скачать книгу бесплатно
Волиданинг жигарбандидан ҳеч ажралгиси йўқ эди. У дилбандининг юз-қўзидан телбаларча ўпар, пичирлаган кўйи бир нималарни тинмай фарзандига уқтирар эди.
Сайфиддин нуридийдасига қараб:
– Бек онам, дедикларингизни илло уқтим. Бас, ортиқ йиғламанг, хавотир бўлманг,– деди.
– Хўп, энди йиғламагаймен. Роббим бошқа йиғлагулик қилмасун!
Хонсултоннинг норинж мисол зафарон юзи баттар синиқиб, дарду алами қорачиғида мунг каби қотди. У кўз ёшларини артиб, жигарбандини бағрига босган кўйи охирги бор уқтирди:
– Ҳар не бўлса бўлсин, ўғлум, иймонинг ва ақлингдин айрилма зинҳор. Суринар бўлсанг, йиқилмасликнинг чорасини кўр. Магарам йиқилар бўлсанг, юз карра қувватга дўниб тур. Фақат сен чўкма. Ва зинҳор ким эканинг унутма. Дедикларимни унутма!
У ўғлини яна маҳкамроқ қучди, аммо барибир чорасиз она унсиз йиғларди. Нуридийда селлари сира тўхтай демасди. Волиданинг жигарбандидан ажралгиси йўқ эди ё, ҳу!
– Бекам! Бекам, дейман, шошмасак бўлмас ахир!
****
Чорак соат ўтар-ўтмас ридога ўралган майит ичкарига киритилди.
Хонсултоннинг овози бутун оламни тутиб кетди.
Эртаси куни миш-миш тарқалди. “Хонсултоннинг боласини илон чаққанмуш, бояқиш бола тил тортмай ўлипдур!”
Иттифоқо, Сайфиддин исмига ўранган майит Жўжига етказилди.
Орадан уч кун ўтгач, улуғ хон Чингиз амр этди:
– Хоразмшоҳлар хонадони қатл этилсин. Кимсага шафқат лойиқ кўрилмасин!
Амрга кўра, банди шаҳзодалар қатл этилди. Шу тариқа Муҳаммад Хоразмшоҳ асилли Ануштегинийлар сулоласига тенгсиз футур етказилди. Хоразмшоҳнинг онаси Туркон Хотун Чингизга жория сифатида тортиқ этилди. Султоннинг хотинлари эса Чингизий шаҳзодаларга тақсим этилди. Хоразмшоҳнинг ёлғиз қизи Хонсултон Жўжи маҳрига топширилди.
****
Асад исми билан муваққат яширилган Сайфиддин, Ҳадичанинг оғаси паноҳига берилдики, “наққош” лақабли Ҳамза ғоят эътиқодли, ҳам қўли гул Гурганжлик бир ҳунарманд эди. У бўғажили туркманлардан бўлиб, Чингизхон Мовароуннаҳрни забт этгач, бир тўда ҳунармандлар қатори Мўғулистонга олиб кетилганди. Синглиси Ҳадича эса Хонсултоннинг тоабад содиқ хизматкори эди.
Ҳамза шаҳарма-шаҳар беркиниб, кўп сарсон бўлди. У Сайфиддинни паноҳида муҳофаза қилар экан, атрофда изғиган хуфялар таҳликаси кун келиб, уни ошкор этишини билгани учун бу юртдан чиқиб кетиш чорасини излай бошлади.
Субҳ тун зулматини ёриб чиқар маҳал салот ўқиш онлари яқинлашаётганини англаган Ҳамза дафъатан уйғониб, даричадан ташқарига мўралади. Ёруғлик шуъласи тобора кўк равоқига кўтарилаётгандек эди. Субҳи козиб, уни фажри козиб ҳам дейишади; бу ўз исми билан чиндан ёлғончи тонг бўлиб, бу пайтда ёруғлик қуйидан юқори томон кўтарила бошлайди. Ҳамза субҳи козиб – ёлғончи тонгга алданиб қолмаслик учун вақтни кутмоқни афзал билди.
