
Полная версия:
Мовароуннаҳр ёди ёҳуд султон Қутуз қиссаси
Носир Абумаъфиб Сайфиддиннинг кечаги кун кечган ўтмишидан шу тариқа воқиф бўларкан, не деярин билмай қолди. Аҳволи руҳиясини тобора ўраб, комига тортаётган Хоразмшоҳлар фожеаси қалбини ларзага келтирганди. У оғир туш кўрган одам каби қайғуга ботди, юпатай деса, тилига бир калима калом келмасди.
– Инсон қанчалар оғир кунларни бошидан ўткармасун, барибир яшамоқни истайдур, аслинда унинг бошқа чораси, яшамоқдан бошқа чораси йўқдур. Эй воҳким, инсон яшамоққа маҳкум этилгандур. Бардам бўл ўғлон,– дея Сайфиддинга қараркан, айни замонда унинг аянчли ҳолига боқишнинг ўзи азоб эканини ҳис этиб, оғир хўрсинди.
Сайфиддин лом-мим демади, зеро унинг нимадир демоққа мажоли қолмаганди. Шу пайт ташқарида момақалдироқ гумбурлади. Бу гулдурак уларнинг ҳар иккисининг-да хаёлларини тўзғитиб юборди.
* * *
Абумаъфиб одамлари ўз бўлмаларига кириб кетишган. Ташқарида савалаб ёмғир ёғарди. Карвонсарой олдига чодир тутиб қўйилган, ташқари совуқ эди. Ҳамма ичкарида, атрофда зоғ кўринмайди.
Карвонсарой оғасининг айтишига қараганда, ҳозир ўлкада ёмғир мавсуми эмиш. Ёмғир бора-бора жалага айланди. Момақалдироқ осмону фалакни ёриб юборгудай гумбурлар, тез-тез чақнаётган чақмоқ ёруғида шаҳарнинг паст-баланд тепаликларидаги уйлари кўриниб кетади. Тарновлардан шовуллаб сувлар оқар, шаррос қуяётган жала томларни аёвсиз калтаклар эди.
– Ёмғир тағин кучайдиму, деймен? – Хавотирланиб сўради Абумаъфиб.
Унинг безовталанаётганини кўрган Сайфиддин:
–Ҳа, кучайди, – деди.
– Бай-бай, ана боқинг, тақсир, ёмғир жалага дўнди, – деди шу чоққача жим турган карвонсарой оғаси ҳам.
–Тез-тез шундай жала қуйиб турадиму?
–Жала дедингизму? Ҳа, йўғ-а. Аммо юртда ёмғир мавсумимасми, ора кунда ёмғир ёғиб турадур.
–Ҳа, кўриб турибмен, бул ушмундоқ ёмғирга ўхшамайдур, магарам тинмас бўлса, – дея эътироз билдирди Абумаъфиб, – унда тағин бул ерда қолиб кетувга тўғри келадур.
–Жала қуюн мисолидур. У бир кўтарилиб, сўнгра ўтиб кетадур, жала тинадур, тақсир.
Дарахтлар ёмғирда шалвираб қолган, ушласангиз шохлари узиламан дейди. Карвонсарой жанубидаги, шаҳар аҳли фойдаланмайдиган паст-баланд тошлоқ ерлар чакалакзорга бориб туташган. Чакалакзорнинг нарида одамлар нисбатан тоши кам ерларни ўзлаштириб экин экишган. Сирасини айтганда, карвонсарой оғаси Асаднинг ҳам ўша ерда улуши бор. Агар жала тинмас бўлса, экинлари нобуд бўлишини кўз олдига келтириб, унинг хавотири баттар ошди.
Бу ўлкада ҳосил олиш – юмушларнинг осони эмас, юзаси тупроғу таги ғичирлама тошлоқ бўлиб, кетмон ҳар гал тошга текканида, Асад беҳузур бўларди. Шунда унинг юраги безиллаб, бармоқлари қавариб, қайтиб қўлига кетмон олмасликка қасд қиларди.
– Бу йил қиш чўзилиб кетди, шул сабабдин кечикиб экин экдик, мана энди шукур, ёмғир қўйиб беряпти. – дейди карвонсарой оғаси Носир Абумаъфибга қараб, – магар, жаланинг тўхтовсиз қуйиши яхшиликка олиб келмайдур. Деҳқоннинг экинлари пайҳон бўладур. Тер тўкиб қилган меҳнатимиз зое кетадур, шунисига ачинамен.
