг инглиз тилидан таржимаси устида ўтган йили таржимонлар танловида ғалаба қозонган 4 нафар таржимонимиз жамоа бўлиш ишлашди. Бу “Asaxiy Books” лойиҳаси доирасида тайм менежмент ҳақида таржима қилинган илк китобдир.

Сиз ушбу китобни ўқиб туриб қуйидаги фойдали маълумотларга эга бўласиз:

[ul]Шахсий ва профессионал мақсадларга эришиш учун вақтни бошқаришнинг энг самарадор усуллари қанақа?

Қандай қилиб тўғри мақсадларни қўёлиш бизга мураккаб вазифаларни бажариш имконини беради?

Қандай қилиб 21 методни ҳаётга татбиқ этишда кўникмаларни шакллантириш мумкин?[/ul]

Китоб вақтни тўғри тақсимлаш, иш ёки ўқиш жараёнини ташкиллаштириш, ҳаёт тарзини ўзгартириш, натижада қандай қилиб самарадорликка эришиш ҳақида назариядан узоқ, аниқ маълумот ва қўлланмаларни беради.

Ушбу китоб талабалар, тадбиркорлар, ишчилар, раҳбарлар, куни ва вақтини тартибни солишни хоҳлайдиган ҳатто уй бекаларига ҳам тавсия қилинади.

Самарадорликнинг 21 йўли  

Брайан Трейси

Таржимонлар: Ҳикматжон Толибжонов

Сурайё Мажидова

Шуҳрат Алиқўзиев

Жасурбек Тўлқинов

Электрон китоб Asaxiy Books (http://www.asaxiy.uz/) лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Сўзбоши

Қўлингиздаги ушбу китобни танлаганингиз учун ташаккур. Унда ифодаланган ғоялар менга ва бошқа минглаб одамларга ёрдам бергани каби сизга ҳам нафи тегиши, ҳаётингизни буткул ўзгартириб юборишига умид қиламан.

Режалаган ишларингизга етарли вақт тополмаяпсиз. Сизни шахсий мажбуриятлар, лойиҳалар, вақт ортса, ўқийман деганингиз талай журнал ва китоблар юки босиб қолган.

Бироқ сиз уларга улгурмаяпсиз. Ишларингизни тўлиқ адо этишга умид ҳам қилмаяпсиз. Кўнглингиздагидек дам олиш, китоб ва журналлар ўқишга вақт орттира олмаяпсиз.

Иш самарадорлигини ошириб, вақтни тўғри тақсимлаш мумкинлигини ҳаёлингиздан чиқардингиз. Ишларингизни самарали йўлга қўйиш усулларини ҳар қанча ўрганманг, режалаган юмушларингиз ортиб, барибир вақт етмай қолмоқда.

Сиз томон узлуксиз оқиб келадиган масъулиятлар дарёсини жиловлаш, уларга бўлган ёндашувингиз ҳамда улар ҳақидаги фикрлаш тарзингизни ўзгартириш орқали вақтингизни  анча тежашингиз мумкин. Ортиқча юмушлардан воз кечиб, ҳаётингизни чинакамига ўзгариши мумкин бўлган кам сонли, аммо муҳим нарсаларга кўпроқ вақт ажратиш орқали ўз вазифаларингиз, ишларингизни тўғри ташкил қила оласиз.

Мен ўттиз йил вақтни тўғри тақсимлашни ўргандим. Питер Друкер, Алекс Маккензи, Алан Лейкейн, Стивен Кови ва бошқа муаллифларнинг асарларига шўнғидим. Иш самарадорлиги ва шахсий ривожланиш ҳақида юзлаб китоблар ва минглаб мақолаларни ўқиб чиқдим. Ушбу китоб ана шу меҳнатим маҳсулидир.

Ҳар сафар бирор яхши ғояга дуч келсам, уни ўз шахсий ҳаётим ва ишимга татбиқ қилиб кўрдим. Агар у самара берса, маъруза ва семинарларимга киритиб, уни бошқаларга ҳам ўргатдим.

Галилей айтганидек, “Сиз бошқаларга улар аввалдан билмаган нарсани уқтира олмайсиз. Улар аллақачон билган нарсанигина англатишингиз мумкин, холос.”

Тажриба ва билим даражангизга қараб ушбу ғоялар сизга таниш туюлар, эҳтимол. Бу китоб уларни янада чуқурроқ англашингизга кўмаклашади. Ушбу услуб ва техникаларни ўрганиб, улар одатингизга айланмагунча ҳаётга татбиқ қилинг, турмуш тарзингиз аста ижобий томонга ўзгаради.

