
Полная версия:
Мовароуннаҳр ёди ёҳуд султон Қутуз қиссаси
Отлиқ мўғуллар қилич сермаб, дуч келганнинг бошини танидан жудо этди. Карвон аёвсиз саваш ичида қолди. Кимдир кимнидир пичоқлади. Барчага жон ташвиши баробар тушди. Арава остида жонини ҳовучлаб, Сайфиддинни паноҳида беркитган Ҳамза нима қиларини билмасди. Уни даҳшат босди. Бир вақт арава ёнига яна бир арава келиб урилди. Ўша пайт туя қаттиқ иҳраган чоғ, бир қароқчи овоз келаётган томонга қаради. Унинг арава остидаги Ҳамзага кўзи тушиб, қилич қайратиб яқинлашди. Ҳамза пичоғини қўйнидан чиқарди. Шу он кутилмаганда сарбоз қиличини Ҳамзанинг кўксига суқди ва у ерга қулади. Жон талвасасида қолган Ҳамза сўнгги мадори билан Сайфиддинга қараб:
– Ўзингни эҳтиёт қил! – деди, кейин афсус ва надомат ичида: – аттанг, сен менга омонат топширилгандинг. Сени қўриқлай билмадим. Кимлигингни унутма, сени Оллоҳга омонат топшира кетурман. – У кўксига қўлини қўйди, аммо дардига малҳам топа билмади. Кўксидан шариллаб қон оқаётганди. Ҳамзанинг бошини еган Монҳ-Орҳил номли қароқчи тап тортмай яна уч-тўрт одамни баравар жувонмарг этди, сўнгра Сайфиддинни олиб, отига ортди.
Атрофни қиёмат қўпган; тил тортмай ўлганлар ва иҳраган туяларнинг саноғи йўқ эди. Қирғин тугаб, мўғулий қароқчилар тўдаси Ҳорун ва унга эргашган савдогарларнинг қимматбаҳо молларига эгалик қилиб, саҳрони тарк этишди.
Нурлар битта-битта йиғиштирилиб, уфқ узра шафақ ҳам умидсиз сўнди. Сайфиддин эса Монҳ-Орҳил исмли мўғулнинг ўлжасига айланди.
Бир маҳал Сайфиддин қаттиқ чўчиб, бехос уйғониб кетди. Атроф жим-жит, чиндан ўлик сукунат ҳукмрон эди. Сайфиддин бир қултум сув истаб, қуруқшаган оғзини очиб-ёпиб ютоқди, шунда томоғи бироз намиққандек бўлди. У сувсизликдан кўп азобланди.
Очликка маълум муддат тоқат этмоқлик мумкиндир, бироқ чанқоққа чидаш мушкул. Ёнида хуррак отиб ухлаётган, халоскори Ҳамзанинг бошини еган қотилга нафрат ичра боқди. Монҳ-Орҳил чиндан ҳазар қиларли даражада бадбашара, ҳам бадбўй кимса эди.
Сайфиддин ундан жирканиб, нари ёнига ағдарилди, сўнгра яна қандай уйқу элитганини ўзи ҳам билмай қолди.
Ишончли манбаларнинг ёзишича, Сайфиддин Кутузнинг асл исми Маҳмуд ибн Мамдуд Сайфиддин эди. У табиатан қўрқмас, кучли, ўзига жабр қилгувчиларга шафқатсиз бўлгани боис унга қопағон ит – Кутуз лақабини айнан мана шу мўғулий сипоҳ Монҳ-Орҳил берган эди.
Тақдири азали уни аввалига Мовароуннаҳрдан Онадўлига етаклаб келди. Сўнгра эса уни Дамашқда қул қилиб сотишди. У мамлук бўлди. У ғуломга айланди, аммо мудом Мовароуннаҳр ёди ила яшади, юрт хаёли билан нафас олди.
Бу мелодий 1221 йилнинг ёмғирли кунида содир бўлди.
Кечадан буён ёмғир ёғавериб, Монҳ-Орҳил ичкарига қамалиб қолди. Хайрият, бугун қуёш чиқди, аммо сал ўтмай тағин булутлар орасига кўмилиб кетди. Ҳам ҳаво аллақандай димиққан, осмон қуёшсиз ва ҳам Монҳ-Орҳилнинг авзойи бузуқ эди. У Сайфиддинга қараб:
– Нега қотиб турибсен! Юр, юр, деймен! – деди ва уни қамчи билан савалай кетди. Сайфиддин оғриқ зарбидан елкалари қисилганча, базўр қадам ташлади. Монҳ-Орҳил шафқатсизлиги билан ном чиқарган мўғулий сарбозлардан эди. У қонли савашларда қатнашавериб, жанг майдонида обдон чиниққан, бешафқат, айни пайтда тажрибали бир жангчи эди.
