скачать книгу бесплатно
Қазои Қадар
Аббос Саид
АББОС САИД
Қазои Қадар
Роман
Биринчи китоб
Биринчи қисм
“Шарқ” нашриёт-матбаа
Акциядорлик Компанияси
Бош таҳририяти
Тошкент-2021
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Азоб шундоқ бўлур ва агар билсалар,
охират азоби бундан-да шиддатли …
1
Анча йиллар ўтиб, Хончорбоқни тарк этганига чорак асрга яқинлашгач, “Ваққос ота”да ‒ учтепаликлар учун ажратилган хилхонада отаси қабри тепасида аллазамонлар ‒ болалигида бобоси Шокир баззоздан ўрганиб олгани “Ёсин”ни тиловат қиларкан, бундан уч-тўрт йил бурун эски ҳовлиларига қайтмоқ ниятида кўч-кўронини ҳам йиғиштириш тараддудига тушганларида қария бу тадбирни ҳадеганда пайсалга солаверганини ёдга оларкан: “Дадам укасининг ёнига қайтишни истамади, Асқарникига бориб кўрсатган “томошаси”дан кейин келини Тоҳираниям ёмон кўриб қолганди, яна бунинг устига, ўзи қурилишига бош-қош бўлгани масжидниям ташлаб кетолмади. Ҳа, ҳа, ҳаммадан ҳам ана шу масжидга боғланиб қолганди, кўзи қиймади ташлаб кетишга”, деган ўй кўнглидан ўтди, ўтдию: “У ҳали тетик эди, ҳали камида беш-олти йил яшарди, сен анави машмашани кўрсатмаганингда ҳали ундан ҳам кўп яшарди. Уни укаси эмас, амакинг Рашид дўкон эмас, уни сен қулатдинг. Анави иблислар билан бўлиб ўтган жанжалдан сўнг қайта ўзига келолмади, ўша воқеа, ўша можародан сўнг ўнгланмади” , дея ичида сўзланиб, ўзини маломат қилгандан-қилаверди. Ортда қолган кўнгилсизликларни қанчалар эслашни истамаса-да, юқори қаватдаги қўшниси билан бўлиб ўтган можаро, у касофатларнинг тўнғич ўғли Азимжонга нисбатан қилган адолатсизликлари яна хотирасида жонланиб, аянчли бир ҳолга тушди-қолди. Юраги ўртанди, хиёл ўтмай чап кўкраги атрофида бир нарса ловуллаб ёна бошлаганини ҳис этди…
2
У бир-икки ойдан бери XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистон руслар томонидан истило қилинишини ўрганиб юрган эди.
__________________________________
1.Қуроъни Карим, Қалам сураси, 33-оят.
Босқинчиларнинг Оқмасжиддан тортиб то Тошкентни эгаллаб олишларигача бўлган ўн уч йиллик уринишларини роман қилиш ниятида гоҳ Шарқшунослик институтига, гоҳ эса Навоий кутубхонасига бўзчининг мокисидай қатнаб, ўша даврга оид маҳаллий ва рус манбаларини титкилаб ўрганишга киришганди, фалокат босиб шу куни кутубхонадан эрта қайтганини-чи…
Тошкентнинг киндигини Хадра деб олинганида, бир тупканинг тагида бўлган, шаҳарнинг жанубий чеккасидаги, нариги тарафи “Занги ота”нинг Эшонгузар мавзеига бориб тақалган катта ҳалқа йўлининг бериги этагидаги тўрт қаватли уйнинг биринчи қаватида яшамайдими, ён-атрофини пастак кўкат девор билан ўраб қўйгани айвончаси рўпарасидаги боғчага юқори қаватдаги қўшнилар нечанчи бор турли чиқитлар ‒ арақ шишалари, ҳар турли консерва банкалари, тухум пўчоқлари, сигарет қолдиқларию қутилари, суяклар, яна оқ, қора, кўк целлофанга ўралган алланарсаларни ташалаганларига кўзи тушди-ю, яна фиғони фалакка ўрлади. Унга гўё булар атайлаб жиғига тегиш учун, ўша шўро даврида ўзлари аллома санаганлари, аммо у, Анвар Шокир ёмон кўргани Маркс Темировичнинг аламини олаётгандек, яна талабалик йилларидаги адоватларини ҳам билдириб қўйиш мақсадида уларни одам ўрнида кўрмай, атайлаб бу номаъқулчиликни қилишаётгандай бўлиб кўринди…
“Тунов куни тозалаб қўювдим, яна расвосини чиқаришибди. Буни яна ўшалар қилган, юқорисидагилар бамаъни оила, бунақа бемазагарчиликка боришмайди, устига-устак, улар ҳозир Хоразмга ‒ юртига кетган, буни фақат ана шу бефаросатлар қилишган ‒ уларга гап таъсир қилмайди, ичкиликниям бизнинг подъезда ёлғиз шулар ичади!.. Бирда эри Тиркаш дераза рўпарасида туриб олиб суяк тозалаётганини, кейин эса тозалаб бўлинган суяк бўлагини пастга улоқтираётганига кўзим тушувди. Майли энди, мушук-пишакка ташалаётгандир-да”, девдим, манави иши ‒ юқоридан пастга арақ шишаларини ирғитиши ҳечам қуюшқонга сиғмайди, ҳаммасидан ўтиб тушди! Бу отасининг иши эмас, бу номаъқулчилик ўғли Сарсоннинг иши бўлса керак!.. Ҳа, ҳа, бу ўша жипириқнинг иши!..” деган турфа ўй-мулоҳазаларга бориб, якуний бир хулосага келиб, ана шу такасалтангга яна бир бор дакки-дашном бериб инсофга чақирмоқчи бўлди.
‒ Сарсон, Сарсон !.. – деб юқоридаги айвонча деразасига қараганча қўшнисининг ўғлини чақирди. Хаёлидан шу чоқ: ”Яқиндагина унинг хотини бир боласи билан кетиб қолганди, исми Тоқат эди шекилли? Қайнанаси Фаросатнинг, манави Сарсон такасалтангнинг зуғумларига чидолмади, тоқати тоқ бўлиб онасини чақиртириб, кўч-кўронини йиғиштирдию жўнади-кетди! Ҳойнаҳой ана шунинг учун ҳам аламини ичкиликдан олаётган кўринади бу жипириқ! Бу ишни ана шу бетамиздан бошқа ҳеч ким қилмайди!”, деган ўй ўтди, ўтдию яна бир бор овозининг борича юқорига юзланди: ‒ Сарсон, ҳўв Сарсон!..
Юқоридан пастга ҳеч ким қарайвермагач, бу ишни атайлаб қилаётганларини пайқаб яна Сарсон жипириқни чақиришда давом этди. Энди унинг овози зардали, зардалидан ҳам кўра қаҳрли бир тус олди. Бу қаҳр нафақат Сарсон жипириққа, балки уни талтайтирган, алал-оқибат ана шу кўйга тушишига сабабчи бўлган онаси Фаросатга ҳам қаратилганди. Келиб чиқиши даштийларга бориб тақалган, Ўртаовулнинг дунган аралаш қозоқларидан саналган, яшаш тарзлари ва тиллари ўзбеклашса-да, ташқи қиёфалари ва ички дунёлари аслича қолган, ана шу саҳройи халқлардайин терс, айтганини қилдирмоқчи бўладиган, биров билан ғижирлашиб қолгудай бўлса, ўжар одатини тарк этмай охиригача ўшаларга хужум қилишни қўймайдиган ана шу қўшнисини у талабалик йилларидан бери билар, ўзи газетасида ишлаган Маркс Темировичнинг шогрдларидан эканини, кейинчалик кафедрасида ҳам ишлаганидан хабардор эди. У ҳам Анвар Шокир ва Осиёни ўша йиллардан бери кузатиб келар, уларни Талабалар шаҳарчасида кўп маротаба бирга кўрган,
ҳатто Маркс Темирович туфайли уни ёқтирмаслигини ҳам билар эди-ю, аммо кейинчалик мана бундай қўшни бўлиб қолишларини ўйламаганди. Қўшни бўлиб қолишгач эса, ҳар икки томон тақдирга тан беришса-да, эски адоват айниқса, Анвар Шокир ва Фаросат ўртасида сақланиб қолди. Анвар Шокир ўша пайтларда ҳам енгил аёл санагани Фаросатдан иложи борича нари юришга уриниб, хотинини ҳам шунга чақирса-да, эркаклар билан ҳеч бир андишага бормай баб-баробар гаплашаверишни канда қилмайдиган Фаросатнинг ўзи у ва унинг оиласи билан муомаласини яхшиламоқ илинжида турли баҳоналар билан уларникига ташриф буюришини қўймас, иложи борича пастки қаватдаги қўшниларига яхши кўриниш мақсадида ўзини ҳар кўйга солиб яхши таассурот уйғотишга чоғланарди-ю, бироқ ҳар сафар уриниши зое кетаверар, унинг сохта хатти-ҳаракатлари, феъл-атворидаги ноқисликлар панд бериб қўйганини ўзи ҳам англаб етмасди. Алал оқибат бу қўшнилари унга рўйхуш беришавермагач, ҳатто кўришни ҳам истамаётганларини, уни кўришлари ҳамоно ё уйга кириб кетишларини, ё бўлмаса айвончаларининг деразасини ёпиб олишларини, хуллас ўзларини ундан нарига олаётганларининг шоҳиди бўлгач, буни ҳам Анвар Шокирдан деб билиб, ўзининг бир пайтлар Маркс Темирович билан бўлган муносабатларига боғлаб, наинки уни, балки хотини Осиёни ҳам ўзига душман санай бошлаган, шу-шу буларга нисбатан унда ва оиласидагиларда хусумат авж олиб, иложи борича ғаразгўйликнинг турли йўлларини қидиришликни тарк этишмасди.
Анвар Шокир улардан нари юриб ҳам қутулолмаётганларини, улар мана бундай ғаламисликлар қилиб юқоридан ҳар турли чиқитларни ташлай бошлаганларини, бу сафар эса қуюшқондан чиқиб ичкилик шишаларини ҳам ташлашгача бориб етганларининг шоҳиди бўлгач, ортиқ чидаб туролмади. Уларни бу сафар яна бир инсофга чақирмоқ, керак бўлса ақлларини киритиб қўймоқни хоҳлади. Булар билан пачаклашиш яхшиликка олиб бормаслигини фаҳмласа-да, кўнгли аллақандай нохушликни туйса-да, вужудидаги ўжар бир истак тинчини ўғирлаб, қўшниларига нисбатан нафрати алангалана бошлади.