Барча ўз ташвиши билан банд, барчага ёмғир қайғуси баравар тушганди. Шимол тарафдан салқин шамол эсиб, этни жунжиктиради.
–Тақсир, агар ёмғир тинмас бўлса, тағин бир кун бул ерда қолганингиз маъқулдур.
– Қани унда кутурмиз, Худо подишоҳу эгамдур.
Токчаларга ёруғроқ бўлсин учун иккитадан милт-милт ёқиғлик шамлар қўйилган. Шамлар тобора липиллаган сайин карвонсарой оғасининг девордаги баҳайбат сояси сакрай бошлайди.
Тун иккинчи ярмига оғар маҳал, хуморидан чиқди шекилли, ҳар тугул ёмғир тинди. Эртасига карвонсаройни ортда қолдирган Носир Абумаъфиб янги харид қилинган қуллари билан Дамашқ томон йўл солди.
***
Носир Абумаъфиб Дамашқдаги йирик қулдорлардан бўлиб, ”Ҳожа” лақаби билан танилган эди. Ҳожа баланд бўйли, елкадор, жағлари бўртиб чиққан, бурни эса гўштдор ҳамда жуда бесўнақай, қорачадан келган, чайир кимса бўлиб, салобати кўрган кишини ҳайиқтирар эди. Унинг тасарруфидаги қулларнинг ҳеч саноғи йўқ. Йирик корчалон қулларини салоҳияти, кучи ва ишчанлигига қараб тоифаларга ажратиб чиқарди. Шунга кўра қуллар алоҳида бўлмаларга жойлаштирилар, кўпчилиги деҳқончилик, чорвачилик ҳамда ҳунармандчилик ишларига жалб қилинарди. Улар устахоналарда оғир юмушларни бажарар, мисга қалай аралаштириб, бу қоришмадан ҳарбий аслаҳалар – қилич, ханжар, қалқон, отларга тўқимлар, аравалар ҳамда уй-рўзғор буюмларини ясашарди. Шунингдек, турли зебу зийнатлар тайёрлаш ҳам улар гарданида эди. Носир Абумаъфибга қуллари катта даромад келтирар эди. Кундан-кунга унинг маҳсулотларига талаб ортиб, корхоналари кенгайиб борди.
Ҳожанинг қуллари орасида яна бир тури бор эдики, улар алоҳида масканда сақланиб, хизмат ишларига доим ҳам жалб этилавермас эди. Булар бақувват ва кучли, айни пайтда ақлли, шунингдек, хавфли қуллар саналар эди. Курашчи, қиличбоз, полвон бу қуллар фақат мусобақаларда қатнашиб, ҳожасига яна мўмай даромад ва обрў келтирар, Носир Абумаъфибнинг ўзи уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб турарди.
* * *
Қуббаи Дур хиёбонининг ҳайбатли гумбази олисдан кўзни қамаштиради. Ранг-баранг нақшлар билан безатилган гумбаз қуёш нурида янаям ажойиб товланади. Боғ кўркам чаманзор эди. Рангин гуллар ўзидан муаттар ҳид таратиб, кишини хушҳол қилади. Оппоқ кабутарлар гумбазга дам сирпаниб қўниб, дам айланиб, сўнг олисларни кўзлаб, шошиб учади.
Боғнинг бир томони тепаликка бориб қадалган, ўша тепаликдан сув шовуллаб қуйига оқмоқда. Бир-бирига яқин ўтқазилган сарв дарахтлар ерга тангадек офтобни туширмайди. Тўрт томони темир панжаралар билан ўралган боғ чиндан баҳаво ва сўлим оромгоҳ эди. Бу оромгоҳда бугун Мисрдан келадиган нуфузли меҳмон шарафига катта зиёфат ҳамда баҳодирлар мусобақаси уюштирилади. Шунга кўра оромгоҳ тантанага бўлакча шайланган эди. Хизматкорларнинг бари ўз юмуши билан банд, уларнинг аксари бир хил либосли, фақат ҳожанинг хос аскарларигина ҳарбий кийимда боғни қўриқлаб юришар эди.
– Ҳозирликлар тамомму? Ҳар кас шайму?