Орҳил cипоҳига қараб:
– Шуни олиб кир, – деди.
Ўрта бўйли, тепакал ва доим баджаҳл кўринадиган сипоҳ Сайфиддинни туртиб:
– Юр, – деди ўдағайлаб, – санга жойингни кўрсатурмен.
Сайфиддин сўзсиз унга эргашди. Сипоҳ уни чодир ичига итарди, сўнг эшикни ёпиб, кечга қадар қорасини кўрсатмай кетди.
Чодир ичи қоронғу ҳам димиқ эди. Сайфиддин гарангсиб, пича туриб қолди, сўнг тушкун ва ҳорғин бир алфозда чодирнинг бир бурчига бориб чўкди. У ҳали қисматига кўникмаган, қўникмаган сари далли хаёлини мажҳул ўйлар беомон ўртар, ўртаган сари руҳиятида бир ғалаён беомон қўзғалаётир эди.
Бола оғриниб ютунди. Мана шунда хўрлик ва азоб уни баттар сиқувга олди, оғриқ берди. У бамисоли ўйлашдан тўхтаган кимса каби қўлларини бошига олиб борганча жимиб қолди. Орадан икки кун ўтгач, Монҳ-Орҳилнинг навкари Сайфинддин қамалган чайлага тағин уч болани олиб кирди.
Тушлик қилиб бўлгач, Монҳ–Орҳил беҳузур бўла бошлади. У қаппайган қорнини авайлаб ўрнидан турди, ҳаддан ташқари кўп егани боис, қийналиб қадам ташлади. Еган таомини ҳазм этиш ниятида ташқарига чиқди. Қулоғига аввалига аллақандай саслар келиб урилди, бироздан сўнг саслар шовқинга дўнди. Монҳ–Орҳил хавотирланиб, чодир томон юрди. Шовқин асир болалар қамалган шу чодир ичидан келаётган эди. У қадамини тезлатиб зумда ичкарига кириб борди.
Афтидан, болакайлар жанжаллашиб бир-бири билан олишар эди. Муштлашув узоқ давом этмади. Сайфиддин шерикларининг ҳар уччовига-да бас кела олди: рақибларига бирин-кетин мушт тушириб, даф этди. Болаларнинг бири оёқларини ушлаган кўйи чайланинг четида инграб ётарди. Бири эса қон оқаётган бурнини артар экан, Сайфиддинга қараб ғингшинди. Яна бири лол-мим демай, калтак егани алам қилганидан пусиб, нигоҳлари билан ер чизиб турар эди.
Монҳ-Орҳил Сайфиддинга қараб:
– Бери кел, – деди. – Чакки эмассан, қутуз! – дея хохолаб кулди. – Болаларнинг учовига бир ўзинг бас келдинг, яша ўғил бола, қутузсен! – дея Сайфиддинни яна олқишлаган бўлди. – Қутуз не эканин билурмисен? – дея сўради.
– Билмасмен, – жавоб берди Сайфиддин.
– Қутуз мўғулийда кимcадин қўрқмайдиғон жангари, қопоғон ит, демакдур. Эшитинглар, – дея болаларга юзланди у, – энди анинг исми Қутуздур.
Орҳил чайладан чиқиб кетди. Дами ичига қайтиб, шаштлари пасайиб қолган болалар эса Сайфиддинни шундан буён Қутуз лақаби ила чақирадиган бўлишди.
Тонг ёришган чоғ сипоҳи уларнинг ҳар бирини таёқ билан туртиб уйғотди. Чайладан ташқарига олиб чиқилиб, ёш-яланг бошқа асирлар сафига қўшилди. Мўғуллар асирларни мисоли қўй каби ҳайдаб, олисларга олиб кетишди. Шу йўсинда улар икки кун йўл юриб, карвон йўлидаги деворлари нурай бошлаган кўҳна бир кулбага етиб келишди.
Эртага улар қул бозорига олиб борилади.
* * *
Мўғул даштида тонг ёришди. Саҳар чоғи вужудни жунжиктирадиган салқин борган сари пасайиб, чошгоҳдан кун исий бошлайди. Пешин маҳали, куёш тик кўтарилиб, оламни роса иситди.
