Читать книгу КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР ( Коллектив авторов) онлайн бесплатно на Bookz (3-ая страница книги)
bannerbanner
КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР
КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР
Оценить:
КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР

3

Полная версия:

КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР

Қуюқ туман туфайлилигина қуршовдаги отишмадан бир амаллаб қочиб қолган икки солдат 17-18 ёшлар чамаси қиз ва 20 ёшлардаги йигит гоҳ эмаклаб, гоҳ чопишиб олдга елиб борардилар. Елкаларида автомат, қиз қўлидаги дорилар солинган халтага қараб унинг қисм ҳамшираси эканини билиш қийин эмасди. Улар тепаликдан тушиб шохлари тарвақайлаган, ёйилиб барг ташлаган баланд арча дарахти остига келдилар. Иккаласи ҳам ҳолдан тойган, бир сўз дейишга ҳам мадорлари йўқ эди. Кун қоронғулашиб юлдузлар бирин-кетин кўзга ташланиб қолди. Қиз ҳам, йигит ҳам кўм-кўк ўтлар устида ёнма-ён жимгина осмонга тикилганча ётишарди. Ўрмонни зулмат эгаллай бошлади. Бойўғли ва яна аллақандай кушларнинг беўхшов ёқимсиз сайраши эшитиларди. Мабодо, аҳёнда олислардан ракеталарнинг визиллаб учиши, замбарак ўқларининг гумбирлаши эшитилиб қолмаса, бу ерда уруш кетаётганига ақл бовар килмасди.

– Кандай тинч, чиройли манзара, – қиз йигит кўксига бош қўйганча пичирлади, – қачон уруш тугаркин? Қачон бизникилар қорасини кўраркинмиз? – Сўнг ваҳимали қўшиб қўйди, – балки шу ерларда ўлиб кетармиз.

Шусиз ҳам хавотирдан синиққан, эзилган йигитнинг эти увишиб кетди, қизни маҳкам қучоқлади ва овутмоқчи каби сочларидан силаб ўпа бошлади.

– Сенга нима бўлди, София, қўрқяпсанми? Сен ҳеч қачон бундай кайфиятда юрмагандинг-ку, ҳеч қачон бундай дема, қара, эрталабдан буён қанча йўл босдик. Ажабмас, яқин орада бирон-бир кулбага ёки аҳоли яшайдиган пунктга яқинлашган бўлсак. Шундай бўлиши керак. Харитани эслаб қолганман. Аниқ шу тарафда биз учун йўл бор. Ана ундан кейин омадимиз келди деявер. Дам оламиз. Сенинг оёқларингни даволатамиз, – тўқиётган умидли ўйларига ўзининг ҳам ишонгиси келарди унинг.

– Қара, оёқларим шишиб кетди. Биз бу кеч шу ерда ухлаймизми?

– Ҳа, бироқ тонг оқариши билан бу ердан дарҳол кетишимиз керак. Немисларга дуч келишимиз мумкин.

– Буку аник, ҳар ҳолда чалғитиб қочдик-а?

– Ҳа, жуда омадлимиз. Тағин биргалигимизни айтмайсанми?..

– Сени жуда севаман, жонгинам. Бироқ қўрқиб кетяпман. Мен яқинда юролмай қоламан. Сенга юк бўлиб қолмасмикинман…

– Юк бўлгандаям жуда керакли ва азиз юксак мен учун. Сени тоабад елкамда кўтариб юришгаям тайёрман. Ке, бирон нима еволамиз, – йигит туриб ўтирди ва халтасидан икки бўлак текис кесилган қора нон ва бир бўлак пишлоқ олди. Пишлоқнинг бирини кўпроқ қилиб бўлди-да бир бўлак нонга қўшиб қизга тутқазди. Егуликни кўриб қизнинг кўнгли анча кўтарилди, чеҳрасидаги бояги чарчаш ва маъюс ифодани юлқиб ташлаб улушини секин-секин ея бошлади.

Энди улар ҳам яқинлашаётгандек туюлган хавфдан, ҳам совуқдан бир-бирининг пинжига тиқилганча ётардилар.

– Ҳеч уйқум келмаяпти, – қиз йигитнинг бўйнидан маҳкам қучоқлади.