У яна уч-тўрт бор чақирганидан сўнггина айвончанинг ошхона қисмига яқин ердаги дераза табақаси очилиб, бу хонадонга бўзчининг мокисидай қатнаб пашшахўрда бўлишини канда қилмайдиган, оиланинг кўп ишларига бурун суқаверадиган, яна опаси Фаросат иккови тижоратга оид ва баъзи бошқа юмушларни ҳам биргаликда бажариб кетаверадиган синглиси Таманноз пастга энгашиб туриб:
‒ Ҳа, Анвар ака, нима дейсиз? – деди.
Ҳеч қанча вақт ўтмай унинг ёнида опаси ҳам пайдо бўлиб, анордайин қизарган юзида ясама табассум ўйнаб:
‒ Тинчликми, Анвар ака, наа-мунчаа?! Осмон узилиб ерга тушибди депмиз-зза?! ‒ дея доғулилик билан пастки қаватдаги қўшнисидан норозиланганини ноз-ишвали оҳангда сездирди.
Анвар Шокир опа-сингилнинг лола янглиғ қизарган ярим истеҳзо, ярим табассумли япалоқ юзларига, яна ўзларини бехаёларча тутиб пичирлаб хиринглашларига назар соларкан: “Булар ичиб олганга ўхшайди, йўқса менга қараб бунақа ойимча-таннозларча ишва қилмасдилар, жилмаймасдилар!” , деган ўй дилидан ўтди, сал жаҳлдан тушган бўлиб:
‒ Фаросат, яна ҳаммаёқни ивирстирибсизлар-ку! Яна қанча такрорлашим, сизларни огоҳлантиришим керак!– деди, негадир шу дамда кўнгли бир нарсаларни сезгандай ғашлангандан-ғашланиб, айтарли арзирли гап тополмай, нима дейишини билмай ёзғирди: ‒ Унақамас-да, энди!..
Ўзларининг суйилиб, эркаланиб муомала қилишлари пастки қаватдаги қўшниларига таъсирини ўтказиб “попугини пасайтирдик” деб билган опа-сингил яна бир-бирига шивирлаб хиринглашди. Таманноз унга бир нима демоқчи бўлганди опаси тирсагидан ушлаб, “ бу билан ҳисоб-китобим бор, ўзим боплайман!” дегандай бир йўсинда пастга энгашиб:
‒ Ҳозир тушиб борамиз, тозалаб оламиз!..– дея оғзидаги тилла тишларини кўрсатиб ёқимсиз илжайди.
Анвар Шокир опа-сингилнинг тушишини истамади. Айниқса, Фаросатнинг ёқимсиз, айёрона илжайишида ёмон бир шумликни, бадниятини сезган бўлди. Хаёлидан яна талабалик кезлари, шўро даврида қолиб кетган ўша ёқимсиз манзара кўз ўнгидан ўтиб улгурди. Ўшанда у Маркс Темировичнинг дорилфунундаги кафедрасига хафталик газеталарида эълон қилинаётган бош мақоласини ўқиттиргани олиб борган эди, тасодифан эшикни берухсат тақиллатмай очиб юборганида худди мана шу Фаросат содиқ устозининг қучоғида турганини, у бунинг юзидан чўлп-чўлп ўпаётганини кўриб қолиб, шартта эшикни беркитиб олганини, юраги темирчининг босқонидек гурсиллаб уриб кетиб пича эшикка орқа ўгириб суяниб туриб қолганини, шундан сўнг йўлакдаги ана шу кафедра жойлашган куллиётга қарашли бўлган бино орқа ҳовлисига қараган катта италянча дераза яқинига бориб турганида ичкаридан Маркс Темирович эмас, нақ мана шу ойимчанинг ўзи чиқиб келиб, ҳеч бир уялмай-нетмай: “ Домламизнинг кайфиятлари юқоридаги мажлисдан бузилиб тушганди, шу йўл билан ўзларини сал овутаётгандилар”, деган мазмундаги баҳонани рўкач қилганини, яна бу ҳолатни, бу манзарани ёши бир жойга бориб қолган одамнинг эркаликлари мазмунида қабул қилишини унга эслатиб ўтишни ҳам унутмаганини, қўлидаги оқ папкага солинган, ўша ҳафтадаги газетанинг биринчи саҳифасида чоп этилиши керак бўлган бош мақолани унинг қўлидан оларкан, худди ана шу ҳозиргига ўхшаб ўшанда ҳам доғуллик билан кулиб қўйганинию “ ана шундай бир “аллома устозига” қаршилик қилолмаганини, боз устига, юқорида таъкидлаганидек, “кекса одамнинг “болаларча хатти-ҳаракати-га” йўл берганини” тўғри тушунишини истаб, тасодифан гувоҳи бўлган воқеани унутишини, яна таҳририятдагиларнинг қулоғига етиб боришига ҳам сабабчи бўлиб қолишдан сақланишини Маркс Темирович алоҳида таъкидлаганини дараклар экан, тағин бир маънодор илжайганди. Шу-шу уни дорилфунун фойесида ёхуд ташқарисида, унда-бунда эса таҳририятга келолмаётган устозининг битта-яримта топшириқларини етказгани ташриф буюрганида учратиб қолса, тепа сочи тикка бўлиб ғазаби қўзиб кетаверарди. Кейинчалик ҳам ўша воқеани унутишликка қанчалар уринмасин, уддалай олмади. Олтмишдан ошган Маркс Темирович ва унинг шогирдларидан, яқин гумашталаридан саналган Шариф Юнусовда ҳам шунга ўхшаш қўлостида ишлайдиган битта-яримта танноз, енгилтак аёлларга нисбатан ўз нуфузига тўғри келмайдиган, одоб-ахлоққа зид гап-сўзларни, ҳазил-ҳузулларни қилгудек бўлса, ёинки шунга ўхшаган қуюшқонга сиғмайдиган хатти-ҳаракатлар билан уларнинг аёллик шаънини топтаса чидаб туролмас, унга қарши чиқарди, ана шундай бир соҳа ‒ маънавият, маърифат ҳақида, шўро мафкураси, шўро турмуш тарзи ҳақида одамлар онгини яхши томонга буриши, ўзгартириши керак бўлган, ана шу эзгу ишга ўзларининг умрларини бағишлаган қилиб кўрсатган, ана шу нарсалар ҳақида фалсафа сўқишга уринган сафсатабоз валламат “алломалар”нинг, мансабпараст, шуҳратпараст шўро мафкурачиларининг ҳақиқий башарасини, қиёфасини таниб улгургач, уларнинг тубанлик ва фисқу-фужурлари, фосиқликларининг шоҳиди бўлгач, улар билан сира келишолмаган, ҳали-ҳануз келишолмасди. Энди яқин ўтмишга айланган ўша шўро тузумидаги нуфузидан, имконият-имтиёзларидан фойдаланиб не-не қабиҳликлар, не-не нодонликлар, не-не каззобликларни қилган “аллома устозлари” ўзига ўхшаган олғир-олчоқларнинг мансаб поғоналарига кўтарилишига, айримларининг эса ҳокимият бошқарувигача етиб боришларига сабабчи бўлган, бошқа фаросатларни эса илм остонасидан илм осмонга олиб чиқишга ваъда бериб, ана шу ахду паймонига маълум маънода вафо қилиб, ҳарҳолда осмону фалакка олиб чиқолмаса-да, “қуйироқ поғонага жойлаштиришга” эришган, бошқа бир фаросатларни эса адабиёт майдонига олиб кириб, шу майдоннинг маликасига айлантиришга қуюқ ваъда берса-да, ўша маликага айланмоқ ишқида ёнганлари куйиб кулга айланиб, у тузумда у ҳақда, унинг ўзларига кўрсатган ғамхўрликлари ҳақида битта-яримта мадҳиялар, битта-яримта хотиралар ёзишдан нарига ўтмаганларини, ё бўлмаса ҳали-ҳануз тутуриқсиз шиғирларини турли ерларда тўплам ҳолида бостирмоққа уриниб юрганларини, қолган битта-яримта у эккан “бузуқ уруқлар” эса, “аллома устозлари” аллақачон бу ёруғ дунёни тарк этиб кетган эса-да, ўзлари тақир тиканаклар-у чирмовиқларга ва сассиқ алафларга айланиб қанчалаб гулираъноларга, нилуфарлару гулсафсарларга, намозшом гулларга озор беришда давом этиб келаётгандилар. Шариф Юнусовга ўхшаган шогирди, гумаштаси эса янги шароитга буқаламундек мослашиб ҳали ҳам ўзини дунёнинг устуни санар, аммо қилиб юрган баъзи бир номаъқул, хуфия ишларидан инсон боласи ҳазар қилар; мана бу Фаросатга ўхшаганлари ҳам палидликда, фосиқликда ундан ўтиб тушар , у ҳам ана ўша шўро даврида устози қилиб юрган ғаламисликларни давом эттириб, ўша устози ёмон кўргани қўшнисига, ўзлари ҳамиша “калшоир” деб камситганлари, устидан кулганлари Анвар Шокир ва унинг оиласига бўлган адоватлари, ҳусуматлари туфайли уларни тинч, хотиржам яшашга қўйишмасди. Ана шулар ҳақида ўйлар экан, шу дамда унинг юраги яна нохуш уриб, тағин-да дилини ғам-ғусса чулғаб олди. “Булар бир балони бошламасалар гўрга эди-да! Бу енгил оёқ опа-сингилнинг қўлидан ҳар иш келади! Истаган бемазагарчиликдан қайтмайди!”, деган ўй кўнглидан кечар экан, тағин бир марта Фаросатнинг эркакларни кўрганида, айниқса у билан кўз уриштирган ёки ўзини бозорга солиб солланиб юришига ишқибоз бўлиб қош қоқиб гап отган суюқи эркакни, яна ўша эркак ўқимишли, илмий даражали, битта-яримта ўқув даргоҳида ишласа, башарти ўша ернинг сўзи ўтадиган кишиларидан эканлигини билиб қолгудай бўлса, ҳали ҳам эски дорилфунунда ишлаган даврларини қўмсаб, тағин ўшандай даргоҳларга қайтишни истаб қолар, иложи борича ҳалиги одам билан алоқасини бузмай, иложи борича унинг этагидан тутишга уринар; бошқа бир шу атрофлик кўриб юргани мансабдор кас билан танишиб, суҳбатлашиб қолгудай бўлса, ўзини удли-шудли, илмли тутиб турли масалаларда, ишларда ёрдам сўрашдан уялмас, шу баҳонада ўша одам унга керак бўлишини ҳисобга олиб, ана шу нарсани режалаштириб ишончига кирар, ўзи ҳам ундайларнинг хизматларига тайёрлигини билдириш мазмунида эри Тиркаш тирсакни ҳам орага қўшиб, баъзи пайтларда ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслик мақсадида атайлаб эрини ҳам таништириб қўйиб: “Нима ишлар бўлса айтаверинг, акангиз бу юмушларни дўндиради ‒ қурилишми, дурадгорликми, сварка ишлари дейсизми, кафел теришми – ҳамма-ҳаммаси қўлларидан келади! “, деб унинг баҳосини ошириб, ҳавасманд-хуштори бўлган пулдор эркакларга боғлаб-пайвандлашни маромига етказиб, кифтини келтириб, керак бўлса ўшаларнинг хизматкорига ҳам айлантиришдан қайтмас, ўзининг ушбу хатти-ҳаракатларини оиласининг бирини-икки қилиш, фарзандларининг келажагини ўйлаш, шунингдек, замона талаби ‒ тадбирлигига йўйса-да, ҳақиқатда унинг тагига бошқа “нозик мақсадларни” ҳам яшириб қўярдиким, буни фақат ўзи ва унга қармоқ ташлаб кўз уриштирган, суюқ сўзлар билан қош қоққан, шунинг баробарида номаъқул нафсоний истакни кўзлаб тоғни олиб беришга ваъда бериб юрган ўша валламатгина биларди, холос. Ана шулардан ҳам хабар топган, айрим пайтларда эса қўшнисининг ясан-тусанга алоҳида зеб бериб ошиқиб йўлга равона бўлаётганини айвончасида туриб ёки бўлмаса бирор ерга кетаётганида ёхуд қайтаётганида кўриб колган Анвар Шокир дарров унинг ниятини, мақсадини фаҳмлаб улгурарди. Шулар ҳақида ўйлаб, хулоса чиқариб, иложи борича опа-сингилни пастга туширмасликка тутиниб:
‒ Сарсон тушиб супуриб олса бўлгани, сизлар овора бўлманглар!.. – деди, негадир у қўшнисининг бўйи етган қизи бор эканини, ана ўша қизи Сапира тушиб тозалашини эмас, айнан ўғли Сарсон тушиб супуришини истаганидан, кейинчалик мулоҳаза қилиб ўзи ҳам ҳайрон бўлди. Айниқса, у жини суймагани ва худди ана шу арзандаси атайлаб шиша идишларни пастга улоқтирган деб билгани учун ҳам у ўз айбини ювишини хоҳлаган, ана шу булғатгани ерни супуртириш орқали уни инсофга келтирмоққа, гарчан у ота-онасидан ўтиб тушган бадбахт эса-да, не-не аҳмоқгарчиликларга қўл урганидан хабардор бўлса-да, ёшлигини ҳисобга олиб эгилтирмоққа, шу йўл ва тушунтириш орқали яна бир бор уни қайта тарбияламоққа, табиийки бора-бора таъсирли усулни қўллаб одам қилмоққа уринмоқчи бўлаётганди. Чиқмаган жондан умид деганларидек, бир неча маротаба ана шу ниятини хотини Осиёга айтганида, у эрини бу ишдан қайтарган, уни тузатиб бўлмаслигига шаъма тарзида: “Букрини фақат гўр тўғирлайди”, деган бир гапни қилган, келинининг бамаъни фикрини Абдурасул ота ҳам неча маротаба таъкидласа-да, у ҳар сафар уларга эътироз билдириб: “Циркда ҳайвонниям ўргатадилар-ку? Наҳотки энди мана шу бетамиз такасалтангни инсофга келтириб бўлмаса?! Ҳарҳолда, чиқмаган жондан умид, бир уриниб кўриш керак!”, деб ўз ўжар истагидан воз кечмаган, ана шу Сарсон жипириқдек бир нокасни “одам қилиш” фикридан қайтмаганди. “ Бориб-бориб ота-онасидан бешбаттар кўйга тушиб қолмасин, ҳар қалай буларга қўшниман-ку! Битта-яримта: “Сен қўшни бўлиб туриб ҳам бунинг одоб-ахлоқига таъсир ўтказмадингми, йўлдан қайтармадингми, бу ишни қилма демадингми? Ҳайф сендек қўшнига! Яна буёқ одамларга ақл ўргатиб китоб ёзадилар!..”, деб юзимга солиб ўтирмасин, ҳалиги, қўлингдан келса душманинга ҳам яхшилик қил деган гап бор-ку! Балки шу сафар уринишим ижобий натижа бериб, яхши томонга ўзгартиролсам! “ , деб ҳали-ҳануз юрагининг бир чеккасида ана шу разил кимсаларга ҳам эзгулик қилиш истагидан воз кечмаган, ҳечқурса зурёдларини ёмонликдан қайтариш, унинг хулқу атворини ўзгартиришга, ижобий томонга ўзгартиришга уриниш керакдек кўринаверар, ана шу туйғу дилида сақланаётган , ана шу туйғу ҳали унда яшашда давом этаётганди.
‒ Биз тушиб борамиз деяпман-ку! Вой-бўў, шунақа экан-да, а Анвар ака? – деб тағин-да тантиқланиб, тағин-да доғулилик билан ундан норозиланган бўлди Фаросат.
Аммо Анвар Шокир яна уларга, тепасидаги учинчи қаватдан қараб турганларга сўзланиб:
‒ Сарсонни тушириб юборсанглар бўлди! – дейишини қўймади.
Бир маҳал пастга опа-сингил ёхуд қизи Сапира эмас, балки Сарсон жипириқ отаси Тиркаш тирсак билан олдинма-кетин ҳовлиқиб тушиб:
‒ Ҳа, нима демоқчисиз?! – деб иккови Анвар Шокирга дағдаға қила бошлашди.
Анвар Шокир ота-болалар ичиб олганларини, шу боис уларга чиқиндилар ташлаб булғатган ерларини супуртириш амримаҳол эканини фаҳмлаб, бошқа тарафдан эса паст келишни ҳам истамай:
‒ Ҳа-аа, жаа… мен билан муштлашгани тушдингларми? Важоҳатларинг шундан далолат беряпти?! – дея баланддан келган бўлди. У дам ҳеч бир тайинли ишда ишламайдиган, дурадгорликдан унча-бунча хабари борлиги туфайлигина учраган битта-яримта мижозининг эшик-ромини, уйининг полини, стол-стулларини, шунга ўхшаш нарсаларни тузатиб берадиган, бошқа майда-чуйда қурилиш ишларини ҳам ўргамчик тарзда қўлидан келганча пала-партиш бажариб уч-тўрт танга топиб юрадиган Тиркаш тирсакка, дам эса қурт еган қуриган таёқдай қилтиллаб турган, қотма, паст бўйли эса-да, “ваҳимаси оламни бузадиган” ‒ ўзини ҳамиша катта олиб қора чигирткадай чирсиллайдиган, бу катта олишда ўзига, кучига эмас, онаси Фаросатнинг ҳимоясига, бировга уни “хафа қилдириб қўймаслигига” орқа қиладиган, айни дамда ҳам ана шу нарсадан кўнгли тўқ бўлгани учун ўзини авзойи бузуқ қилиб кўрсатаётган, иложи бўлса отасининг олдига ўтиб олиб кеккайишга тайёр турган ўғли Сарсон жипириққа аланг-жаланг боқди.
Ўз навбатида бу такасалтанг ўғил ҳам ҳеч қаерда ишламас, “онасининг эркатойи” бўлиб олиб эр-хотиннинг ҳар-хил йўллар билан топиб келтирганларини еб-ичиш, совуришдан бошқага ярамас, ҳатто сўнгги пайтларда ёшгина хотинини ҳам тинч қўймай “яримта” топиб келишни талаб қилавергач, паймонаси тўлган хотини ҳадеб кўзининг ёшини оқизиб онасига боравергач, тоқати тоқ бўлган қайнонаси қизи Тоқатни бўхча-бўхча ўрин-кўрпаси, гилам-палослари, мебел-себели, бир ёшга ҳам тўлиб улгурмаган қизчаси билан олиб кетиб қолганидан сўнг куёвига ҳадя тариқасида бергани қизил рангли “Жигули”ни ҳам сотиб юборган, айниқса шу нарсага чидолмаган Сарсон жипириқ онасига иддао қилаверганидан сўнг, бошқа томондан эса, собиқ қудасига қасдма-қасдликка шу йилнинг баҳорида аскиягузарлик бир қассобнинг алмисоқи, неча ўн йиллаб Кўктерак ва Сайроғочдаги мол бозорига қатнайвергани, ҳар сафарги қатнов чоғида у ерга уч-тўртталаб қўйларни маъратиб ортиб олиб ёки бўлмаса у ердан ташиб келтираверганидан ана шу жониворларнинг иси ҳам кабинасига муқим ўрнашган, яна йиллар, ойлар, кунлар ўз таъсирини ўтказиб, боз устига, ана шу юклар “тинкасини қуритган” – “ҳолдан тойган” эса-да, усти “ялтиллатиб” қўйилган қора рангли “06” русумли “Жигули”сини кейинчалик бошқасига алмаштириб бериш шарти билан “вақтинча миниб туришга” сотиб олиб берган; ўғлининг ягона эрмаги ана шу автоуловни миниб уёққа боришу буёққа келиш эди, холос.