Жуфтлашувдан сўнг чиябўри болаларини икки ойдан зиёд қорнида кўтариб юрди. Ниҳоят, у ой-куни яқинлашаётганини фаҳмлаб ўзини авайлаб қолди. Ўзи учун пана жой ахтарди. Чиябўри даштда изғий-изғий чакалакзорга етиб келди. У бир улкан дарахт панасида паноҳ топди. Шу дарахтнинг тагидан ин қазиб, тунни ўтказди. Тонг отгач, инидан ташқарига мўралади. Қорин тўйғизмоқ илинжида чакалакзорда изғий бошлади. Димоғига бир ёқимли ўлжа иси урилди. У шамол олиб келган ҳид манзили томон йўл солди.
Яқин кунларда шу атрофда ёввойи эчки болалаганди. Эчки боласини ёлғиз қўйиб, қаергадир кетган. Ҳали ваҳшийлик не эканини билмаган норасида улоқча уни онаси қолдирган жойда хавф-хатарлардан бехабар бемалол ётарди. Йўқса омонлик истаб курашмасмиди? Чиябўри аввалига кўзлари қўзмунчоқ, эндигина дунё юзини кўрган жонлиққа қизиқсиниб қараб турди, сўнг пусиб у томон тобора яқинлашди. Ваҳший табиат барчасидан устун – дафъатан ҳамла қилди. Бечора ўлжанинг этларини ғажиб-бурдалаб, ямламай ютди. Шу билан нафси ором топди.
Худди шу дам асир болаларга чакалакзор атрофида ҳожат чиқармоққа рухсат берилди. Шерикларидан олислаб кетган Сайфиддин иттифоқо чиябўрини кузатиш билан машғул эди. Алқисса, жондорнинг бу атрофда ўзини ҳоким билиб, кўндаланг тушиб ётгани Сайфиддинниннг қахрини келтирди.
Чиябўри нашъа қилиб керишди ва ҳомуза тортди. Зотан, у атрофда хатар сезмас, унга ҳам аталган тақдирнинг таҳқирли ўйини борлигини ҳали билмас эди. Сайфиддин қўйнига яширган пичоқни олиб, ваҳшийни нишонга олиб отди. Нақ кўксидан жой олган тиғ азобидан чиябўри жон талаш рақсида чаппар уриб айланди. Сайфиддин етиб борди-да, норасида улоқнинг бошини еган қонхўрга қайта-қайта пичоқ урди. Чиябўри ғингший-ғингший жон таслим этди.
Инсониятнинг ёзилмаган қонунлари бу эди: ҳаёт – шафқатсиздир. Кимки кучли, зийрак ва ҳам тадбиркор бўлса, ўша ғолиб бўлажакдир. Зўр зўрни ақли ва кучи билан енгажак. Сайфиддин бунга илк бор иқрор бўлди. Зўр – зўрни енгажакдир. Ҳаёт буни унга ўргатди ва у шунда етарли сабоғини олди.
Шерикларидан ортда қолган Сайфиддин чакалакзор ичидан чиқиб келар экан, даштнинг кўрки саналган юлғин, янтоқ ва ёвшанга узоқ қараб қолди. Улар-да Сайфиддинга даштнинг ёзилмаган тилсимли қонунлари ҳақида гўё шивирлаб қисса сўйламоқда эди. Ҳа, шундай: ёзилмаган қонунлар бор. Ҳаёт – шафқатсиздир. Зўр зўрни ақли ва кучи билан енгажакдир.
***
Бир кун волидаси Хонсултондан сўрашган эди, ҳар нарсанинг бордир чораси, дея жавоб берди. Сўнгра волидаси ўкинч ичида бир мантиқни унутганини таассуф-ла айтиб юрди: вақтни ортга қайтаришнинг чораси йўқ эди.
–Ўлмоқ – ташвишлардан қутулмоқнинг энг осон йўлидир. Ҳаётда ўлолмай юрганлар қанча-а!
Хонсултон бу гапни айтган чоғ Ҳадича унга ялт этиб қаради. Афтидан унинг ақли шошди, қаҳрнинг панжасида дир-дир титраган қўрқув каби.
– Ҳа, шундай ва шаксиз барчамиз бир кун Ҳокимимутлақ буюрган манзилга қайтурмиз. Жаҳоннинг, жумлаи жоннинг Тажаммули Мутаолийси юборган шаффоф ҳаводан сўнгги бор сипқорар эканмиз, Уни – Ҳокимимутлақни ёдга олурмиз.
Хонсултон жимиб қолди.
