скачать книгу бесплатно
Бахшичилик – санъат, мактаб. Тарихи минг йилларга туташ бу мактаб ҳақида сўз очганда Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пулкан шоир, Фозил шоир, Ислом шоир, Абдулла шоир, Умир шоир… Қодир бахшилар кўз олдимизга келади. Улар ўзининг сеҳрли сози, ширали овози билан минглаб, миллионлаб қалбларни ҳаёжонга солган. Устозлар йўлини тутиб, шундай гўзал анъанани давом эттираётган, кўнгилга чинакам маънода соз ва сўз сеҳрини жо этаётган забардаст бахшилардан бири – Қаҳҳор бахши Раҳимовдир.
Қаҳҳор бахши Раҳимов 1957 йилнинг 2- февралида Деҳқонобод туманининг Хўжамаҳмуд қишлоғида бахшичилиқда донг таратган машҳур Қодир бахши Раҳимовнинг хонодонида дунёга келди. Бахшичилик Қаҳҳорнинг қонида бор. Қаҳҳор бахшининг онаси Мопархол опа унинг болалигини шундай ҳикоя қилади.
–Дўмбира Қаҳҳорнинг эгизаги десам хато бўлмайди. Раҳматли эрим йўргақдаги Қаҳҳорни бир суйса, созини икки суярди. Қаҳҳор кўкрак ёши чоғида ўчоқ бошида куймаланиб, тандирга олов қалаб юрганимда йиғлаб қолса, отаси раҳматли соз чалиб овутарди. Сизга ёлғон, менга чин, дўмбира садоси янграши билан йиғлаб турган чақалоқ тиниб, оҳангга қулоқ тутганча бир зумда пишиллаб уйқуга кетар, сўнгра отаси:
– Онаси, йиғлоқи ўғлинг ухлади, – дердилар.
Шу – шу Қаҳҳор дўмбирадан бир қадам ҳам узоқлашмади. Оёқ чиқарганидан отаси мактабга ( у киши мактабда ўқитувчи бўлиб ишлардилар) кетганда дўмбирани попугидан ушлаб судраб юрарди.
– Бунинг бир куни дўмбирамни синдириб қўяди, – деб койинардилар отаси. Тўрт ёшга кирганида бўйига мослаб, қошиқдан сал катта дўмбира олиб бериб қутулдилар. Қаҳҳор бахши ёшлик чоғларини қуйидагича ифодалайди.
– Уйимизда тез – тез бахшилар гурунги, гап – гаштак бўлиб турарди. Ҳеч бўлмаганда отамнинг беш – олти жўралари келиб:
– Қодир, янгиларидан айтиб бер – дейишар, отам онамга қозонга ўт қалатиб, овқат тадорогини кўрдирар, сўнгра дўмбира чертиб, достон айтишга тушардилар.
Меҳмонхонамизга айвондан ўтиб кириларди. Кўпинча менга хонадан жой етмаса, шу ерда ўтириб олардим.
Ҳам соз, сўзнинг унчалик фаҳмига етмасамда, давра тарқамагунча жойимни тарк этмасдим. Шундай гаштакларнинг бирида меҳмонхона тўлиблар кетди. Кўпчилик ичкарида жой етишмаслигидан айвонда чордона қуриб ўтиришди. Мен ҳам уларнинг сафига қўшилиб олдим. Отам шу куни ҳар кунгидан ҳам жўшиблар айтди, дўмбира сайради десам кам бўлар, бир парча ёғоч нолалар қилди.
Ўтирибман, вужудим зир қаҳшаб, достоннинг охири кўринмас, одамлар тарқалишни хаёлларига ҳам келтирмасди. Олти ёшли гўдак, туриб кетай десам даврани кўзим қиймайди, тун ярмидан оққанда уйқу элитибди. Онам секингина кутариб, жойимга келтириб ётқизибдилар. Кўп ўтмай уйғониб кетибман, дўмбира овози баландлагандан, баландлаб борарди, сакраб ўрнимдан туриб:
– Достон эшитмоқчи эдим, мени ким бу ерга келтирди? – деб хархаша қилган чатағин даврага бориб қўшилибман.
