скачать книгу бесплатно
Ёзилганларини ўқиб кўр, қани.
Ўқиб тугатмассан, умрингда эҳ-ҳей,
Ёзилгандан кўпроқ ёзилмагани.
СЕВГИГА ИЛТИЖО китобидан 1982 йил
ТОНГГИ ТИЛАК
Булбул қўнган бутоқларга болта урмангиз,
Йўлга чиққан яхшиларни ортга бурмангиз,
Қуёш холли эрталардан юз ўгирмангиз,
Бунёдимиз шу хилқатда, барбодимиз ҳам,
Шунда топган шодлигимиз ва кўздаги нам.
Дилда ёнган эзгу сўзни айтмоқ орзудир,
Токи бу сўз аъмолларга соф бир кўзгудир,
Шоирларга ният бўлган шеър балки шудир,
Бу ёнишлар, бу ишлардан қолмай бетараф,
Достонларда эзгуликка ўқийлик шараф.
Омонлиги муқаддасдир шу Еримизнинг,
У – тинч қўймас хаёлидир шууримизнинг,
Эрталарга умид тутган ўғлон ва қизнинг
Пок қўшиғи гимнимизга айлансин тайин,
Бошлар узра камалаклар порласин майин.
Тонгда ногоҳ қўшиқ деган садо бўлсин, ҳей,
Ёмонлар бир ширин сўзга гадо бўлсин, ҳей,
Шу бугунги норасталар бобо бўлсин, ҳей,
Бир тонготар тилагига чекаман имзо:
Сени қуёш чақиради – кўз очгил, Дунё.
ЗАФАР ҚАСИДАСИ
(Ўзбекистон пахтакорларининг меҳнат ғалабасига бағишланади)
Гўсноғора чалиниб тонгларни уйғотганда,
Юртим зафар қуёшин ёғдусига ботганда,
Танти бобо деҳқоним меҳнат болин тотганда,
Қоғозга туша бошлар ният қилган достоним,
Ўзинг сарлавҳадирсан унга, Ўзбекистоним!
Шундадир издиҳомнинг султони – бахшилар ҳам,
Ўтаға йигитлару каломи яхшилар ҳам,
Шунда – ўтлиғ нигоҳлар, соғиниб боқишлар ҳам,
Дўстлар меҳри-ла пайванд менинг жону жаҳоним,
Дўстлик машъалин тутиб фахр эт, Ўзбекистоним!
Гурунгларга ўғлонлар, барчин қизлар келадир,
Нақ кўклардан узилиб шўх юлдузлар келадир,
Соқийнинг алёрига сара сўзлар келадир,
Сен ҳам бир соҳибжамол, гулюз, қоши камоним,
Жаннатларга бергувсиз сулув Ўзбекистоним!
Бу – жасорат чўққиси, кўк баробар хирмон – шу,
Етмиш икки томирга қувват шудир, дармон – шу,
Букун ушалган орзу, кечмишдаги армон – шу,
Хушбахту комироним, чашмам – оби равоним,
Баҳри илҳомим менинг – куйчи Ўзбекистоним!
Оҳорлик саруполар яхши кунга турсин деб,
Топганларим ҳамиша тўйларга буюрсин деб,
Ёш-қари суюнчилаб юрсин деб, югурсин деб,
Муроди ҳосил бўлган ҳорма, эй қадрдоним,
Алп юртларнинг сардори – пурдил Ўзбекистоним!
Шодлигинг авжи баланд катта ашулаларда,
Пок туйғулар барқ урар дарёйи шуълаларда,
Дунёларни қучгулик шу заррин толаларда, —
Иқболи намоёним, истиқболи аёним,
Истиқбол офтобидан ёруғ Ўзбекистоним!
Сен, зафар қасидаси, бунчалар мароқлисан,
Дориломон кунларга ярашиқ – яроқлисан,
Энг мўътабар минбардан сўз айтмоққа ҳақлисан,
Хушхон, булбулигўё, шоиру сухандоним,
Завол билмас чаманим, бор бўл, Ўзбекистоним!
* * *
Парвоз кўламини билмаклик учун
Қушлар оёғига халқа соларлар.
Оламга узатиб бир хайрли кун
Уларга қўлларин силкиб қоларлар.
Олимлар қушларни таниб оёқдан,
Олдга юрар илми ва тадқиқоти.