Иймон нури қалб меҳварини музайяна этади. Унингсиз ҳаёт мазмунини, умр эса ўз моҳиятини йўқотади. Шундай эса-да, инсон кайфияти тўрт фасл сингари ўзгарувчандир. Хонсултон инсон кайфияти мавсумини фаслларга менгзаганида жуда ҳақ эди. Чиндан тўрт фасл ўз бағрида инсоний кечинмаларни пинҳон этгандек. Чиндан фаслларда инсоннинг турфа кўриниши, турфа кайфияти яшириндек. Баҳордан сўнг ёз, сўнгра куз, куздан сўнг эса қиш келаверади. Фасллар ўрнини фасллар эгаллайди, шу тариқа янги кунга дебоча очилаверади, худди тириклик қисмати инсонни умидсиз умидлардан умидвор этгани каби.
– Аммо кимсага биргина умиднинг ўзи камлик қилур, ўғлим, мақсадга ўлик умид биланмас, тирик ишонч ҳамда матонат ила эришилур.
Оғудан ўткирроғи, шамширдан кескирроғи йўқ, дейишди.
Бу аслида нисбий фикр эди.
Заҳардан ўткири, қиличдан-да кескири – бу ақлдир, – деди Хонсултон, -чунки оғу ва шамширни ақл ва иқтидор эгалари ўйлаб топмишлар. Инсон боласи умри давомида ўткинчи ташвишлару ожиз ўйлар комида қолиши мумкин. Шунда уни ўша ёвуз ўпқон комидан фақат ўткир ақли ва букилмас иродаси омон олиб чиқа олажакдир.-Хонсултон ўғлининг қўлларидан тутиб, хобгоҳга ўтди.
Шунда Сайфиддин волидасидан сўради:
– Бек онам, биз банди тушдикму? Бизни қутқарувчи ҳеч кас топилмасму?
– Қутулгайсен! Ўғлим, қутулгайсен! Сен бу ерда қолмассен.
– Сиз-чи?
– Мени қўябер!
Сайфиддин чалғиб кетди. Ҳув олисда волидаси худди сароб мисоли кўриниш бериб, сўнгра ғойиб кетди.
У бироз юргач, яна нарида тўхтади, сўнг пастга эниб, қуёшнинг оташ тафтида сувсизликдан қовжирай бошлаган туронғил ва оқбошга боқди. Бир дам бўлса-да асир эканини унутмоқ истади, аммо бунинг уддасидан чиқа билмади.
***
Саҳар чоғи карвон яна йўлга чиқди. Нортуялар оёқлари остида шиғиллаб оқаётган қум уюрларини босиб, юришда давом этади. Улар саратонда гармселни, қаҳрли қишда эса изғиринни писанд этмайди.
Карвон издиҳоми орасида Абдулазиз Раҳим ҳам бор. У қароқчилар ҳамласидан қўрқиб, хавотир ичида жонини ҳовучлаб кетарди. Кечаги кун тужжор мўғулий сипоҳлардан асир болаларни арзон нархда улгуржи сотиб олганди. У болаларни Онадўлига олиб боргач, қул бозорида сотмоқни ният қилган.
Абдулазиз Раҳим соябон аравада бир маромда чайқалиб борар экан, мизғий бошлаганини англамай қолди. Хизматкори Билол ҳожасига яқинроқ бўлиш учун туяни қичади.
– Абдулазиз Раҳим ҳазратлари.
У чўчиб уйғонди. Сўнг ўзига келгач, нигоҳларини Билолга қадади.
– Абдулазиз Раҳим ҳазратлари…
– Сўйла.
– Болалардан бирининг ҳоли ёмон. Кўпга бормайдур.
– Дарди не эмиш?
– Иситма ичида ёнадур. Дарди не экани кимсага маълум эмас. Болакай на гапира биладур, на гапингизни эшитадур. У бир гунг-соқов бола эмиш.
– Тўхтат! – Тужжор аравакашга буйруқ берди, хаста болакайнинг ҳолидан хабар олиш ниятида аравадан пастга тушди.
У кўп раҳмдил инсон эди, қўл остидаги хизматкорларига ортиқча зулм қилмасди. Тужжорлар ва бутун шаҳар аҳли ичида айнан раҳмдиллиги учун – Абдулазиз Раҳим деган шарафли лақабга сазовор бўлган эди.
Болакайнинг ҳоли чиндан оғир: иситмаси ошиб, жон талвасаcида инграниб ётарди.
– Сувдан тут, – буюрди Абдулазиз Раҳим.