– Ҳар кас шайдир, Ҳожам. Ташрифингизни кутмакдадирлар.
Абдуллоҳ Фатҳ ҳожанинг энг ишончли ва содиқ кишиларидан саналиб, бу хос аскарни у мудом ёнида олиб юрарди. Носир Абумаъфиб унга қараб буюрди:
– Яхши! Унда боғ томон кетғаймиз.
Ҳожа Дамашқнинг аслзодаси сифатида ўзининг нуфузи ва мавқеини ифодаловчи рамз ва туғ: ҳашаматли соябонлар, тоқига қўтос думи боғланган яшил рангли туғ осиб юрарди. Ҳожа Носир Абумаъфиб бошқа зодагонлардан ўзининг ҳайбати билан ажралиб турарди. У кўпинча юнги офтобда бахмал мисол товланган коп-қора хос отида, баъзан эса бақувват ва чидамли туялар устида бутун Дамашқни дабдаба билан кезишни хуш кўрар эди. Бугун ҳам у шу алфозда оромгоҳ томон йўл олди.
Улар боғдаги машғулот майдонига кириб келишганида кун чошгоҳга қараб оғган, Сайфиддин машқ билан машғул эди. Майдон боғнинг чеккасида жойлашган бўлиб, бунда уч томони очиқ, ҳашаматли чодир қад кўтарганди. Ҳожа одамлари қуршовида шу чодирнинг тўридаги ўриндиққа бориб ўтирди. Сайфиддин ўз машқида давом этди. Носир Абумаъфиб Сайфиддиннинг машқини обдон кузатгач, сардорига нималарнидир тайинлаб, ўрнидан қўзғалди.
Бугун ҳожа ўзига бошқача оро берган, ҳарбийларга хос кийиниб, бир ёнига қилич, бошқасига ханжар таъқиб олганди. У қора қаҳрабо ва сариқ лаъл, четларига эса ҳошия мисол зумрад тошлари қадалган қўнжи узун, фил терисидан тикилган этигида у ёқдан бу ёққа бориб келди. Кун пешинга оғар маҳал Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ Дамашққа кириб келгани ҳақидаги хабарни олди. Барча оёққа қалқди, Ҳожа одамлари қуршовида нуфузли меҳмонни қарши олгани чиқди.
– Марҳабо, хуш келдингиз, – у тирсагига тегиб кетган қиличини қўлида бироз сурди-да, қучоқларини очган ҳолида меҳмонни қаршилади.
Қоҳирадан ташриф буюрган Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ нуфузли зотлардан саналиб, олис йиллардан буён Ҳожа билан дўстона муносабатда эди. У қорамағиз, ўрта бўйли, кўркам ва елкадор, феъли хуш бир киши эди.
У Миср султони подшоҳ Салоҳиддиннинг мулозими ва энг ишончли вакилларидан. Пайваста қуюқ қошлари ортида мудом чақнаб турувчи қўйкўзлари унинг хушфеъл ва самимий инсон эканидан далолат бериб турарди. Чўққи бурни ва серсоқол ияги узун юзига жуда ярашиқли эди. Замонасининг пешқадам ва закий инсонларидан саналган бу киши узоқ йиллар подшоҳ Солиҳ ҳузурида сидқидилдан меҳнат қилганди.
Оқибатли инсонлар дунёнинг дарз кетаёзган қатламини меҳрли ришталари билан боғлаб туради. Ҳаёт ана шундай инсонлар билан мазмунлидир. Қоҳиранинг кўплаб зодагонларига насиб этмаган бахтга айнан у ҳукмдорига ўта содиқлиги туфайли эришган эди. Шунингдек, у оддий халқ орасида авомга хайриҳоҳлиги билан танилган, шу самимий хислатлари боис халқ уни жуда эъзозлар эди. Харами ҳумоюнда шуҳрат ва илтифот қидирган зодагонларнинг кўпи Абдуллоҳ ибн Мажиднинг мана шу эзгу ҳислатлар соҳиби экани боис мудом унга ҳасад кўзи билан қараб келишарди.
Ҳожа унга иззат-икром кўрсатиб:
– Қани, лутфан ичкарига, – дея меҳмонни чодир ичига олиб ўтди.