Энди ёруғлик кўндалангига тарқала бошлади. Айни мана шу фурсатни – ёруғлик ёнлаб ёйилаётган онларни субҳи содиқ – фажри содиқ, янаям аниқроғи “рост тонг” дейишади. Бу асл фаслдир – бу вақт салот ўқиш фаслидир. Бу фаслнинг исми Бомдоддир.
Бомдодни ўқиб бўлгач, Ҳамза ҳужрани бир қур айланиб чиқди, сўнг хонтахта устида милт-милт ёнаётган шам ёнига келди. Дарича оралаб тонгги сабо ичкарига кирган маҳал, Ҳамза енгил тортди. У ухлаб ётган Асадга назар солиб, “Cен ўз нафаси ичига бўғилиб ўладиғон заволли эмассен. Шукрки, Чингизнинг жон олғувчи қиличидан омон чиқдинг. Аслинда сен, бешафқат ўлимдин қочиб қутулдинг. Ҳали омон-омон замон келадур ва сен улғайгайсан! Шуннин сўнра асл жавонмард йигитга дўнгайсан”, деди.
Уйқу ичра ғаму ташвишларни тамом унутган Асад эса ҳобгоҳда бир маромда тин олиб, ҳамон ухлар эди.
Бомдоддан сўнг Ҳамзани уйқу тутмади. Усти юпун эмасми, жунжикди. Кийимлари орасидан жомасини олар маҳал, қай бир тугун пастга сирғалиб тушди. Жомани елкасига илиб, тугунни очди ва шу маҳал шам ёғдусида олтин тангалар ярқираб кетди. Бу олтин тангалару ёмбилар ичида Хоразмшоҳлар хонадонига мансуб, эндиликда Асад исмига яширилган Сайфиддиннинг таҳликали ҳаёти пинҳон эди гўё. Ҳамза Хонсултон жўнатган бу тангаларни сафар олдидан қай йўсин беркитиб олиб чиқиш чорасини излай бошлади.
Оғудан ўткирроғи, шамширдан кескирроғи йўқ, дейишди. Бу аслида нисбий фикр эди. Заҳардан ўткири, қиличдан-да кескири ақлдир, илло оғу ва шамширни ақл ва иқтидор эгалари ўйлаб топмишлар. Инсон боласи умри давомида ўткинчи ташвишлару ожиз ўйларнинг комида қолиши тайин. Шунда уни ўша ёвуз ўпқон комидан фақат ўткир ақли ва букилмас иродаси омон олиб чиқа олажакдир.
Ҳамза керакли анжомларини чорсига маҳкам тугиб, сўнг хуржунларига жойлай бошлади. У шу тариқа ўзига-ўзи неларнидир уқтириб, йўлга ҳозирлик кўрди.
Бугун карвон йўлга чиқажак. Улар бунда қарвонга қўшилиб, олис-олисларга кетмоқни мақсад қилдилар.
Ниҳоят, икковлон кўпнинг қаторига қўшилди.
Карвон бошида бўйнига қўнғироқлар осилган нортуя издиҳоми карвонни ортидан эргаштириб, олдинга томон йўл солди.
Бул карвон орасида Ҳорун исмли савдогар ҳам бор эди, у келгуси савдо ришталарини боғламоқ истаб, олис турк бекликлари томон жўнаётир эди.
Бозоргон Ҳорун, кўплаб тижорат шаҳобчаларидан иборат савдо масканига ўзига содиқ бўлган Аббос Шошийни бошчи этиб, ўзи йўлга чиққанди.
Улар бунда узоқ йўл босишди. Икки кун ўтиб, қуёш асрга оғар маҳал, ер тагидан отилиб чиқаётган булоққа дуч келишди. Ўзида абру найсонларнинг шаффоф томчиларини мужассам этган булоқ, не тонгки, на ўзидан жилға ҳосил қилган ва на-да ирмоқ. Унинг биргина маслаги саҳро йўловчиларининг чанқоғини қондирмоқ эди.