Хизматкор лаблари иситмадан ёрилаёзган болакайга сув тутди. Не ёзиқки, ҳолдан тойиб, азоб ичида омонсиз ёнган хаcтажон фақат бир қултумгина сув ичди. Сўнгра у бир нималар демоқни истаб, ғулдиранди. Э воҳ, у бирдан тинчиб қолди: нафас олмоқдан тўхтаб, нолон кўзларини тепага қадаган кўйи жимиб қолди. Оғзидан бир қултум қуюқ қон ёстиққа оқиб тушди. Бир қултумгина қон! Наҳот, қайноқ қони қуюлди? Наҳот ўз нафаси ичида буткул бўғилди? Миттижон барчанинг кўз ўнгида шу тариқа – забун ҳамда хору нолон жон таслим этди. Сайфиддин кўзлари мангу уйқуга кетган беозор шеригининг жонсиз қўлларидан тутди. Майитнинг бармоқлари ҳануз иситма ичида ёнарди. Ё, ҳу! Унинг танаси ҳали совумаганди.
Одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган даштда қабр қазилди. Ювиқсиз майит, қазо чойшабисиз, жанда кийимида кўмилди. Ҳатто ўз исмини-да билмаган бир норасида болакай кимсасиз дашт бағрига – қуёшнинг оташида қизиган тупроқ қатига топширилди…
Мана, карвон тағин олис йўлга отланди.
Ғариб қабр ортда қолди. Сайфиддин безовта юрагини юпатмоқ бўлгандек кўксига қўлини қўйди, ўртаниб йиғлагиси келди, аммо йиғламади, фақат кимса эшитмасин учун ичида нималардир деди. Аравада бир маромда чайқалиб кетар экан, ортига сўнгги бор қаради: бир ёнда тиконларини санчмоққа шай турган янтоқ, ёвшан ва юлғин буталари, бир ёнда эса қуёшнинг оташ тафтида сувсизликдан қовжирай бошлаган туронғил, оқбош ёмғирни соғиниб, карвон аҳли билан хайр-хўш қилаётгандек ортда қолиб кетди.
Абдулазиз Раҳим олис йўл босиб келганидан сўнг, болаларга икки кун хордиқ берди. Кейин улар ойлаб тужжорнинг хизматини қилишди.
Ўтган ҳафта тужжор улардан ўн нафарини қул бозорига олиб чиққан, энди эса қолган беш нафарини ҳам лойиқ харидорига топширмоқни режалаган эди.
Тонг отгач, отлар аравага қўшилди ва хизматкорлар қўлларига кишан урилган болаларни аравага олиб чиқишди. Улар тош деворлар тугаб, ғиштин деворлар қад кўтарган кўчага етиб келишди. Сўнгра орада уйсиз-иморатсиз, ўнқир-чўнқир кимсасиз йўллардан ўтиб, ялангликка чиқишди. Ниҳоят, қул бозори қаршисида пайдо бўлишди.
Тужжор гумашталаридан бири дарвозабонга бож тўлагач, ичкарига кирмоққа рухсат берилди.
Улкан қул бозори тепаликда ростланган бўлиб, бу ерда қулларни айрибошлаш эрта тонгдан бошланар эди. Айни дам бу ер тужжор қулдорлар-у қуллар ҳамда бозор хизматчилари-ю чаққон даллоллар билан гавжум эди. Бу гал Миср ва Дамашқдан келган тужжорларнинг бозори хўп қизиди.
Дамашқлик Носир Абумаъфиб эрта тонгда бозорга отланганди. У одамлари қуршовида бозорни обдон айланиб чиқди. Иттифоқо, тонгдан унинг савдоси хўб юришди: қулларни арзон нархда сотиб олди.
Мана, у кўзлари катта-катта, зийрак, елкалари бақувват бир боланинг ёнида тўхтаб, уни саволга тутаётир.
– Қаердан келдинг сен!
Сайфиддин ўт ичида ёнар, унинг ҳарами ҳумоюн ичида кечган шоҳона ҳаёти завол топиб, вужуди қуллиқнинг темир панжалари ичига улоқтирилаётган эди.
У ғазабдан титради, бироқ ичида кечаётган ғалаённи босиб, оғир ютунди, бир нуқтага тикилган кўйи қилт этмасдан тураверди.
– Қаердан келдинг, дейман!
– Жаҳаннамнинг тубидан, – жавоб қайтарди у.
Аслида-чи? Аслида бу рост эмасмиди? Мовароуннаҳр куйиб, кулхонага айлангани ёлғонми?