– Оёқларинг оғрияптими? Сен мени хафа қиляпсан. Шу кунгача шу қизда қўрқув ҳақида тасаввур ҳам бўлмаса керак деб ўйлардим.

– Ҳа, тағин қўрқиб кетяпман.

– Ахир қисмда ҳаммага далда, куч бериб юрган шундай жасоратли қиз-а.

– Биласанми, мен нимадан кўпроқ хавотирдаман. Иккимизнинг ажралиб қолишимиздан.

– Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Нима бўлганда ҳам қисматимиз бир бўлади. Ундан кейин яхши ният қилиш керак. Мана кўрасан, парвардигор бизга ёруғ кунни ўзи ато этади. Ке, бошқа гаплардан гаплашамиз.

– Қайсидан?

– Уруш тугагач, икковимиз қишлоғимга қайтамиз. Онам, сингилларим билан танишасан, янги ҳаёт бошлаймиз. Болаларимиз бўлади, тўғрими?

– Ҳамқишлоқларинг бу хунук қизни қаердан топдинг, деб сени мазах қилишмайдими?

– Жиннивой, сен жуда чиройлисан. Сочларингни қара, худди, ҳа нимани эсладим, айтайми, ҳалиги буғдой пояларини кўрганмисан, сал шамолдаям қанақанги текис, чиройли шовиллайди-ку, ўшанга ўхшайди. Кўзларинг эса гўё мадонна. Биби Марямникидақа сеҳрли ва нурли… Ўзинг билмайсанда!

– Юзларимдаги сепкил-чи? Ҳозир уруш. Кейин ўзим юзларимни парвариш қиламан, бодринг суви, ҳар хил шарбатлар суртаман. Урушдан олдинги пайтдагидек тиниқ ва силлиққина бўп қолади. Истаганча ўпаверасан. Ўшанда сен мени баттарроқ яхши кўриб қоласан. Кариндошларингниям мени севишга мажбур қиламан. Уларнинг бизга ҳаваслари келади. Мен сенга жуда зўр хотин бўламан.

Йигит юрагидаги барча андуҳларни итқитиб, очилиб кулди ва маҳбубасини баттарроқ еркалаб, бағрига тортди.

– Ҳозир ҳам жуда зўрсан. Сени қанчалар севишимни билсайдинг. Буни айтиб бўлмайди-да. Афсуски, шоир эмасман. Чиройли-чиройли гапириб, сени ишонтириб қўя қолардим.

– Шунисиям яхши. Шоирлар севгиларига севгилиларини ҳеч қачон ишонтира олмайдилар.

– Нега?

– Чунки улар ўзларини ҳаддан ташқари ақлли ва мукаммал биладилар. Муҳаббатни бир қолипга ўзлари солволишади, унинг темир қонун-қоидаларига сўзсиз риоя этишни севгилиларидан талаб этишади. Муҳаббат эса руҳ сингари озод ва эркин, ҳеч нарсага бўйсунмайдиган, ҳеч бир қонунни писанд қилмайдиган, таъриф бериб бўлмас буюк туйғу.

– Қара, қандай ақллисан.

– Айт-чи, бизнинг нечта боламиз бўлади?

– Ўзинг нима дейсан?

– Қанча бўлсаям, майли.

– Йўқ, жоним, ҳар битта инсон дунёга келаркан, у бутун бир тақдир бўлади. Кўзимиз тириклигида нечтасини ақлли қилиб ўстира олишимизга, бахтли қилишимизга кучимиз етса, ўшанча қиламиз…

Тонг отиши ҳамон улар атрофни кузата-кузата то чошгоҳгача юрдилар. Ўзларига хавфсиз ва ишончли туюлган томонга икковиям ҳолсизланиб қолгунча юрдилар. Сўнг қалин буталар орасига дам олгани чўзилдилар.

– Биласанми, – бир оз дам олиб ўзига келган қиз йигит томон ўгирилди, – тўғрисини айтсам, мактаб пайтлари мен бир болани севиб қолгандим. Очиғи, у менга жуда ёқарди. Юқори синфда ўқирди.

– Уям севармиди?

– Ҳа, у менга узундан-узоқ мактублар ёзарди. Бироқ ҳайронман, улар менга ҳеч қандай ҳаяжон бағишламаган, таъсир ҳам этмаган. Ўқиганда нуқул кулгим қистарди. Бироқ мен севгимни ундан ўта сир сақлардим, жонгинам.