Аввалига карвон аҳли навбат билан идишларига сув ғамлади, сўнгра туялар бир-бир суғорилди. Булоқ, чиндан, бу саҳродан ўтаётган йўловчиларнинг оби ҳаёт чашмаси эди.
Булоқни ортда қолдириб, карвон яна йўлга чиқди. Аравада бир маромдаги чайқалишига ҳамоҳанг бораётган Сайфиддиннинг кўзига уйқу илинди… Бир маҳал арава қаттиқ силкиниб, Сайфиддин чўчиб уйғонди. Шунда у йўл азоби не эканини англай бошлади. Аслида қайси йўлни босиб ўтмоқда у? Нега унинг шоҳона ва сокин ҳаёти йўқчилик ва мудом нотинч йўл азобига алмашди? У ҳаётининг қайси мавсумини яшаб ўтмоқда ўзи? Англай олмасди. Ҳа, шундай: аслзода эди у, эндиликда саройда кечган доруломон ҳаёти қумлар ўпқонига кўмилди ва у буткул чорасиз кимсага айланди.
Улар чошгоҳдан сўнг бир карвонсаройга етиб келишди. Хизматкор ҳужрага овқат олиб кирди. Икковлон танаввулдан сўнг ётишга чоғланди.
Бозоргон Ҳорун ҳам карвонсаройга етиб келганига шукр қилмоқда эди. У хос хонага жойлашгач, таомланмади: йўлда бошланган қорин оғриғи ҳали ҳам тингани йўқ. Ҳоли мадори қолмаган эса-да, савлатини зўр бериб базўр тутиб турарди. Ошқозони зирқираб оғрир, шу важдан азобланиб, чуқур-чуқур нафас оларди. Хизматкори табиб суриштириб, карвонсарой ҳожасидан кўмак сўради.
Ҳоруннинг ҳарорати кўтарилиб, ўт ичида ёнаётганини кўрган ҳожа ҳам ўзини қўярга жой тополмай қолди. У зудлик билан табиб олиб келмоғини хизматкорига буюрди.
Тез орада хаста ҳузурида ҳозир этилган табиб ҳароратни туширмоқ учун малҳамдори ичирди. Беморнинг ҳолини синчиклаб кузатиб, оғриқ тафсилотларини обдон суриштирди. Бемор малҳам таъсирида ором олгандек бўлди ва ҳориб уйқуга кетди. Кўзини очганида кун пешиндан оққан эди.
Аҳли карвон бугун бунда қолиб, эртаси тонг саҳар яна йўлга чиқади.
Карвон ўтар маҳали итлар аёвсиз ҳурди. Ҳорун итларнинг жағи-жағига тегмай тинимсиз аккиллашини яхшиликка йўймади. У ҳадиксираб, нимадир дегандек бўлди.
Улар карвонсаройдан ҳали олислаб кетишгани йўқ. Йўл ёқасида бир тўда болалар чуғурлашади. Қўйларини ўтлатиб юрган бу чурвақалар тобора ортда қолишди.
Саксовулзорга етиб келишди. Мана, улар юлғинзордан ўтишди.
Ҳамза жимиб қолган Сайфиддинга қараб:
– Ҳолинг нечук? Недин жимиб қолдинг? – дея савол қотди у нақши шамдон адипли яктагининг енги билан пешонасидаги терларини сидирган кўйи.
– Ўзим шундоқ.
– Шундоқ дегин? Ман эсам жимиб қолғонинг-чун хавотир бўлдим.
– Аслида бир хусус бор, – деди Сайфиддин ҳижолатомуз оҳангда.
– Бир турли не деганинг, анламадим?
– Шу-у, пича бўлди тиззамда оғриқ бошланганига…
– Э-э, олдинроқ айтмайсанму? Баласон дарахтидан тайёрланган ўткир малҳам бор эди. Ани дарҳол сурмак лозим, шифо бўладур.