Носир Абумаъфиб болага ҳайрат-ла боқди.
– Жаҳаннамнинг тубидан келдим, де?
Сайфиддин индамади.
– Жаҳаннамдан келган бола, исминг не сенинг?
– Қутуз!
Қулдор кўзлари катта-катта, зийрак, елкалари бақувват, тап тортмай тик қараб турган Сайфиддинга узоқ тикилиб турди. Кейин боланинг эгаси билан савдолашди. Савдоси битгач, қулдорнинг одамлари Сайфиддин қўлига Носир Абумаъфиб тамғаси босилган кишан солиб олиб кетишди.
***
Чингизхон икки дарё оралиғига қонли юриш бошлаб, бутун Мовароуннаҳрни маҳв этганди. Асли уйғур наслли Эдиқут билан Олмалиқ ҳокими Сиғноктакин кучлари Чингиз босқинчиларига қўшилди. Иртиш бўйлаб эниб келган мўғуллар Сайҳун соҳилигача бўлган бепоён ҳудудни ҳеч бир қаршиликсиз ишғол этди. Ўтрорга тиш қайраган Чингиз Мовароуннаҳрни бир ҳамла билан олишни истарди. Шу боис қўшинни тўрт қисмга бўлди. Ўғиллари Чиғатой билан Ўқтой иккови Ўтрорни қамал этди. Бунинг учун юз минг лашкар ажратди хон.
Жўжи эса Сайҳун этакларини забт этди.
Ўзган, Cиғноқ, Барчинликент, Жанд билан Янгикент ҳам босиб олинди. Олоқнўён билан Сукету Чэрби Сайҳуннинг юқори оқимида жойлашган Бинокат ва Хўжандни эгаллашди.
Чингизхон кичик ўғли Тўлуйхон билан бирга Мовароуннаҳрнинг асосий бўлгасига, унинг, ўз таъбири билан айтганда, юрагига ҳужум қилди.
Мароқанд, Бухоро ва Хоразм маҳв этилди.
Беаёв жанг Илок қалъа ҳимоячиларининг силласини буткул қуритиб, вазият эса кундан-кунга оғирлашиб борарди. Сайфиддин момоси Туркон Хотун раҳнамолигида ҳамда волидаси Хонсултон паноҳида эди. Улар Илок қалъасига яширинди.
Илок қамали тўрт ой давом этди. Улар сўнгги нафасигача ёвузларга қарши курашди. Шунга қарамай қалъа беаёв ғорат қилинди. Туркон Хотун бойликлари таланди, Мовароуннаҳр салтанати ворислари – шаҳзодалар қатл этилиб, умрлари фожеали завол ила сийланди.
Бу – қонли хотима эди.
Бу – сулола инқирози эди.
Илок қалъасида Туркон Хотун ва келинлари, невара қизи Хонсултон тириклайин қўлга олингач, уларни хон ҳузурига олиб келишди.
Чингизхон ўшанда амр этди:
– Султоннинг хотинлари ва ёлғиз қизи – Хонсултонни ўғилларимга бўлиб берғаймен. Энди алар бизнинг хизматимизда мангу қолғайлар.
Ўғлининг қўлларини тутган Хонсултонни титроқ босди. Бу титроқ Сайфиддинга ҳам кўчди. Хонсултоннинг юраги қўпорилиб, хонумонига ўт кетди. Онасининг ҳолини кўриб турган Сайфиддин ортиқ дош беролмади.
Онаси пичирлаб, “Яшамагур! Ергина юткур! Бошимизни единг сен! Сенга ҳам боққан бало бордур”– дея қарғанди.
Атроф ғоят қўрқинчли эди, унинг устига нарида турган момосининг ҳам аҳволи жуда аянчли кўринди кўзига.
Туркон Хотун чиндан таҳлика ичида эди, у бошини чангаллаб тепага қараган пайт шифтдан қуйи томон ўрмалаётган қуртларга кўзи тушиб, эти бирдан жимирлаб кетди. Уйнинг боролларига қурт тушганди. Хотун шамни кўтариб, тағин тепага қаради, қуртлар қайнаб қуйига ўрмалаётир эди. Худди ғам лашкари бостириб киргандек, Туркон сесканди, шунда бехос қўлидаги шам кийгиз устига тушди.
Хонсултон момосининг ёнига югуриб келди-да, бирдан шамни қўлига олди. Хайриятки, наматга ўт кетмаган, бироқ шам ўчиб қолганди.
Сайфиддин онаси имлаб чақираётганини кўриб югурди.
