скачать книгу бесплатно
Шеър хаёли мени банд этган дами
Йўқлаб келар яна битта париваш.
Тунда остонамга етиб қадами,
Бошқа бири ёниб сўйлайди яккаш.
Умрлар кечади соатма-соат,
Шиддаткор асримда дамлар югурик.
Жўралар омонми, борми саломат,
Ўзга кулфатига бўлдимми шерик…
Ножўя айтилган битта сўзимдан
Чил-чил синмадими дўст кўнгли ногоҳ;
Совуқлик ёғдими баъзан кўзимдан —
Баридан одамлар огоҳдир, огоҳ…
Қизлар сиймосида кўринган менга
Йигирма тўрт сулув – кеча-кундузим.
Сарҳисоб бераман соатларимга
Вақт қаршисида якка мен ўзим.
Вақт ғазнасида онларнинг зари
Ганжлар уммонининг қатра мисқоли.
Ҳар кичик ишимга тушиб назари
Вақт мендан ҳол сўрар дўстим мисоли.
Шундай улғаямиз бизлар кунма-кун
Умр дарёсида оқади сувлар.
Кечган ҳар соатнинг лаҳзаси учун
Ҳисоб сўрар ҳали қанча сулувлар…
Шу ярим кеча ҳам ишқий қасида
Ғазалим байтига мавзу бўлган он,
Доно бир фаришта қиёфасида
Эшик қоқаётган вақтдир, бегумон.
* * *
Иккимизга учрашув – армон,
Уни тилаб йўллар ошамиз.
Шафтолилар гули напармон —
Ажиб бир тонг биз учрашамиз.
Ошиққанча айланур даврон,
Ихтиёрсиз биз ҳам шошамиз,
Шафтолилар гули напармон —
Ажиб бир тонг хайрлашамиз.
* * *
Биз лаҳзалар каби шошамиз ҳар вақт,
Гоҳ ҳушёр, гоҳида ғафлатдамиз, оҳ.
Гоҳ тўй-томошага келмиз барвақт,
Дўстнинг кулфатига кечикамиз гоҳ.
БАХТЛИ СЎЗ
Мен ҳаётда аччиқ-чучукни тотдим,
Гоҳ ҳушёр, гоҳ эса ғафлатда ётдим,
Шеър усти мен яна сени уйғотдим,
Муҳаббатдан сўйлаб янгра дилафрўз,
Тилимнинг учида турган бахтли сўз.
Сен гўдаксан тилга кирмаган ҳали,
Ҳасрат ялдосининг митти машъали,
Сенга етди букун чақнамоқ гали,
Дунёга кўз очиб чақмоқлардан ўз,
Тилимнинг учида турган бахтли сўз.
Ҳар ишнинг ўз маврид ва ўз соати,
Ҳар қалбнинг ўз имон ва ўз тоати,
Ёғдуга талпиниб энг чуқур қати
Кўнглим сени тилаб мастона ҳамрўз,
Тилимнинг учида турган бахтли сўз.
Сўзлар қуршовида кечади ҳаёт,
Кўргузиб гоҳ андуҳ, гоҳи илтифот,
Шафқат кемасининг лангарини от,
Кимгадир, кимгадир нажот қўлин чўз,
Тилимнинг учида турган бахтли сўз.
* * *
Йўл сўраб, йўл сўраб яхши-ёмондан
Товони қаварган, сочи жингала,
Қайлардадир қолган олис ёбондан
Мени излаб келар хушрўй бир бола.
Кўзим ёниб кетар, ёришар кўнглим
Боқиб қўлидаги гўзал варракка.
Бу не синоатдир, аён эт, тангрим, —
Варрак айланади жонли юракка.
Мана, олиб келдим, – дейди болакай,
Қалбингни қолдириб кетган экансан.
Ахир, қалбсиз яшаб бўлар тобакай,
Билдимки, мени зор кутган экансан.
Қалб яна варракка айланар эвоҳ,
Унга суюнганча кўзни қадайман.
Тўхтагил, эй бола ва бўлгил огоҳ,
Шамол чақирайлик, кетмагил, дейман.