Отам бирров ҳовлига чиққанларида яна кўзим илинган экан.
– Болангга қарасанг бўлмайдими, – деб онамни койибдилар.
– Нима қилай, боя жойига кўтариб келгандим, уйғониб кетиб, тоза ғингшиди, охири "Бор-ей, уйқудан қолсанг ўзингга", деб чиқариб юбордим.
Отам:
– Бунингнинг қулоғи дўмбирадан бошқа нарсани эшитмайди. Майли сен дамингни олавер, Қаҳҳорни ёнимга олиб кираман, ётса ичкарида ётар, – дебдиларда,мени меҳмонхонага олиб кирибдилар…
– Мен достон куйлашни бешикдалик чоғимдаёқ ўрганганман, – деди Қаҳҳор бахши отамерос дўмбирасини созлай туриб-отам қирқ ёшга тўлганида бахшичиликнинг энг юқори поғонасини забт эта олган. Негаки шу ёшида мамлакатимиз бахшилари орасида энг кўп – 74 та достонни ёд олган ва эл орасида куйлаган. Рости, дўмбиранинг саси қон – қонимга сингиб кетган. Бусиз ҳаётимни тасаввур этолмайман.
– Болалигимизда уйимизга Қашқадарё ва Сурхондарёнинг барча туманларидан отамнинг шогирдлари тез – тез келиб турарди. Тонгга давур достонлар куйлашарди. Отам ўзи раҳмдил, бироқ талабчан устоз эди. Қай бир шогирдини баҳсу беллашувда рағбатлантирса, бошқасини жазоларди. Жазога тортилган шогирдларини айтишувдан сўнг алоҳида олиб қолиб, батафсил тушунчалар берар, узр сўрашни ҳам унутмас эди. Отамнинг ана шу хислатларими, шогирдларига ёқиб тушиб, устозидан ҳеч ҳам хафа бўлмасди. Аксинча, атрофида парвона бўлаверарди. Отам шогирдларини, баъзида мени ҳам ёнига олиб, ҳафталаб, ойлаб элнинг тўю маъракаларида хизматда бўларди. Бу эса биз учун "Маҳорат мактаби" вазифасини ўтарди. Нимаики ўрганган ва билган бўлсам, отам ва шогирдлари ёнида юриб, илғаб олганман. Отам зеҳнимга кўп бора тасанно айтгани ёдимда. Бугун шогирдларимдан ҳам шуни талаб қиламан. Чин бахши халқона бўлади. Халқона дегани бу туғма талант дегани. Бахшига Худо истеъдод бермаса бахши бўлмайди.
Қаҳҳор бахши, умуман, Раҳимовлар сулоласи ҳақида гап кетганда, дастлаб унинг падари Қодир бахши Раҳим ўғли, бобоси Раҳим бахши, катта боболари Жоббор бахшиларни эсламасликнинг сира иложи йўқ. Негаки, улар ҳаёти мазмунини бахшичилиқдагина деб билмасдан, халқ оғзаки ижоди маҳсули саналган достон, лапар ва термаларни устозларидан пухта ўрганиб, келгуси авлодга етказишда кўприк вазифасини ҳам ўтаган. Қаҳҳор бахшининг тоғалари – Ражаб бахши, Нормурод бахшилар ҳам бахшичилиқда ном таратган, "тўрғай" овоз соҳиби бўлишган. Термаю достонларни маромига етказиб куйлаган. Демакки бахшичилик Қаҳҳор бахши Раҳимовлар сулоласининг қонида бор бобомерос дўмбира ҳеч қачон ерда қолмагай. Улар – бахшичиликнинг ҳақиқий усталаридир.
Қаҳҳор бахши отасига атаб марсия ёзган: У "Кўринмас" деб номланади. Бу марсияда Қодир бахшига хос хислатлар маҳорат билан куйланади.
Чўлда карвон келяпти, олдида нор кўринмас, Осмонда булутлар кўп тоғларда қор кўринмас. Давом этар йиғинлар атрофларга қарайман, Келбатли, салобатли Отажоним кўринмас.