‒ Нега энди бошқалар эмас, айнан Сарсон балконингизнинг тагини супуриши керак экан?! ‒ рангини гезартириб, авзойи бузуқ тарзда сўради Тиркаш тирсак, унинг лўлиларникига ўхшаш қора юзидаги бир-бирига туташиб кетган қалин қошларига қадар бетартиб ёйилган жингалак сочларию зоғ-зоғанникига ўхшаш чақчақчайган қонталаш қўнғирранг кўзлари уни яна ҳам хунук, ваҳимали қўрс кўрсатарди. Яна унинг важоҳатини бузуқ, қўрқинчли қилиб кўрсатишига ўзга сабаб ҳам бор эдики, юқоридан ‒ хотини Фаросатдан ўзини ана шундай тутишликка, ҳеч унга ‒ “калшоирга паст келмасликка” буйруқ ҳам олганди. У ҳамиша хотинининг чизиб берган чизиғидан чиқмасликка уринар, башарти ана шу нарсага амал қилмаса, ёки бирор бир сабаб билан унга қарши чиққудай бўлса, балога ҳам қолиши мумкинлигига жуда яхши ақли етар, ана шу хонадонда доимий истиқомати учун эса юқоридаги таомилга амал қилиши талаб этилар, акс ҳолда бу Фаросат дегани унинг кунини кўрсатишдан ҳам тоймас, Тиркаш тирсакни эса бир пайтлар отасининг иродасига қарши ўлароқ, у сира олиб беришга рози бўлмагани ана шу “қурама танноз” санаганига илакишиб қолиб: ”Ўламан саттор, шундан бошқасига уйланмайман!”, деб икки оёғини бир этикка тиқиб туриб олгач, отаси уни уйидан қувиб солган, шу-шу у уйига қайтмаган, хотини шўронинг охирги йилларида мана шу уч хонали матлубот ҳиссадорлари уйини сотиб олгач, биргаликда турмушларини изга солишга уриниб келардиким, “ота уйи”га гарчанд унинг ўлимидан сўнг онасини кўргани ё бўлмаса акасига иши тушгани, ёинки битта-яримта қўлидан келадиган ишларни бажариб бериш учун борса-да, аммо онаси эрининг васиятига амал қилиб “қурама таннозни” у хонадонга яқинлаштирмасликка сўз бергани боис, у фақат бир ўзи ё бўлмаса ўғил-қизлари билан бирга қатнаб юрарди. Аммо сўнгги пайтларда Фаросат болаларига ҳам у ерга бормасликни уқтиргач, Тиркаш тирсакнинг ўзи ҳам эски ҳовлиларига унда-бунда борар, мана шу хонадонга, мана шу хотин-бола-чақасига боғлангани, хотини Фаросатга оҳанграбодек ёпишпб қолгани важидан, бирга кетишаётганида эса аёлининг чап тирсагидан ушлаб юриш одати борлигини пайқаган мана шу кўпқаватли уйда яшайдиган ўзи қатори ҳамтавоқ, ҳамшиша ошналари ва ён-атрофдагилар унинг орқасидан кулиб қўйиб “Тиркаш тирсак” дейдиган бўлишди-ю, у шу-шу Тиркаш тирсак бўлиб кетди. Хуллас, у ва ўғли Сарсоннинг важоҳати бузилиб тушишларига сабаб бир томондан ичкилик ичиб олганлари бўлса, бошқа томондан эса, опа-сингиллар ана шу йўсин уларни “қайраб” тушириб юборгандиларким, ўғлига “гард юқтирмаслик”ни ҳам тайинлашни унутмагандилар…
‒ Буям меҳнатга қайишсин-да! Са-аал эгиладиган, са-аал у-бу ишга қарашадиган, са-ал одам меҳнатининг қадрига етадиган бўлсин-да! – деди Анвар Шокир, ана шу дакки-дашномига, насиҳатомуз сўзларига қўшимча равишда: “Бу арзандангларга арақ ичишдан бошқа нарсани ўргатмаяпсизлар-ку! Ахир, сизлар, бир пайтлар зиёлиликнинг даъвосини қилиб юрганлардан эдинглар-ку?! Яна устига, уч-тўрт кундан сўнг рамазон ойи киради, бу ерлар ҳам сал озода, саранжом-саришта туриши керакми? Биз ўзбеклар ‒ мусулмонлар яшаётганларидан далолат бериши керакми, ахир?! Қачонгача тепадан истаган чиқитларингни ташлайверасизлар? Қачонгача бу номаъқулчиликлар давом этаверади?!”, демоқликка ҳам тараддудланаётганди, туйқус юқоридан пастга ошиқиб тушаётганларнинг шанғиллаган овози эшитилиб, бир маҳал Фаросат йўлак ичидан отилиб чиқди, унга эргашган синглисининг ҳам нияти яхши эмаслигини авзойи кўрсатиб турарди.
Фаросат эркаклар қатори арақ ичган, шу сабабдан оқ-сариққа мойил япалоқ юзи синглисиникидан-да қизарган, пистақиранг қисиқ кўзлари катталашиб, қирғизқовоқлари одатдагидан бўртиган, бунинг устига, бу ғазабнок, бу аламзада, бу хасад-хусумат уруғи фасод боғлаб қачондир ёрилиши шундоққина кўриниб турган заҳар-заққумга монанд авзосидан қўшнисига нисбатан кек-адовати шу бугунники эмас, кечаги ҳам эмас, балки анча йиллардан бери давом этиб келаётганини ҳам пайқаш мумкин эдиким, гўё бошқа сафар имконият туғилмайдигандай, қулай фурсатни қўлдан бой бергудай бўлса, афсус-надоматлар чекадигандай, айнан шу бугун унинг додини бериши керакдай, шу бугун у билан ҳисоб-китоб қилиб тиз чўктирмаса бўлмайдигандай бир вахший, дарғазаб қиёфада турарди. У ўзининг бутун хатти-ҳаракати, диққат-эътиборини, феъл-атворидаги бор бадкирдорликлари, бор қабиҳликлар ва разилликларини ана шу нарсага йўналтиргани учун ҳам титраб-қақшаб қон истаётган, рақибини ғажиб ташлашга тайёр турган ваҳший ҳайвон мисоли ёвузлик, жанжал-суронни хоҳлаётганини мана шу башараси, мана шу ҳолати ифшо этарди. Яна унинг юзидаги майпараст-ичкиликбозга айланаётганини ошкор қилувчи қизилликдан, безбетлик ва нопоклик, аёллик қиёфасини аллақачон йўқотиб улгургани, яна бу шарм-ҳаёсидан мосуво бўлиш билан бирга башараси хунуклашиб, одамлик сиёҳидан ҳам айрилаётгани шундоққина кўриниб турарди. Унда озгина инсоф, диёнат бўлганида аввалбошда эри ва ўғлини ичкилик ичишдан қайтарган, унинг оқибатини, фожеаларини тушунтирган бўларди, билъакс ўзининг зиёлилигини ҳамиша пешлашни яхши кўрадиган фаҳм-фаросатли аёл худди ана шундай йўл тутарди; у эса ўзига ана шу майпарастлик иллатини йиллар давомида ўргатиб келган эри Тиркаш тирсак ва ўғлига қўшилиб бу нарсага ружу қўйганидан кейин, ортиқ нима ҳам дейиш мумкин?! У айни дамда ўзидан-да бадкирдор, ўзидан-да маккор, ўзидан-да палид қиёфали синглисига орқа қилиб, икковлашиб пастга тушириб юборганлари эри ва ўғлига ҳам парво қилмай кўзларининг ола-куласини чиқариб, оғзига келган бемаза, бепарда сўзлар билан қўшниси Анвар Шокирга дўқ ура кетди:
‒ Сен нега менинг ўғлимга балконингнинг тагини тозалатмоқчи бўляпсан? А, хўвв… сендан сўраяпман?! Сен мараз катта бўп қолдингми ? Бир еринг ўсиб қолдими, сен жа…нинг!
Анвар Шокир ҳали ҳеч кимдан бундай ҳақоратни эшитмаганди. Фаросатнинг дабдурустдан пастга тушиб уни шармсизларча “мараз” дейиши, оғзига келган бундан-да ёмон, ношаърий сўзларни қўллаб эркакларча сўкишидан бутун вужуди ларзага келиб, борлиғи титраб кетди. Ўз шаъни, эркаклик ғурури топталганига чидолмади, эҳтиросли, ҳиссиётчан одам эмасми, ўзини босиб қололмай:
‒ Ҳе, тилинг кесилсин-а, бемаза! Мен сени неча йиллардан бери биламан-ку, ахир! Ўзингни “мараз” дейдилар, ўзингни ҳалиги ишлатган сўзинг билан атайдилар!.. – дея дарғазаб бир авзода жавоб қилди, бу ҳам етмагандай, бу ҳам фосиқага камдек кўрингани боис, яна ғадабга олди:
‒ Йўқ, ёлғон айтаяпманми? А, сендан сўраяпман?! Ёлғон дегин-чи?!
Фаросатнинг кайфи ўчиб кетди. Унинг ўтмишидан хабардор бўлган Анвар Шокир сўнгги йиллардаги қадам олишларини ҳам кузатиб юргандек, ана шуларнинг барчасидан воқифдек, барчасини шу дамда тўкиб-соладигандек, барчасини унинг яқинлари олдида ошкор этадигандек кўрингани боис, кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди, ўзи ҳам ўйламагани, етти ухлаб тушига кирмагани ваҳималар гирдобига тушди. Унга, айниқса, Анвар Шокирнинг: “Мен сени неча йиллардан бери биламан-ку, ахир!”, деб заҳарханда таъна қилиши қаттиқ таъсир этган, бундай дейишининг тагида бир пайтлар, шўро даврида, ҳали ўн гулидан бири сўлиб улгурмаган даврларда дорилфунунда, кафедрада ишлаб юрган кезларидаги Маркс Темирович билан кўргани ҳодисани ёхуд унинг шогирди саналган Марди Ибодовичнинг унга осилиб юриб-юриб, якунда тўнини тескари кийиб олгани борми, ваъдани қуюқ бериб: “Сенга уйланмасам фалон бўлай!”, деган мазмундаги аҳду паймонларни қилиб қўйиб, кейинчалик ўзининг устозига душман бўлган одамнинг омадсиз, на илмда ва на бошқа соҳада ҳеч бир иқтидори бўлмаган, ана шунинг учун ҳам ўқишни бир амаллаттириб тугаттирган отаси уни ўша даргоҳнинг хўжалик бўлинмасига ишга жойлаб қўйишга муваффақ бўлган-у, бироқ у ношуд ўша ерда ҳам ўзини яхши томондан кўрсатолмай, ўша ерда ҳам ўзига ўхшаган битта-яримта ҳамтовоқларни топиб, қайсидир йўл билан уларга яқинлашиб олган Марди Ибодовичга ўхшаган пихини ёрган учарга йўлиқиб, унинг измидан чиқмайдиган хизматкорига айланганини, охир-оқибат Фаросатни дунёдаги энг бахтли аёлга айлантирмоққа, “илм осмонида ҳам порлатмоққа” сўз бериб, бир нарсаларга эришиб қорнига боласини солиб улгургач эса, шимилтириқни шимиб-шимиб тахир ери қолганида тупуриб юборгандек, унга ҳам ана шундай муомала қилиб мана шу бўш-баёв, сўтак Тиркашмирзага “ошириб юбориб” ўзи талай баҳоналарни рўкач қилиб шаҳардан ғойиб бўлганини-ю, кейинчалик барча ишлар у ўйлагандек, у режалаштиргандек амалга ошиб, қилмишининг излари ёпилиб, қанча қорлар ёғиб улгургач, бу орада устози Маркс Темирович ҳам дунёдан кўз юмиб кетгач, яна улкан шаҳарда пайдо бўлиб ҳеч нарса кўрмагандек, ҳеч нарса бўлмагандек қайсидир бир вазирликка жойлашиб олганини орқаворотдан эшитган эди-ю, бироқ қанча уринса ҳам у билан гаплашишга, бутун дардини тўкиб-сочишга, шу баҳонада унинг кўмагида бошқа ишларини ўнглаб олишга, “илм осмонида парвоз этолмаган” эса-да, унга мийсоқ берган “суюкли Марди акаси” уни “илм чўққисига” чиқазолмаган эса-да, ҳечқурса ўша номарднинг кўмагида номзодлик диссертациясини ёқлаб олишга эришмоққа анча уринган эди-ю, аммо-лекин бахтга қарши замона талатўп бўлиб, бу орада қизи Сапира дунёга келиб яна истаги истаклигича қолиб кетди, кейинчалик бўлгани бўлди… Ана ўша Марди Ибодович билан шўро йилларидаги саргузаштлари ошкор этилиб қолишидан, буни наинки ёнидагилар, балки шу дамда уларнинг тортишувларини ҳар чеккадан кузатаётган бошқа қўшнилар ҳам эшитиб, унинг ана ўша ўтмишига ва бугунига тааллуқли ўзга кирдикорларидан ҳам хабар топишларидан қаттиқ қўрқиб кетганди. Яна жазавага тушиб қўшнисини ҳақоратлаб айтиб юборгани бепарда сўзлари алал оқибат ўзининг бошига бало ёғдириши мумкинлигини, опа-сингил икковининг сўнгги йиллардаги баъзи бир хуфя ишлари, оммадан яшириб келаётган қилмишлари ҳам фош бўлиб шармандаликка учрашлари ҳеч гап эмаслигини ўйлаб қолган, ана шундай “хангомалар” юз бериши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини ҳам таҳмин қилган Фаросат нафақат қўни-қўшнидан, балки шериги, ҳамтовоғи санагани синглисининг ўзидан ҳам чўчиган эдики, шу ерда синглисининг ўзидан яшириб юргани баъзи бир сирлар ҳам очилиб кетиши мумкинлигини, башарти ана шу нарсалар очилиб кетгудай бўлса, ораларига совуқчилик тушишини, боз устига, синглиси уни аяб ўтирмай қасд олишдан ҳам тоймаслигиини, бу эса алал-оқибат анча кексайган, эндигина бола-чақалар ташвишидан қутулдим деган онасига ҳам бориб етиб катта жанжалга айланиб кетишини, икки ўртада опа-сингил орасида, умуман Ўртаовулдаги катта оилаларида кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеалар содир бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиб, бу нарсалардан қаттиқ қўрқиб, “капалаги учиб” кетса-да, аммо калласига келган “ялт” этган фикрдан фойдаланиб қолиб нафақат Анвар Шокир, балки синглиси Таманноз, эри ва ўғли олдида ўзини оқламоққа, яна барчаларини чалғитмоққа тутиниб, дарров айёрлик йўлига ўтиб қўшнисига паст келишни истамагандай, уни енгмоққа жазм қилиб:
‒ Буларни сенга хотининг айтгандир-да, а? Ўшандан чиқади бу гаплар!.. –деб Осиёни ўртага қўшиш орқали бир томондан ҳақиқатда ҳам ўзининг ўша пайтлардаги, Маркс Темирович қўлостида ишлаб юрган кезлардаги қилмишларини беркитишга уринса, бошқа томондан эса, қўшниси Анвар Шокирнинг: “Мен сени неча йиллардан бери биламан-ку!”, деб ана ўша ўтмишига, ўтмишидаги нафақат эри ва ўғли, ҳатто синглиси Таманноздан ҳам яшириб келгани “нозик жиҳатларга” ишора қилганини, шу билан бирга уни ғадабга олиб: “Йўқ, ёлғон айтяпманми? А, сендан сураяпман? Ёлғон дегин-чи?!”, деган тагдор шаъмалари ундан-да хавфлироқ туюлгани, ундан-да махфий сақлашга урингани, айниқса, синглиси Таманноз билиши керакмаслигини эри ва ўғлига, умуман кичик оиласидагиларга қаттиқ тайинлагани, башарти билгудай бўлса наинки унга, балки ўғли Сарсонга ҳам қийин бўлишини, чунки у бу ишни айнан Сарсон учун қилганини нафақат ўғлига, балки эри ва қизларига ҳам уқтирганини, шунча пайтдан бери синглисидан сир сақлашга урингани, унинг собиқ эри Элмарсга боғлиқ воқеанинг ҳам ошкор этилишидан қўрққан; чунки у собиқ топормон, ўзига тўқ куёви синглиси билан келишолмай ажрашиб кетганидан сўнг ҳам у билан алоқани узмаслик ниятида турмушга чиқолмай уйида ўтириб қолган қизликдаги бир дугонаси билан таништириб қўйишни мақсадга мувофиқ билган, ҳатто уларни уйига ҳам таклиф этиб меҳмон қилган, албатта бунинг эвазига Элмарс уни қуруқ қўймаган, кўплаб яхшиликлар қилиш, уни яқин-атрофдаги боғчага ишга жойлаб қўйиш билан бирга совға-саломлар ҳам берган, шунинг баробарида ўғли Сарсонни уйлантираётганида, кейинчалик эса хотини қизчасини олиб кетиб қолганида, қайнонаси ўзи совға қилгани автоуловни ундан тортиб олиб сотиб юборганида, ўрнига анави аскиягузарлик қассобнинг “Жигули”сини харид қилиб олиб беришда моддий ёрдам ҳам берган, бундан эса ҳеч қандай эваз талаб қилмаган, фақат Фаросат у билан таништириб қўйгани ва унда-бунда уйига меҳмонга таклиф қилиб турганлари дугонаси билан бирга йўлакдан пастга тушиб кетаётганларида икки-уч бор қўшниси Осиё рўпараларидан чиқиб қолгани, табиийки у эркакнинг илгарилари синглиси Таманноз билан уникига келиб юрганини, у Тиркаш тирсакнинг божаси эканлигини билгани ҳолда, кейинчалик синглиси билан келишолмай ажрашиб кетганини Фаросат пастки қаватидаги қўшнисиникига тушиб муносабатларини яхшилашга уриниб юрганида айтиб берган, Осиё эса унга жавобан ҳеч нарса демаган эди-ю, бироқ энди собиқ куёвининг бошқа жувон билан уникига бир эмас, бир неча бор келганига, серқатнов бўлиб қолганига таажжубланиб лаб тишлаб ўйланганини, ўша дамда не хаёлларга борганини ўзича чамалаб, башарти Осиё ўша кўрганларини эрига айтган, “гуллаган” бўлса, эри ҳозир ана шуларни ҳам бетига солишидан чўчиб кетиб шу йўлни тутган, бошқа томондан эса, барча айбларни қўшнисининг хотинига ағдариш баҳонасида ёшликдаги қилмишларини ҳам хаспўшлашга, гўё буларни ўша кезлари у ишлаган дорилфунунда ўқиган Осиё хасад-хусуматдан, уни кўролмай эрига айтиб берган; шунинг учун ҳам Анвар Шокир баланддан келиб, хотинининг иғвосига учиб унга туҳмат ёғдираётгандек қилиб кўрсатишга уринган, хуллас, бир ўқ билан бир неча қуённи уришни кўзлаганди.
Анвар Шокир дорилфунунда ишламаган, у ерда фақат кечки бўлимда ўқиб, кундузи таҳририятларда фаолият юритгани учун Фаросат ва Маркс Темирович ўртасидаги ўзи мақолани ўқиттиргани олиб борганидаги ўша номаъқул ҳодисанинг гувоҳи бўлган, лекин Марди Ибодович ва унинг ишқий саргузаштлари, алал-оқибат биринчиси ойимчадан қочиб қутулиш мақсадида ўзи туғилиб ўсган музофотга кетиб қолганию икинчисининг Тиркашмирзага рўпара қилиниши ‒ “унга узатилиб юборилиши” билан якун топганини, кейинчалик туппа-тузук одамларнинг фарзанди бўлган, унинг қайнотаси Тўлқин Турсунзоданинг яқин таниши эканини, ўша илм даргоҳининг тарих куллиётида катта нуфузга эга бўлган, кейинчалик дорилфунунга раҳбарлик курсиси талаш бўлган йиллари Маркс Темировичнинг асосий рақибларидан бирига айланган, аслида эса ўша даврнинг илғор фикрли олимларидан саналган, ўғлининг номақбул ишидан, мана шу бемаъни аёлга йўлиққанидан, тўғрироғи, ана шунга рўпара қилинганидан, яъни ундан устозининг қасдини олиш мақсадида Марди Ибодович томонидан “ана шу иш ташкиллаштирилиб” , шу йўл билан тарихчини наинки маънан, балки жисмонан ҳам азобга йўлиқтириш мақсадида ношуд ўғли Тиркашмирзага мана шу ойимчанинг “кўндаланг қилиб қуйилиши”ни асосий рақиблари тарафидан “уни гўрга тиқишга мўлжалланган фитна” сифатида тушуниб, душманларининг мазкур қабиҳликларидан не бир изтироблар, не бир азоб-уқубатлар чекиб умрини поёнига етказган, ёруғ дунёдан кетар чоғида эса хотинига тайинлаб: “Тиркашмирзани уйга қўйсанг қўйки, аммо анави “алвасти-мочағарни” хонадонимга сира яқинлаштирма! Худди гўримда тикка тураман-а! “ , деб васият қилиб кетганидан Анвар Шокир илгарилари хабардор эмасди, лекин бир сафар қайнотаси Тўлқин Турсунзода дорилфунундаги “айрим қуюшқонга сиғмайдиган ишлардан, раҳбариятдаги айрим фитналар”дан оғиз оча туриб, ўзига яқин олиб юргани ана шу тарихчи ошнасининг фожеий қисматидан ҳам сўзлаб берганида улар Хончорбоқда яшашар, ҳали бу ерларга кўчиб келишмаганди. Қачонки бу ерга кўчиб келиб аёлларга эҳсон тариқасида “уй тўйи” ўтказганларида, бу тадбирга таклиф этилган Фаросат янги қўшнилар ўртасида баҳосини ошириб, яна ўзининг жуда ўқимишли оилага келин бўлиб тушганини дараклаб, тантанавор мақтаниб қайнотаси фалончи машҳур олимлигини пеш қилганидагина Осиё отаси Тўлқин Турсунзодага яқин тарихчи ошнасининг ўғли мана шу Тиркаш тирсак эканини, унга бевафолик қилган эса, ҳадеганда янги қўшни аёлларга орасида ўзининг мавқеини баландларга кўтаришга уринаётган, шу йўлда тубанликка боришдан ҳам чўчимай “қандай қайнотанинг келини эканини!” ҳам таъкидлашгача бориб етган Фаросатлигини билиб улгурганди-ю, бироқ булар ҳақида эрига чурқ этмаган, “Билса билди, билмаса ёпиқлик қозон ёпиқлигича тургани яхши, фақат бундайин бемаврид, бировнинг ўтмишига тааллуқли хатосини фош этувчи гап-сўзлар мендан чиқмасин”, дея эҳтиётини қилган, кейинчалик булар ҳақида ўзга ердан, бўлак одамлардан эшитган Анвар Шокир қулоғига чалинган турли мишмишлардан оғиз очганида, хотини Осиё ўзини бу нарсаларга эътибор бермагандай, булардан хабари йўқдек тутган, ҳатто булар ҳақида отасидан эшитганларини ҳам эрига айтмаганди. Ҳозир эса Фаросат бутун айбини ҳеч нарсадан хабари йўқ деб билган, башарти билган тақдирда ҳам бундай ноқобил, бемаъни, тутуриқсиз одамларга тегишли бўлар-бўлмас гапларни, яна бу гаплар ана шуларнинг ҳулқ-атворларига, бемазагарчиликларига бориб тақалгудай бўлса, сира оғиз очмайдиган, бундай номатлуб ишларни ўзига эп билмайдиган аёлига тўнкаётганига, бу аёли эса фақат оиласининг келажаги ва фарзандларининг бахт-саодати, иқболини деб ўзини ўтдан-чўққа уриб юрган, шу билан бирга мактабда ўқувчиларга илму ирфон беришдек савобли ишга умрини бағишлаган ҳокисор, бировга фақат яхшиликни тиловчи фидойилигини билгани боис, Осиёга ўзининг бор айбларини, бор мағзавасини ағдармоқчи бўлган Фаросатдан яна ҳам ғазабланаркан:
‒ Хотинимни орага қўшма! Хотиним сенга ўхшаб бемазагарчиликлар қилиб юргани йўқ! У мактабда болаларга илм беряпти, уларнинг одам бўлишлари учун жонини жабборга бериб келяпти! ‒ деди, ана шу жумласи билан у фосиқа билан хотини Осиёнинг ўртасида осмон билан ерчалик фарқ борлигига, шунинг учун ўзининг шалтоғини унга ағдаришга сира ҳаққи йўқлигига ишора қилди, ана шу нарсани Фаросатнинг бетига айтиш орқали асли башарасини, аслида ким эканлигини ҳам ошкор этган, унинг ўзига уқтириб қўйган бўлди.
Шу пайт Сарсон жипириқ қўшнисининг онаси Фаросат ҳақидаги сўзларига ишонмагандай бир тарзда, ҳарҳолда ўзини ана шундай қилиб кўрсатиб, уларга тегишли бўлган, атрофи кўкат девор билан ўралган боғчанинг кохурангга бўялган тунука эшигини тепиб қўрқитмоқчи, ўзининг ҳам бу ерда борлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. У илгарилари ҳам онасининг қадам олиши бежо эканини балодай биларди-ку, аммо ўзини билмаган қилиб кўрсатар, у онаси қайси йўл билан топса ҳам унинг пулини шилиб олиб ўз нафсининг ҳою-ҳавасларига сарфлашдан бошқа нарсани ўйламас, шунинг учун ҳам қандай йўлда юргани, нима ишлар қилаётгани билан қизиқмас, бу нарсалар билан отаси ҳам қизиқмаётганига, онаси ана шу нарсага йўл бермаётганига ажабланмасди ҳам; у отасини барча ишларда айбдор санагани, онасини тергашга ҳатто унинг ҳам ҳаққи йўқ деб билгани учун ҳам онаси бу нарсаларни у ва сингилларининг ҳаётини яхши томонга ўзгартириш учун қиляпти, ана шунинг учун ўзини ўтдан-чўққа уриб юрибди деб ҳисоблар, қолаверса, уни кузатиш ёхуд тергашни ўзининг вазифаси деб билмас, бу нарсага қизиқиб ҳам кўрмаган, онасининг ана шундай ишлар билан ҳам шуғулланиб юришига ҳеч нарсада йўқ нодон, ношуд, ўлгудай сўтак отасини айбдор санагани учун ҳам онасини ўз ҳолига қўяр, истаган иши билан шуғулланишига, хоҳлаган тарзда яшашга ҳаққи бор деб билар, ана шунинг учун ҳамиша, барча ишда унинг тарафдори эди. Шу туфайли ҳозир ҳам ҳеч нарсадан хабари йўқ бир қиёфага кириб, олиб ўзича инграб, ўзи ва онасини жабрдийда қилиб кўрсатишга уриниб:
‒ Бўлмаган гап! Сира ундай эмас!.. ‒ дея ўшқирди, аммо Анвар Шокирнинг бетига тик қарай олмади, қўшнисининг онасига нисбат бериб айтган сўзлари жахлини чиқариб юборганини ошкор қилмоқчи бўлиб, боз устига, ўзининг қандай ҳам ориятли, нафсониятли бир йигит эканини кўрсатиб қўймоқ илинжида тағин тунука эшикни икки-уч бор тепди, бўлак ишга унинг кучи ҳам, уқуви ҳам етмади.
Отаси Тиркаш тирсак эса ҳеч нима дея олмади. У ҳеч нима дея олмасди ҳам. У хотини Фаросатнинг саёқ юрганида ёхуд ана шунга ўхшаш номаъқул ишларни қилаётганида ҳали ушлаб олмаган эди-ю, бироқ аёлига арақ ичишни ўргатган, бу бемазагарчиликка мажбурлаган ҳам унинг ўзи эди. Баъзида кечга томон хотинининг бир ўзи, бошқа сафар эса синглиси Таманноз билан бирга ясан-тусан қилиб кетишлари диққат-эътиборини тортса-да, ўзини ҳеч нарсани сезмагандай, билмаган кишидай қилиб кўрсатарди. “Қаерга кетяпсизлар? Нечун бу ясан-тусан, нечун бу атир-упа ‒ нечун бу таралла-бедод?!”, деб суриштиришга, опа-сингилларни тергашга тили айланмасди, журъат қилолмасди, фақат хотини Фаросатнинг ялтироқ тилла тишларини кўрсатиб хиринглаганча: “Адаси, биз фалончи дугонамникига туғилган кунга кетяпмиз, кечроқ қайтамиз!”, деган мазмундаги хитобнамо сўзларига “лаққа тушгандай” ишониб, берган “ҳисоботидан” қаноатланиб, яна уларга, айниқса қайнисинглиси Таманнозга тегажаклик қилгандайин йўсинда : “Ҳа-аа, ўша ёққами? Яхши бориб келинглар! Аммо-лекин кўча-кўйда битта-яримтаси Таманнозга қитмирлик қилишига йўл қўймагин Фарос, худди мендан кўрасан-ааа!”, деб бир томондан қайнисинглисига, бошқа томондан эса хотинига ҳазил қилган бўларди, гапнинг якунида эса ҳақиқий танти, жўмард эркакларга ўхшаб, ўзини ана ўшалардан деб билиб оғзининг икки чеккасига қадар узайтиргани ингичка мўйловини силаб туриб: “Қайтишда битта “яримта” олволиш эсдан чиқмасин-а! Худди уйга киргизмайман!”, деб огоҳлантириб опа-сингилларни қўрқитишни ҳам унутмасди.
Ўз навбатида қайнисинглиси поччасининг гўли-гумроҳлигидан, ақалли бир оғиз арзирли сўз билан икковига дакки-дашном бериб қўйиш ҳам қўлидан келмаслигидан, ҳатто ана шу ишга ҳам ярамаслигидан, уқуви йўқлигидан ижирғаниб, унинг ўзини таҳқирлашга ўтиб: “Шу мўйлов ўлгурни опамнинг қош терадиган пинцетида текислаб олиб дуч келган гапни вайсайвераркансизда, а почча? Шу сизнинг танглайинигизни арақ ўлгур билан кўтарганларда! Бошқа нарсаларни суриштириш эсингизга келмасаям шугина ўлгурни сўрашни, талаб қилишни сира канда қилмас экансиз-да! “, дея силталаб уришиб берар, бу хатти-ҳаракати билан унинг ўринсиз ҳазилига чек қўйган бўлар, яна ортиқча сўроқ-суруштирувига ҳам ўрин қолдирмасди. Қайнисинглисининг ундан норозиланишидан эмас, балки силтаб уришиб беришидан, яна бу ҳам етмагандай, юрагига наштардай санчиладиган, унинг эркаклик ғурурини топтаб ташлайдиган пичингларидан, қочирим-кинояларидан чўчиган Тиркаш тирсак сигарет чекаверганидан сарғимтир-қорайиб кетган синиқ-мертик тишларини қўрсатиб ёқимсиз илжаярди-да, ортидан эса ярми бўғинини арра кесиб кетган ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини мўйлови ва бурни оралиғига қўйиб ўша ерини ишқаларкан: “Бошқа нимани сўрай, Таманно? Ҳали вино ичиш даражасига тушганимча йўқ-ку! “, деб ўзини оқламоққа уринарди. Ҳақиқатда Тиркаш тирсак бошқа нимани ҳам сўрарди! Ҳа, тўғри-да, у хотини ёхуд қайнисинглисидан бошқа нимани ҳам сўрасин?! Бошқа нарсани сўрагудай бўлса у ойимча поччаси сўраган ўша нарсага ҳам гап топиб бериб уни мазах қилишдан тўхтамас, тек турмас; хотини Фаросат эса бобиллаб беришини ёинки “ўзи сотиб олгани “хаппий-ҳалол” уйи”дан Тиркаш тирсак деганларини қувиб-солиши ҳам ҳеч гап эмасди! Шунинг учун унинг дами ичида, оилада вазифаси, роли арзимас эди, фақат хотини ва бола-чақаси учун пул топиб келса бўлгани, ортиқ нарсани даъво қилиш қўлидан келмас, келган тақдирда ҳам уни уддалай олмас, у Фаросатга ана шунинг учун керак эди холос, унинг роли шу билан тугарди. У бошқа нарсаларга ‒ фарзандлар таълим-тарбияси, юриш-туриши, ўзини тутиши, одоб-аҳлоқига аралашмаган, аралашомасди ‒ хотини бунга йўл бермасди, хулласи, наинки хотини, балки фарзандлари ўртасида ҳам унинг қадри паст, ота ўрнида кўришмасди уни!..
Қўшнилар жанжали яна ҳам авж олиши мумкинлигини сезган Таманноз айёрлик ишлатиб орани юмшатиш йўлига ўтаркан, опаси Фаросатга норозилангандай бир қиёфада боқиб:
‒ Э-ээ, қўйинглар энди! Си-ииз ҳам қўйинг-да! – деб уни жеркиб берган бўлди, шунинг баробарида ер остидан унга имо-ишора қилишга ҳам улгурди.
Унинг мазкур ишорасида: “Нима қиласан ўзингни сирингни ошкор этиб?” , деган яширинча маъно-мазмун борлигини на опаси, на поччаси ва на жияни Сарсон жипириқ сезмади-ю, бироқ Анвар Шокир пайқади, ана шу пайқагани учун ҳам: “Ёмо-оон илоннинг ёғини ялаган-да, бу Таманноз деганлари! Айниқса, мана шуниси хавфли, мана шуниси бўлмағур, опасиям бунинг олдида ип эшолмайди!”, деган ўй кўнглидан кечаркан, дадаси Абдурасул отанинг бирда огоҳлантириб айтган гапи ёдига тушди: “Бунинг синглиси бўлмағур-да! Буларнинг уйини, нафақат буларнинг, бошқаларнинг ҳам уйини бузиб юборишдан тоймайдигани мана шу Таманноз бўлади, мана шу офатдан эҳтиёт бўлиш керак!”.
Фаросат фиғони фалакка ўрлаёзиб синглисига ёзғираркан:
‒ Гапираётган гапига қара! – деди, сал нарида, йўлдан ўтиб кетатуриб уларга анграётганларга, бир-бирларига нималар деб истеҳзоли назар солаётганларга ҳам аҳамият бермади. Унинг совуқ, сур башараси янада хунуклашган, тулкиникига ўхшаш қисиқроқ бўлган сарғиш-кўкимтир оралиғидаги кўзлари косасидан чиққувдек бир аҳволга келган; қорамтир сепкилли, сузлоғичли, айни дамда буқоғи ҳам борлигидан далолат бериб шишиб турган томоғининг томирлари ўқлоғидек бўртиб кетганди.
Унинг ярим қизил, ярим кесакдайин нурсиз юзидан фариштаси аллақачон қочиб кетганини Анвар Шокир боя илғаган, ана ўша илғаган нарсасига қўшимча тарзда: “Нима илгарилари бўлганмиди? Қаёқдан бўлсин? Унда фаришта уёқда турсин, сал шарм-ҳаё, ор-номус бўлса, ана шунга ўхшаган нарсалардан заррача бўлганида отаси тенги келадиган Маркс Темировичнинг қучоғида турармиди?”, деган ўй-мулоҳазаларга борган, бориши заҳоти ўша даҳрий жамият, ўша шўро мафкурачисини нечанчи бор лаънатлар экан: “Мана улардан қолган “мерос”, мана шундай “ёдгорликларни” ташлаб кетган у “аллома устозлари”!”, деб ўша даврнинг айрим зиёлилари қиёфасига ҳам баҳосини берган, ана ўша тарбияни кўрган, ўшандай одамларнинг қўлостида ишлаб, ўшаларнинг яшаш тарзларидан, “ишлаш услублари”дан ўрнак олган, ўшаларнинг фисқу-фужур, турли фитналари, қабиҳликларини кўриб кўзи пишиб кетган, яна устига, ўзида ҳам ана ўшалар яшаб ўтган ҳавас қилиб бўлмас ҳаётга нисбатан мойиллик, ўша ҳаётга хоҳиш-иштиёқи туфайли, алал-оқибат янги – пул ҳукмини ўтказа бошлагани жамиятда яна ҳам бузилиб, мана бундай қутуриб кетганларига, энди ичкилик ичишга, бировни эркакларча ҳақорат қилишга ҳам ўрганган, аёллик қиёфасини йўқотиш даражасига келиб қолган, бу нарсадан уялиб ҳам ўтирмаётганларига яна бир карра иқрор бўлгани, ишонч ҳосил қилгани учун ҳам ана шу хаёлидан ўтган ўйларни ошкор этишга киришиб:
‒ Башарангга қара, башарангдан, турқингдан ҳам опти-ку! – деди, бу сўзларни у қўшни аёлдан жуда нафратланиб, ичдан уни лаънатлагандай овозда, оҳангда баён этди, айни дамда унинг пешонаси тиришиб, қошлариниг чимирилишида, зулукдайин қора кўзларининг ғазаб ўтида ёнишида, бу бемаъни аёл билан келишолмаётганини, бундан-буёқ ҳам сира келишолмаслигининг аломатини фаҳмлаш қийин эмасди.
Таманнознинг юзи опасиникига ўхшаб япалоқ эса-да, у қадар қизил тус олмаган, шундан ҳам у ораларида анча хушёр эканини пайқаш мушкул эмасди. Унинг уккиникига ўхшаш ёниб турган кўзлари чақчайган, айни дамда нимадандир ҳайиққандай ҳавотирли ва қандайдир бир шумликни бошламоққа тутингандай тадорикли, шунинг баробарида дилига ёвуз бир истакни тугиб қўйгандай қаҳрли кўринар, у юрагининг тубида сақлаётгани бадниятини яширишга уриниб ясама табассум қилишга тутинар, аммо худди ана шу афт-ангорида заҳар мисоли чак-чак томиб тургандай кўринаётган табассуми билан у наинки хунукликда, балки дилига яширгани ёвузликда ҳам опасидан қолишмаслиги, ундан ўтиб тушган маккор эканлигига Анвар Шокир шу лаҳзада яна бир карра амин бўлганди.
Бунинг исботи ўлароқ у Анвар Шокирга юмшоқ муомала қилиш илинжида заҳархандалик билан илжайаркан:
‒ Башараларини қўйинг энди, башара нима қилиб берарди?! – деди, ортидан яна уни авраш, юқорида опаси уни эркакчасига сўкканига чидолмаётгани, ана шу нарсадан нафрати жунбушга келиб, ана шу ҳолатдан чиқиб кетолмаётгани учун ҳам опасига бутун ғазабини сочаётганини фаҳмлаб, ҳақоратини унуттириш мақсадида унинг кўнглини кўтаришга, хафачилигини аритишга хизмат қиладиган арзирли сўз топмоққа чоғланаётганди, қўққисдан шу томон шошилиб келаётган Абдурасул отани кўриб қолиб, нима қиларини билмай довдираёзди. Дам опаси Фаросатга, дам эса жияни Сарсонга, ундан эса поччасига кўз югуртириб, уларни ана шу хавфдан огоҳлантирган бўлди. Поччаси Тиркаш тирсакка эса: “Ҳеч бўлмаса оёғингизга шиппак илиб олмовмидингиз? Шундай аҳволда ‒ ялангоёқ тушиб келавердингизми?!”, дея минғирлаб, паст овозда дакки-дашном беришга ҳам улгурди. Бу танбеҳи орқали наинки қариядан қўрқишини, унинг олдида ўзларининг ожиз бир аҳволда эканликларини сездиришни ҳам истамаётганлигини кўриш мумкин эди.
Абдурасул отани кўриши ҳамоно биринчи навбатда Сарсон жипириқнинг пайтавасига қурт тушди. У на ота-онаси ва на холаси Таманноз қарияга бас келолмасликларини яхши билиб, яна устига, ўзи ҳам қочиб юришини, ана шу такасалтанглиги ва ичкиликка ружу қўйгани сабабдан қария уни ўлгудек ёмон кўришини, ёмон кўриш билан чекланмай бир неча бор ёнидан ўтиб кетаётганида атайлаб тўхтатиб тергаганини, одам бўлишликка чақириб дакки-дашном бериш баробарида бирор ишнинг кетини тутишликка даъват қилганларини ҳозир яна бир карра эслаб, устига-устак, қариянинг келиш важоҳатидан чўчиб яқинларидан аввал йўлакка кириб, ёв қувгандай ҳовлиқиб юқори қаватга кўтарилди.
Опа-сингиллар ҳам Абдурасул отанинг чўрткесар, дангалчи эканини яхши билишар, ундан ҳайиққанлари, қария етти маҳаллага эшитгудай овозда улар шаънига бўлар-бўлмас айбларни тақашидан аввал “отни қамчилаш” кераклигини фаҳмлаб, Тиркаш тирсакка, унинг яланг оёқларига энсалари қотиб қараб олишаркан, бирин-сирин имо-ишора билан:
‒ Қани, ичкарига киринг! ‒ дейишди-да, аввал уни олдиларига ўтказиб юбориб, ортидан Таманноз, унинг орқасидан эса Анвар Шокирга ғазабнок бир авзода ғилайланиб кўз югуртириб, нигоҳида: “Мени таъқиб этишни бас қилмас экансан-да! Хап, сеними?!”, дегандай бир мазмунни акс эттириб норозиланиб, яна бошқа таҳдидли маъноларни ифода этган бўлиб, бошини чайқатганча Фаросат ҳам ичкарига кириб кўздан ғойиб бўлишди.
Анвар Шокир Фаросатнинг сўнгги қарашида, ана шу қараши жараёнидаги кўнглидан кечган ўйларида ҳам ўзига нисбатан ёмон ниятларни фаҳмлаб улгургандай авзода улар ортидан қараб туриб: “Хе, одам бўлмай ҳар нарса бўлларинг!”, дея пичирлади, сўнг эса отаси келаётган тарафга ўгирилди.