Малҳам таъсирида Сайфиддиннинг тиззасидаги оғриқ пасайиб, жони ором топди.
Бозоргон Ҳорун, таассуфларким, кўзлаган манзили – турк бекликларига омон етиб бора олмади. Воқеа эса бундай бўлган эди.
Бироз ўзига келган Ҳорун яна оғриқ бошланаётганини сезиб, малҳам доридан сўради. Хизматкори эҳтиётсизлик қилиб малҳамни тўкиб қўйганини ҳали билмасди. Эшитгач, унинг бу тутумидан дарғазаб бўлиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Олис йўл босар экан, ошқозонида бошланган оғриқ тўхтамас бўлса, ҳоли не кечади унинг? У табиатан қизиққон ва қайсар кас эди. Хизматкорини койиб турган маҳал жуда олисларда отлар дупури эшитилди.
Қум қати қайнаб, жазирама авжига чиққан кез. Бир тўда отлиқ карвонга яқинлашди. Улар “Бошсиз сарбозлар” номини олган қароқчи мўғуллар тўдаси эди. Зумда қий-чув бошланиб, атрофни қиёмат қўпди. Ҳамза қирғин ҳамласини сезиб, жон қайғусида ўзи билан бирга Сайфиддинни арава остига олди.
Отлиқ мўғуллар қилич сермаб, дуч келганнинг бошини танидан жудо этди. Карвон аёвсиз саваш ичида қолди. Кимдир кимнидир пичоқлади. Барчага жон ташвиши баробар тушди. Арава остида жонини ҳовучлаб, Сайфиддинни паноҳида беркитган Ҳамза нима қиларини билмасди. Уни даҳшат босди. Бир вақт арава ёнига яна бир арава келиб урилди. Ўша пайт туя қаттиқ иҳраган чоғ, бир қароқчи овоз келаётган томонга қаради. Унинг арава остидаги Ҳамзага кўзи тушиб, қилич қайратиб яқинлашди. Ҳамза пичоғини қўйнидан чиқарди. Шу он кутилмаганда сарбоз қиличини Ҳамзанинг кўксига суқди ва у ерга қулади. Жон талвасасида қолган Ҳамза сўнгги мадори билан Сайфиддинга қараб:
– Ўзингни эҳтиёт қил! – деди, кейин афсус ва надомат ичида: – аттанг, сен менга омонат топширилгандинг. Сени қўриқлай билмадим. Кимлигингни унутма, сени Оллоҳга омонат топшира кетурман. – У кўксига қўлини қўйди, аммо дардига малҳам топа билмади. Кўксидан шариллаб қон оқаётганди. Ҳамзанинг бошини еган Монҳ-Орҳил номли қароқчи тап тортмай яна уч-тўрт одамни баравар жувонмарг этди, сўнгра Сайфиддинни олиб, отига ортди.
Атрофни қиёмат қўпган; тил тортмай ўлганлар ва иҳраган туяларнинг саноғи йўқ эди. Қирғин тугаб, мўғулий қароқчилар тўдаси Ҳорун ва унга эргашган савдогарларнинг қимматбаҳо молларига эгалик қилиб, саҳрони тарк этишди.
Нурлар битта-битта йиғиштирилиб, уфқ узра шафақ ҳам умидсиз сўнди. Сайфиддин эса Монҳ-Орҳил исмли мўғулнинг ўлжасига айланди.
Бир маҳал Сайфиддин қаттиқ чўчиб, бехос уйғониб кетди. Атроф жим-жит, чиндан ўлик сукунат ҳукмрон эди. Сайфиддин бир қултум сув истаб, қуруқшаган оғзини очиб-ёпиб ютоқди, шунда томоғи бироз намиққандек бўлди. У сувсизликдан кўп азобланди.
Очликка маълум муддат тоқат этмоқлик мумкиндир, бироқ чанқоққа чидаш мушкул. Ёнида хуррак отиб ухлаётган, халоскори Ҳамзанинг бошини еган қотилга нафрат ичра боқди. Монҳ-Орҳил чиндан ҳазар қиларли даражада бадбашара, ҳам бадбўй кимса эди.