Чодирнинг уч томони барқут матоҳда ўралган бўлиб, олд қисмига ҳарир парда тортилган эди. Майин эсаётган шамолда пардалар оҳиста тебраниб, дилни хушҳол қилади. Чодирнинг тўрт тарафидан Ҳожанинг девкелбат қўриқчи ғуломлари жой олган.
Ҳурларга бензаган навниҳол қизлар неъматлар тўла патнислар кўтариб ўта бошлади; улар меҳмонлар учун дам шарбат, дам нон, дам мева ва ширинликлар ташиди. Сўнг лаган-лаган лаззатли таомлар, косаларда шўрвалар келтирилди.
Мартабали қўноқ ҳожа ва унинг одамлари билан дилдан суҳбат қурди. Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ чиндан иззат-икромга лойиқ меҳмон эди. Уч йил бурун Абдуллоҳ Ҳожанинг қизи Нажмияни ўғлининг никоҳига олиб бергач, улар орасидаги дўстлик робитаси қуда-андалик ришталари билан яна ҳам жипс боғланди.
Машшоқлар чалган мусиқа авжига чиқиб, зиёфат ҳам маромига етгач, кўпдан кутилган томоша бошланди.
Улар икки нафар жавонмард, полвон, довюрак курашчи ва моҳир қиличбоз – Сайфиддин Қутуз ҳамда Жунайд Ашъас номи билан танилган баҳодирлар эди. Уларнинг иккови ҳам елкадор, икковининг-да билагида кучи қайнаган баҳодир жангчилар эди.
Икки шерюрак ўзаро олишувга ҳозир, фақат ишора кутишмоқда холос. Тўсатдан ноғоралар чалиниб, боғ бамисли таҳлика ичида қолиб кетгандек бўлди. Чодирнинг ҳарир пардалари сурилиб, саҳнада икки жавонмард баҳодир кўринди.
Шу он ўртакаш бугун Сайфиддин Қутуз ва Жунайд Ашъас номи билан танилган баҳодирлар куч синашини тантанали тарзда эълон қилди.
Қарсаклар чалиниб, оломоннинг қий-чуви оламни тутиб кетди.
Олишув қай натижа билан тугашини кимса билмаса-да, мусобақада кимдир мутлоқ ғолиб бўлиши аён эди.
Ноғора садоси тиниб, Сайфиддин Кутуз ва Жунайид Ашъас беллашмоқ учун майдонга чиқди.
Барча ғолиб бўлмоқ учун майдонга чиқади, аммо музаффарият туғини қучиш фақат биргина кимсага насиб этгуси. Бу майдон бежизга мардлар майдони, дейилмас.
Сайфиддин Кутуз қисқа вақт ичида Жунайид Ашъаснинг заиф ҳамда нозик жиҳатларини англаб олди. Жунайид чапдаст эди. Қутуз рақибига чанг солди. Мана, у Жунайид Ашъаснинг оёғидан чалди. Бу ҳамладан бир фурсат довдираб қолган Жунайид чап бермоққа тиришди, аммо Қутузнинг ҳужуми шиддатли эди, рақиби дош бера олмади ва ерга қулади. Оёқлар оёқларни, қўллар эса қўлларни илон каби ўрай бошлади. Жунайд Ашъас чирмовуқ мисол танасини ўраб олган рақибидан халос бўлиш чорасини топа олмас, ҳар қанча уринмасин ўртадаги мувозанатни тиклаш уринишлари беҳуда эканини билиб, алам устида ўкирди ва дафъатан боши билан Қутузнинг бошига зарба берди.
– Уввв! – Томошабинлар ўринларидан туриб кетишди.
Рақибининг курагини ерга теккизмоқ пайида олишаётган Қутуз кутилмаган зарбадан эсанкираб қолмади, билъакс, у ҳам жавобан худди шундай зарба берди. Жунайид довдираб қолди, унинг кўзларида саноқсиз юлдузлар чақнаб, оғир-оғир нафас олди ва иложсиз ўзини таслим этди.
–Уввв!
–Уввв!
Барча қарсак чалиб ғолибни олқишлади.
Зафар қучган Қутуз қаддини тик ростлади.
Кимса, у қандай вазиятда бўлмасин, ўз ўрнини билиб, хотиржам тургани бу унинг ким эканини кўрсатади. Аслида, инсон сукути билан хотиржам эканини, ҳаракати билан эса неларга қодир эканини намойиш этади.