– Обдастани келтирсанг.
Сайфиддин обдастани олиб келиб онасига узатди.
Онаси бир қўли билан обдастанинг бандидан, иккинчи қўли билан жўмрагидан тутиб, ҳали шам тушган кийгизга сув қўйди.
– Эҳтиёт шарт, тағин ёнғин чиқмасун! Ўзи шундоғам беаёв ёнганимиз етар!
Шу пайт кўланка кўринди.
– Бу нимаси бўлди? Кўлагаму бу? Ҳей, тўхта, кимсан?
Кўланка лип этиб кўриниш берди-да, сўнгра кўздан ғойиб кетди.
– Яшамагур, тўхта дейман, – Хонсултоннинг овози Турконинг юрагини ўртаб юборди.
Сайфиддин ёниқ шамни онасига тутди…
* * *
Ўтган кунлари кўз ўнгидан кетмай дилхун бўлган Қутуз ўз дарди ичига кўмилиб, узоқ ўтирди. Ўлкага ёв ёпирилган мисол, совуқ ваҳима кўнглига оралади. Комига тортаётган ўтмиш ҳодисалари уни яна забтига олар пайт, чидай олмай “Ўпқон коми битармикан ҳеч? Бу зулмат кунларнинг охири бормикан?”, деди ўпкаси тўлиб.
Найласинки, кўз олдида момоси Туркон титраб турарди.
Волидаи калони қўлида тилла патнис кўтариб, ўтовга кирди.
Ўтов ичи кенг: ерга қалин ва майин гиламлар ёзилиб, ўртага хонтахта қўйилганди. Туркон ширинлик ва меваларга тўла баркашни унинг ёнига қўйди. Жўжи лаззатланиб таом емоқ билан машғул эди. Шунда Туркон ўтов тўрида ёзилган тўшакка кўзи тушди. Фаросатсиз Жўжи тамшаниб-тамшаниб таомланар эди. Чунон бетакаллуф ва орсиз ғаним ҳузурида тамом ночор экани Турконни алам оташларига улоқтирди.
Жўжи ёғли қўлини артаётиб:
– Боғингда ягона гулинг борлигидан хабарим бордур, – деди. – Ва ўшал гул маним насибамдур. Шамолдек елиб, ул гулни узиб, маним ёнимга олиб келғайсен!
Таҳқир эшитган Турконнинг вужуди музлаб, томирида гўё қони қотди. Хотун бундай карахт бир ҳолга илк бор ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ Мовароуннаҳрни тарк этган чоғда тушганди. Ҳоли хароб Хотун дилтанг, бир ҳимога маҳтал ҳолда атрофга боқди, бироқ унинг жовдираган кўзлари ўзига қадалган мазах ва таҳқир тўла Жўжининг нигоҳига дуч келди, кўзларини юмиб, “ўла–ўлгунимча сенларни қарғаб ўтгаймен!” дея пичирлади.
Бу гал ўқ Муҳаммаднинг танҳо қизи – Хонсултонга қаратилганини билган Турконнинг хонумонига яна ўт кетди. Ботинидаги бу ўт кўзларида сонсиз-cаноқсиз юлдузчалар бўлиб тарқалди. У ўзини чулғаб олган қўрқувдан титради, кейин қўлларини оғриқли бошига олиб борди. Ўтов ташқарисида сипоҳларнинг шивир-шивири ва оёқ товушлари эшитилди.
Яна шўр пешонасига нелар битилмиш? Тағин не савдолар тушмиш бошига? Уни ташқарига олиб чиқишди. Қош қорайган, кўкдаги юлдузлар кўзига ғариб кўринди. Турконни муттасил ўй ва жонини чатнатувчи азоб адо қилган эди, у лабини тишлаб, асабий титради, кўзидан эса алам ва ситам ёшлари яна ва яна, қайта ва қайта ҳалқаланиб, иссиқ сел каби юзига қуйилиб оқди. Аччиқ кўз ёшларига чўмилган Хотун ҳасратли кўлобларини ғаними кўрмасин учун, гўё ичкарига қайтармоқ истаб, оғир ютунди. “Худойим, сен мени қўлла! Чингиз офатидан асра! Хонлигинг куйсин сенинг Чингиз, қиёмат қадар сени дуойибад этгум”, дея тағин ўртаниб қарғанди…
–Улуғ Хон сен эси паст-анқовни хизматкор этиб тайинлагани наҳот эсингдан чиққан бўлса? Бор, оёғингни қўлингга олиб югур, неварақизинг Хон- султонни Жўжихоннинг ёнига чорла. Жўжихон сен боғингда асраб ўстирган гулни ҳидламоқни ихтиёр этгандир…
Сипоҳ тош қотган Турконнинг сочини бураб, бўйнига дор этди. Жон сақлаб, қаттол қўлидан омон чиққан Туркон телбанамо қадамлар билан невараси турган хонага кирди. Хонсултон Сайфиддиннинг устига ёпинчиқ ташлаётган чоғ, милт-милт шам ёғдусида Волидаи калони ичкарига кирганини кўриб, унинг қаршисига югуриб келди. Кўрдики, момосининг ҳоли чиндан танг. Туркон вужудини чулғаб олган даҳшатни қувмоқ истаб, неварасига тикилди.