Сайфиддин ундан жирканиб, нари ёнига ағдарилди, сўнгра яна қандай уйқу элитганини ўзи ҳам билмай қолди.
Ишончли манбаларнинг ёзишича, Сайфиддин Кутузнинг асл исми Маҳмуд ибн Мамдуд Сайфиддин эди. У табиатан қўрқмас, кучли, ўзига жабр қилгувчиларга шафқатсиз бўлгани боис унга қопағон ит – Кутуз лақабини айнан мана шу мўғулий сипоҳ Монҳ-Орҳил берган эди.
Тақдири азали уни аввалига Мовароуннаҳрдан Онадўлига етаклаб келди. Сўнгра эса уни Дамашқда қул қилиб сотишди. У мамлук бўлди. У ғуломга айланди, аммо мудом Мовароуннаҳр ёди ила яшади, юрт хаёли билан нафас олди.
Бу мелодий 1221 йилнинг ёмғирли кунида содир бўлди.
Кечадан буён ёмғир ёғавериб, Монҳ-Орҳил ичкарига қамалиб қолди. Хайрият, бугун қуёш чиқди, аммо сал ўтмай тағин булутлар орасига кўмилиб кетди. Ҳам ҳаво аллақандай димиққан, осмон қуёшсиз ва ҳам Монҳ-Орҳилнинг авзойи бузуқ эди. У Сайфиддинга қараб:
– Нега қотиб турибсен! Юр, юр, деймен! – деди ва уни қамчи билан савалай кетди. Сайфиддин оғриқ зарбидан елкалари қисилганча, базўр қадам ташлади. Монҳ-Орҳил шафқатсизлиги билан ном чиқарган мўғулий сарбозлардан эди. У қонли савашларда қатнашавериб, жанг майдонида обдон чиниққан, бешафқат, айни пайтда тажрибали бир жангчи эди.
Орҳил cипоҳига қараб:
– Шуни олиб кир, – деди.
Ўрта бўйли, тепакал ва доим баджаҳл кўринадиган сипоҳ Сайфиддинни туртиб:
– Юр, – деди ўдағайлаб, – санга жойингни кўрсатурмен.
Сайфиддин сўзсиз унга эргашди. Сипоҳ уни чодир ичига итарди, сўнг эшикни ёпиб, кечга қадар қорасини кўрсатмай кетди.
Чодир ичи қоронғу ҳам димиқ эди. Сайфиддин гарангсиб, пича туриб қолди, сўнг тушкун ва ҳорғин бир алфозда чодирнинг бир бурчига бориб чўкди. У ҳали қисматига кўникмаган, қўникмаган сари далли хаёлини мажҳул ўйлар беомон ўртар, ўртаган сари руҳиятида бир ғалаён беомон қўзғалаётир эди.
Бола оғриниб ютунди. Мана шунда хўрлик ва азоб уни баттар сиқувга олди, оғриқ берди. У бамисоли ўйлашдан тўхтаган кимса каби қўлларини бошига олиб борганча жимиб қолди. Орадан икки кун ўтгач, Монҳ-Орҳилнинг навкари Сайфинддин қамалган чайлага тағин уч болани олиб кирди.
Тушлик қилиб бўлгач, Монҳ–Орҳил беҳузур бўла бошлади. У қаппайган қорнини авайлаб ўрнидан турди, ҳаддан ташқари кўп егани боис, қийналиб қадам ташлади. Еган таомини ҳазм этиш ниятида ташқарига чиқди. Қулоғига аввалига аллақандай саслар келиб урилди, бироздан сўнг саслар шовқинга дўнди. Монҳ–Орҳил хавотирланиб, чодир томон юрди. Шовқин асир болалар қамалган шу чодир ичидан келаётган эди. У қадамини тезлатиб зумда ичкарига кириб борди.