Менинг ҳикоям

Келинг, ўзим ҳақимда ва ушбу китобчанинг тарихи ҳақида сизга бироз сўзлаб берай. Ёшлигимда қизиқувчан бўлганимни ҳисобга олмаса, фазилатларим жуда оз эди. Мактабда ёмон ўқирдим, битирмасдан ташлаб кетганман. Бир неча йил оғир меҳнат қилдим. Келажагим нурсиз кўринарди.

Йигитлик чоғимда юк ташувчи кемада иш бошладим ва дунёни кўришга отландим. Саккиз йил саёҳат қилдим, ишладим, ва яна саёҳатга чиқдим. Беш қитъадаги саксондан ортиқ мамлакатни кездим.

Жисмоний меҳнат соҳаларида иш топа олмаганимда ўзимни савдо-сотиққа урдим ва ишбай ҳақ олиб, кўп эшикларни тақиллатдим. Савдода атрофимга назар ташлаб, ўзимга шундай савол бермагунимча қийинчиликларга дуч келавердим: “Нима учун бошқалар мендан кўра яхшироқ натижаларга эришмоқда?”

Кейин ҳаётимни ўзгартириб юборган бир ишга қўл урдим. Омади чопган кишилардан уларнинг мендан кўра кўпроқ пул топаётгани ва ишлари самарадорлиги сирини сўрай бошладим. Улар ўз сирларини яширишмади. Мен улар айтгандай қилдим ва савдо-сотиғим борган сари юришиб борди. Охир-оқибат шунчалик муваффақиятга эришдимки, савдо менежери даражасигача кўтарилдим. Менежер сифатида ҳам эски услубдан фойдаландим. Тажрибали менежерлардан юқори натижаларга эришиш учун нималар қилишгани ҳақида сўрадим. Улар менга ўз сирларини очганда мен яна улар айтгандек ишладим. Қисқа фурсатда уларники сингари натижага эриша бошладим.

Ўрганиш ва ўрганганимни амалиётга татбиқ қилиш ҳаётимни ўзгартириб юборди. Мен бунинг қанчалар оддий эканлигидан ҳамон ҳайратдаман. Муваффақиятли инсонлар қандай ишлашини ўрганинг ва сиз ҳам айни ўшандай натижага эришмагунча давом этинг. Ўз касбининг усталаридан ўрганинг. Ана сизга ғоя!

Муваффақиятни аввалдан кўриш мумкин

Содда қилиб айтганда, баъзи одамлар кўпчилик қиладиган ишни ўзгачароқ йўсинда бажаргани учун бошқалардан кўра кўпроқ самарага эришади. Улар тўғри ишни тўғри йўсинда бажарадилар. Айниқса, муваффақиятли, бахтли, бадавлат инсонлар ўртача одамларга қараганда вақтдан анча унумли фойдаланади.

Мен ўртаҳол оилада улғайганман; норасолик ва етишмовчилик ҳисси билан яшар эдим. Кўпроқ ишни уддалаётганлар мендан кўра қобилиятлироқ, деган ишонч қопқонига тушиб қолган эдим. Кейин билдимки, бу мутлақо янглиш тасаввур экан. Улар биз қиладиган ишларни бошқачароқ услубда бажарар экан, холос. Улар ҳам буни ўрганган ва, табиийки, мен ҳам ўргана олдим.

Бу мен учун ажойиб кашфиёт бўлди – ҳайратда ва ҳаяжонда эдим. Ҳозир ҳам худди шу ҳолатдаман. Шуни англадимки, мен ҳам ўзим танлаган соҳада бошқалар каби ўрганишим, ўрганганимни ўз ҳаётимга татбиқ қилишим, ҳаётимни ўзгартиришим ва ўз кўзлаган мақсадимга эришишим мумкин экан.

Савдо ишини бошлаганим илк йиллардаёқ бу соҳанинг кўзга кўринган вакилларидан бирига айландим. Бир йил ўтиб менежерлик даражасига эришдим. Уч йилда олти мамлакатда 95 кишидан иборат савдо ходимлари бўлган жамоага вице-президент бўлдим. Ўша вақтда мен йигирма беш ёшда эдим.