‒ Ҳа, Анвар, тинчликми? ‒ ўғлига яқинлашганда сўради Абдурасул ота, аммо юқори қаватдаги бемаъни қўшниларнинг уни кўришлари ҳамоно пилдираб йўлакка кириб кетганларини, кўздан ғойиб бўлганларини пайқаб, бу ерда тинчлик эмаслигини, улар билан ўғли орасида бирор гап ўтганини дарров сезди.
‒ Ҳеч гап йўқ! ‒ уни тинчлантирмоққа уринди Анвар Шокир.
Абдурасул ота ўғлининг гапига ишонмади. Унинг девордай оқарган юзига, ҳазин, айни пайтда безовта, қизариб кетган кўзларига жиддий, синчковлик билан тикилишини қўймай:
‒ Ҳеч гап йўқ эмас, борга ўхшайди, ўғлим! Фаросатнинг анави тавия синглисига кўзим тушди, ҳойнаҳой ўша бир нарсани бошлаган кўринади, шундайми? ‒ деди.
Анвар Шокир отасининг ўша ойимчани “тавия” дейишига, топиб айтган ўхшатишига зўрма-зўр илжаяр экан :
‒ Йўқ, дада, у эмас! ‒ деди, ортидан чуқур хўрсинди, пешанасини тириштирди.
Ўғлининг хўрсиниғи ва пешанасини тириштириши Абдурасул отага салбий таъсир этиб, юрагини эзди. Ўғли ундан бир нарсани яширишга уринаётганини фаҳмлаб:
‒ Ҳа, деявер! Ўша буларникига келганида опаси Фаросат одатда қутуради-да! ‒ деб ўз фикрини изоҳлади, шунинг баробарида узун енгли йўл-йўл оқ кўйлагининг кўкрак чўнтагига тўғноғич билан тўғнаб қўйилган занжирли соатини чиқариб кўз югуртириб оларкан, яна суриштирди: ‒ Ораларингдан қандай гап ўтди? Айтавер, беркитма!..
‒ Манави гулзорга қаранг, ҳаммаёқни расво қилишибди! Анави арақ шишиаларини пастга улоқтирганлари ҳаммасидан ўтиб тушди! Нима, пастдагилар одам эмасми? ‒ қўшниларидан астойдил ранжиганини, ранжишдан ҳам бурун ғазабланаётганини ошкор этди Анвар Шокир, эҳтиросли одам эмасми, ана шуларни сўзлаётганида овози ҳам ҳазин, ҳам нафратомуз оҳангини ифшо этиб тўлқинланиб, тебраниб кетди. Буни ич-ичидан ҳис этгани учун ўзини маълум маънода хўрланган, қадр-қиймати топталган санади, ана шу руҳда, оҳангда қўшимча қилди: ‒ Неча марта айтаман: ҳе, шу ишни қилманглар деб… Йўқ, атайин жиғимга тегиш мақсадида бу номаъқулчиликларини давом эттираверашади, ҳеч бас қилгилари келмайди! Яна ичиб олганларига қаранг! Анави опа-сингил ҳам қип-қизариб олибди, ота-боладан қолишмайди!..
Абдурасул отага ўғлининг куюнчаклик билан сўзлаши ўз таъсирини ўтказиб, ҳалиги қочиб кириб кетганлардан жахли чиқса-да, аммо у бу ҳолатини иложи борича яширишга уринди. Мумкин қадар хотиржам, босиқ бўлишга тиришиб: “Шунга шунча ваҳима қиласанми? Ўзингни сиқишга арзимайди бу нарсалар!”, дея ичдан ўғлига ўгит бераркан, ана шу дилидан ўтган ўйларни кўзларида ‒ нигоҳида ҳам акс эттириб:
‒ Буларга гапириб барака топмайсан, ўғлим! Кошки булар бировнинг гапига кирса, шу тўғри айтяпти, кел, шунинг гапига кирайлик, деса! Йўқ, аксини қилишади ‒ буларган теккан касал, азалдан ана шу нарсага ўрганиб қолганлар! Шунинг учун булардан нари юрганинг дуруст, ҳўпми ўғлим? ‒ деди, ўзининг бу ҳитобнамо ўгитларини, панд-насиҳатларини шундоқ ҳам авзойи бузилиб турган ўғлига иложи борича юмшоқ оҳангда тушунтирди.
‒ Нари юрганинг дуруст дейсиз-ку, дада, лекин тепангда яшаганларидан кейин қаёққаям қочиб бўларди?! ‒ отасининг фикрига қўшилмагандай оҳангда сўзлади Анвар Шокир, шунинг баробарида отасидаги аввалги довюраклик, чўрткесарлик ва тўғрилик қайгадир ғойиб бўлиб, ўрнини муросасозлик ва қўрқоқлик эгаллагандай кўринди ‒ ундаги ана шу қусур билан ичдан келишиолмади.
Абдурасул отага ўғлининг билағонлик қилиши маҳмадоналик бўлиб кўрингани важидан ёқмади, шу боис унга қовоғини уюб қараб:
‒ Отанинг сўзига кирадилар! Мен бир нарсани билмасдан гапирмайман!.. ‒ деди, пича тек тургач, изоҳ бергандай йўсинда сўзида давом этди: ‒ Шунча йиллар шу ва шунинг “устозлари” билан келишолмай бир нарсага эга бўлдингми? Бир нарсага эришдингми?! ‒ у ана шулардан ҳам хабардорлигини, ўғлининг ўзи ана шулар ҳақида сўзлаб бериб бундай тоифалардан нафақат эҳтиёт бўлиш, балки нари юриш, булар билан баробар олишиш ҳеч бир фойда бермаслигини, фақат обрў-эътиборга футур етказишини; бундайлар илгарилари ҳам, ҳозирда ҳам кўплаб учрашини унга нолигандай тарзида ёзғирганларини эслатди, ана шу эслатиши баробарида мавзуга ҳам якун ясаган бўлди.
Анвар Шокир отаси нозик еридан олганини, унга Маркс Темирович ва унинг шогирдларидан саналган Шариф Юнусов, Фотиҳ Бобохон, яна бошқа уларнинг тарафдорлари, гумашталари қанчалаб эзгу-мақсадли, илғор фикрли зиёлиларга қарши турган, улар йўлига тўғаноқ бўлган ана шундай кимсалар ҳақида илгарилари ҳам сўзлаб берганларини; ҳозир отаси ўшалардан хулоса чиқариб юқоридаги сўзларни айтаётганини фаҳмлаб тилини тийиб, тишлашга мажбур бўлди. Чор-ночор унинг сўзларини маъқуллагандай бош чайқатиб, қариянинг хаёлини чалғитиш мазмунида сўради:
‒ Ўзинигиз қаердан келяпсиз, дада?!
Абдурасул ота яна соатига қараб оларкан:
‒ Диний идорага бордик. Муфтий қоғозимизга птичка қўйиб берди. Масжидимизни рўйҳатга олинишига қаршилиги йўқлигини тасдиқловчи маълумотномани назарда тутяпман-да! Ҳамма гап Адлияда қолди. У ерга анави ўрис кампирни бошлаб бормоқчимиз!
‒ Қайси кампир? Анави, йўлнинг нариги бетидаги тўққиз қаватлида яшайдиган Кутепованими?!
‒ Ҳа-да, бу атрофда ундан бошқа закончи йўқлигини биласан-ку! Қонун-қоидани яхши билади, шунинг учун биз билан боришликка розилик берди…
Анвар Шокир ҳозир бўлиб ўтган машмашани пича унутиш, шу баҳонада отасининг ҳам кайфиятига таъсир ўтказиш мақсадида унинг сўзларини бўлиб, ярим жилмайиб туриб:
‒ Илҳом закун бор-ку, дада! ‒ деди.
Абдурасул ота ҳам ғайришуурий тарзда кулиб юбориб:
‒ Ўшани қандай қилиб масжиддан қувиб юборганимни сенга айтиб берибмидим? ‒ деб сўради, айни паллада ўғлининг ҳам ҳолати ўзгарганидан, юзига қон югуриб бўлак нарсалар ҳақида ўйлай бошлаганидан мамнун бўлди, сўзида давом этди: ‒ Ўша-ўша у сафсатабоз масжидга яқин йўламайди, мени кўрди дегунча нариги кўчага қочадиган одат чиқарган! Биладики, рўпара келгудай бўлса, яна ўзига гап орттиради!
‒ Уям бир пайтлар, шўро даврини назарда тутяпман-да, босмахонада ишлаган, ўша марказий нашриёт босмахонасида. Мен уни ўша ерда кўп бор кўрганман, ‒ деди Анвар Шокир.
‒ Уям бир бало қилиб ўша ердан инвалидликка чиқиб олган экан, ўзи айтиб берувди, ‒ деди Абдурасул ота, бу жумласи ўғлига қаттиқ ботганини, у ўйланиб қолганини кўриб тилини тишлади. Ана шунинг учун ҳам энди у ўғлини чалғитишга, шу баҳонада дардини унутишга мажбур этишга ошиқиб, юқоридаги ўрис кампир мавзусига қайтиб: ‒ Уни қўявер, у ўзини закунчи қилиб олган! Аммо мана бу бизнинг кампир ҳақиқатда қонун-қоидаларни, амалдаги законларни яхши билади, шунинг учун бизлар билан бирга боришга рози-ризолик билдирди, ‒ деб маълум қилди, бунга қўшимча равишда ўғли сўрамаса ҳам яна бир муҳим ишга шошилаётганини дараклади: ‒ Ҳозир Сафохон, мен, Тошмурод нонвой уччовимиз анави Сафохондан масжид ҳужжатларини тўғирлаб бераман деб пулини шилиб олганникига ўтиб келмоқчимиз. Норбобо аканинг вақти йўқ экан, йўқса униям бошлаб бормоқчийдик…
‒ Шунақа эзгу ишга ёрдам бериш учун ҳам пул оладими? ‒ зўрма-зўраки кулди Анвар Шокир, унинг хаёлини яна юқори қаватидаги қўшнилари банд этди. “Бу ярамасларни барибир участкавойга айтиш, ёзиб бериш керак, бир танобини тортиб қўймаса бўлмайди, яна бунақа машмашалари қайтарилаверади!”, деб ўзига-ўзи ақл ўргатган бўлди, аммо дилида кечган мазкур ўй-мулоҳазаларини отаси сезиб қоладигандек чўчиб, тағин истеҳзоли жилмайиб юқоридаги фикрини тугатди: ‒ Одамларнинг қўрқмаганини қаранг, масжиднинг ҳужжатларини тўғрилашгаям пора сўрайдилар-а!