О, ахир, англасин буни қаёқдан
Илмдан хабарсиз парранда зоти.
Қушларнинг манзили: бош оққан томон,
Парвози: қаноти етган тарафга.
Эҳтимол, илм аҳли етмоғи аён
Шу қушлар туфайли катта шарафга.
Бу ахир, шеърга ҳам ўринли ибрат,
Яхши сўздир бизлар учирган қушлар.
Шеърнинг ҳам парвоздан умри иборат,
Сен, шеърим, қушим бўл менинг енгил пар.
Белги қўймасинлар сатрингга бирор,
Қушларга-ку майли халқа солсинлар.
Шеърнинг не хислати, не нуқсони бор —
Баҳо бериш ҳукмин халққа солсинлар.
Қушлар самоларда, шеърлар қоғозда,
Мўъжизадир бошдан учгудай ҳушлар.
Парвоздадир дунё бўйлаб парвозда
Биз оқ йўл тилаган шеърлар ва қушлар.
* * *
Қара, Дунё, қара, қўйгил олқишлаб
Ўйга толиб қара, суқланиб қара:
Қари бобосининг қўлидан ушлаб
Кўча бўйлаб борар митти невара.
Гурас-гурас юрса сени тўлдириб,
Қўлни қўлга бериб гўдаклар, чоллар,
Хаёлга толаман, шуурга кириб
Чирмаб қўяр буткул мени хаёллар.
Шеърни шоиридан қўймасин асти,
Бобони – ширин тил неварасидан.
Баъзида ҳаяжон босади, рости,
Сенинг истиқболинг ўйлаганим дам.
Қулоқ тут, Дунё, сен кўнгил сасига,
Бу – эзгу тилакни жо қилган байтдир.
Бир кун шу гўдакнинг неварасига
Унинг ўз тилидан эртаклар айттир.
Кўҳна қучоғингда шу митти одам
Кетиб бормоқдадир назарга молик.
О, Дунё, мен ёниб тилайман бу дам
Сенга омонлигу унга – боболик!
* * *
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Тиниқ чашмаларни соғиниб дилдан,
Чўққилардан туриб кўкка термилдим,
Чўққилардан эмас, балким дулдулдан.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Қайдасан бу макон эркаси – оҳу?
Теграмга мен сени излаб тикилдим,
Шу лаҳза мен учун сен – ёниқ орзу.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Тоғлардир хилқатнинг арши аълоси.
Мен шуни англадим, мен шуни билдим:
Тоғлар юксакликнинг энг ибтидоси.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Ошиқиб шабнамкўз гиёҳлар сари.
Ҳорғинлик йўқолиб, сафога тўлдим
Манзилини топган йўлчи сингари.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Азалий эгизак бу икки қудрат.
Дўстларим, мен сиз-ла жонажон бўлдим,
Кўзимга жо бўлди ризвоний суврат.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим…
* * *
Бунчалар вазминсиз, доно боболар,
Болалар, бунчалар шўхсиз, тўпори;
Бунчалар тубансиз, ҳиссиз гадолар,
Юлдузлар, сиз бунча пок ва юқори:
Ҳасадли юраклар қоронғу бунча,
Сиз бунча ёруғсиз, севгувчи диллар:
Бунча бесабрсан, эй тонгги ғунча,
Бунча сабрлисиз, нолон булбуллар!
Бунчалар сокинсан, осмондаги ой,
Сойлар, сиз бунчалар шошқин, шарқироқ,
Қуёш, сен бунчалар шуълаларга бой,
Намунча сўниксан, сен эй шамчироқ.
Бунчалар резасан, киприкдаги ёш,
Бунча жаҳонийсан сен эса, уммон.
Сен нега ўрнингдан қўзғолмайсан, тош,
Сен эса бир жойда турмайсан, инсон.
Сиз бунча қаттиқсиз, синмас қоялар,
Гиёҳлар, сиз бунча майин ва ширин.
Бунча абадийсиз, ишқий ғоялар,
Сен бунча навқирон, янгисан, шеърим!
ВАҚТ
Йигирма тўрт сулув зулфини тараб,
Сарҳисоб сўрайди мендан кеч-кундуз.
Бири салом билан келса эрталаб,
Бошқаси пешинда кўргизади юз.