– Нега? – сўради йигит энди бир оз қизиқиш билан. Чамаси, ўқ овозлари, қурқув ва таҳлика юракка хавф солиб турганда, уларни бир дам унуттирадиган, холис, батамом ўзга дунё кечинмалари ҳақидаги бу телба-тескари суҳбатлар унга жуда хуш ёқаётганди. Ва маъқули ҳам шу эди.

– Нега дейсанми? – қиз ақлли ва фозилона гап айтмоқчи каби юзларига жиддий тус берди. Гўё у ёш бўлса-да, севги бобида бошидан ўтказган ва ўзича хулосалаган ноёб бир ҳаётий тажрибасини суҳбатдоши билан оқилона баҳам кўрмоқчи каби эди. – Нега десанг, инсон ҳамма вақт ҳар нарсага тайёр туриши керак. Ҳаёт экан ўлимга ҳам, севги келса ҳижрон ва айрилиққаям. Шунинг учун унга севгимни баралла тўкиб-солишни ва у билан умрбод боғланиб қолишни ҳеч ҳам хоҳламасдим. Ҳар ишнинг бошида шубҳа ва гумон ҳам яхши нарса. Хаёлимда у қачондир бошқа биттаси билан бўлиб кетадигандек ва унга ўта богланишим ва ўта севишим, агар тайёр турмасам, ҳаётимни барбод бўлиб, бемаънолик касб этиши, бутун умрга етгулик жароҳатлаши мумкин эди. Умр, фақат севги жиннилиги туфайли вайрон бўлиб қулайдиган, мазмунини йўқотиб, у дунёга ишқни кучайтирадиган ҳислар ғиштидан қурилган иморат эмас, аксинча, яшай билиш санъатини моҳирона намоён эта олиш учун одамзодга берилган ноёб имконият деб қараш керак. Худди шундай бўлди. Вақтида менга узундан-узоқ ишқий мактублар битган бу бола бир кун мендан чиройлироқ ва келишганроқ қиз билан етаклашиб олдимдан ўтиб кетди.

Ўша пайтда билсанг, азизим, йиғламадим ҳам, ўкинмадим ҳам. Чунки, мен бунга тайёр эдим. Бутун вужудимни қоплаб олиб, юрагимни ширин ҳис ва орзулар фатҳ этган илк муҳаббат ўйлари орасидан ҳижрон ва бардош учун етарли жой ажратиб қўйган эдим. Ўшаларгина мени суяди. Куч ато этди ва маъюсликлардан асраб қолди. Ўшалар таъсиридами, қувониб ҳам кетдим.

– Нимадан? – йигит кўз олдида бир дунё очилаётгандек лаҳзалардагина ҳикоя қилиб бўлинадиган бу сирли манзаралардан ўзи учун керакли алланималар олиб қолмоқчи каби чанқоқлик ва ҳузур билан эшитарди. Нималарнидир ундан олдинроқ англаб етган ва ёшига номуносиб ҳукмлар чиқара олган сирли муҳаббат оламининг гўзал ва ёқимли, андак қайғули таассуротларини ола билган бокира бир қалб кечинмаларини жон қулоғи билан тингларди.

– Нимага қувонганимни айтсам, ўзим аввалданоқ қилган башоратимга кароматгўйлигимга. Уларнинг тўғри чиққанлигига…

– Буни қара-я, қойилман! – йигит завқланиб кулди, – шундан ҳам ўзингни хурсанд қилиш иложини топибсан. Аммо тентак бўлсанг ҳам ақлли тинтаксан, қўзичоққинам. Буни кара-я, – лаб-лунжини йиғиштиролмай илжаяарди йигит чин дилдан унга қойил қолганини ҳам яширгиси келмади,

– Сенга, азизам, бир шеър ўқиб берайми?

– Ҳали сен шеър ҳам ёзасанми? Шоирман дегин.

– Нега энди, – диди қиз норозироқ оҳангда, – шеърни фақат шоирлар ёзарканми? У шеър ёзадиганларниям шоир деб бўлмайди. Ҳа, эшит, унча келишмасаям хафа бўлма, ахир мининг шоирликка даъвоим йўқ.

