скачать книгу бесплатно
Гувоҳлик беради уруш ўғлони,
Дўсти жанг олдидан ёрга ёзмиш хат:
“Бизда бугун булбул куйлади ёниб,
Булбулми ё бу сен эдинг, Муҳаббат?”
Жанг уни қаърига ютди беомон,
Замин жудо бўлди бир шоиридан.
Шу қисматни тинглаб турибман аён
Бу тонг ўша булбулнинг биридан.
Неларни кўрмайди хилқатда инсон,
Неларни бошидан кечирмас, ҳайҳот.
Умрдир гоҳида долғали уммон,
Гоҳо булбул бўлиб сийлайди ҳаёт.
Билмадим, сиз қандай, азиз ўқувчи,
Менинг рўпарамда юз очса чаман,
Увоқ шу қушлардан туғёнда ичим,
Курраи азимни ўйлаб кетаман.
Кўзи шавқ-ла ёниб ўғлим тунов кун,
– Мўл келдими, – дейди, – булбулга баҳор.
– Ҳали биз очажак гулшанлар учун
Тухмини ёрмаган қанча булбул бор.
Ўша туғилмаган қўшиқлар ҳақи,
Биз олган нафасда неки поклик бор —
Булбулга ва гулга ошиқлар ҳақи,
Мен бугун бир қўшиқ айтмоғим даркор.
Достон бўлур балки, ҳимматли қалам
Битажак сатрлар ишқ рубоийси.
Бир кун мени шоир атаса олам,
Билингки, ёронлар, шудир боиси.
Умрда ҳар лаҳза топмоқда қадр,
Қўшиқлари, сирли тушлари билан.
Руҳимда бир чаман уйғонмоқдадир,
Булбуллари – шоир қушлари билан.
* * *
Эрта уйғонаман қутлаб оламни,
Ғафлат шайтони-ла ҳар гал басма-бас.
Тонг атоғлиқ пари юзли санамни
Ўнгимда кўргим бор, тушимда эмас.
Бахт манзили чорлар сочиб гулини,
Ва толе қўшиғи сас беради, сас.
Йўлга чиққум, зотан бахт манзилини
Ўнгимда топгум бор, тушимда эмас.
Борлиқнинг энг сирли они – тонготар,
Бир туйғу элитар жонни бу нафас.
Бу – севги, ўнгимда унга етгум бор,
Ўнгимда етгум бор, тушимда эмас.
Қалбим аро сергак тонг соқчисига
Мени жуда эрта уйғотмоқ ҳавас.
Ўзим ҳам шу жонбахш райҳон исига
Ўнгимда тўйгум бор, тушимда эмас.
Ёруғ қуёш билан яшаб ёнма-ён,
Қўшиққа топганим сарлавҳа-ку бас.
Кўнглим тилагани – шеърми ё достон,
Ўнгимда айтгум бор, тушимда эмас.
Шаббода тебратган буғдой оламин
Саҳарда кезгум бор мен бир нонпараст.
Ана шу муборак ризқимнинг таъмин
Ўнгимда тотгим бор, тушимда эмас.
МАРВАРИД
Фаришталар ҳам гоҳи аччиқ ёш тўкар эмиш,
Вола қилди ўзига мени ушбу афсона.
Дур бўлиб дарёларнинг тубига чўкар эмиш
Соҳилда йиғлаганда фаришталар пинҳона.
Водариғ, париларни йиғлатган буюк фарёд
Қай бир зебо ҳуснида дурдона бўлиб кулса!
Нетай, марварид шода этолмаса мен шод,
Кулолмасман санамлар кўзидан ёш тўкилса!
Мен учун бахтли ҳолат: ахир сиз беҳад шодсиз,
Яшагум ўзни тутиб соҳилларга боришдан.
Майли , бирор гўзалнинг кўкси қолсин зийнатсиз,
Фақат сиз ғамлар аро кўз ёш тўкманг, фариштам.
БАХТ ҲАҚИДА
Қуш парвоз учун, инсон бахт учун яралган.
В.Г.Короленко
Кўпни ўйлаб, худбин ниятдан йироқ,
Заминга уруғлар ташлайсан, инсон.
Қушмассан қаноат қилгали бироқ,
Йўлда учраса деб тасодифий дон.