Қийқириб кулади беғубор ва шод,
Келган томонига шўх югуради.
Илдам қадамлари анчагача бот
Кўксимда акс-садо бериб туради.
Бу гал ҳам алдапти ҳар галгидай туш,
Билмам, таъбирини неларга йўйдим,
Сени, болалигим – олтин қанот қуш —
Топиб улгурмасдан йўқотиб қўйдим.
Болалиги ортда қолган одамлар,
Тушдами, ўнгдами – ҳайратланманг ҳай,
Қайдадир унутган қалбингизни гар
Бир кун олиб келса ўша болакай.
КЕЧА ВА БУГУН
Кечаги оловнинг устин босиб кул,
Қайта ўт ёқилар бугун ўчоққа.
Ақлингни лол этган кечаги булбул,
Бугун учиб ўтмиш нариги боққа.
Айҳаннос нечундир, не даркор кўз ёш,
Ўтиб бораётган Вақт борасида.
Ҳар саҳар қайтадан туғилар қуёш
Кеча ва бугуннинг чегарасида.
Ҳайҳот, гул шохида пок тутиб номин,
Булбуллар қулайди куйлаган кўйи.
Балки шу байтимда топар давомин
Паблонинг сўнгига етмаган ўйи.
Булбуллар гулларни севишда ҳалол
Биз – шу инсонлардан эмасдир нари.
Ўтган даҳоларнинг улар эҳтимол,
Куйлаб турган руҳи мусаффолари.
Букун кўҳна бобо – шу қадим ернинг
Навқирон авлоди шеър айтур шоён.
Неча юз йил оша Мир Алишернинг
Ғазали жон аро солмакда туғён.
Қалам йўниб кеча бошлаган байтим
Бугун ишқ етаклаб кирди қай жонга.
Балки шеър ўрнида лоқайд сўз айтдим.
Эга бўла туриб буюк имконга.
Гоҳ бўз толалардан, гоҳ шойига ғарқ
Тинимсиз тўқилур, тўқилур мато.
Мангулик чархини юргизар бефарқ
Вақт отли кўринмас кампир бехато.
Даврон арқоғида гоҳ пайдо тугун,
Ечмоғимиз керак уни албатта.
Эрта сари шошиб кеча ва бугун
Йўқса қолдирғуси бизни ғафлатда.
Юракларга кўчиб кўзлар кулгуси
Шавқ тўла тўқилсин порлоқ достонлар.
Эрта бир кун асл бургут бўлғуси
Бугун кўкни тутган шўх полапонлар.
Не тонг, пок ҳаваслар сўзда намоён,
Сўзлар – шеър лашкарин фидойилари.
Не ажаб, манглайди ўқилса аён
Сирли йўллар – умр рубойилари.
Кеча – бугун аро Вақт бургути
Гоҳи хуш, гоҳ нохуш хабар келтирди.
Шеър билан тўлмаган оқ дафтар бети
Бир тола сочимга рангини берди.
САҲАР ҚЎШИҒИ
Салом, булбулларим – мен севган куйчи,
Тонгги шу мусаффо дунё сизники.
Субҳи содиқ они гулга ингувчи
Тоза у шабнамлар – саҳбо сизники.
Мени ҳам этингиз ишқ ила сархуш,
Сиз-ку махмурликнинг билгувчи сирин.
Кеча кўрмиш эдим ҳикматли бир туш,
Сизга сўйлайдирман, айтинг таъбирин.
Тик қояни кўзлаб шердир бургутлар
Олис анқо сари кўрсатгандай йўл,
Мағлубликни билмай пурдил йигитлар
Майдонни тарк этмас – шиддатлари мўл.
Ғаройиб ҳикоят эшитганим бор:
Даҳо бир муғанний куй бошлаган он,
Булбул торга қўниб, куйлаб жарангдор,
Сўнгра жазавада таслим этмиш жон.
Қўшиқ дунёсининг фидойилари,
Бу, ахир, шафқатсиз ўлим билан баҳс.
Бу – бир пок қадамдир мангулик сари
Борлиқда ўз бурчин билиб муқаддас.