Ўн олти ёш!.. Сокин ёшлигим,Баъзан шаддод бебошлигимдир.Ярми уйсиз, ярми эса лим –Уруш, даҳшат дилгашлигимдир.Ўн олти ёш! Рози бўл мендан,Бердинг талай ҳислар яширин.Бу туйғулар, бу ўйларим-лаБедор ўтди тунларим ярим.Кутганларинг улгуролмадим,Тафаккурим қолди бетайинАқл-идрок кучи етмагач,Интиқ кутдим пирларнинг пирин.Ахир топмам пирсиз – нажотсизМинг ахтармай бу борлиқ сирин.Ўн олтилик ширин лаҳзаларҚора қирғин урушда қолган.Нетай, ўн еттимининг бошин ҳамШу жаҳаннам ўтларга солган.Бугун борман, балки эртан кунИсмим, жисмим йўқолгай беиз.Истиқболга менсиз етганларУнутарлар уруш сўзиниУнутарлар мени шубҳасиз.Луғатдан ҳам топиб отарлар.Шунда, шунда менинг армонимЎн олти ёш қизга қайтарлар.Руҳим менинг учар бахтиёрКўриб унда ўз ёшлигимни.Баъзан қайсар, баъзида ўжарЎйсиз шўхчан бебошлигимни.Қилолмаган ишларим гуноҳАйтилмаган сўзлар гуноҳдир.Таъбирига идроким ожизЙўйилмаган тушлар гуноҳдир.Алвидо, эй ўн олти ёшим,Дилда борин сақлаб нетарман.Гуноҳларим ювиб кетарман.Умидларинг оқлаб кетарман,Гар меҳрибон бўлса, худойим!

Қиз сокин, жуда ширали овозда нозик қилиб шеърни тугатгач, йигит чуқур ўйга чўмтганча узоқларга тикилиб қолди. Унинг нималар ҳақда ўйлаётганини шу топда ҳамроҳи минг маротаба кароматгўй бўлмасин, барибир билолмасди. Сўнг у қизга маъюс, армонли нигоҳини ташлади. Нимжон елкаларини силаб, беозор қучганча шеърни қайтатдан эшитди.

– Нима, ўн олти ёшингда кўп гуноҳ қилганмисан? Қайси томондан? Сивгинг туфайлими? – чўчиброқ сўради у.

– Ўзим ҳам шундай савол берсанг керак деб ўйловдим. Бунинг севгига мутлақо алоқаси йўқ, жоним. Билсанг, ўсмирликнинг ўн беш-ўн олти ёши жуда сирли ва жумбоқли. Бу ҳар кимнинг бошида бор, кимдир сал илғаб қолади, кимдир йўқ. Бу ёшда ўзлигини англашга интилган инсон учун келгусини белгиловчи жуда катта имконият Аллоҳ томонидан ёки табиат томонидан ато этилиши мумкин, дердилар дадам. Афсуски, бизнинг ёшларимиз бу ё ўзига оро бериб ўзгаларга ёқиш илинжида, ё ишқий ҳавасмандликлар туфайли, ё бойликни ўйлаб энг керакли дақиқаларни қўлдан бой бериб қўядилар. Кўп иш ва ўқиш билан машғул бўладиган бу ёшимда кўнгил тўладиган ишлар қилолмадим деб хавотирдаман… Ке, қўй, булар ҳақида бошқа пайт…

– Мактабдан сўнг қаерда ўқимокчийдинг?

– Базан артист бўлгим келарди. Кўпроқ врач бўлиш истаги зўр келарди. Баъзан, биласанми, асосий ишимдан ташқари театрда ишлайман деб қўярдим. Укам икковимиз ҳам гоҳи бўш пайтлар ҳар хил ҳайвонлар овозларини қилишни яхши кўрардик. Ёш болалар жон-дилим…

Қўшниларимиз гўдакларини баъзан бизга қарашга ташлаб кетарди. Уларни зериктирмасдик. Ялмоғиз, дев, ажина товушларини… Мана, курсатайми? – Қиз чеҳрасини ҳар хил қиёфага солиб, оғзини чўччайтирганча берилиб “санъат”ини намойиш қилишга киришди. Унинг билан зерикишга ўрин қолмайдиган ёқимтой ҳамроҳининг бу қилиқларидан йигит гоҳ ҳайратда қолар, гоҳ куларди. Улар учун гўё уруш йўқ эди. Келажак ҳаётлари, орзулари ва сурурли хаёллар тўлқини икки ёш боши узра сузиб юрарди.

– Сен ўлим ҳақида қандай фикрдасан? Боя инсон ўлимга ҳам тайёр туриши керак девдинг, – йигит чалқанча ётганича қизнинг тиззасига бош қўйди.

– Ўлим, – қиз бир лаҳза нигоҳларини узоқларга қадаганча давом этди, – бу… бу туғулиш каби табиат қонуни.

Инсон туғилиши биланоқ ажал фариштаси ҳам унинг атрофида айланиб юраркан. Қизиқ, бу фаришта унинг ёнгинасида кечаю кундуз ҳамроҳ бўлишига қарамай ер юзидаги ўн фоиз одамгина уни ўзларига дўст, бу ўткинчи дунёнинг баъзан йўқчилик, баъзан хасталик, баъзан хорликдан таналарини озод этувчи муқаддас куч деб ҳисоблашмаса, қолганлар уни душман санашади. Ирим қилиб қочадилар.

– Нега? Нима учун?

Олдин ўтган мард, шерюрак ота-боболаримиз ўлимдан қўрқиш эмас, унга рўпара бўлишни орзу қилишган. Ўз шиддатлари билан униям ҳатто чекинтиришга, то бу фоний дунёда мақсадлари амалга ошмагунча уни маҳв этишга муваффақ бўлганлар. Шундай кезлардагина улар ўзларига одилона баҳо бера олганлар, таналарини ашаддий синовдан қутқара олганлар. Айниқса, шаҳид ўлмоқликни, яъни дин ва халк эътиқоди йўлида ўлмоқликни Аллоҳдан илтижо қилганлар. Ва кўпинча, не бахтки, бундай инсонлар орасидагина буюк ва жаҳонгир, улуғ ва руҳан ўлмас одамлар етишиб чиққан. Улар умр ёши учун эмас, мангуликка ёзилажак ёшлари учун курашганлар. Афсус, улар сони йиллар сайин камаймоқда. Бу жуда ваҳимали ҳолдир.

– Ҳа-а, – йигит баттар ҳайратланиб унга тикилиб қолди, – қизиқ, сен буларни қаердан биласан-а?!

– Отам ҳам, онам ҳам фалсафа билан шуғулланардилар. Билмгоҳда дарс беришарди. Уйда ҳам уларнинг баҳси тугамасди. Шунинг учун улар суҳбатидан ўзимга қизиқ ва ғайритабий туюлган нарсаларни ойдинлаштириш учун диний-фалсафий адабиётларни кўп ўқирдим. Бора-бора булар менинг борлиғимни шу қадар чулғаб олдики, эҳ… агар уруш бўлмаганда эди, қанча китоблар ўқирдим, дунё ва коинот, ҳаёт ва инсон ҳақда бемалол ўй сурардим, таҳлилларимни дафтарга ёзиб борардим… – София чуқур хўрсинди.

– Олдин қаерда яшагансизлар?

– Мен Қаршида туғилганман. Сўнг Тошкентда яшардик. Бешинчи синфгача рус мактабида ўқирдим, кейин икки йил ўзбек мактабида. Мен саккизинчи синфга ўтган ёз дадамни Киевга ишга таклиф килдилар. Қандайдир илмий-тадқиқот ишлар буйича. Дадамнинг ҳол-жонига қўйишмагач, Киевга кўчиб кетдик. Бу ерда халқ фалсафаси, ўзбекларнинг ўтмиш маданиятига қизиқиш жуда катта экан. Келиб-кетувчиларнинг давра суҳбатларидан билиб олганман, улар дадам, онам билан биргаликда соатлаб баҳс қилардилар, бир-бирлари билан аёвсиз тортишардилар. Бўш вақтимда эса украин тилини ўргандим. Ўртоқларим кўп эди. Айни уруш бизнинг энг қувноқ ёшлигимизнинг гўзал пайтларига тўғри келди. Биринчи марта ўқ овози, бомба портлашлари, ўлаётган инсонлар… дадам, онам… Бу даҳшат, жудаям даҳшат эди. Кейин укам йўқолиб қолди… – қиз бошқа гапиролмади. У йиғлади. Ногоҳ ўзи ҳам билмай қиз қалбидаги азобли оғриқни қўзғатиб қўйганига жуда пушаймон йигит беихтиёр ўрнидан турди. Қизга таскин бергиси келмади, «майли, қайтага юрагини бўшатиб олади». Сўнг у атрофни диққат билан кузатиб ҳозир ўтажак йўлларини чамалай бошлади. Кун сал қоронгулашди, улар хавфсиз дея тахмин қилишгач умидли томон – буталар оралаб илдам юриб кетдилар.

Софиянинг оёқлари оғриётганди ва бу юришларига анча халақит қиларди. У тўсатдан дам-бадам ерга ўтириб қолар, этигини ечар, оёқларини шамолда бироз уқалар, сўнг яна бир амаллаб кияр ва юришда давом этарди.

– Бошқа чидолмайман, – киз оғир «уҳ» тортганча қулоч етмас, танаси бесўнакай ғадир-будир кекса дарахтга суяниб олди, этикларини ечиш учун ёрдамлашаётган йигитга ўксиб тикилди. – Қара, азизим, ўтирсам ва оёқларимни очиб қўйсам, оғриғи бироз тўхтагандай, гўё манави чап оёғим ҳеч ўзимникига ўхшамайди, ё нима бало, пайтава халақит қиляптимикин?

– Озроқ чида, юрагим сезиб турибди, дарё яқин, – пичирлади далда бермоқчи каби йигит ҳали ўзи аниқ билмасаям.

– Ке, сен ҳам чўзил, – киз ўтлар устига ётганча ҳамроҳига қаради ва яна қўшиб қўйди, – бирон нима дегин, Султон, йўл бўйи чурқ этмай келяпсан, сенга нима булди? – хавотирланиб унинг чарчоқ ва изтиробли юзларига тикилди София.

– Ҳеч нарса, нимаям дейин. Сен гапиравер, мен эшитавераман, – ҳозир унинг юрагига қил ҳам сиғмас, олдиндан рўй беражак нохуш воқеаларни сезган каби бутун вужуди мажолсиз бўлиб кетар, лекин рўпарасида фақат ўзигина паноҳ, суянч деб билган ожиз ва касалманд, айниқса аллақачон юрагининг бир парчасига айланиб қолган ватандош қиз тақдири уни баттар ташвишга солар, ўзидан ҳам уни кўпроқ ўйлар, авайлар, ачинар, бироқ иложсизлик бағрини ўртаб борар, қалбида кечаётган бу оғриқли ва хавотирли ўйларни зинҳор унга билдирмасликка тиришарди.

– Бир қўшнимиз бўларди. Кекса, нимжон чол. Хотини ва болалари билан келишмасди. Уйларидан доим жанжал, қий-чув ешитиларди. Унча-мунчамас, олти боласи бор эди. Тўрт қиз, икки ўғил. Катта қизи эридан ажралиб тўртта боласи билан келволган эди. Чолнинг кампири эса роса жаврақи, шаллақи эди. Тинмасдан, ҳатто бировлар олдида ҳам, эрини қаргани қаргаган эди. Чол бўлса ҳеч нима демасди. Секин ўрнидан турарди-да, кўл бўйига жўнарди. Унинг ортидан эса биз болалар ҳам эргашиб борардик. У ахир бизга гоҳида балиқ тутишда ёрдам берарди. Шунда у соҳилда ўтириб кўлга тикилганча хаёл сурарди. Жуда-жуда хафа бўларди. Сўнг тиззасига бош қўйганча… йиғларди… – София жим қолиб ўзига беҳад изтиробли ва қайғули туюлган бу ҳикояси суҳбатдошига қандай таъсир қилаётганини билмоқчи каби унинг юзларига қаттиқ тикилди. Йигит кўзларида ўзи кутганчалик тасаввур ва кўникмани кўриб, ишонч ҳосил қилди чоғи, чалқанча ётганча давом этди.

– Чол йиғларди… чол-а?.. Сен ҳам бундай ҳолатни ҳеч кўрганмисан?

– Ҳа.

– Қаерда?

– Ҳаётда, жонгинам, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз истаймизми-йўқми, такдир агар пешонамизга йиғлашни ёзибдими, йиғламай иложимиз йўқ. Турмуш жуда икир-чикирлари кўп дунё.

– Мин сени ҳеч қачон йиғлатмайман. Сўз бераман сенга. Мен ҳеч қачон шаллақи хотин бўлиб кечаю кундуз тепангда жаврамайман.

– Ақллигим ўзимни.

– Сен нима деб ўйлайсан, ўша чол нимага йиғларкин-а?

– Бундан бошқа чораси йўқлигидандир?

– Ҳа-а, топдинг, ёшлигида хотини билан роса айтишгандир, ким билади, калтаклагндир ҳам, кейин эса унини ўчиролмагач индамас одам овчиликни касб қилгандир. Шундай қилсам қутилишим осон бўлади деб ўйлагандир?

– Яхши йўл.

– Мен сени жуда паҳлавон ва ҳақиқий эркак қилиб тарбиялайман. Биз ҳеч қачон уруш нималигини билмаймиз. Мен ҳамма ишларни қилишда жон деб қарашавераман. Чарчадим деб айтмайман. Ўшанда сен ҳеч қачон қаримайсан. Ҳозиргидек навқирон бўлиб қолавирасан.

Йигит жавоб ўрнига бир сўз демай қизни маҳкам қучди. Унинг юзларини ҳовучига олганича узоқ ўпди.

– Сени севаман, жоним! – эҳтирос билан пичирлади йигит бахтдан сархуш овозда, – бироқ менга нисбатан анови синовларинг бор-ку бўлмагур, барини йиғиштирасан. Чунки сени яхши кўраман, бу синовларга ҳожат йўқ.

– Ростданми, сен менга рашк қилишга ҳеч йўл қўймайсан-а? Рашк, билсанг, бу жуда ёмон. Бу балога гирифтор бўлишни хоҳламайман. Баъзан орзу қилардим, менинг шундай севгилим бўлсаки, уни жуда кўп инсонлар, қизлар севса ва ҳавас қилса. Бироқ унга бу ҳисларини тўкиб-солишга журъат этишолмаса. Унинг кўзларида фақат мени ва менинг севгимни кўришса.

– Шундай бўлади, азизим. Хавотир олма, мен сени шундай севаманки…

Энди улар бир-бирларини нечоғли севишларини исботлашмоқчидек, телбаларча қучоқлашишар ва тинмай ўпишардилар…

* * *

Тонг азонда улар яна йулга тушдилар. Чакалакзор оралаб юриш жуда қийин эди. Бир-бирига чирмашиб кетган буталар қадам босишгаям халақит қиларди. Йигит хаёлида “Немислар қуршовидан омон чиқиш яна кимларга насиб этди экан, ҳозир улар қаердайкин? Бундан кейин қандай йўл тутиш керак. Нажот йўли борми ўзи?..” деган саволлар кезар эди.

Султон умидсиз ўтириб қолди. Бир ҳазин, ғамбода шабада бутун вужудини сирқиратиб совуқ элакдан ўтказа бошлади.

“Ёлғиз булганда унга ҳамма нарса барибир бўлган ва тақдир ҳукмига ўзини тутиб берган бўларди. Ёнида София. Бундай мусибатли, бахтсиз кунларда толе унга ато этган муҳаббат!.. Унинг тақдири қандай бўлади? Қандай? Хизмат қисмида уни ҳамма солдатлар яхши кўришар, сингилларига қарагандай самимий ҳазиллашиб юришарди. Ҳаммага бирдай ёрдам берадиган, ёш бўлса-да, анчагина тиббий тажрибага эга, ўзбек қизлари деганда хаммага қандайдир ёқимтой ва чиройли тасаввурни курсата билган бу қизчанинг жасур қадамларидан ўшанда у қанчалар фахрланарди, гўё ундан куч олгандай бўларди.

Энди эса…”

Султон чуқур хўрсинганча елкасидан автоматни олиб қайта тозалаб чиқди, пистолетини кўздан кечирди. Бу вақтда қиз ухлаб қолганди. Йигит энгашиб унинг юзларига узоқ тикилди.