Ўзгага бахт бериш хосдир ҳумойга —
Дамодам, дамодам парвозинг сенинг.
Одамлар қалбида порлаган ойга
Ахир шудир, Одам, парвозинг сенинг.
Тунлари фалакка волавор боқиб,
Узиласан ернинг ташвишларидан.
Хаёл чангалзори ичра улоқиб,
Гоҳ дейсан дунёнинг шум ишларидан.
Сўз излаб Бахт деган пок тушунчага,
Қутлуғ минбарлардан сўз айтасан гоҳ.
Ҳали очилмаган тонгги ғунчага
Шоҳ байтинг бахшида бўлур баногоҳ.
Скрипка саси келса девор ортидан —
Қўшни қиз бошлапти демак тун машқин.
Англайсан шу толе нақаротидан
Ғунча бир кўнгилнинг бокира ишқин.
Бор бўлсин муҳаббат! – яшаш гимнига
Хушбахт калималар бўлиб ёзилур.
Бу бахтдан бенасиб ким бор ва нега,
Қай бахт қаршисида саждалар қилур?
Бахт яна: безовта кўнглинг кўзлаган
Ва сени имлаган манзилга сафар.
Бу йўлда ким кулган ва ким бўзлаган,
Гоҳ мағлубсан бунда ва гоҳ музаффар.
Балким, қайғуларнинг қаро сиртини
Умид ранглари-ла йўғурмоқ – бахтдир
Имони – вафолар севги юртини
Тавоф қилмоқ учун югурмоқ – бахтдир.
Ўзгани тан олмоқ ва танимоқни
Ўзни танимоқдан бошламоқ – бахтми?
Ғамда даст кўтариб руҳий қийноқни
Дўст ёнида кўзни ёшламоқ – бахтми?
Бу Бахт заҳматларга эгизак мудом,
Ўздан учиргунча жон қушин то тан.
Қушмассан, фидойи одам – сенга ном,
Яралгансан шундай бахт учун зотан.
АЖАБ ИШЛАР
Дунёйи азимда ажаб ишлар кўп:
Шундай кимсаларни учратасан гоҳ —
Кимгадир бирор бир яхшилик қилиб,
Чор атрофга боқиб изларлар гувоҳ.
Риёкор зотларда ўзга бир қилиқ:
Бу борада улар тамом тескари:
Кимгадир бирор бир ёмонлик қилиб
Гувоҳдан қочарлар, қочарлар нари.
ЭКЗЮПЕРИ
Ўз севган осмони бор эди унинг
Ва шоёни осмон – олтин қаноти.
Ўзни ўтга урган ҳур парвонанинг
Хос эди Сент-Эксга фожий ҳаёти.
Бир дам орзулардан айрилмади, йўқ,
Янги афсонага кирмади оти.
Учишлардан толиб қайрилмади, йўқ —
Оловларга тегиб куйди қаноти.
* * *
Умр кечар. Гоҳи худсан: гоҳида бехуд,
Гоҳ қаламга фармон берар юрагинг саси:
Мен сўйлайин, оқ қоғозга тушсин беҳудуд
Азал-абад муҳаббатнинг янги қиссаси.
Бул қиссанинг қаҳрамони ўзимман ахир,
Қатларида маъюс-маъюс қанча боблар бор.
Қадрдоним, гоҳо мени тутгайсан маъзур,
Кўзларимда ёшлар кўрсанг титроқ шашқатор.
Ул муборак дамлар – севги туғилган куни
Бир умрга қалб шеър билан тутинган ошно.
Дўсти азиз, сен ҳам албат англарсан буни
Гар бошингга тушган бўлса ишқ деган савдо.
Ишқда ёруғ севинчларнинг балқиши бордир,
Бордир гоҳо андуҳлари, изтироблари.
Ошиқликнинг дунёсига зар устивордир
Шоирларнинг ёниб битган пок китоблари.
Мен-ку сенга ишқда бахтлар тиларман тайин,
Кўзларингда кўрмай, дейман ногаҳоний нам.
Лек, шеър узра оҳлар уриб, олиб оғир тин,
Йиғлар бўлсанг мен кулмасман, кулмасман, санам.
* * *
Нозли бир илтижо, майин эркалаш,
Оташни бир шивир, масиҳвор нафас,
Гоҳ бемажол руҳни – мудроқ ҳамда ғаш —