Ўтган йилларда мен йигирма икки хил иш билан шуғулландим, кўплаб компанияларга асос солдим ва уларни ривожлантирдим, машҳур университетда бизнес бўйича даражага эга бўлдим. Француз, немис, испан тилларини ўргандим ҳамда мингдан ортиқ компанияларда маърузачи, мураббий, маслаҳатчи бўлиб ишладим. Ҳозир йилига 250 мингдан ортиқ кишига семинар ва маърузалар ўтяпман. Уларнинг айримларида қарийб 20 минг тингловчи иштирок этади.

Оддий ҳақиқат

Фаолиятим давомида бир оддий ҳақиқатга қайта ва қайта амин бўлдим: энг муҳим машғулотингга бор эътиборингни қарата олиш ва уни иштиёқ билан бажариб, охирига етказиш катта муваффақият, ютуқ, ҳурмат, қадр ва бахтнинг калити экан. Ушбу ҳақиқат китобнинг бош ғоясидир.

Китоб карьерангизда қандай илдамлашни ўргатиш билан бир вақтда шахсий ҳаётингизни мазмунан бойитиш усулларини кўрсатиш учун ҳам ёзилди. Унинг саҳифаларида шахсий самарадорликка эришишнинг ўзим кашф қилган йигирма бир энг кучли тамойили ифодаланган.

Ушбу метод, техника ва стратегиялар амалиётга татбиқ қилишга қулай, синовдан ўтган, тез таъсир қилувчи ёндашувлардир. Ишни кейинга суриш ва вақтни тўғри тақсимлай олмасликнинг турли психологик ва ҳиссий омилларига тўхталиб ўтирмайман. Тадқиқот ёки назария ичига чуқур кирмайман. Ўрганадиган нарсангиз тез натижа берадиган, оила аъзоларингиз билан бахтингизни мустаҳкамлайдиган  муайян қоидалардир.

Бу китобдаги ҳар бир ғоя сизнинг маҳоратингиз ҳамда иш унумингизни ўстиришга, ҳар бир ишингизда қадр-қимматингизни оширишга хизмат қилади. Бу ғояларнинг аксарини нафақат профессионал, балки шахсий ҳаётингизда ҳам қўллашингиз мумкин.

Йигирма бир усул ва техниканинг ҳар бири бошқасидан мустақил, бир бутундир. Уларнинг ҳаммаси бирдек зарур. Бир стратегия маълум бир ҳолатда самарали бўлса,  бошқасини бошқа бир юмушда қўллаш мумкин. Ҳаммаси жам бўлиб, ушбу йигирма бир ғоя шахсий самарадорлик усулларини ташкил этади. Сиз улардан исталган пайт, ўзингизга қулай тартибда фойдаланишингиз мумкин.

Муваффақият калити ҳаракатдадир. Ушбу тамойиллар иш жараёни ва унинг самарасини тез ва башорат қилса бўладиган даражада яхшилайди. Уларни қанчалик тез ўрганиб, амал қилсангиз, карьерангиз шунчалик тез олға силжийди. Бу кафолатланган!

Қандай қилиб “қурбақани паққос тушириш”ни ўрганганингиздан сўнг эришишингиз мумкин бўлган нарсаларнинг поёни бўлмай қолади.

Брайан Трейси

Кириш

Ҳозир айни фурсати. Мақсадларингизга эришиш учун бугунгидек имкониятлар бўлмаган. Сиз аслида имкониятлар ичида сузиб юрибсиз. Балки бундай фурсат инсоният тарихининг ҳеч бир палласида кузатилмагандир. Дангал айтганда, қилишингиз мумкин бўлган яхши ишлар шунчалик кўпки, улардан қай бирини танлашингиз ҳаётда эришажак ютуқларингиз омили бўлиши мумкин.

Агар бугунги аксарият одамларга ўхшаб йўл тутсангиз, ишингиз кўплиги, вақтингиз озлиги сабабли ташвишга кўмилиб қоласиз. Буларнинг ҳаммасига улгуришга уринганингиз сари янги мажбурият ва юмушлар денгиз тўлқини каби шитоб босиб келаверади. Шу боис, режалаган ишларингизнинг ҳаммасини бажара олмайсиз. Уларни ҳаммасига улгуриш имкони бўлмайди. Юмуш ва мажбуриятларингизнинг баъзилари, эҳтимол кўпчилиги, бажарилмай қолиб кетаверади.

Тўғри танловга эҳтиёж

Бугунги кунда муҳим ишни номуҳимдан ажрата олиш, уни тез ва сифатли бажара олиш бошқа кўникмаларга қараганда муваффақиятингизда кўпроқ асқатиши мумкин.