Сайфиддин мустаҳкам иймон ҳамда зафар қучмоқликни сўраган эди. Яратган уни музаффар этди. Инсон баъзан бахт ичида завол топади, баъзан эса кулфат ичида улғайиб, сўнгра юскакларга кўтарилажакдир.
“Танани тик тутадиган, вужудга қувват бағишлайдиган бу ирода кучидир. Токи ирода кучи вужудни кўзга кўринмас қўллари ила тутиб турар экан, қалб ташқи кучга эҳтиёж сезмас. Оташ бўлмаган жойда, билки, олов ҳам бўлмайдур”. У шундай деган кўйи ўзини олқишлаётган мухлисларига миннатдор қўл силтади.
Ноғоралар садоси ҳамда томошабинлар ҳайқириқлари оламни тутиб кетди.
Сайфиддин қўриқчи ғуломлар қуршовида ҳордиқ чиқариш учун хос-чодирга ўтди. У ютоқиб сувдан сипқорар экан, ҳали ҳам вужуди оташ ичида ёнаётганини ҳис қилиб, муздек сув билан юзини ювди.
Ҳарир либосларга ўранган қизлар ясоғлик патнис кўтариб, ичкарига кира бошлади. Улар ғолибни унсиз табрик этишган кўйи, жилмайишиб, дастурхонни нозу неъматлар билан тўлдиришди. Сўнгра Қутузнинг танаввули учун лаззатли таомлар олиб киришди. Гарчи бор қувватини курашга сарфлаб, қорни ниҳоят очган эса-да, Сайфиддин тўкин дастурхонга боқмади. Бу дам у ғалаба нашидасини сурмоқ истарди.
Чодирнинг уч тарафи барқут мато билан ўралган бўлиб, олд қисмига ҳарир парда тортилган. Майин эсаётган эпкинларда пардалар оҳиста тебраниб, Сайфиддиннинг дилини хушҳол қилади. Чодирнинг тўрт тарафини Ҳожанинг баҳайбат ғуломлари қўриқлаб турарди. Атроф одамлар билан гавжум, аммо Сайфиддин ўзини ёлғиз ҳис этади. У чиндан ёлғиз эди, у одамлар орасида кимсасиз эди.
“Ёлғизликдан чўчимаслик даркор, – деган ўй келди хаёлига, – зеро киши танҳоликда ҳаёт фалсафасини теранроқ англайдур.”
Шу боисдир эҳтимол, Сайфиддин ёлғиз қолиб, ўзини тингламоққа эҳтиёж сезарди.
Юзлари чаман, навниҳол бир қиз патнис кўтариб Қутузнинг ёнига келди.
– Малак, исминг не сенинг?
Қиз баҳодирга идишда шарбат узатар экан:
– Руқия, – дея жавоб берди. – Кишмиш шарбатидан тотининг.
Сайфиддин қиз тутган шарбатдан сипқорди.
Шу чоғ Ҳожанинг одамларидан бири ичкарига кириб келди:
– Ҳожамиз амр этдилар. Алар мартабали меҳмон Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ сизни сўраётганини айтдилар, – деди.
– Шундоқму? – Сайфиддин бирдан ҳушёр тортди.
Мартабали қўноқ Ҳожа ва унинг одамлари билан дилдан суҳбат қурарди. Ўтган гал Ҳожа Мисрга борган чоғи подшоҳ Солиҳ Сайфиддинга қизиқиш билдиргани ҳақида қудаси оғиз очганди.
Сайфиддин чодирга кириб борган пайт мусиқа айни авжида эди. Хос аскарнинг ишорасидан сўнг, бирдан мусиқа тиниб, Абдуллоҳ Фатҳ Сайфиддин Қутуз ташриф буюрганини эълон қилди.
– Кирсин! Ичкарига кирсин! – буюрди Ҳожа.
Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ кўрдики, Сайфиддиннинг билагида ёшлик шижоати қайнаб тошаётир. Англадики, билаги йўғон бу баҳодир ҳамласини чинакам саваш майдонида қўлласа ярашади.
– Сен қайдан келгансен?
– Мовароуннаҳрдан.
Аҳад Абдуллоҳ синчков нигоҳларини яна Сайфиддинга қадади.