Афтидан, болакайлар жанжаллашиб бир-бири билан олишар эди. Муштлашув узоқ давом этмади. Сайфиддин шерикларининг ҳар уччовига-да бас кела олди: рақибларига бирин-кетин мушт тушириб, даф этди. Болаларнинг бири оёқларини ушлаган кўйи чайланинг четида инграб ётарди. Бири эса қон оқаётган бурнини артар экан, Сайфиддинга қараб ғингшинди. Яна бири лол-мим демай, калтак егани алам қилганидан пусиб, нигоҳлари билан ер чизиб турар эди.
Монҳ-Орҳил Сайфиддинга қараб:
– Бери кел, – деди. – Чакки эмассан, қутуз! – дея хохолаб кулди. – Болаларнинг учовига бир ўзинг бас келдинг, яша ўғил бола, қутузсен! – дея Сайфиддинни яна олқишлаган бўлди. – Қутуз не эканин билурмисен? – дея сўради.
– Билмасмен, – жавоб берди Сайфиддин.
– Қутуз мўғулийда кимcадин қўрқмайдиғон жангари, қопоғон ит, демакдур. Эшитинглар, – дея болаларга юзланди у, – энди анинг исми Қутуздур.
Орҳил чайладан чиқиб кетди. Дами ичига қайтиб, шаштлари пасайиб қолган болалар эса Сайфиддинни шундан буён Қутуз лақаби ила чақирадиган бўлишди.
Тонг ёришган чоғ сипоҳи уларнинг ҳар бирини таёқ билан туртиб уйғотди. Чайладан ташқарига олиб чиқилиб, ёш-яланг бошқа асирлар сафига қўшилди. Мўғуллар асирларни мисоли қўй каби ҳайдаб, олисларга олиб кетишди. Шу йўсинда улар икки кун йўл юриб, карвон йўлидаги деворлари нурай бошлаган кўҳна бир кулбага етиб келишди.
Эртага улар қул бозорига олиб борилади.
* * *
Мўғул даштида тонг ёришди. Саҳар чоғи вужудни жунжиктирадиган салқин борган сари пасайиб, чошгоҳдан кун исий бошлайди. Пешин маҳали, куёш тик кўтарилиб, оламни роса иситди.
Жуфтлашувдан сўнг чиябўри болаларини икки ойдан зиёд қорнида кўтариб юрди. Ниҳоят, у ой-куни яқинлашаётганини фаҳмлаб ўзини авайлаб қолди. Ўзи учун пана жой ахтарди. Чиябўри даштда изғий-изғий чакалакзорга етиб келди. У бир улкан дарахт панасида паноҳ топди. Шу дарахтнинг тагидан ин қазиб, тунни ўтказди. Тонг отгач, инидан ташқарига мўралади. Қорин тўйғизмоқ илинжида чакалакзорда изғий бошлади. Димоғига бир ёқимли ўлжа иси урилди. У шамол олиб келган ҳид манзили томон йўл солди.
Яқин кунларда шу атрофда ёввойи эчки болалаганди. Эчки боласини ёлғиз қўйиб, қаергадир кетган. Ҳали ваҳшийлик не эканини билмаган норасида улоқча уни онаси қолдирган жойда хавф-хатарлардан бехабар бемалол ётарди. Йўқса омонлик истаб курашмасмиди? Чиябўри аввалига кўзлари қўзмунчоқ, эндигина дунё юзини кўрган жонлиққа қизиқсиниб қараб турди, сўнг пусиб у томон тобора яқинлашди. Ваҳший табиат барчасидан устун – дафъатан ҳамла қилди. Бечора ўлжанинг этларини ғажиб-бурдалаб, ямламай ютди. Шу билан нафси ором топди.
Худди шу дам асир болаларга чакалакзор атрофида ҳожат чиқармоққа рухсат берилди. Шерикларидан олислаб кетган Сайфиддин иттифоқо чиябўрини кузатиш билан машғул эди. Алқисса, жондорнинг бу атрофда ўзини ҳоким билиб, кўндаланг тушиб ётгани Сайфиддинниннг қахрини келтирди.