Аниқ, устувор мақсадларни қўя билган ва энг муҳим ишларни вақтида охирига етказа оладиган одам сўзамол, ажойиб режалар тузадиган, лекин жуда оз ишга улгурадиган ақлли одамдан кўра кўпроғига эришади.

Қурбақалар ҳақидаги ҳақиқат

Марк Твен айтган эди: “Тонгда уйқудан туриб илк қиладиган ишинг тирик қурбақани тановул қилиш бўлса, буни ўша кунни кун давомида содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмон вазият эканлигидан мамнун бўлиб ўтказишинг мумкин.”

“Қурбақангиз” сизнинг энг оғир, энг муҳим юмушингиз ҳисобланади. Агар бирор чорасини кўрмасангиз уни кейинга қолдириш эҳтимолингиз жуда юқори. Ана шу вазифа ҳаётингиз ва ютуқларингизга энг катта ижобий таъсир кўрсатувчи омил ҳамдир.

Қурбақани тановул қилишнинг биринчи қоидаси: “Агар бир вақтда икки қурбақани паққос туширишга тўғри келиб қолса, биринчи бўлиб энг хунугидан бошланг.”

Бошқача қилиб айтганда, агар олдингизда икки муҳим вазифа турган бўлса, энг оғир, қийин ва энг муҳимини биринчи бўлиб бажаринг. Ишни дарҳол бошлашга ва бошқа ишга кўчишдан аввал уни охирига етказиб қўйишга ўзингизни одатлантиринг.

Буни бир синов тариқасида қабул қилинг. Аввал осон ишни қилишга бўлган иштиёқингизни жиловланг. Агар барча юмушларингизни якунига етказмоқчи бўлсангиз, қайси ишни зудлик билан бажариш ва қай бирини кейинга қолдириш ҳақидаги танловингиз кунлик қабул қиладиган энг муҳим қарорларингиздан бири эканини ёдда тутинг.

Қурбақани тановул қилишнинг иккинчи қоидаси: “Агар тирик қурбақани паққос туширишга бел боғлаган бўлсангиз, ўтириб, унга узоқ термилиб туришдан наф йўқ.”

Самарадорликнинг юқори даражасига эришишда асосий калит – ҳар тонгда энг асосий ишларингизни аниқлаб олишни одат тусига айлантиришдир. Бошқа ишга ўтишдан аввал кўп ўйламасдан “қурбақангизни паққос туширадиган” кун тартибини тузиб олишингиз керак.

Дарҳол ишга киришинг

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кўп маош оладиган ва тез ўсадиган эркак ва аёллар ҳар бир ишида “ҳаракатчанлик” хусусияти билан ажралиб туради. Муваффақиятли ва самарадор кишилар дарҳол асосий ишга киришиб, уни тугатмагунча чалғимайди, бир текисда ишлайди.

Бизнинг дунёмизда, айниқса, бизнес оламида, тайинли натижа кўрсатсангиз, ҳақ тўлашади ва юқорига кўтариласиз. Қўшган қимматли ҳиссангиз учун, айниқса, сиздан кутилган энг муҳим вазифани бажарганингиз учун ҳақ оласиз.

“Ижродаги муваффақиятсизлик” кўплаб ташкилотлардаги энг долзарб бошоғриқлардан бири саналади. Кўпчилик ишлаш билан ижро этишни чалкаштиради. Улар доимий учрашувлар ўтказишади, мулоқот қилишади, пухта режалар тузишади, аммо иш сўнгида ҳеч ким уни ижро этишни зиммасига олмайди. Оқибатда керакли натижага эришилмайди.

Муваффақиятга етакловчи кўникмаларни шакллантиринг

Ҳаётдаги муваффақиятингиз вақт ўтгани сари шакллантирадиган кўникмаларингизга боғлиқ. Муҳим мақсадларни қўя олиш, уларни кечиктирмаслик ва энг муҳим вазифангизни бажаришга одатланиш ҳам ақлий, ҳам жисмоний маҳоратдир. Шундай экан, ушбу кўникмани ҳосил қилиш мумкин. Бунинг учун у онгостингизга жойлашиб, хулқ-атворингизнинг ажралмас бўлагига айлангунча қайта ва қайта машқ қилиш даркор. Агар у одатга айланса, беихтиёр амалга ошаверади.

Ишни муҳимидан бошлаш ва уни чала қолдирмаслик тез, доимий натижа берувчи омилдир. Сиз ақлий ва ҳиссий жиҳатдан шундай тузилгансизки, ишни якунлаш сизга ёқимли ҳиссиёт беради. У сизни хурсанд қилади. Ўзингизни ғолиблардай ҳис қилишингизни таъминлайди.

Аҳамияти ва катта-кичиклигидан қатъи назар, бирор бир вазифани бажарган пайт сизда куч-ғайрат, иштиёқ ва ўзингизга нисбатан ҳурмат ҳисси пайдо бўлади. Тугалланган вазифа қанчалик муҳим бўлса, ўзингизни шунчалик бахтли ва бардам ҳис этасиз. Ўзингизга нисбатан ишончингиз ортади.

Муҳим ишларни якунига етказиш миянгизда эндорфинлар ишлаб чиқариш жараёнини қўзғатади. Ушбу эндорфинлар кайфиятингизда табиий “сармастлик”ни пайдо қилади. Ҳар қадай вазифани муваффақиятли бажарганингиздан сўнг содир бўлувчи эндорфин ажралиш жараёни, сизни янада ижобий, ишчан ва ўзига ишонган одамга айлантиради.

Ижобий майлларни шакллантиринг

Мана муваффақиятнинг яна бир энг муҳим сирларидан бири. Сиз эндорфинларга ва улар қўзғатадиган ўзингизга ишонч ва маҳоратга бўлган “ижобий майл”ни шакллантира оласиз. Ушбу “майл”ни шакллантирганингизда, беихтиёр ҳаётингизни шундай тартибга солишни бошлайсизки, муҳимроқ вазифалар ва лойиҳаларни йўлга қўйиб, уларни охирига етказишга ўрганасиз. Сиз аслида муваффақиятга ижобий маънода мубтало бўласиз.

Муҳим ишларга бел боғлаб, уларни якунига етказишга одатланиш, мазмунли ҳаёт кечириш, юксак мартабага эришиш ва ўзингизни яхши ҳис қилиш калитидир. Ўша паллада бу одат хулқингизнинг узвий бўлагига айланади, сиз учун муҳим вазифаларни бажармасликдан кўра бажариш осонроқ бўлиб қолади.

Енгилга ўрин йўқ

Нью-Йорк кўчаларидан бирида мусиқачини тўхтатиб, Карнеги Холл қаердалигини сўраган киши ҳақидаги ҳикояни эсланг. Мусиқачи шундай жавоб қайтарган эди: “Машқ қил, оғайни, машқ.”

Машқ қилиш ҳар қандай маҳоратни маромига етказиш калитидир. Зеро, онгингиз ҳам мисоли мушак. Фойдаланган сари мустаҳкамланиб, такомиллашиб бораверади. Машқ қилиш орқали керакли ҳар қандай кўникмани ривожлантиришингиз ёки исталган хулқ-атворни касб этишингиз мумкин.

Янги кўникмани шакллантиришда керакли уч хусусият

Диққат ва фикрни жамлаш кўникмасини такомиллаштириш учун уч асосий хусусиятга эга бўлишингиз керак. Уларнинг барчасини ўрганиш мумкин. Улар: қарор, интизом ва қатъиятдир.

Аввало, ишни ниҳоясига етказишга қарор қилинг ва буни одатга айлантиринг. Иккинчидан, ўрганмоқчи бўлган тамойилларингиз одат тусига кирмагунча уларни машқ қилиш интизомини шакллантиринг.

Учинчидан, бу одат шахсиятингизнинг ажралмас қисмига айлангунча қатъиятли бўлинг.

Қандай бўлишни хоҳласангиз ўзингизни шундай тасаввур қилинг

Ўзингиз хоҳлагандай самарали ва муваффақиятли инсонга айланишни тезлаштирадиган махсус услуб мавжуд. Бу ишчан, тезкор ва диққатли инсон бўлишнинг фойда ҳамда устунликлари ҳақида тинимсиз ўйлашдан иборат. Ўзингизни муҳим вазифаларни доимий, тез ва самарали бажарадиган одам деб ҳисобланг.

Ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурингиз хулқ-атворингизга катта таъсир кўрсатади. Келажакда ким бўлишни хоҳласангиз, ўзингизни шундай тасаввур қилинг. Ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурингиз кўп жиҳатдан ташқи оламдаги ҳаракатларингизни белгилаб беради. Ташқи ҳаётингиздаги барча ўзгаришлар руҳий оламингиздаги ички тасвирнинг яхшиланишидан бошланади.

Янги кўникма, одат ҳамда қобилиятни эгаллаш ва ривожлантириш учун сизда деярли чексиз имконият мавжуд. Такрорлаш ва машқ орқали ўзингизни тарбияласангиз, юмушларингизни ортга суришни бартараф этсангиз, ҳаётингиз ва карьерангизда тезкор қадамлар билан илдамлай бошлайсиз.

Ушбу қурбақани паққос туширинг!

1-БОБ

Ғалабага эришиш учун керак бўлган фазилат мақсаднинг аниқлиги, нимани истаётганингизни билиш ва унга эришиш йўлида собитқадамликдир.

Наполеон Ҳилл

Ўз “қурбақангизни” билиш ва уни паққос туширишдан аввал сиз ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳасида нимага эришишни хоҳлаётганингизни аниқлаб олмоғингиз лозим. Аниқлик шахсий самарадорликдаги энг муҳим тушунчадир, эҳтимол. Баъзи одамларнинг кўп нарсага улгуришининг биринчи сабаби уларнинг қатъий мақсад ва режаси борлиги ва ўша мақсаддан чалғимаслигидир.

Хоҳлаётган нарсангизни қўлга киритиш учун қанчалик дадил қадам ташласангиз, ишингизни ортга сурмасангиз, ўз “қурбақангизни” паққос тушириш ва режаланган ишни амалга ошириш шунчалик осон бўлади.

Ишни ортга суриш ва иштиёқнинг сустлигига асосий сабаб мужмаллик, чалкашлик ва нима қилмоқчилигингиз, уни қай тартибда ва нима учун қилмоқчилигингиз ҳақида аниқ фикрга эга бўлмасликдир. Бор кучингиз билан бу каби ҳолатлар олдини олишингиз лозим. Муҳим мақсад ва вазифаларингиз йўлида имкон қадар ишонч билан ҳаракат қилишингиз керак.

Муваффақият учун зарур қоида шундай: “Фикрларингизни қоғозга туширинг”

Атиги 3 фоиз кишиларгина аниқ режа тузиб, уни қоғозга туширади. Бошқалар улар қатори ёки улардан билимлироқ ва қобилиятлироқ бўлиши мумкин, бироқ нимани исташларини қайд этиш учун вақт ажратмайдилар. Натижада улар беш, ҳатто ўн баробар камроқ ишга улгурадилар.

Қўйган мақсадингизга эришиш учун ҳаётингизнинг қолган қисмида қўллашингиз мумкин бўлган кучли формула мавжуд. У етти босқичдан иборат. Агар сиз айни пайтда уларга амал қилмаётган бўлсангиз, бу босқичларнинг исталган бири иш самарадорлигингизни икки ёки уч баробар ўстириши мумкин. Тингловчиларимнинг кўпчилиги бир неча йил ва ҳатто бир неча ой ичида ушбу етти босқичдан иборат усул ёрдамида даромадларини сезиларли даражада оширишди.

Биринчи қадам: Нимани хоҳлашингизни аниқлаб олинг.

Бунга ўзингиз ойдинлик киритинг ёки сиздан нима кутилаётгани ва бу йўлдаги устувор мақсадлар тартиби аниқ-равшан белгиланмагунча, раҳбарингиз билан муҳокама қилинг. Қанчадан-қанча инсонлар ҳар куни тер тўкиб, аҳамиятсиз вазифалар учун вақт сарфлаётгани ачинарлидир. Чунки улар раҳбарлари билан бу муҳим масалани муҳокама қилмаганлар.

Қоида: “Кераксиз ишни қойилмақом даражада бажариш вақтни исроф қилишдир”

Стивен Кови шундай дейди: “Муваффақият нарвонига чиқишдан олдин, у тўғри бинога тиралганига ишонч ҳосил қилинг”

Иккинчи қадам: Ёзиб боринг.

Фикрларингизни қоғозга туширинг. Мақсадингизни қайд этганингизда сиз уни мустаҳкамлайсиз ва унга аниқ шакл берасиз. Шу билан ҳис қилиш ва кўриш мумкин бўлган маълум бир нарса яратасиз. Таъбир жоиз бўлса, ёзиб қўйилмаган режа ёки мақсад, орзу ёки ҳавас, холос. У ҳеч қандай кучга эга эмас. Қайд этилмаган мақсадлар чалкашлик, ноаниқлик, адашиш ва яна талай хатоларга сабаб бўлади.

Учинчи қадам: Мақсадингизга муддат белгиланг. Лозим бўлса, уни қисмларга ажратиб ҳар бирига алоҳида муддат қўйиб чиқинг.