– Мовароуннаҳр! Икки дарё орасидаги юрт демакдур.
– Тақсир, бул маҳобатли номни араблар бермишлар.
– Яша, асл баҳодир экансен!
– Лутф кўрсатдингиз, ташаккур!
Аҳад Абдуллоҳ Ҳожага қараб:
– Жаноблари рухсат этсалар, бул баҳордир йигит, – деди у Қутузни назарда тутиб, – энди қиличбозликда ҳам маҳоратини кўрсатса.
Ҳожа маъқул деган кўйи бош эгди ва Сайфиддинга амр этди:
– Тадоригингни кўр!
Сайфиддин ўрнидан турди.
– Агар маъқул бўлса, -дея яна Ҳожага қарата айтди мисрлик меҳмон, – Қутуз маним хос аскарим Мансур Қоя билан куч синашса!
– Бош устига, маъқул! – Ҳожа шундай деган кўйи, ёнида осиғлик қиличини қўли билан тўғирлаб қўйди, сўнгра нигоҳларини Сайфиддинга қадаб:
– Ҳозирмисен? – дея сўради.
– Ҳозирмен! – Жавоб қайтарди у.
Мансур Қоя Аҳад Абдуллоҳнинг хос аскарларидан эди. У бағоят қувватли ва кўркам савлатли аскар бўлиб, курашларда мудом ғолиб бўлгани боис “Қоя ”лақабига раво кўрилган.
Улар кенг майдонга ўтишди.
Қиличбозлар майдонга тушди.
Кутуз қиличини қайраб, янги рақиби томон яқинлашди.
Унинг олган мўлжали нақ жойига бориб тегди, аммо рақибининг кучли зарби тезда Кутузнинг шамширини қайирди.
Қиличбозлар майдонда узоқ кезинишди. Бу чиндан саваш майдони эди.
– Мўлжалга ол. Мўлжалга ол, қайра қиличингни!
– Бўш келма! Бўл!
Атрофга йиғилганлар, галма-гал қиличбозларни олқишлар эди.
Мансур Қоя ортига тисарилиб, дафъатан рақибига зарба берди.
Бақувват панжалари қилични маҳкам тутган Қутуз рақиб шамширини қайириб, қуйига эгди. Шу топ ўзини ўнглаб олган Мансур Қоя шамширни яна ҳавода сермади. Сайфиддин сўнгги шиддатли зарби билан рақиб қиличининг дамини кесди.
– Уввв! – Томошабинлар ўринларидан туриб кетишди.
– Яша, бўш келма!
Томошабинлар бирини қўйиб, бирига таҳсин ўқишарди.
– Аъло! – Олқишлади Ҳожа, – қани энди ҳамлага ўт!
Навбатдаги ҳужум кутилмоқда эди.
Бу чоғ рўпарасида юзини қалқон билан тўсиб турган Маҳмуд Қоя пайт пойлаб Сайфиддиннинг кўксига кескир қилич учини тирамоққа уринди, ҳайриятки Сайфиддин қилич зарбини қайтарди.
Сўнг яна шамширлар қуёш нурида товланиб ҳавода ўйнади. Сайфиддин устма-уст ҳужумга ўтди.
–Уввв!
–Уввв!
Бежо кезинган шамол томошабинларнинг ҳайратли ҳайқириқларини ҳар томонга олиб қочади.
– Бале, бале! Мўлжални айни вақтида олдинг, баҳодир! – деди бу гал Қоҳиралик меҳмон. Ўзига содиқ бўлган аскарининг ҳоли Аҳад Абдуллоҳни ортиқ энди ранжитмас, чунки у зўрни зўр енгажагини биладир. Барибир зўр зўрни енгадир.
Қутуз шамширини Мансур Қоянинг кўксига тираган он, рақиби тишларини тишларига қўйди, шунда у рақиби нишонни тўғри олганини англади ва таслим эканини билдиришдан бошқа чора тополмади.
Қутуз ёвқур ҳамласи билан Мансур Қояни-да таслим этди.
Кўрдиларки, Сайфидиннинг билагида ёшлик шижоати қайнаб тошаётир. Англадиларки, бу билаги йўғон қиличбоз ёвқур ҳамласини чинакам саваш майдонида қўлласа ярашадир.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:
Полная версия книги
Всего 10 форматов