“Бечора, уруш сени не кўйларга солди. Кўз олдида ота-онаси ўлими, бедарак кетган укаси, мусофирчилик… Шунақа ғамга қандай чидаб юрибсан-а, азизим. Тағин йўл бўйи хавотирдан чалғитишга, бошқа-бошқа гаплар билан мени овутишга, кулдиришга ҳаракат қиласан. Бу куч сенга қаердан ато этилган!? Бундан кейинги ҳаётимиз қандай бўлади ё душман ўқидан, ё йўл тополмай касалликлардан ўлиб кетмасмиканмиз…»

София тўсатдан алланималар деб алаҳлай бошлади. “Тушида қўрқдими?” ўйланди у. Султон кафтини унинг пешонасига босди, қўрқиб кетди. Бунча иссиқ, ёниб кетай дейди-я”. Йигит қизнинг рўмолини олди-ю ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмакда намлаб пешонасига босди, сўнг шинелини ечиб маҳкам ўраб қўйди. Қиз кўзларини очиб атрофга қаради, тепасида Султонни кўриб секин жилмайди, кейин пешонасидаги ҳўл рўмолга ишора қилди:

– Буни сен қилдингми, жоним?

– Ҳа.

– Қандай меҳрибонсан. Бироқ менинг оёқларим оғриб кетяпти.

– Тўхта, мана секин-секин уқалайман, шишлари бироз қайтар. Бирон-бир кулбани учратсайдик.

Унинг таскинлари умидсизроқ чиқаётганини қиз сезиб турар, лекин билдирмасликга ҳаракат қиларди. Тобора йигитга юк бўлаётгани учун ўзини ёмон кўриб борарди. Шу пайт узоқдан итларнинг хуриши қулоққа чалинди, иккови ҳам тахтадай қотиб қолдилар.

Қиз ўзини йигит қучоғига отди, унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб унсиз йиғлади. Султон бир қўли билан қизнинг сочларини силаркан, иккинчиси билан автоматни яқинроқ суриб қўйди. Иккаловининг юрак урушлари бемалол бир-бирларига эштилиб турарди.

Итлар овози узоқдан, ҳув адирлар ортидан келяпти. Султон ўрнидан туриб кафтини пешонасига қўйганча олисларга тикилди. Бироқ қуюқ дарахтлар оралаб овоздан бошқа ҳеч нарса уқиб бўлмасди.

– Биласанми, София, – йигит қиз ёнига чўкканлаб унинг иссиқ, нимжон бармоқларини қўлга олганча гап бошлади, – биз дарёга яқин қолдик. Бир амаллаб сувдан ўтиб олишимиз керак. У ёги бизга бехатар. 52-дивизия полки ўша ёқда эканини аниқ биламан. Кел, секин-секин юрамиз. – Қиз итоаткорона ўрнидан қўзғалди. Бу кеча унинг кўз атрофиям шишинқираб чиққанди.

Султон беҳад қайғу ва изтироб билан унга тикиларкан, ички нидо билан Оллоҳга ёлвора бошлади: “Э, парвардигор, мени қўй-у унга раҳм қил, гуноҳсиз бу бандангдан шафқатингни дариғ тутма, эгам, ахир у касал. Унга жуда-жуда кийин. Бизга куч-қувват ато этгайсан, бехатар бир йўлга чиқишга кўмаклашгайсан. Агар сенга жон қурбонлик керак бўлса, ол жонимни, ол… ол… Фақат унга раҳм қил, парвардигорим, раҳм қил, раҳм қил…”.

– Сенга нима бўлди, кўзларингда ёш, азизим? Ё мен билан юриш сенга қийин бўляптими-а? – гуноҳкорона, ғариб руҳда деди қиз.

Бу гапдан Султонниг хаёлий илтижоси тарқаб, қаршисидаги бир жуфт жавдираган кўзларга ўксиниб тикилиб қолди.

– Бир қўлинг билан бўйнимдан қучоқлаб оласан, сени кўтариб оламан.

– Қўявер, ҳали ўзим ярайман.

Иккиси секин-секин бирдай ортга ўгирилдилар-у, энг яхши, ширин дамлари ўтган, ҳадемай хотирага айланиб қоладиган, бирга ўтирган жойларига тикилдилар. Иккисиниям кўнглида бирдай фикр ўтарди. Бирга юрган, бирга дам олган ҳар бир жой улар учун қадрдон гўшага айлангандек эди. Гўё ташлаб кетишни хоҳламас, қўлларидан келса бирга олиб кетгудек эдилар. Ярим соатча ингичка сўқмоқ бўйлаб юрдилар.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «ЛитРес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

Вы ознакомились с фрагментом книги.

Для бесплатного чтения открыта только часть текста.

Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:


Полная версия книги

Всего 10 форматов

bannerbanner