Чиябўри нашъа қилиб керишди ва ҳомуза тортди. Зотан, у атрофда хатар сезмас, унга ҳам аталган тақдирнинг таҳқирли ўйини борлигини ҳали билмас эди. Сайфиддин қўйнига яширган пичоқни олиб, ваҳшийни нишонга олиб отди. Нақ кўксидан жой олган тиғ азобидан чиябўри жон талаш рақсида чаппар уриб айланди. Сайфиддин етиб борди-да, норасида улоқнинг бошини еган қонхўрга қайта-қайта пичоқ урди. Чиябўри ғингший-ғингший жон таслим этди.
Инсониятнинг ёзилмаган қонунлари бу эди: ҳаёт – шафқатсиздир. Кимки кучли, зийрак ва ҳам тадбиркор бўлса, ўша ғолиб бўлажакдир. Зўр зўрни ақли ва кучи билан енгажак. Сайфиддин бунга илк бор иқрор бўлди. Зўр – зўрни енгажакдир. Ҳаёт буни унга ўргатди ва у шунда етарли сабоғини олди.
Шерикларидан ортда қолган Сайфиддин чакалакзор ичидан чиқиб келар экан, даштнинг кўрки саналган юлғин, янтоқ ва ёвшанга узоқ қараб қолди. Улар-да Сайфиддинга даштнинг ёзилмаган тилсимли қонунлари ҳақида гўё шивирлаб қисса сўйламоқда эди. Ҳа, шундай: ёзилмаган қонунлар бор. Ҳаёт – шафқатсиздир. Зўр зўрни ақли ва кучи билан енгажакдир.
***
Бир кун волидаси Хонсултондан сўрашган эди, ҳар нарсанинг бордир чораси, дея жавоб берди. Сўнгра волидаси ўкинч ичида бир мантиқни унутганини таассуф-ла айтиб юрди: вақтни ортга қайтаришнинг чораси йўқ эди.
–Ўлмоқ – ташвишлардан қутулмоқнинг энг осон йўлидир. Ҳаётда ўлолмай юрганлар қанча-а!
Хонсултон бу гапни айтган чоғ Ҳадича унга ялт этиб қаради. Афтидан унинг ақли шошди, қаҳрнинг панжасида дир-дир титраган қўрқув каби.
– Ҳа, шундай ва шаксиз барчамиз бир кун Ҳокимимутлақ буюрган манзилга қайтурмиз. Жаҳоннинг, жумлаи жоннинг Тажаммули Мутаолийси юборган шаффоф ҳаводан сўнгги бор сипқорар эканмиз, Уни – Ҳокимимутлақни ёдга олурмиз.
Хонсултон жимиб қолди.
Иймон нури қалб меҳварини музайяна этади. Унингсиз ҳаёт мазмунини, умр эса ўз моҳиятини йўқотади. Шундай эса-да, инсон кайфияти тўрт фасл сингари ўзгарувчандир. Хонсултон инсон кайфияти мавсумини фаслларга менгзаганида жуда ҳақ эди. Чиндан тўрт фасл ўз бағрида инсоний кечинмаларни пинҳон этгандек. Чиндан фаслларда инсоннинг турфа кўриниши, турфа кайфияти яшириндек. Баҳордан сўнг ёз, сўнгра куз, куздан сўнг эса қиш келаверади. Фасллар ўрнини фасллар эгаллайди, шу тариқа янги кунга дебоча очилаверади, худди тириклик қисмати инсонни умидсиз умидлардан умидвор этгани каби.
– Аммо кимсага биргина умиднинг ўзи камлик қилур, ўғлим, мақсадга ўлик умид биланмас, тирик ишонч ҳамда матонат ила эришилур.
Оғудан ўткирроғи, шамширдан кескирроғи йўқ, дейишди.
Бу аслида нисбий фикр эди.