Карвон юрса йўлларда йўл бошлаган нор эди, Бахшилар бел боғлашса, ҳар йиғинда зўр эди. Ҳурматли эди элда, барча баробар эди, Ор талашган сардорим эл ичида кўринмас.
Оқшом бошлаб достонни, қирқ кечада биткариб, Алпомишни Ойбарчиннинг висолига еткариб, Ёш – қарининг қалбидан бор армонни кеткариб, Тебраниб куйлаётган денгиз отам кўринмас.
Гўрўғлини ўйнатиб толғир отга миндириб, Боғ эрамда Мисқолнинг юрагини ёндириб, Зарба қилса арчанинг танасини синдириб, Сел каби оқаётган тошқин дарё кўринмас.
Овозидан қув ёғоч мева боғлар шохига, Ҳай – ҳай деган товуши етар Кўтан товига, Мамизига Гўрўғли ташлар эди ёвига. Чин берилиб куйласа тоғу – тошлар йиғларди,
Тулғониб куйлаганда музлар оқар сел бўлиб, Гар ёғочни мақтаса очиларди гул бўлиб, Даврадаги чолларнинг кўз ёшлари кўл бўлиб. "Қунтўғмиш"ни айтганда нор отам йиғларди.
Достон айтса баланд тоғ силжиб келар қошига, Ҳавас билан кўп булут соя солар бошига, Ҳатто метин тошларни келтирарди ҳушига, Гоҳ хўрланиб куйласа полвон тошлар йиғларди.
Минг нағмада чертарди қўлидаги созини, Тоғдай маънога буркаб гапирарди сўзини, Овозга соз қўшарди қўй топгандай қўзини, Жамиратиб айтганда кўкда қушлар йиғларди,
Боғбон эди гулларга гуллар ўсиб барқ урар, Қодир бахши номини асрларга топширар, Фарзанди, шогирдлари сел мисоли жўш урар Улуғ бахшини эслаб гўдак ёшлар йиғларди. Норинг ўлса норчанг бор юкинг ерда қолмайди, Бегинг ўлса бекчанг бор соз эгасиз бўлмайди, Қаҳҳор бахши отланса мисол яшин келмайди, Хафа бўлма ўзбегим жоним Ўзбекистоним.
Йиллар карвони из солиб ўтаверди. Кунлардан бир кун Қаҳҳор қисматига бахшиликнинг нони ёзилганини дилдан ҳис қилди.
– Отам ҳақида гапирмай қўяқолай, онамнинг алласини бир эшитсангиз эди. Бу овозда оналарга хос меҳр-муҳаббат, аёлларга хос мунг, дилларни ўртагувчи оҳанг бор эди. Онам алла айтганларида қўни-қўшнилар ҳам, шу яқиндан ўтиб бораётганлар ҳам эшиқдан сездирмай қараб туришар экан. Ўзимизнинг қишлокку майли, ҳатто қўшни қишлоқлардан ҳам оналар йиғлоқи болаларини олиб келиб, онамга алла айттиришарди. Мактабга бориб, саводим чиққандан сўнг мен "ўғри"га айландим. Йўқ, бу бировларнинг мол ҳолини умариш маъносидаги ўғрилик эмас эди, отам ишга кетишлари билан астагина, ҳатто онамга ҳам сездирмасдан у кишининг хоналарига кириб олар, тун буйи қилган ижодларини ўқир, давомини ёзишларини сабрсизлик билан кутардим. Айни ўша кезларда мен ўқиганларим таъсирида дўмбира чертиб, хиргойи этишни одатга айлантирдим. Гапнинг сираси, қулоғим отам чертган дўмбира оҳанглари билан очилди, ғазалхонлигим онамнинг алласидан нолаларини эшитиб шаклланди, бахшилигим "Алпомиш"ни тинглаб юз кўрсатди. "Алпомиш" катта мактаб экан, мукаммал мактаб экан. Бахши бўламан дегани уни тинглаб, мисраларини ёд олиб, оҳангларга жўр бўлиб шу йўлга тетапоя қилар экан. Мен ҳам "Алпомиш" билан давраларга кириб келдим. Отамнинг етовида, у киши айтган достонларни, у киши ижод қилган термаларни куйлаб аста-секин эл дилидан жой топиб бордим.
Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера: