скачать книгу бесплатно
Ҳафсала қиссаси эринмай ўқир.
Асарни қучоқлаб, топасиз дўстни,
Инқишоф этасиз ўзгача олам.
Тагига етасиз ёлғону ростни,
Жозиба бағишлар бадиий калом.
Ақлан ва маънан юксалиш сизда,
Нутқингиз фасоҳат чархидан ўтар.
Эшитган маънони англайди тезда,
Билимдон инсонни давралар кутар.
Бахт сари элтади жамланган билим,
Нафосатга шайдо айлайди ашъор.
Ўқиган донишманд, маданий, ҳалим,
Дилида ҳамиша яхшилик шиор.
Дўст каби китобни танламоқ лозим,
Олди-қочдиларга бўлманг ишқибоз.
Фикратни бойитар асарга таъзим,
Тарихий таснифлар ёзилмиш мумтоз.
Азалдан қиссахон, ғазалхон ўзбек,
Навоий, Бобурлар мероси давлат.
Қанча алломалар ўтишган буюк,
Маърифат бу юртда бардавом қудрат.
ИНОЯТ
Қувончларга ташна эрур зор кўнглим,
Тушовда беором ҳаёл бедовим.
Ломакон мулкида мунисам, мунглим,
Оғушига олган тунлар ўйловим.
Ҳаловат улашар қўнғироқ саси,
Ғуборли кундузим ёришар гўё.
Ёлғизлик дунёнинг мангу гадоси,
Тириклик буржида муайян рўё.
Эминда, ёлчибон яшай олмадим,
Оёғим қобартти юрганим йўлим.
Амалдор, бадавлат, афсус бўлмадим,
Керилиб юришга калтайди қўлим.
Қоғозу қаламни мўътабар билиб,
Ёзишни саодат атабман, эвоҳ?!
Давлатманд ёзмаслар мийиғда кулиб,
Жаҳонга солурлар шоҳона нигоҳ.
Миллиард ёрмоқлар кимларга чақа,
Хорижда саройлар, йўқ, ҳисоби йўқ.
Ҳайрият, кифоя бизда нафақа,
Маошга қуриб қолмайди сўлиқ.
Ижоддан муддао ўзи не турур,
Олтинми, кумушми… Писандга илмас.
Шоирга, адибга, бас, етар ғурур,
Калта ипки, гарчи, бойловга келмас.
Тақдири насибдан ким ютар, билмам,
Борларнинг ошиғи олчидир бу кун.
Тирикман, ёзишни лек канда қилмам,
Аллоҳ инояти шундадир тўкин.
ЖАРАЁН
Аямай ишладим, аяшдиларми,
Тайёрдим жонимни қилмоққа нисор.
Суриндим, йиқилдим, суяшдиларми,
Кишига керакдир далда, ғамгусор.
Тарихни варақланг, бунга мисол кўп,
Инкорни пеш қилар мудом фалсафа.
Бечора ҳолига тушган қанча хўб,
Танимай қўйганлар дўсту ҳамсафо.
Ҳашамат, назокат кераги йўқдир,
Анжуман, ҳайъатлар истамас кўнгил.
Қалтайиб, соғ юрса бас, кўнгли тўқдир,
Руҳи равон, сўрса укалар, сингил.
Кимларда боқувда эски ҳасадлар,
Яшаб турганингга куярлар ичи.
Жам бўлса, қўзғошар фисқу фасодлар,
Болалаб кўпайган қасд ила ўчи.
Улардан ўлиб ҳам қутилмоқ қийин,
То иблис бор экан, яшарлар аниқ.
Иғво, бўҳтон, туҳмат – қуроли тайин,
Эсга келмас дўзах гулҳани ёниқ.
Қулоққа чалинар бадбин қилмишлар,
Тасалли айтурман ўзимга ўзим.
Ёмон эмас, дейман, қилганим ишлар,
Элимнинг олдида ёруғдир юзим.
Курашдан безганман, бўлсинлар ғолиб,
Дунёни кўтариб кетмаслар, охир?!
Кун келар, ажалга бўлурлар мағлуб,
Аллоҳ қудратини қилажак зоҳир.
ТАШРИФ
Бахтнинг этагини тутганлар, айтинг,
Иқболни энтикиб кутганлар, айтин.
Шоҳона асарлар битганлар, айтинг,
Мақсудига комил етганлар, айтинг.
Осон бўлмагандир саодат йўли,
Ранжитгандир, балким, рақобат йўли?
Текис эмас, одамзод сабот йўли,
Ҳам жозибали, ҳам синоат йўли.
Ёнма-ён сиз билан келяпман бу кун,
Йўл юриб, нимадир биляпман бу кун.
Омадни ахтарув қиляпман бу кун,
Гоҳо йиғлаб, гоҳо куляпман бу кун.
Узанган сўқмоғим тўсдилар атай,
Қароқчи зўрайиб, ўсдилар, атай.
Камонин ҳозирлаб, пўсдилар, атай,
Умидим чинорин кесдилар, атай.
Адашдим сарсона, саҳрода, чўлда,
Манзил сароб эди ўнг ила сўлда.
Ҳамду сано, шукрим ифода тилда,
Ҳавони чангаллаб турардим қўлда.