– Шўримиз қуриб қолди, болам! – пичирлади у.
– Шўримиз қуриганига кўп бўлган, Бек Онам!
– Сени Жўжи ҳузурига чорлади.
Шум хабардан зумда кўзлари ола-кула бўлган Хонсултонни ваҳшат қўпди. У қалтираган қўлларини юзига олиб бориб, ичида нола қилди. Унинг асаб торлари таранг тортилиб, азбаройи нима қиларини билмай қолганидан дағ-дағ титрай бошлади. Ниҳоят далли хаёлини қувмоқ учун ўзида журъат тўплаб, момосига қаради, бироқ унга бир сўз қотмади.
Момоси ҳўнграб йиғлаган чоғ Сайфиддин уйғониб кетди. У не ҳол юз бераганидан бехабар, дам волидаси Хонсултонга, дам волидаи калонига қарар эди.
Хонсултон хона тўридаги жовонда тахланган, тарқу юнгидан тўқилиб, ёқут тошлар қадалган камзулини устига кийди-да, шошиб бошига рўмолини танғиди. Она Сайфиддиннинг қўлидан тутиб, дарича ёнига борди. Қани энди ўғлини олиб олисларга, мўғуллар қадами етмайдиган муборак маъволарга равона бўлса!
Ташқарида оёқ товушлари ва кимларнингдир шивирлагани эшитилди. Сал ўтмай ичкарига бир мўғулий сипоҳ кирди. Хонсултон унга чап бериб ўтиш учун биринчи қадамини босган эдики, шай турган бошқа сипоҳлар унинг йўлини тўсишди.
Туркон нарида невараси томон қиличини яланғочлаб келаётган сипоҳнинг бирига жон ҳолатда ташланди. Сайфиддин эса бошқасига. Улар бир зумда Туркон ва Сайфиддинни тинчитиб, Хонсултонни қизил рўдапога ўраб чирмашди.
Бир пайт атрофда аянчли нола эшитилди. Бу волидаси Хонсултоннинг ноласи эди. Унинг тирноғига тош теккан чоғ, волидаи калон Турконнинг илкида қувват, томирида қон, бўғзида эса жони соб бўлди. Нола-ю фарёди баайни бутун Мовароуннаҳрни ларзага солди. Хотун дарбадар, ўксик кезинди, кейин нақ жони қўпорилиб, ҳеч нимани ҳис этмай қолди.
Сайфиддин эса ерга чўккалади. Зубаржат юлдузлар оралаб чиққан ой кўнгил балосида ғариб чўкиб, қайтиб чиқмас бўлиб ботди. Ё Раббим, қудратингдан! Наҳот шундай кулфат, шундай фалокат ёқасида тағин юлдузлар пешонангда чарақлаб турса! Наҳот тун зулмат ичига ботса, аммо тонг ҳарир пардасини йиғиб, қуёш яна ҳеч нарсадан бехабардек офтобини оламга отса…
Сайфиддин қалтираган қўллари билан оғриқли бошини чангаллади. Волидаи калони Туркон Хотун эса қиров босган сочларини юлиб, силкиниб-ўксиниб йиғлар эди. Унинг кулфати мислсиз эди – хоразмшоҳлар ҳалокати эди бу! Туркон йиғлай-йиғлай толди, кейин ҳеч қаерда ва ҳеч қачон бўлмагандек тугаб-бўшаб қолди. Кўзларини бир нуқтага қадаган кўйи тураверди-тураверди.
Далли хаёлига қай бир савдойи ўй келиб, уни буткул телба этди. Юрди-суринди, йиқилди–турди, йиғлади-овунди. Қақшади-юкунди. Аммо Хон султоннинг ноласи Туркон Хотуннинг қулоқлари остида муаллақ эшитилиб тураверди, тураверди…